31-ҲАФТА

31-ҲАФТА

@ginekologim

31-ҳафталик

 30-ҳафта

  Сиз ҳомиладорлик саргузаштининг 31-ҳафтасини якунлаш арафасидасиз. Шу кунгача сизнинг тотли ҳамда машаққатли кунларни бошдан кечирганингиздан хабардормиз ва уларни санаб адоғига етолмаймиз. Хўш, ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида нималар бўлади? 31-ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай? Келинг, ортиқча гапни қилмай, бошлалик!

 31-ҳафталик ҳомила ва унинг ривожланиши

  Вазни ва бўйи

31 ҳафталик ҳомила вазни ва бўйи қанча бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

31 ҳафталик ҳомиланинг вазни 1500-1600 гр
31 ҳафта ҳомиланинг бўйи 40-45 см

 Ҳомила 31 ҳафталик бўлганда унинг вазни борган сари кўпроқ ўсиб боради. Ҳомила туғилишигача вазнига ўртача яна 1300-2300 грамм қўшилади.

31-ҳафтада ҳам ҳомиланинг репродуктив тизими ривожланишда давом этмоқда. Aгар ўғил бўлса, мояклар буйрак ёнидаги жойини тарк этиб, чаноқ орқали ёрғоқ халтасига ўтади. Aгар у қиз бўлса, клитори янада билинарли даражага келади.

Ҳомиланинг ўпкаси яхши ривожланган бўлса ҳам, улар ҳали тўлиқ етилмаган. 31-ҳафтада туғилиб қолган болалар 6 ёки ундан кўп ҳафта давомида инкубаторда бўлишлари мумкин. Нафас олиш учун уларга махсус нафас олиш аппарати керак бўлади.

Миянинг ривожланиши олдинги ҳафталарга кўра янада такомиллашгани учун қон қуюлиш хавфи энди камайган. Энди у келган маълумотларни қайта ишлашни, ёруғликни кузатишни ва барча бешта сезгига оид сигналларни қабул қилишни бошлаган бўлади.

“Кичкинтой”ингиз энди узоқроқ ухлайди ва ухлаши кўпроқ “ҳарактчан кўз уйқуси” босқичида бўлади. Эҳтимол, энди ҳомилангиз уйғонган ва ухлаб ётган пайтларини аниқроқ фарқлашингиз мумкин бўлади.

 

31 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

 Ҳар бир 31 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

  31 ҳафталик ҳомиладор неча ойлик?

31 ҳафталик ҳомиладор аёл 7-ойга кирмоқда. Aммо шуни ёдда тутингки, ҳомиладорликнинг неча ойлиги муҳим эмас, ҳомиладорликнинг нечанчи ҳафтасида эканингизни билиш муҳимроқ.

  31-ҳафтада ҳомила ҳаракатлари

Барча бўлғуси оналар ҳомиланинг ҳаракатланиш тартибини биладилар. Улар ҳаракатларнинг оралиқлари ва интенсивлигидаги ўзгаришларни сезадилар. Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида ҳомила ҳаракатларида пасайиш бўлиши мумкин. Ушбу ҳаракатсизлик ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида ҳам кузатилши мумкин. Aйниқса, ҳомиланинг боши сизнинг тос суягингиз бўшлиғига тушгандан сўнг, бачадонда ҳаракатланиш учун кўп ҳам жой қолмайди.

Бундан ташқари, ҳомиладорлик давом этар экан, ҳомилада ҳаракат ва уйқу тартибли ҳолатга келади. Шунинг учун сиз 1-3 соат орасида ортувчи ёки камаювчи ҳаракатчанлик даврлари бўлишини сезишингиз мумкин. Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида ҳомила ҳаракатларида камайишнинг кузатилиши киндик найчаси ёки плацента билан боғлиқ муаммоларга ишорат ҳам бўлиши мумкин.

Aгар ҳомилангизнинг ҳаракатлари камайиб бораётганидан хавотирда бўлсангиз, буни албатта шифокорингизга айтинг. У сиздан сўнгги ҳаракатни қачон ҳис қилганингизни ва сўнгги бир неча соат ичида неча марта ҳаракатни сезганингизни сўраши мумкин. Сиз ушбу ҳисоб-китобларни ўзингиз текшириб кейин шифокорингиз билан боғлансангиз янада тўғри бўлади.

 

Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

 Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида бачадон энди қорин бўшлиғининг катта қисмини эгаллайди.

Қов суяги учидан ўлчанганда бачадоннинг юқори қисмигача бўлган узунлик 31 см, киндикдан ўлчанганда эса тахминан 11 см.

Танангиз сувни ушлаб турмаслиги ва ўзингизни яхши ҳис қилишингиз учун уйқу ёки дам олиш пайтида ёнбошлаб ётишингизга эътибор беринг.

Узук ёки соат тақиш қон айланишида муаммоларга олиб келиши мумкин. Баъзан узук бармоғингизни жуда сиқиб қўйиши мумкин ва натижада уни чиқаролмай қоласиз. Танангизда шишлар кузатилса, ушбу даврда заргарлик буюмларидан фойдаланмаганингиз маъқул.

 

Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида вазн қанча бўлиши керак?

 Учинчи триместрда жами 5-6 килограмм вазн олишингизга эътибор  беринг. Ортиқча вазн ҳомиладорлик ва туғилишни қийинлаштиради. Туғруқдан сўнг озишга бўлган қўшимча ҳаракатлар яна бир томонда! Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида қанча вазн олиш керак, деган саволга жавобимиз − 500-600 гр.

 

Эгизакли ҳомиладорлар 31-ҳафтада нималарга эътибор бериш керак?

 Эгизакли ҳомиладорлик билан боғлиқ энг катта муаммолардан бири бу эрта туғруқ масаласи. Ҳомилалар сони қанча кўп бўлса ҳомиладорлик ҳафтасининг давомийлиги ва ҳар бир ҳомиланинг туғилиш вазни ҳам шунга мос равишда камаяди. Лекин бу ҳамма эгизакли ҳомиладорлар учун ҳам шундай бўлади дегани эмас.

Икки эгизаклилар учун ўртача ҳомиладорлик даври тахминан 37 ҳафта. Уч эгизаклар учун эса - деярли 35 ҳафта. Ҳомилаларнинг бачадонда қолган ҳар бир ҳафтасида аъзолар ва тизимларнинг ривожланиши билан бирга уларнинг туғилиш вазни ҳам ортади.

Бир ва икки уруғдан бўлган эгизаклар ҳолати

Эгизакли ҳомиладорликда эрта туғруқдан сақланиш учун имкон қадар ҳомиладорликни давом эттириш муҳимдир. Бунинг энг яхши усули - ётиб дам олиш. Ҳомиладорлик даврида давомли равишда жисмоний фаол бўлиш имкони йўқ. Шифокорнинг ётиб дам олиш борасидаги тавсияларига амал қилиш керак бўлади.

Баъзи тадқиқотчилар эрта туғруқни енгиллаштириш учун ишлатиладиган дорилар эрта туғруқнинг олдини олишда ҳам фойдали деб ҳисоблашади. Ушбу дорилар тўлғоқлар эрта бошланмаслиги учун бачадонни бўшаштириш учун ишлатилади.

Шифокорингизнинг айтганларини диққат билан бажариб боринг. Сиз ҳомилаларни қорнингизда ташиган ҳар бир кун ва ҳар бир ҳафта уларнинг яхшироқ ривожланиб, соғлом туғилишлари эҳтимолини орттиради.

 Сизни қизиқтиса ўқинг: Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига кичик қўлланма

 

Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасидаги овқатланиш

 Салмонелла бактериялари енгил ёки оғирроқ меъда бузилишига олиб келиши мумкин. Ушбу бактерия кўп жойларда учрайди. У хом тухум ва хом парранда гўшти таркибида мавжуд. Тўғри, овқат пиширилганда бактериялар ўлади, аммо янада қўшимча чоралар кўриш зарур. Бу борадаги хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги чораларни ёдда тутинг:

- парранда гўшти ёки тухумдан овақт тайёрлагандан сўнг, пиширадиган ускуналарни ва идиш-товоқларни иссиқ сув ва совун билан тозалаш билан бирга дезинфекцияловчи воситалардан ҳам фойдаланинг;

- парранда гўштини яхшилаб пиширинг;

- хом тухумдан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилманг;

- хом тухумни пиширишдан олдин татиб кўрманг;

- агар тухумни истеъмол қилиш керак бўлса, уни яхшилаб пишириш учун камида 7 дақиқа давомида қайнатинг;

- товоқда чақилиб фақат бир томонлама пиширилган тухумларни истеъмол қилманг.

 Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорлик даврида фойдали маҳсулотлар: ҳомила яхши ривожланиши учун нималар ейиш керак?

 

 Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида онадаги шикоятлар

 Ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида оёқ шишиши

 Aйниқса ҳомиладорликнинг охирига яқинлашганда, сиз пойафзалингизни ечиб, бир муддат шу ҳолатда қолсангиз, кейинроқ уни кийишингиз мушкул бўлиб қолганини сезган бўлишингиз мумкин.  Ушбу муаммо, тахмин қилганингиздек, шиш билан боғлиқ. Шиш муаммоси билан  маълум муддат  курашишингиз лозим бўлганлиги сабабли, ҳаракатни қийинлаштирадиган ва сиқиб турадиган кийимлар, тор пайпоқ ва пойафзаллар киймаганингиз маъқул.

Нима учун шиш пайдо бўлишига қизиқаётган бўлсангиз, буни қисқача тушунтириб берамиз.

Ҳомиладорлик даврида организм ҳомиланинг эҳтиёжларини қондириш учун 50% га  кўпроқ қон ва тана суюқлигини ишлаб чиқаради. Ушбу қўшимча суюқликларнинг бир қисми тана тўқималарига сизади.

Ўсиб бораётган бачадон тос соҳасидаги томирларни қисишни бошлаганда, тананинг пастки қисмига қон оқиши қисман тўсилади. Бу эса суюқликни оёқ ва сонларга суради ва шиш пайдо бўлишига олиб келади.

Ўтирганингизда оёқларингизни устма-уст қилиб ўтириш ҳам қон оқимига таъсир қилади ва оёқларда қон оқишини тўсиб қўяди. Иложи борича оёқларни чўзган ҳолда ўтиришга ҳаракат қилинг ва узоқ вақт ҳаракатсиз қолманг.

 Бу ҳам қизиқ бўлиши мумкин сиз учун: Ҳомиладор аёлда сут қачон келади?

  Мунтазам равишда шифокор кўригидан ўтяпсизми?

 Aлбатта, шифокор билан туғруқдан олдин бўладиган барча кўрикларга бориш қанчалик муҳимлигини айтишнинг ҳожати йўқ, аммо янада сизга эслатиб қўймоқчимиз. Сизга бу кўриклар аҳамиятсиздек туюлаётган бўлиши мумкин, айниқса ҳаммаси меъёрда ва яхши кетаётган бўлса. Aммо ушбу кўриклардаги текширувлар сизнинг ва ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида шифокорингиз учун жуда кўп нарсани англатади.

Ушбу кўриклар пайтида шифокор муаммо бўлиши мумкин бўлган аломатларни текширади. Масалан; қон босимининг ўзгариши, вазннинг ўзгариши ёки ҳомиланинг қанчалик яхши ривожланаётгани каби. Aгар бу аломатлар эрта аниқланмаса, икковингиз учун ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page