ЭКУ САМАРАДОРЛИГИ, НАРХИ, КАФОЛАТИ ВА БОШҚА МАВЗУЛАР ҲАҚИДА ЯНА ГАПЛАШАМИЗ

ЭКУ САМАРАДОРЛИГИ, НАРХИ, КАФОЛАТИ ВА БОШҚА МАВЗУЛАР ҲАҚИДА ЯНА ГАПЛАШАМИЗ

@ginekologim

ЭКУ муолажаси ўтказган, ўтказмоқчи бўлган ва ўтказмасликка қарор қилган барча пациентлар учун муҳим саволларга жавоб

Сўнги пайт ижтимоий тармоқлар орқали қуйидаги саволлар жуда кўп сўралди. Тўғриси ҳар бирига алоҳида жавоб бериш баъзида чарчатади одамни.

1. ЭКУ муолажсига гарантия берасизларми?

2. ЭКУ муолажсига қанча пул кетади?

3. Нега ЭКУ нархларини очиқ ёзмаймизлар?

3. ЭКУ муолажасида ўз турмуш ўртоғини уруғини ишлатасизларми?

4. ЭКУ муоалажасидан кейин ҳомиладорлик юзага келмаса пулини қайтариб берасизларми?

5. Фақат ҳомиладор ёки фарзандли бўлганлар ҳақида ёзасизлар, нега ўхшамаганларни ёзмайсизлар?

6. Агар гарантия бўлса ЭКУ қилдирамиз, нима дейсиз?

7. Биз ўғил фарзанд ҳохлаяпмиз, қанчалик кафолат берасизлар?

8. Бизни шунча пулимиз йўқ. Нима қиламиз?

9. ЭКУ муолажасини ўтказиш учун қанча вақт кетади?

Шу ва шунга ўхшаш яна турли эътирознамо саволлар ҳам бор.

Бу саволларга мақола охирида КЎНДАЛАНГИГА жавоб берамиз? Аммо олдин айрим мулоҳазаларимизни баён этишга изн беринг.

Аввало илгари ҳам айтилган нарсани яна такрорлашга тўғри келади. Мана шу 2 та мақолада аслида ёзгандик. Исатасангиз уларни ҳам ўқинг:

ЭКУ муолажаси ўтказадиганларга хотирлатма

ЭКУ амалиёти натижасига неча фоиз кафолат берасизлар?

Фарзандсизлик муаммоси билан курашишда тиббиёт маълум бир натижаларга эришган. Аммо тиббиётда кўп касалликларда даволаниш самарадорлиги 90 фоиздан юқори бўлса-да, ЭКУ муолажаси масаласида энг ривожланган мамлакатларда ҳам статистика бўйича умумий самарадорлик 30−40 фоиздан нарига ўтгани йўқ. Биз истасак ҳам, истамасак ҳам натижа шундай.

Дунё бўйича умумий статистикага кўз ташлаймиз.

Бир йилда дунё бўйича 2,5 миллионта ЭКУ муолажаси ўтказилмоқда ва шундан 500 мингга яқин бола туғилмоқда. Бу ҳар 5 та муолажага 1 та туғилган бола дегани, яъни ўртача 20% самарадорлик. (Яъни дунёда умумий ўлароқ 100 та ЭКУдан 80 таси ўхшамаган!)

Мисол учун, АҚШ да 2020 йилда 449 та клиникада жами 326 468 та ЭКУ муолажаси ўтказилган шунда 79 942 бола туғилган. Бу умумий самарадорлик 25% дегани. (манба: ART Success Rates CDC) (Яъни 2020 йил АҚШ да 100 та ЭКУ дан 75 таси ўхшамаган!)

Яна бир Ёрдамчи Репродуктив Технологиялар Жамиятининг (манба: SART - Society for Assisted Reproductive Technology) 2020 йилги статистик маълумотларида ёшга кўра битта ўтказилган ЭКУ муолажаси самарадорлик қуйидагича тақсимланган:

35 ёшдан кичик бўлган аёлларда - 51%.

35-37 ёш орасида - 38.3%,

38-40 ёш орасида - 25.1%,

41-42 ёш орасида 12.7%.

42 ёшдан юқориларда - 4.1% ни ташкил қилган.

Ишонмасангиз манбаларини беряпман 👆🏻 текшириб кўринг!!!

Аёл ёшига боғлиқ равишда ЭКУ самарадорлиги (битта кўчириб ўтказилган эмбрионга нисбатан туғилган болалар улуши, 2020 йил учун) (Манба: https://fertilityspace.io/blog/ivf-success-rates-by-age-in-2022-united-states-data)

Тушунган одамга шу маълумотлар етарли аслида. Дунёни қаерига борсангиз ҳам ЭКУ масаласида статистика шундай. Океан ортига борсизми, Европагами фарқи йўқ. Нимага ўта ривожланган мамлакатларда ҳам натижа шунақа?

Чунки бу - бир инсоннинг яратилиши билан боғлиқ масала. Яратиш эса бевосита Яратувчининг иродасига боғлиқ. Аслида ҳамма нарса ҳам унинг иродаси ва изни билан бўлади. ЭКУ муолажаси оддий шамоллашни даволаш, ёки кўричакни олиб ташлаш эмас.

Аксарият пациентлар буни тушунадилар. Аммо беш қўл баробар эмас.

ЭКУ муолажасида натижаси ўхшамаганлар сони натижаси ўхшаганлардан кўп бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳали дунё бўйича умумий статистика 30-40 фоиздан ошгани йўқ. Шу сабаблими шикоят қилувчилар бошқа соҳалардан кўра кўпроқ бўларкан. Ахир нима ҳам деймиз. Аллоҳ инсонларни неъматларига кўмиб ташласа ҳам Ундан шикоят қилгувчилар чиқади-ку. Яратганнинг олдида биз киммизки ҳаммани рози қилолсак. Буни тўғри қабул қиламиз.

ЭКУ муолажаси фарзанд кўриш билан боғлиқ бўлгани учун пациентларга кўп нарса боғлиқ. Чунки айтдик бу яратиш билан ва бевосита Яратувчи билан боғлиқ масала. Бу эса ўзига яраша бир имтиҳон. Дунё ҳаётини ўзи ҳам бир имтиҳон-ку. Психологлар ҳам бот-бот гапирадиган асли эса Қуръондан олинган ўзгармас бир ҳақиқат бор. “Шукр неъматни зиёдалаштиради, шикоят эса мусибатни”. Шукр, қаноат, сабр ва ризо неъматга сазовор қилади, ҳирс, ҳовлиқиш ва норозилик кайфияти эса неъматдан ҳам маҳрум қилади. Буни биз ёки қайсидир инсон ўйлаб топмаган. Яратувчимиз ўрнатган қоида, қонун. Фалсафа эмас. Буни ҳаётда кўп кўрамиз.

Ўзимизни клиникада бўлиб ўтган воқеалардан бир икки мисол берсам.

Бир пациентга таҳлилларини кўриб текширгач “Сизда ТЕСА усулида сперма чиқиш эҳтимоли 10 фоиз” дедик. Шунда кутилмаганда ҳалиги оилавий жуфтлик роса хурсанд бўлиб кетишди. Тўғриси биз ҳам ҳайратда қолдик, бунақа пациентни биринчи кўришимиз. Ҳатто сўрадик: “Нимага суюняпсизлар?” Жавоб балки ҳамма жим бўлиб эшитадиган, балки қулоғига қуйиб оладиган тарзда эди (шунинг учун катта ҳарфлар билан ёзамиз): “НОЛЬ ФОИЗ ЭМАС ЭКАН-КУ!!!” Ҳох ишонинг, ҳох ишонманг муолажадан сўнг шу пациентимизда сперма ҳам чиқди ва ҳомиладорлик ҳам юзага келди.

Яна бир воқеани далили билан кўрсатамиз. Тожикситонлик пациентимиз билан бўлган воқеа шу ҳаволада берилган қайта ёзиб ўтирмадим. Албатта ўқинг!

Энди яна бир бўлган воқеа. Бир пациентга сизда самарадорлик 50 фоиз дедик. Шунда улар “нимага 100 фоиз эмас, ҳеч бўлмаса 80-90 фоизмас” деб эътироз билдиришни бошлашди. Зўрға тушунтирдик. Муолажа ўтказилгандан кейин ХГЧ таҳлили ҳомиладорлик кўрсатди. (ўзи 25 дан ошса ҳомиладорлик бор дегани) унда 70 дан юқори чиқди. Шунга хурсанд бўлиш ўрнига, у билан бирга ЭКУ муолажси ўтказган бошқа пациентларда 100 ёки 200 дан кўп чиққанига қиёслаб “нега меники паст чиқади” деб нолишни бошлади. Ўзиги ўзи стресс қилди. Натижада ҳомила тушиб қолди. Шу пациент кейин ким-қаерларга шикоят қилиб бир нималарга эришмоқчи ҳам бўлди. Аммо нимага эришса ҳам асосий мақсадга, яъни фарзанд неъматига эришолмади.

Мана шу икки йўл. Қайси бирини танлаш сизнинг ихтиёрингизда. Биз сизга шу йўлда кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Аммо мақсадга етиш сиз танлаган йўлга ҳамда сизнинг бу масалага муносабатингизга ҳам боғлиқ бўлади, унутманг!

Иллат излаганга иллатдир дунё

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё

деган эди раҳматли бир шоир. Биз буни сал бошқача айтамиз.

Иллатда ҳам ҳикмат излаганлар нақадар бахтиёр инсонлар, ҳикматда ҳам иллат излайдиганлар эса нақадар бадбахт инсонлар эканига ҳаётда кўп гувоҳ бўлдим.

Энди юқоридаги саволларга жавоб берсак:

1. ЭКУ муолажсига гарантия берасизларми?

Ҳар бир пациентга ЭКУ самарадорлиги аёлнинг ёши, бепуштликка сабаб бўлган омиллар ва бошқа ҳолатларга қараб самарадорлик 10 фоиздан 50 фоизгача бўлиши мумкин, буни кўриб текширув ўтказгач айтиш мумкин, лекин ҳеч қачон 100 фоиз бўлмайди. Чунки 100 фоиз гарантияни фақат Яратувчи бериши мумкин. Биз эса сиз каби яратишдан ожиз бандамиз.

2. ЭКУ муолажсига қанча пул кетади?

Ҳар бир пациентни қайси муолажалар олишига қараб нарх белгиланади. Бу 26 млн сўмдан 35 млн сумгача бўлиши мумкин. Бундан ташқари дорига ҳар кимга ҳар хил, аёл ёшига ва тухумдон заҳирасига боғлиқ равишда 8 млн сўмдан 15 млн сўмгача кетади (агар ўзингиз дориларни чет элдан, масалан Туркиядан ўзингиз учун келтиролсангиз арзонроққа тушиши мумкин, Ўзбекситонда ЭКУ дорилари қимматроқ). Таҳлилларга 3-4 млн сўм атрофида кетиши мумкин.

Мана шу ҳаволада ЭКУ муолажаларининг ҳар бир тури (ЭКУ, ИКСИ, ТЕСА, Хечтинг, ПГД ва ҳ.к.) неча пуллиги ва ЭКУ нега қимматлигига ҳам жавоб бор.

"Анкалайф" ЭКУ марказидаги нархлар шу ҳаволада

3. Нега ЭКУ нархларини очиқ ёзмаймизлар?

Чунки ҳар бир пациент учун муолажа турларига қараб нарх ҳар хил бўлади, дорига ҳам шундай. Шу сабабли аниқ суммани олдиндан, пациентни кўриб текширмасдан айтиш имконсиз. Агар фалон сўм бўлади десак, айрим пациентлар ўшанча пул йиғиб келадилар ва кейин текшириш давомида қўшимча муолажа ўтказишга тўғри келса, ёки тухум ҳужайра етилишига кўпроқ дори олишга тўғри келса “сизлар фалон сўм дегансизлар нега энди яна ўзгаряпти нарх“ деб бошни қотиришлари кўп кузатилган ҳолат. Шунинг учун айнан сизга фалонча сўм кетади деб айтолмаймиз.

Мана қуйидаги ҳаволада ҳар бир муолажа учун нархларни очиқ бердик, бироқ сизда шу муолажалардан қайси бири керак буни шифокор билан ўзингиз ҳал қиласиз.


3. ЭКУ муолажасида ўз турмуш ўртоғининг уруғини ишлатасизларми?

Албатта расмий никоҳида бўлган турмуш ўртоғининнгг спермаси ишлатилади. Бизда донор йўқ. Қонунан ҳам таъқиқланган. Донор спермасини сақлайдиган жой ҳам йўқ. Сперма топширилиши билан дарҳол ишлатилади. Фақат ТЕСА амалиёти орқали чиққанларники музлатиб қўйилади. Улар ўша ўзининг жуфтига ишлатилади. Бировникини ишлатиш мутлқао йўқ. Чунки кейин истаган пайт болани ДНК таҳлилидан отаси кимлигини, онаси кимлигини, яъни ҳақиқий ота-онасига мос келишини текшириб олиш мумкин. Шунга ҳеч ким унақа бировникини қўймайди ва қўйолмайди ҳам.

4. ЭКУ муоалажасидан кейин ҳомиладорлик юзага келмаса пулини қайтариб берасизларми?

Йўқ. Қайтариб берилмайди. Дунёни ҳеч бир клиникасида бундай нарса йўқ. Чунки ЭКУ ўтказиш учун камида 5 та мутахассис ишлайди: гинеколог, андролог, репродуктолог, анастезиолог, эмбриолог ва яна 2 та ҳамшира ва бошқа ходимлар. ЭКУ лабораториясида 24 соат тинимсиз, яъни инкубаторда керакли муҳит ва ҳароратни сақлаб туриш учун нималар зарурлигидан ва қандай харажатлар кетишидан хабарингиз борми? Биоматериални (сперма, тухум ҳужайра, эмбрион) сақлайдиган реагентлар, ва асбоб-ускуналар бари фалон нархга четдан келтирилишидан-чи? Буларни барини ким текинга қилиб бериши мумкин? Аптекадан дори олиб ичсез, кейин тузалмаса касализ, аптекачига бориб пулимни қайтариб бер десангиз, у ҳам ҳар холда сизга шундай дейди: "Сиз ҳам танангизга сингиб кетган дорини чиқариб қадоқлаб олган ҳолатингиздек қилиб олиб келсангиз пулингизни қатариб бераман".

Янада батафсил жавоб бу ерда: Муолажа пулини қайтариб бериш ҳақида

5. Фақат ҳомиладор ёки фарзандли бўлганлар ҳақида ёзасизлар, нега ўхшамаганларни ёзмайсизлар?

Бепуштликдан азият чекаётганларни салбий хабарлар билан мажруҳ қилиш ниятимиз йўқ-да, шундан. Бир сафар 5 та ЭКУ муолажасидан 3 таси ўхшади деб ёзсак, бири “демак иккитаси ўхшамабди-да мен Туркияда қилдираман” деб ёзибди. Қизиқ, 5 тадан 3 таси бу 60 фоиз аслида. У Туркияга борадими, Европагами, Америкагами фарқи йўқ. У доим салбий нарсага диққатини қаратган. Унақаларда ўхшаши ҳам даргумон. Шундан кейин нима дейиш мумкин?

 Айримлар эътироз маъносида ҳам айтишади. ЭКУ муолажаси ўхшамаганларнинг айримлари аламзадалик билан ҳам ёзиб қолишади. Ҳайронман бошқалар ҳомиладор бўлгани уларни қувонтирмайди шекилли. Кўпи ўхшамайди сизларда, ундай бундай каби гаплар ҳам қилишади. Ҳа шунақа, бизда эмас, бутун дунёда шунақа. Ўхшаганлар ўхшамаганлардан озроқ бўлади. Қайсидир ой самарадорлик 20 фоиз бўлиши, қайсидир ой 60 фоиз бўлиши кузатилади. Шунда умумий кўрсаткич барибир 30-40 фоиз бўлади.

Хўш кўпчлиликда ўхшамаяпти деб ЭКУ қилмайликми? Ўша ҳомиладор бўлганлар ҳам бунга эришмасинми? Шунда кўнглингиз жойига тушадими? Қаранг, бир мисол, бизда дейлик 100 та данак бор. Уларни тупроққа эксак ундан 90 таси чириб кетади, 10 таси дарахт бўлади дейлик. Энди айтинг, қайси бири маъқул, 90 та йўқотиш эвазига 10 та дарахтга эга бўлганми, ёки 100 та данакни чўнтагида сақлаб ўтирганми? 100 тадан биттаси дарахт бўлса ҳам ўша маъқул эмасми?

Сизда нимага ўхшамагани учун аламзадалик билан эмас, аввало бир ҳикмати бор деб тўғри қабул қилинг, кимларнидир айблаш билан сиз натижага эришиб қолмайсиз. Келинг, нимага бўлмаганини аниқлаштирайлик, текширайлик, кейинги муолажа учун чегирмалар қилинади, фақат чиройли гап билан тўғри муомала билан келиш керак. Шукр, истиғфор ва садақа кўп балоларни даф қилади.

 “Ҳа қўлларингдан келмагандан кейин шунақа дейсанлар-да?” дейдиганларга жавоб:

Биз кимга ЭКУ муолажаси ўтказсак, ўзига ҳам шартномада ҳам тушунтирамиз сизда ўхшаш эҳтимоли шунча фоиз рози бўлсангиз қиламиз деб. Бизни қўлимиздан келгани сизда ҳомиладорлик эҳтимоли НОЛЬ ФОИЗ бўлиб турганда уни бўлиш эҳтимолини маълум бир миқдорга (10, 20, 30, 40 ёки 50 фоизга) ошириб бериш холос. Лекин сизга фарзанд ясаб бериш бизни қўлимиздан келмайди. Энди тушунгандирсиз!

6. Агар гарантия бўлса ЭКУ қилдирамиз ёки 60-70 фоиз бўлса ЭКУ га келаман, нима дейсиз?

Биз ҳеч кимни мажбурлаб клиникага олиб келмаганмиз ва мажбурлаб даволамаймиз ҳам. Сизни кўнглингизга ўрнашмаган бўлсак, истаган клиника ва истаган шифокорга бориб даволанишингиз мумкин, бу сизнинг ҳаққингиз, ҳеч ким сизни бирор жойда, бирор шифокорда даволанишга мажбур қилишга ҳаққи йўқ. Танлаш ихтиёри ўзингизда.

Кечирасиз-у, модомики сиз бизга мурожаат қилибсизми шартни биз қўямиз (яъни шартномани таклиф қиламиз), сиз эса истасангиз шартни қабул қиласиз, истасангиз рад қиласиз, бунга албатта ҳаққингиз бор.

Аммо бизга шарт қўйиш учун, Сиз ўзингиз шартнома тузиб келишингиз керак. Биз ҳам истасак уни қабул қиламиз, истасак рад қиламиз. Ҳамма ерда қоида шу тартибда. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

7. Биз ўғил фарзанд ҳохлаяпмиз, қанчалик кафолат берасизлар?

 Ўзбекистонда жинс танлаш муолажаси ўтказиш мумкин эмас. Сизга бу борада ҳеч қанақа гарантия бермаймиз. ЭКУ қилдирсангиз эмбрион қандай бўлса шундай кўчириб ўтказилади. Уни жинсига кўра ажратиш аслида ортиқча қиммат харажат ва қонунан ҳам бунга имкон йўқ.

8. Бизни шунча пулимиз йўқ. Нима қиламиз?

Шахсий тавсиям аввало борига шукр қилинг ва Аллоҳдан чин дилдан сўрашда давом этинг ва сабрли бўлинг. Қуръонда ҳам кимларга қиз, кимларга ўғил, кимларга эгизак берилиши ва кимларга эса умуман берилмай бепушт бўлиши айтилган. Бу ҳам бир имтиҳон, аслида!

Аллоҳ меҳрибон! Фақат қиз фарзанд берганларга чиройли тарбияласа ва турмушга берса жаннат ваъдаси борлиги, агар фарзанди ёки қорнида ҳомиласи вафот этгани сабабли бефарзанд бўлса ва сабр қилса ўша вафот этган фарзанди дўзахдан парда бўлиши ёки тушиб қолган ҳомиласи уни жаннатга етаклаши ҳақида ҳадисларда ҳам айтилган. Шу сабабли фарзандсизларга ҳам агар сабр қилсалар албатта шунга яраша мукофотлар бўлиши турган гап. Истиғфор, садақа, ихлос ва самимий дуо (айниқса бошқаларнинг сиз ҳақингиздаги холис дуоси) илоҳий раҳматни жалб қилиб кутилмаган сюрпризларга сабаб бўлиши ҳаётда кузатиладиган ҳолатлардан. Аллоҳдан хайрлисини сўранг ва албатта ноумид бўлманг. Шамси Табризийни қуйидаги ҳикматига қулоқ солинг:

Агар Аллоҳ сўраганингизни вақтида берса, сиз иймонлисиз.

Агар вақтидан ўтиб кейин берса, сиз сабрлисиз.

Агар Роббим сўраганингизни умуман бермаса, сиз Аллоҳ учун севимлисиз.

Зеро, сиз Унинг наздида сўраганингиздан буюкроғига лойиқсиз.

9. ЭКУ муолажасини ўтказиш учун қанча вақт кетади?

Бу саволга ушбу ҳаволада батафсил жавоб берилган.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Демак ЭКУ муолажаси ўтказиш учун аввало нималар керак?

1. Аввало рухан ва фикран тайёр бўлиш.

2. Ишонч, яхши ният ва ижобий фикр билан ишга киришиш.

3. Етарли маблағ.

4. Таваккал қила олишга журъат.

5. Эр ва хотиннинг ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишлари.

6. Сабр ва шифокор билан ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиш.

7. Натижа қандай бўлишидан қатъий назар розилик билан қабул қилишга тайёр бўлиш. Ижобий бўлса Аллоҳдан деб билиб шукр қилиш, салбий бўлса “бир ҳикмати бордир, хайрлиси шу экан” деб Худодан нолимаслик ва сабр қилишга куч топиш.

Аллоҳ барча фарзандталабларга солиҳ ва соғлом фарзанд ато этсин!

Саломат бўлинг...

P.S.

Фарзандсизлик муаммоси билан курашишда бемордан талаб қилинган нарса шифокор кўрсатмаларига амал қилиш. Бу ҳаммага маълум нарса. Аммо кўпчилик эътиборсиз қолдирган яна бир жиҳат борки, Яратгандан соғлом фарзанд беришни, шифо беришни ҳам шифокор ва бемор ҳамоҳанг сўрашлари керак. Дуо, тавба, истиғфор, садақа ва холис қилинган эзгу амаллар ҳам баъзида илоҳий раҳматни жўштириб неъматга сазовор қилади.

Яқинда бир маросимда қайсидир домланинг бўлиб ўтган бир воқеа ҳақидаги ҳикояси диққатмини тортди. Нақ 11 йил бирга яшаган оила ҳар турли шифокор ва клиникаларда даволанибди. Табиблар ҳам замонавий шифокорлар ҳам қолмабди. Аммо натижа бўлмабди. Бир куни машинада кетаётиб, йўлнинг нариги томонига ўтолмаётган қарияни кўриб қолибди. Машинадан тушиб уни ўтказиб қўйгач, билса ҳалиги одам кўзи ожиз киши экан. Шунда уни то борар манзилигача кузатиб қўйибди. Кейин ҳалиги кўзи ожиз киши унга дуо қилибди. Шунда у одам Худодан фарзанд бериши учун дуо қилишни сўрабди. Кўзи ожиз одам унга фарзанд беришни сўраб дуо қилибди. Шу воқедан 2−3 ой ўтар ўтмас ўша одамнинг аёли ҳомиладор бўлибди. Ҳамма нарса, жумладан фарзанд неъмати ҳам ёлғиз Яратганнинг иродаси остида эканини унутмайлик. Бир саҳоба Пайғамбаримизга (с.а.в.) “Дуо қилинг жаннатда сизга ҳамроҳ бўлай” деб сўраганда, ул зот: “Майли дуо қиламан, фақат сен ҳам кўп сажда билан менга ёрдамчи бўл” деган эканлар.

Муҳтарам пациентларим, фарзандсизлик муаммосига учраган оилалар, биз қўлдан келган сабабларни ишга соламиз, дуо ҳам қиламиз. Аммо биз ҳам ожиз бандамиз. Зеро дуоси рад этилмайдиган Зот ҳам дуоталабдан ўзига хос ёрдам истаяпти. Сиз ҳам юқорида таъкидланган холис амаллар билан бизга ёрдам беринг. Шоядки Яратувчи сизни соғлом ва солиҳ фарзанд билан сийласа.

Ҳа, дарвоқеа, шикоят қиладиганларга раҳмат! Шу мақолани қаламга олинишига сабаб бўлишди.


Гинеколог, Репродуктолог Нилуфар Кабилова тайёрлади.

 КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page