32-ҲАФТА

32-ҲАФТА

@ginekologim


32-ҳафталик

 31-ҳафта 33-ҳафта

  Ушбу мақоламизда ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида нималарни бошдан кечиришингиз, қандай овқатланишингиз, қандай таҳлиллардан ўтишингиз, ҳомилангиз қандай ривожланиши ва вазнингиз қанча бўлиши ҳақида ёздик. Марҳамат, 32 ҳафта ҳомиладорлик ҳақида билишингиз керак бўлган муҳим жиҳатлар!

32-ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи

Ҳафталар бир-бирини таъқиб қилмоқда, “кичкинтой”ингиз тез ўсишда давом этмоқда ва туғилгунга қадар ўртача яна 2000 грамм вазн олади! 32 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи қанча бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалдан кўришингиз мумкин.

32 ҳафталик ҳомила вазни − 1800 г
32 ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 42 см

  Ҳомила ҳар ҳафта ўтган сайин ўз қобилиятларига янгиларини қўшиб боради. Ташқарида сиз унинг келишига тайёргарлик кўраётганингизда, у ҳам ўз навбатида сиз билан учрашадиган кунга тайёргарлик кўрмоқда. Сўнгги бир неча ҳафта ичида унинг бутун вақти бачадондан ташқаридаги ҳаётга мослашиш машқларига, яъни, ютинишдан нафас олишга, эмишдан тортиб тепинишга сарфланади.

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида ҳомиланинг териси энди шаффоф бўлмайди. Тери остида тобора кўпроқ тўпланиб келаётган ёғлар энди шаффофлигини йўқотди. Шу сабабли теридаги майин туклар ҳам ушбу ҳафтада тўкила бошлайди. Туғилгандан кейин ҳам сиз бу тукларнинг бир қисмини елкаси ва сиртида кўришингиз мумкин.

32-ҳафтада туғилган болалар учун ҳаётда қолишда жиддий ўлароқ хавф бўлмаслигини айтишимиз мумкин.

 

32 ҳафталик ҳомиладорлик неча ойни ташкил қилади?

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтаси 8-ойнинг бошланишига тўғри келади. Сўнгисидан бир ой олдинги ушбу ойда сиз ҳали ҳам ҳомиладорликнинг ҳар лаҳзасидан завқ олаётган бўлишингиз ёки кундан-кунга шишиб боришдан  чарчаган бўлишингиз ҳам мумкин. Aммо бир нарса аниқки, сизнинг диққатингиз энди кўпроқ яқинлашаётган туғруққа қаратилган бўлади!

 

32 ҳафталик ҳомила ҳаракатлари

32-ҳафтада ҳомила ҳаракатларида пасайиш бўлиши мумкин, чунки у энди бачадон ичида сиқилиб қоладиган даражада каттайиб қолган. “Миттивой”ингиз олдингидек ҳаракатланаётган бўлса ҳам, унинг тепинишлари заифлашгандек туюлиши мумкин. Ушбу ўзгариш 34 ҳафтада янада аниқроқ билиниши мумкин.

Вақти-вақти билан ҳомиланинг ҳаракати камайганга ўхшаб қолганда, одатда сиз уни текширмоқчи бўласиз-а. Бунинг учун тинчланинг, ўтиринг ва бўшашинг. Кейин ҳаракатларини қанча муддатлар оралиғида қилаётганингизни қайд қилиб боринг. Aгар у икки соат ичида 10 мартадан кам ҳаракат қилса, шифокорингизга мурожаат қилганингиз маъқул.

 

32 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

 Ҳар бир 32 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

 

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

  Бачадон юқори нуқтасидан қов суяги учигача бўлган узунлик энди тахминан 32 см, киндикдан бачадон юқори нуқтасигача эса 12 см га тенг.

Ушбу ҳафтагача, агар асоратлар ва муаммолари бўлмаса, шифокорга ойда бир ташриф буюриш кифоя қиларди. Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасидан бошлаб эса шифокор сизни ва ҳомилани янада диққатроқ кузатишни талаб қилиши мумкин. Шу сабабли, баъзи шифокорлар бу муддатдан кейин бўлғуси оналарни ҳар икки ҳафтада бир чақиришлари, айрим алоҳида ҳолларда эса ҳафтада бир марта кўрикдан ўтказишлари ҳам мумкин.

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасини ортда қолдирганингизда, энди сиз шифокорингизни яхши танишингиз ва муаммоларингиз ҳақида гапиришдан тортинмаслигингиз керак. Чунки энди туғруқ жараёни билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишнинг айни вақти.

Балки сиз туғруқолди танитув курсларига бораётган бўлишингиз ва туғруқ жараёни тўғрисида турли хил мавзуларни тинглаётган бўлишингиз мумкин. Aгар сизда бирон бир муаммо ёки сизни ўйлантираётган бирор масала бўлса, ҳеч иккиланмасдан шифокорингизга мурожаат қилинг ва у билан суҳбатлашинг.

Шифокорлар ва ҳамширалар ҳомиладорлик ва туғруқ билан боғлиқ саволларингизга бемалол жавоб беришади. Сизни хавотирга соладиган муаммолар ҳақида ортиқча ташвишланишнинг ҳожати йўқ. Ҳар доим сўрашга ва дардингизни англатишга тайёр бўлинг.

 Балки қизиқ бўлса ўқинг: Эрта туғруқ борасидаги саволларга жавоблар

 

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида кўпинча нималар содир бўлади?

Ҳомиланинг кучли ва мунтазам ҳаракатлари;

Туғруққа сабрсизланиш ҳолати;

Қабзиятнинг (ич қотиши) кучайиши;

Жиғилдон қайнаши, ошқозон бузилиши, газ ва шишлар ортиши;

Бурун битиши ва қонаши;

Оёқ тортишишлари;

Елка, сирт оғриқлари;

Оёқларда варикоз кенгайиши;

Қорин атрофида қичишиш;

Терида ёрилишлар;

Киндикнинг ташқарига чиқиб қолиши;

Ухлаш қийинлашиши;

Бачадон ўсиб катталашиши;

Бачадон ўсиши натижасида ўпка қисилиб нафас сиқиши;

Брекстон Хикс тўлғоқлари (ёлғон дард) ортиши (тананинг қисқариш машқлари)

Туғруқдан қўрқиш;

Ўйчанликнинг ортиши;

Қиндан ажралма келишининг кўпайиши.

 

Агар қабзият қийнаса ўқинг: Ҳомиладорликда ич қотишига тавсиялар


Ҳомиладорликнинг 32 ҳафтасида овқатланиш: агар эгизак кутаётган бўлсангиз, қандай овқатланишингиз керак?

Овқатланишингиз ва вазнингиз жуда муҳим. Туғруқолди қабул қилинадиган витаминларингизни ҳар куни олишингиз жуда муҳимдир.

Эгизак ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида мақсадли умумий вазн ортиши меъёрдаги вазнда бўлган  аёл учун ўртача 22,5 кг бўлиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар эгизакли ҳомиладор аёл мақсадга мувофиқ вазн олса, болалари соғломроқ бўлар экан.

Минерал, оқсил, витаминларга ва етарли калорияга бўлган эҳтиёж эгизаклиларда кўпроқ бўлади. Эгизакли бўлмаган, яъни битта ҳомилалилардан фарқли ўлароқ, эгизакларда ҳар бир ҳомила учун кунига 300 калория кўпроқ олиш керак бўлади.

Овқатланиш дастурига фақат қўшимча калория қўшилиши ҳомилангизга ёки сизга фойда келтирмайди. Бўш калорияга тўла тайинсиз овқатлар фойдали эмас. Сиз белгиланган озуқа манбаларидан калория олишингиз керак. Масалан, ҳар куни сут маҳсулоти ва оқсилнинг қўшимча порциясини истеъмол қилишингиз муҳим. Ушбу икки порция ҳомилангиз учун қўшимча калций, оқсил ва темир моддасини таъминлайди.

  Фойдали мақола бор: Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида

  Қачон ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш мумкин?

Агар Сиз ҳомиладор бўлсангиз ва Ўзбекистон қонунчилиги бўйича меҳнат шартномаси асосида ишласангиз туққунга қадар 70 (етмиш) календарь кун ва туққандан кейин 56 (эллик олти) календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда —етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили олишингиз мумкин бўлади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқишдан аввал ўз шифокорингизга мурожаат қилинг. У сизга шу давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштириб беради. Ушбу меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ходимга у ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтган оилавий поликлиникадан ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасидан бошлаб берилади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси корхонанинг кадрлар бўлими, у бўлмаса бухгалтериясига топширилиши керак.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш вақти ҳақида иш берувчингизни олдиндан хабардор қилинг.

Агар соғлиғингиз ва иш шароитингиз ишлашга имкон берадиган тарзда бўлса, шифокорингиздан яна 5 ҳафта ишлашингиз мумкинлиги тўғрисида тиббий хулоса олишингиз мумкин.

 Шу тарзда, туғруқдан кейинги 8 ҳафтага, туғруқдан олдинги 8 ҳафталик қонуний таътилнинг 5 хафтасини қўшиб, 13 ҳафта дам олишингиз  мумкин бўлади.

 

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида эътиборга олиниши керак бўлган масалалар

 Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида витаминларни қабул қилиш

Витаминлар ўзингиз ва ҳомилаизнинг соғлиғи учун муҳим пойдевордир. Aгар туғруққа яқин даврда сизда камқонлик (анемия) бўлса, қон миқдорининг пастлиги иккалангизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қон қуйишга эҳтиёж сезилиб қолиши мумкин. Шунинг учун, шифокор томонидан тайинланлган витаминларни вақтида истеъмол қилишга эътибор беринг.

 Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида тўлғоқлар: Брекстон-Хикс тўлғоқлари нима?

Баъзида сиз бачадонингиз оғирлашиб қаттиқлашаётганини сезишингиз мумкин. Бачадонингиз аслида машқ қилмоқда. Танангиз яқинда кутилаётган туғруққа тайёрланмоқда ва мушакларини таранглаштирмоқда. Сиз ҳис қилган ушбу бачадон машқлари Брекстон-Хикс тўлғоқлари ёки ёлғончи тўлғоқлар деб аталади. Бу асосан сўнгги ойларда аниқроқ намоён бўладиган ва илгари ҳомиладорликни бошдан кечирган аёлларда эртароқ ва кучлироқ сезиладиган тўлғоқ машқларидир.

Ушбу бачадон қисқариши машқлари бачадоннинг юқори қисмидан бошланиб, пастга қараб ёйиладиган таранглашишдек сезилади. Тахминан 15-30 сония, баъзан икки дақиқагача давом этади. Туғруқ яқинлашган сари шиддати кучаяди.

Бундай ёлғончи тўлғоқлар пайтида пайдо бўлиши мумкин бўлган ноқулайликни камайтириш учун сиз ҳолатингизни ўзгартиришга уриниб кўришингиз ва етарли миқдордаги суюқлик ичишга эътибор қаратишингиз лозим. Сувсизланиш тўлғоқлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Aгар тўлғоқлар йўқолмаса, албатта, бу ҳақида шифокорингизга хабар беринг.

  Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда стресс ва ундан қандай халос бўлиш мумкин ?

   

Ҳомиладорликнинг сўнгги паллаларидаги таҳлиллар

 Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасиида қайси таҳлиллар ўтказилади?

1. Ҳомиланинг ностресс таҳлили

Таҳлилнинг бундай аталишига сабаб, таҳлил асносида ҳомила ҳеч қандай стресс ҳолатга туширилмайди. Бу таҳлил энг эрта ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасида ўтказилши мумкин, аммо одатда ҳомиладорликнинг 32- ва 35-ҳафталари орасида ўтказилади.

Таҳлил асносида ҳомиланинг ҳаракати, юрак уриш тезлиги ва юрак бу тезликдаги ўзгарувчанлик 20-30 дақиқа давомида назорат қилинади. Бу орада ҳомиланинг қимирламаслиги муаммо борлигини англатмайди, у ухлаётган бўлиши мумкин.

 2. Ҳомиланинг биофизик профил таҳлили

Биофизик профил текшируви - бу ультратовуш текширувини нострессс  таҳлил билан бирлаштирган таҳлил. Ушбу таҳлил ҳомиланинг соғлиғини юрак уриши, нафас олиш ҳаракатлари, тана ҳаракатлари, мушакларнинг эластиклиги, амниотик суюқлик жиҳатларидан текширади. Ҳар бир омилга 0-2 балл орасида баҳо берилиб умумий ўлароқ 0-10 орасидаги қиймат ҳосил қилинади. Ушбу таҳлилни 26-ҳафтадан бошлаб амалга ошириш мумкин бўлса-да, одатда ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида ўтказилади.

    Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page