ЭКУ муолажасини ўтказиш учун қанча вақт кетади?

ЭКУ муолажасини ўтказиш учун қанча вақт кетади?

@ginekologim

ЭКУ неча кун вақт олади?

ЭКУ муолажасида ётиб даволанамизми ёки қатнабми?

Биз узоқдан келамиз, ишимиздан таътилга чиқишимиз керак бўладими?

Таҳлилларни топширишга қанча вақт кетади?

Мен ЭКУ амалиёти ўтказмоқчиман қачон келишим керак?

Шу каби саволларга бугун батафсил ва лўнда жавоб берамиз!

  Мавзуга ўтишдан олдин − ЭНГ МУҲИМ ЭСЛАТМА:

  Ҳар бир организм ўзига хос ва ҳар кимда бепуштлик сабаблари турлича (30 дан зиёд сабаблари бор). Шунинг учун ҳеч қачон ўзингизни бошқалар билан қиёсламанг. Мана шу энг кўп қилинадиган хато фикрлар:

− “Фалончида шунақа бўлибди, менда ҳам худди шунақа”

− “Фалон клиникада шунақа қилган экан ўхшабди, фалончида ўхшамабди, демак ҳаммада шунақа қилиш керак”

− “Фалон шифокор шунақа деган бундай ҳолатда, сизлар нега бошқача қиляпсизлар”

− “Фалончиники нега унақа бўлди, нега менда бошқача бўлди”

− “Фалон клиникада ЭКУ қилдирдим ўхшади, шу клиника зўр экан шунга боринглар”

− “Фалон клиникада ЭКУ қилдирдим ўхшамади, борманглар у клиникага”

Шу ва шунга ўхшаш фикрлардан узоқ бўлиш керак. Буни балки минг марта айтганмиз, яна такрорлайверамиз. Ҳар бир организм индивидуал. ЭКУ муолажси самараси жуда кўп омилларга боғлиқ, ёш, бепуштлик сабаби, ўтказилган касалликлар, пациентнинг рухий ва жисмоний ҳолати, тухум ҳужайра, сперма ва эмбрион сифати, ЭКУ мутахассиси ва лабораторияси.

Ёш катта бўлса, сперма ёки тухум ҳужайра сифати паст бўлса энг зўр ЭКУ клиникага борса ҳам ўхшамаслиги мумкин, ёши кичик ва фақат бачадон найи ёпиқлиги муаммо бўлса, энг оддий ЭКУ клиникада ҳам самара бериши мумкин. Шуларни доим эътиборга олиш керак.

Ва яна энг муҳими фарзандли бўлиш бу аввало НАСИБ масаласи, биз мусулмон инсонлармиз, тақдирни розилик билан қабул қилишни билишимиз керак. Чунки тиббиёт ривожланган давлатларда ЭКУ натижа бермай, Ўзбекистон ёки Қирғизистонда ЭКУ қилдирганда самара берган ёки аксинчаси ҳам кузатилган ҳолатлар бўлган. Шунинг учун муҳими қайси клиника ва қайси шифокорга мурожаат қилсангиз ҳам, бошқа пациентларнинг гапларига эътибор бермаган ҳолда, ихлос ва яхши гумон билан ёндошиш лозим.

Албатта сабаблар доирасида ҳаракат қиламиз, дуо қиламиз, аммо натижани Яратгандан кутамиз ва нима бўлишидан қатъи назар натижага рози бўламиз. Нолиб, шикоят қилиб тақдирга тош отмаймиз. Шуниси тўғри ва маъқул йўл!

   

Энди саволларга ўтсак:

− ЭКУ муолажасида ётиб даволанамизми ёки қатнабми?

− ЭКУ муолажаси клиникада ётиб эмас, қатнаб даволанадиган муолажа. Аммо шуниси ҳам борки, асосий ЭКУ муолажа ўтказиладиган кунлар албатта клиника жойлашган шаҳарда ва имкон қадар клиникага яқин жойда қолиш тавсия этилади. Чунки 3 ҳафта давомида баъзан кунда, кунора, 3-4 кунда бир клиникага келишга тўғри келади.

 

− Таҳлилларни топширишга қанча вақт кетади?

− Таҳлилларни топширишга ўртача 2 ҳафта, балки ундан кўпроқ муддат кетиши мумкин. Ҳолатга ва бепуштлик сабабига, аввалги даволаш чоралари нима сабабли натижа бермаганига қараб бу муддат кўпайиши ҳам мумкин, ёки илгари топширилган таҳлил натижалари муддати ўтмаган бўлса камроқ вақт кетиши ҳам мумкин.

 

− Мен ЭКУ амалиёти ўтказмоқчиман қачон келишим керак?

− Аввало сизга ЭКУ муолажаси керакми ёки бошқа муолажа ҳам ёрдам бериши мумкинми бунга аниқлик киритиб олиш учун сизни илк кўрикдан ўтказиш керак? Сизни ҳеч кўрмаган ва текширмаган шифокор, фақат сизнинг гапингизга, хабарингизга ёки таҳлилларингизни ўзига қараб “фалон куни келинг ЭКУ қиламиз” демайди. Аниқ хулоса бериш учун анамнез керак. Анамнез бу − ташхис қўйиш учун бемор билан бевосита олиб борилган савол-жавоб натижасида тўпланган маълумотлар мажмуи, яъни касаллик бошланиши ва ривожланиши, муддатлари, симптомлари, ўтказилган опреациялар, жароҳатлар, ҳомиладорликлар, абортлар, сурункали нуқсонлар, аллергик реакциялар, ирсиятга алоқадор ҳолатлар, яшаш ва иш шароити ва ҳ.к

Шунинг учун илк кўрикка қайси куни келишингизни фарқи йўқ. Тўғри, баъзида ҳайзнинг 2-3 кунлари келиш тавсия қилинади. Аммо буни олдиндан аниқ билиш қийин, чунки аксар бепуштлик муаммоси бўлган беморларда ҳайзлари равон бўлмайди. Кўрикка эса олдиндан навбатга ёздириш керак, балки ўша кунлар тўла ва бўш жой бўлмаслиги мумкин. Шуниинг учун БИРИНЧИ кўрикка текширув ва даволаш режасини тузиб олиш учун қайси куни бўлса ҳам келиш мумкин!

 

− Биз узоқдан келамиз, ишимиздан таътилга чиқишимиз керак бўладими?

Қаердан келсангиз ҳам келган заҳотингиз сизга ЭКУ муолажаси бошланмайди. Аввал кўрикдан, текширувлардан, ташхис қўйиш ва даволаш режаси тузиш босқичларидан ўтишингиз керак. Ундан кейин сизни қайси ой ва қачон ЭКУ ўтказиш мумкинлиги ҳақида аниқроқ айтиш мумкин бўлади. Ўшанда таътилингизни режалаштиришингиз мумкин. Аммо вазиятга, текширув натижаларига боғлиқ равишда даволаш жараёнига ўзгаришлар киритилиши ҳам мумкин. Шуларни ҳам эътиборга олинг.

 

Энди асосий саволга келсак:

ЭКУ муолажаси неча кун вақт олади?

 ЭКУ муолажасини ўтказиш муддати ва ЭКУ муолажасига тайёрлаш муддати айри нарсалар эканини тушуниб олайлик.

Аввало ЭКУ муолажаси муддати ҳақида гапшаламиз.

Аслида ЭКУ муолажаси 17− 21 кун муддатда ўтказилади. Бу умумий кўрсаткич бўлиб барча пациентлар учун деярли бир хил. Бу муддатда тухумдон стимуляцияси, тухум ҳужайраларни териб олиш, сперма билан лабораторияда уруғлантириш, уруғланган тухум ҳужайрани (эмбрионни) 3-5 кун давомида ўстириш, эмбрионни бачадонга кўчириб ўтказишни ўз ичига олади.

Бироқ ЭКУ муолажаси танланган протоколга ҳам боғлиқ. Агар сизнинг ҳолатда ЭКУ муолажаси учун криопротокол, яъни эмбрионни музлатиб қўйиб, бошқа ойда бачадонга кўчириб ўтказиш тавсия қилинган бўлса, ўша эмбрионни кўчириб ўтказиш бошқа ойга қолдирилади. Шунда ЭКУ муолажаси 2 босқичда амалга оширилади:

1. ЭКУ қилиб эмбрионни ҳосил қилиш - 17-21 кун

2. Келгуси ёки бошқа ойга эндометрийни (бачадон ички шиллиқ қаватини) эмбрионни қабул қилишга тайёрлаш. Бунинг учун шифокор сизни ҳайзнинг маълум кунларида УТТ қилади. Эмбрионни кўчириб ўтказиш бир кунда амалга оширилади ва 5−10 дақиқа вақт олади. 

Агар текширув давомида аёлнинг бачадонида полип, киста, миома каби ўзгаришлар аниқланса, аввал уларни даволаш лозим бўлиши мумкин ва ундан кейингина эмбрионни кўчириб ўтказса бўлади. Шунинг учун бу босқич бир неча ойга чўзилиши ҳам мумкин.

 

Энди ЭКУ муолажасига тайёрлаш муддати ҳақида.

Юқорида айтилган 17−21 кунлик ЭКУ муолажасини бошлаш учун унга тайёргарлик кўриш муддати ҳам бор. Бу ҳар ким учун ҳар хил бўлади.

Тайёрланиш босиқичида эр-хотин белгиланган текширувлардан ўтадилар. Агар сиз илгари таҳлил топширган бўлсангиз ва унинг муддати ўтмаган бўлса (ҳар таҳлилнинг ўз муддати бор 2 ҳафтадан то бир умрликкача) ва шифокор уни етарли деб топса, ўша таҳлилни қайта топширмайсиз

Агар таҳлилларда бирор муаммо, касаллик аниқланса, у ҳолда уни даволаш талаб этилади. Бундай ҳолда, тайёргарлик узоқроқ вақт талаб қилиши мумкин.

 

Демак, хулоса қилсак:

🔹Aёл ва эркакни ЭКУ муолажасига тайёрлаш - 2 ҳафтадан 6 ойгача.

🔹 Тухумдон стимуляцияси ўтказиш ( бу муддатда гормонал дори қилинади ва УТТ да фолликулометрия ўтказилади кун ора) фолликулаларнинг етилишга қараб − 8-13 кун.

🔹Фолликулаларнинг тўлиқ етилиши ва ёрилмаслиги учун триггер уколини қилиш ва унинг таъсирини 34-37 соат кутиш, яъни бир ярим кун.

🔹Фолликулаларни (тухум ҳужайрани ичида сақлаган шиллиқ тузилма) териб олиш муолажаси, қисқа муддатга оғриқсизлантириш билан амалга оширилади ва муолажа ярим соат атрофида бўлади.

🔹 Фолликулалар териб олинган куннинг ўзида тухум ҳужайрани тозаланган сперматозоид билан уруғлантириш (ИКСИ), унинг натижасини ўртача 24 соат ичида кузатилади. Бу кун “нолинчи кун" деб ҳам номланади.

🔹 Эмбрионларни махсус муҳитда, инкубаторда ўстириш − 2-5 кун.

🔹Эмбрионни аёлнинг бачадонига кўчириб ўтказиш ўстиришнинг 3-5 куни амалга оширилади – 5-10 дақиқалик муолажа.

🔹Шу муддатдан 2 ҳафта ўтиб ҳомиладорлик таҳлили (ХГЧ) топширилади. (Агар 5 кунлик эмбрион кўчириб ўтказилган бўлса ХГЧ таҳлили эмбрион кўчирилган кундан 10-11 кун ўтгач ҳам қилиниши мумкин).

Кўриб турганингиздек, аслида ЭКУ ойлаб давом этадиган муолажа эмас. Аммо унга тайёргарлик муддати ҳар бир жуфтлик учун ҳолати, сабаби, аниқланган касалликлари, хуллас анамнезига қараб турлича бўлиши мумкин.

 

Репродуктолог ва гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади.

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page