ЭНГ КЎП СЎРАЛГАН САВОЛГА БАТАФСИЛ ЖАВОБ

ЭНГ КЎП СЎРАЛГАН САВОЛГА БАТАФСИЛ ЖАВОБ

@ginekologim

ЭКУ АМАЛИЁТИ НАТИЖАСИДА ҲОМИЛАДОР БЎЛИШГА (ЁКИ ФАРЗАНДЛИ БЎЛИШГА) НЕЧА ФОИЗ КАФОЛАТ БЕРАСИЗЛАР?


 Аввало шуни маълум қиламизки ЭКУ амлиётини муваффақиятли амалга ошириш жуда кўп омилларга боғлиқ: оилавий жуфтликнинг, айниқса аёлнинг ёши, соғлик ҳолати, қандай касаллар бошдан ўтказгани, эндометриясининг (бачадон ички шиллиқ қавати) ҳолати, киста бор йўқлиги, фаллоп найлари ҳолати, гормон таҳлилари натижалари, тухумдон заҳираси, бачадон фибромаси бўлиши, буюрилган дориларнинг миқдори ва вақтига риоя қилиши, эркакнинг спермаси миқдори, ҳаракатчанлиги, сифати, қайси касалликлар ўтказгани, гормон таҳлиллар натижалари, лаборатория шароити, репродуктолог ва эмбриологнинг маҳорати, танланган ЭКУ протоколи, қўшимча ёрдамчи технологияларни қўллаш, олинган эмбрионнинг сифати ва ҳ.к.

ЭКУ самарадорлиги кўрсаткчилари юқори деб кўрсатилган клиника ҳар доим ҳам энг зўр клиника бўлавермайди. Нега?

Чунки ЭКУ самарадорликни баҳолашнинг бир неча мезонлари бор. Айрим клиникалар муваффақиятлилик кўрсаткичларини бошқа услубда ҳисоблаш, ёки айрим ҳисботларни киритмаслик, статистик “ўйин”лар эвазига баланд қилиб кўрсатадилар.

Аслида эса қандай?

Асосан ЭКУ муваффақиятлилик даражаси икки хил кўрсаткич бўйича баҳоланади.

1. Ҳомиладорлик бўлган ҳолатлар сони/ўтказилган ЭКУ амалиётлар сони (стимуляциядан бошланиб, эмбрионни кўчириш билан тугаган цикл)

Бунда ҳали ҳомиладорлик фарзанд туғилиши билан тугаши ҳақидаги маълумот номаълум (чунки 40 ҳафта кутиш керак). Клиникалар кўпроқ шу кўрсаткични бериши мумкин.

2. Тирик туғилган болалар сони/ ўтказилган ЭКУ амалиётлар сони. Бунда албатта кўрсаткич юқоридагидан камроқ бўлади (чунки ҳомиладорликларнинг қанчадир қисми эмбрионниинг тушиб қолиши билан тугайди). Бу кўрсаткич юқорисидагидан ўртача 7-10% га паст бўлади.

Ушбу кўрсаткичлар паст бўлган клиникаларнинг ҳаммасини ҳам қониқарсиз деб бўладими? Йўқ, чунки кўпинча қайси клиника яхши хизмат кўрсатса унга бепуштликнинг энг оғир кўринишига чалинган ( 40 ёшдан катта аёллар, азоспермиянинг оғир кўринишлари, кўп жойларда даволаниб шифо топмаган) беморлар мурожаат қилади, ва шуни ҳисобига ҳам самарадорлик кўрсаткичлари уларда пастроқ бўлиши табиий ҳол. Аксинча унча сифатли хизматга эга бўлмаган клиникаларга асосан бепуштликннинг енгил кўринишига чалинган, биринчи марта докторга мурожаат қилаётган беморлар келгани сабабли, ҳамда статистикада айрим “ўйин”лар қилингани эвазига самарадорлик кўрсаткичлари баланд кўрсатилиши мумкин.

Шунинг учун рекламада берилган кўрсаткичлар сизни чалғитиб қўймамсин.

Мисол учун, баъзи клиникалар 35 ёки 40 ёшдан катта беморларни, ёки гормон анализлари (ФСГ) яхши чиқмаган пациентларни, ёки тухум ҳужайраси жуда кам етилган пациентларни ЭКУ амалиёти ўтказишга қабул қилишмайди ва шуни ҳисобига самарадорлик кўрсаткичларини баланд қилиб ушлаб қолишга эришишади. Аслида эса қуйидаги жадвалдан кўриш мумкинки, ЭКУ натижасида ҳомиладорлик ҳосил бўлиши ёшга анча боғлиқ.


Демак бирор клиниканинг самарадорлигини ҳисобга олишда у ерга мурожааат қилаётган аёлларниг ўртача ёшига ҳам эътибор қилиш керак бўлади. Акс ҳолда статистик маълумотлар сизни чалғитиши мумкин.

Масалан, айрим клиникалар ЭКУ самародорликни 65 ҳатто 75 % деб кўрсатадилар. Аслида эътибор берилса, бу кўрсаткичлар 30 ёшдан кичик бўлган аёллар орасидан олинган, ва ЭКУ амалиёти охиригача якунланмай қолган ҳолатлар ҳам ҳисобдан чиқариб ташланган. Ёки бу жуда кам миқдорда ЭКУ цикли ўтказадиган клиникада ва барча мурожаат этган беморлар ҳисобга олинмаган бўлиши мумкин. Агар ёшидан қатъий назар ҳисобланадиган бўлса бу кўрсаткич 45 % атрофида ёки ундан ҳам паст бўлиши керак.

Шу билан бирга ЭКУ амалиётидаги муваффақият кўрсаткичи ўша клиникага мурожаат қилаётган пациентларнинг фарзанд кўриш қобилиятининг ҳолати (фертиллик) даражасига ҳам боғлиқ. Бу даража баъзида ирсият, яшаш ҳудуди, иқлим, ижтимоий-иқтисодий шароит каби омилларга боғлиқ бўлиб клиника хизмат сифатига умуман боғлиқ бўлмаган омиллар ҳисобланади. Баъзи клинкалар донор хизматларини ишлатади, баъзилари эса ишлатмайди. Бу ҳам ЭКУ самарадорлик сифатига таъсир кўрсатувчи омиллардан ҳисобланиб, бу икки турдаги клиника кўрсаткичларини солиштиришда ҳисбога олиниши керак.

Энди айрим ривожланган мамлакатлардаги статистик маълумотларга кўз ташласак.

Масалан, Нью-Йоркдаги Инсон Репродукцияси Маркази (CHR) маълумотига кўра, АҚШда 2016 йил 463 та клиникада 263 577 та ЭКУ амалиёти ўтказилган бўлиб, тирик туғилган чақалоқлар сони 76 930 тани ташкил этган (яъни 29,2 %). Европа мамлакатлари бўйича умумий кўрсаткич АҚШдагидан ҳам пастроқ (27%).

Pravda.ru сайтининг маълум қилишича Россияда бир йил ичида ўртача 30 000 ЭКУ амалиёти ўтказилиб, 8 000 дан зиёд фарзанд дунёга келиши ( яъни 26,7%) маълум қилинган.

Умуман олганда ЭКУ амлиётининг 1 циклида ҳомиладорлик ҳосил бўлиши кўрсаткчи бўйича мувффақиятлилик эҳтимоли 40% ни ташкил қилади. Аммо бу умумлаштирилган ҳисоб.

Мисол учун, Польшадаги Bocian клиникасида ЭКУ самарадорлиги кўрсакичи ўртача 43.5%; 35 ёшгача бўлган жуфтликлар учун – 49.1%; 35-40 ёш орасидаги жуфтликлар учун– 37.8%; 40 ёшдан катта жуфтликлар учун – 19.6%.

Хулоса қиладиган бўлсак дунёнинг энг етакчи клинкаларида ҳам 1 та ЭКУ циклда ҳомиладорликнинг ҳосил бўлиш муваффқият даражаси 40-45 % атрофида, ҳар битта ЭКУ циклга тирик туғилган чақалоқ кўрсаткичи бўйича 28 – 32% ни ташкил қилади. Бу жуфтликлар ёшидан қатъи назар ҳисоблангандаги кўрсаткич. Агар ёш инобатга олинса, 30 ёшдан кичикларга ҳомиладорлик ҳосил бўлиши 50-65 % орасида бўлиши мумкин, 35 ёшгача бўлганларда 36-48% гача, 40 ёшдан катталарга эса 5-20 % гача бўлади.

Демак, бирор ЭКУ клиникага баҳо бераётганда фақат битта кўрсаткич бўйича хулоса қилиб бўлмайди. Аввало у клиникада нечта ЭКУ цикл ўтказилади, мурожаат этаётган пациентларнинг ўртача ёши неча, қайта (илгари бошқа жойларда даволанган) мурожаат қилаётганларнинг улуши қанча, ҳомиладор бўлганлар ва тирик чақалоқ туққанлар улуши қанча, музлатилган эмбрионларни кўчириш улуши қанча, донор дастурлари ишлатиладими, хуллас мана шу каби ҳолатлар барчаси ҳисобга олиниши лозим. Шунинг учун айрим клиникалар рекламаридаги 65%, 75% ёки ундан катта кўрсаткичларни кўриб алданиб қолманг.

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 МУНДАРИЖАГА ҚАЙТИШ

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ  


Report Page