ЭРТА ТУҒРУҚ БОРАСИДАГИ САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР

ЭРТА ТУҒРУҚ БОРАСИДАГИ САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР

@ginekologim

Нега баъзи чақалоқлар ўз вақтида ҳаётга қадам қўйиш ўрнига бироз “шошилишади?”.  Яъни эрта туғилишади.

Қуйида эрта туғруқнинг асосий сабаблари, уни қандай тушуниш кераклиги, эрта туғилган чақалоқларни кутаётган ҳолатлар каби масалаларнинг барчасини ёритишга ҳаракат қилдик, марҳамат!

  

1- Эрта туғруқ нима? У асосан қайси ҳафтада бўлади?

Бу саволга жавоб бериш учун одатдаги туғилиш вақтини билиш керак. Ҳомиладорликнинг 37-42 ҳафталари ўртасида содир бўлувчи туғруқ, нормал туғруқ деб аталади. Аммо ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасидан олдин бошланадиган туғруқ эрта туғруқ деб аталади.

Бир сўз билан айтганда, ҳомиладорликнинг 37-ҳафтаси тўлмасдан, бачадон бўйни очилишига олиб келувчи мушаклар қисқариши эрта туғруқ деб ҳисобланади.

 

2- Эрта туғруққа сабаб бўладиган омиллар нима?

Кўпинча бунинг сабаблари аниқ билинмайди. Лекин эрта туғруқ хавфи мавжуд бўлса – бу тушунарли. Аммо баъзида хавф туғдирадиган омил бўлмаса ҳам эрта туғруқ содир бўлиши мумкин. Келинг, бунга сабаб бўладиган омилларни кўриб чиқайлик:

- илгари ҳам эрта туғруқ тўлғоғи ва эрта туғруқни бошдан ўтказганлик;

- уч ёки  икки ҳомилали эгизак ҳомиладорлик;

- амниотик суюқликнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши (гидроамниоз);

- плацента билан боғлиқ муаммолар;

- бачадондаги аномалиялар;

- чекиш, алкоголь ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш;

- жуда озғин бўлиш ёки жуда семириб кетиш;

- тўйиб овқатланмаслик;

- милклардаги инфекция;

- бошқа инфекциялар (жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, сийдик йўли инфекциялари, амниотик суюқлик ёки ҳомила мембранаси инфекцияси),

- бачадон бўйни етишмовчилиги;

- онада диабет борлиги,

- бачадон бўйни очиқ бўлиши,

- қон босими юқори бўлиши сабабли юзагакеладиган преэклампсия;

- аёлнинг 17 ёшданк кичик ёки 35 ёшдан катта бўлиши

- депрессия каби сабаблар эрта туғруқ келтириб чиқариши мумкин.

 

Депрессия. Мутахассислар депрессия эрта туғруқ хавфини икки баравар оширишини таъкидламоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, стресснинг гормонлар, иммунитет тизими ва бошқа омилларга таъсири туфайли эрта туғруқ келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, стрессда бўлган ҳомиладорларнинг тўйиб овқатланмаслиги ҳам юқоридаги омилларга сабаб бўлиши мумкин.

Унутманг, буларнинг ҳар бири хавф келтириб чиқарувчи омиллар холос! Яъни, сизда бундай ҳолатлар борлиги албатта болангиз эрта туғилиб қолади дегани эмас ёки ўша ҳолатлардан ҳеч бирининг мавжуд бўлмаслигига қараб ҳам муддатидан аввал туғруқ бўлмайди деб аниқ айтиб бўлмайди.

Айни пайтда, ЭКУ орқали ҳомиладор бўлганларда муддатидан олдин туғруқ хавфи нисбатан юқорироқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаш лозим.

 

3- Эрта туғруқнинг аломатлари қандай?

Улар қуйидагилар:

- ҳайз пайтидаги каби оғриқлар;

- ҳолатингизни ўзгартирсангиз ҳам кучайиши ва тез-тез бўлиши ошиб борадиган мунтазам мушаклар қисқариши;

- орқа сиртда босим ҳисси;

- тос суягида доимгидан бошқачароқ босим ҳисси;

- қонли ажралма ёки қон кетиши;

- ҳомила пардаси ёрилиши;

- ультратовушда бачадон бўйнининг ингичкалашиб, очилиши ёки қисқариши каби ўзгаришлар;

- сийдик чиқаришнинг кўпайиши,

- диарея,

- қиндан сувли ажралма келиши.

Aгар сиздан сув келаётган бўлса, бу ҳомила атрофидаги пардалар ёрилиб, сув чиқаётганининг белгиси бўлиши мумкин.

Қонли ёки қуюқ рангли ажралма эса ҳомиладорлик пайтида бачадон бўйин қисмида тўпланган ички шиллиқ қават силжишининг белгиси бўлиши мумкин.

Aгар сиз ўзингизда ҳис қилаётган ҳолатлардан иккиланаётган бўлсангиз - айниқса, қин соҳасида тортишиш билан қорин бўшлиғида оғриқ  ва тортишиш ҳис қилсангиз - албатта шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

 

4- Эрта туғруқ рўй бермаслиги учун нима қилиш керак?

 

Эрта туғруқнинг ҳаммаси ҳам олдини олиш мумкин бўлган хавф-хатар омилларидан келиб чиқмаганлиги сабабли, барчасининг олдини олиш имкони йўқ. Aммо сиз ҳали ҳам қилишингиз мумкин бўлган айрим нарсалар мавжудки, улар қуйидагилардир:

- ҳомиладор бўлишдан олдин фолий кислотаси қабул қилишни бошлаш (ҳомиладор бўлишдан олдин бизга муожаат қилган аёлларга офарин!);

- ҳомиладорликнинг бошидан бошлаб мунтазам равишда шифокорлар кўригидан ўтиш;

- кўп суюқлик ичиш;

- тўғри овқатланиш;

- оғиз ва тишларни яхши парвариш қилиш;

- тамаки, алкоголь ва гиёҳванд моддалардан мутлақо узоқ бўлиш;

- инфекцияга қарши текширувдан ўтиш,

- тик ҳолда кўп турмаслик, толиқамаслик

- ҳомиладорликни стресссиз ўтказиш.

Шунингдек, илгари эрта туғруқ ўтказганлар ва бачадон бўйни қисқа бўлганларга кунлик ёки ҳафталик маълум дозаларда қўшимча прогестерон иловалари (гел ёки игна шаклида) ишлатиш тавсия этилади. Aммо, бу албатта шифокорингиз қарор бергандан кейин мумкин.

Сўнгги ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, илгари 35-ҳафталикдан кичик муддатда туққан аёлларга эрта туғруқнинг олдини олиш учун 17-гидроксипрогестерон гормонидан ҳафтасига бир марта  укол қилиш керак экан. Албатт бу борада шифокорингиз билан маслаҳатлашиб иш тутишингиз лозим бўлади.

 

5- Эрта туғруқни қандай билса бўлади?

 

Фараз қилайлик, ҳомиладор аёл болани муддатидан олдин туғиш ваҳимаси ва туғруқолди тўлғоқлари билан касалхонага борди. Уни нималар кутмоқда, ҳақиқатан ҳам эрта туғруқ хавфи борми?

1- Aгар сизда муддатидан олдин тўлғоқ кузатилса ва ҳомила атрофидаги пардалар бузилмаса, бачадон бўйни очилиб очилмаганлиги текширилади.

2- Aгар бачадон бўйнида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса-ю, аммо тўлғоқлар давом этаётган бўлса, ҳомилалик фибронектини таҳлили ўтказилади. (ҳомилалик фибронектини - бу бачадон девори ва болани ўраб турган пардаларни бир-бирига боғлайдиган ёпишқоқ восита).

3- Aгар бачадон бўйни қисмидан олинган намунада ҳомилалик фибронектини кузатилмаса, келгуси бир ҳафта ичида тўлғоқларнинг эрта туғруққа олиб келиш эҳтимоли жуда кам бўлади.

 

6- Эрта туғруқда нима қилиш мумкин? Уни қанча вақтга ортга суриш мумкин?

“Эрта туғруқни қанча вақтгача кечиктириш мумкин?”, деган саволга “Бунинг учун аниқ белгиланган муддат йўқ” дея жавоб берамиз. Боланинг она қорнида ўтказадиган ҳар бир куни ҳам яшаб кетиши, ҳамда соғлиги учун зарур бўлганидан, уни имкон қадар эрта туғруқ муддатини кечиктиришга тааллуқли керакли тадбирлар амалга оширилади.

Aгар тўлғоқлар эрта бошланиб қолса, шифокорингиз ётоқда дам олишга кўрсатма бериши ёки томирдан суюқлик юбориш учун касалхонага ётқизиши мумкин. (Танадаги сув миқдори қанчалик етарли бўлса, тўлғоқларнинг давом этиш эҳтимоли шунча пасайяди. Шунинг учун уйда ётган пайтингизда ҳам кўпроқ сув ичиш керак).

Шифокорингиз эрта туғруқ инфекциялар сабабли деб ҳисобласа, антибиотиклар буюради.

Шифокор эрта тўлғоқни вақтинча тўхтатиш учун тербуталин ёки магнезиум сульфат каби токолитик (эрта туғруқнинг олдини олувчи) дориларни буюриши мумкин.

Aгар эрта туғруқнинг олдини олиш имкони бўлмаса, туғруқдан кейин бола ҳаёти қулайроқ давом этиши учун ўпканинг тезроқ ривожланишини таъминлашга ёрдам берувчи стероидлар ҳам бериши мумкин. Борди-ю шифокорингиз ҳомиладорликни давом эттириш эрта туғруққа қараганда хавфлироқ деб ҳисобласа, туғруқни кечиктиришга уринмаслиги ҳам мумкин.

 

7- Эрта туғруқ хавфи билан касалхонага ётқизилган тақдирда нима қилиш керак?

Мутахассис психологлар, эрта туғруқ хавфи билан касалхонага ётқизилган оналарнинг ҳиссий хавотирларига ёрдам берадиган айрим таклифларни берадилар.

Нафас олиш: Нафас олишингизни текширинг. Бунинг энг яхши усули - уни ҳисоблаш. Шу тарзда ўзингизни тинчлантиришингиз мумкин. Кўзларингизни юминг, учгача санаш орқали чуқур ва хотиржам нафас олинг кейин олтигача санаб нафасни чиқаринг. Яна бир усул - тоқ сон миқдорда чуқур нафас олиш ва жуфт сон миқдорида аста чиқариш.

Тасаввур: Эрта туғруқда чақалоқни кутар экансиз, кўпинча салбий тасаввурлар ақлингизга келади. Буни ижобий томонга ўзгартириш ўзингизга боғлиқ. Кўзларингизни юминг, тинчгина осон туғруқни тасаввур қилинг, туғруқдан кейин болангизни хаёлан қучоқланг. Унинг ҳиди қандай, кўриниши қандай, қўллари қандай? Доимо хаёлингизда чиройли тасвирларни жонлантиринг. Яхши гумон ва яхши фикрда бўлиш ижобий натижага сабаб бўлиши кўп кузатилади. Зеро сизни ва болангизни Яратган Зот сизга ҳам, болангизга ҳам сиздан-да меҳрибонроқ. Ҳар ҳолатнинг сабабига ёндошиб, натижасини Унинг раҳматига топширган ҳолда шукр ва зикр билан машғул бўлинг.

Кўпроқ дуо ва истиғфор билан банд бўлинг: Бу амалларни бандалик вазифангиз ўлароқ бажаринг. Натижа нима бўлишидан қатъи назар Чексиз Раҳмат эгасининг тақсимотини розилик билан қабул қилишга тайёр туринг. Ундан рози бўлсангиз, У ҳам сизга сиз рози бўладиган натижани беради. Фақат ҳар ишда иллат эмас, ҳикмат излашага ҳаракат қилинг.

Ҳаётга ҳикмат назари билан қаранг: Ҳар нарсани мукаммал яратган чексиз Қудрат эгаси ҳеч бир нарсани беҳуда бекорга яратмаган. Ҳар ҳодиса ва ҳар нарсада биз билган ва билмаган ҳикматлар тўлиб ётибди. Кўпинча бизга ёқмаган нарсаларда биз учун кўп яхшиликлар борлиги ҳам ҳақиқат.

Зеро инсон машаққатларни енгиб, қийинчиликлардан ошиб янада кучли ва ҳаёт йўлида янада илдамроқ бўла олади. Демак, бу ҳолат ҳам бизга бир сабоқ, ибрат бериш учун бўляпти. Чиройли сабр ва розилик билан уни қабул қилишнинг мукофоти албатта улкан бўлади. Шулар ҳақида ўйланг ва ҳикмат ҳамда ибрат берувчи ҳикоялар ўқинг ёки тингланг. Доимо умид, сабр ва розилик ҳамроҳингиз бўлсин. Ҳаттоки энг оғир дамларда ҳам. Шунда кутилмаган жойдан эзгу орзуларигиз амалга ошишига гувоҳ бўласиз, иншааллоҳ.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page