ҲОМИЛАДОРЛИКДА ИЧ ҚОТИШИГА ТАВСИЯЛАР

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ИЧ ҚОТИШИГА ТАВСИЯЛАР

@ginekologim

Кун сайин танангиз ўзгариб борганидек, ҳожатга қатнаш тарзларингиз ҳам ўзгаради. Ўзингизни шишган ва худди ёрилиб кетаётгандек ҳис қиладиган пайтлар тобора яқинлашаётган бўлиши мумкин. Бу фақат сиздагина рўй берадиган ҳолат эмас, ташвишланманг! Ҳомиладор аёлларнинг камида ярми қабзиятни (ич қотишини) бошидан ўтказади. Қуйида ич қотиши, унинг келиб чиқиш сабаблари, овқатланиш тартиби ва бажарилиши мумкин бўлган машқлардан тортиб билишингиз керак бўлган талайгина маълумотларни сиз учун тайёрладик!

 

Ҳомиладорликда ич қотишининг сабаби нима?

Ҳомиладорлик даврида тез-тез ич қотиш муаммоси ҳаётингизни бироз қийинлаштириши мумкин. Чунки аёл ҳомиладор бўлгач, танадаги ўзгаришлар турли муаммоларга сабаб бўлади. Шулардан бири ич қотиши бўлиб, уни келтириб чиқарувчи сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин:

Баъзи ҳомиладорлик гормонлари ичак ҳаракатини секинлаштиради.

Мушакларингиз кенгайиб бораётган бачадонга мослашиш учун бўшашади ва ичак ҳаракатлари бироз секинлашади.

Ҳомиладорликда вазннинг ортиши ич қотишини келтириб чиқариши мумкин, чунки бунда кунлик ҳаракатлар камайиб боради. Бундай пайтда вазнингиз мувозанатини бир хилда тутишга ҳаракат қилинг.

Унутманг, таркибида темир моддаси бўлган ҳапдорилар ҳам ич қотишини келтириб чиқаради. Aгар сиз ушбу дори-дармонларни қабул қилаётган бўлсангиз, бу ҳам ҳомиладорликда пайдо бўладиган ич қотишини кучайтириши мумкин.

Aгар сизда ҳомиладор бўлишдан олдин ич қотишига мойиллик кузатилган бўлса, ҳомиладорлик даврида ҳам ич қотиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келишингиз эҳтимоли кўпроқ бўлади.

Бундан ташқари, нафақат ҳомиладорликда, балки тартибсиз овқатланиш ва зарарли одатлар ҳам ич қотишига олиб келиши мумкин.

 

Ҳомиладорлик даврида ич қотишига қарши нималар фойдали?

Ич қотишини ҳомиладор бўлганингиз учун муқаррар бўлиб ўтадиган муаммо деб ўйламанг. Сиз ушбу муаммони анчагина камайтиришингиз ва ҳомила учун ҳам, ўзингиз учун ҳам соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишингиз мумкин. Ҳомиладорликда ич қотишидан сақланишнинг 9 усули қуйидагилар:

1- Кўпроқ мева ва сабзавотлар тановул қилинг!

Кундалик рационингизга пиширилмаган, хом сабзавотлар ва қуритилган меваларни киритишингиз керак. Қуритилган мевалардан шакарсиз компот тайёрлаш орқали ҳам ичакларни юриштирасиз, ҳамда суюқликка бўлган эҳтиёжингизни қондирасиз. Айниқса, айниқса туршакдан қилинган дамлама истеъмоли жуда фойдали.

2- Шифобохш гиёҳли чойлар ва дамламалардан эҳтиёт бўлинг!

Суюқликка бўлган эҳтиёж ҳақида гапирганда, дарҳол айтиш жоизки, бу эҳтиёжни шифобахш гиёҳли ўсимликлардан дамланган чойлар орқали қондиришга уринманг. Чунки дамламалар таркибидаги моддалар овқат ҳазм қилиш тизимини бўшаштиради. Бундан ташқари, витамин ва минералларнинг сўрилишини қийинлаштиради ва ичакнинг “дангасалигини” оширади. Шунга қарамай сиз бундай чойларни ичмоқчи бўлсангиз, таркибида сано (сенна) ва ич сурдирадиган моддалар бўлмаган жўка (липа), лимон, ялпиз ва олма каби чой дамламаларини ичишингиз керак. Aммо нима бўлишидан қатъий назар, ушбу дамламалар ҳақида, албатта, шифокорингизнинг фикрини инобатга олишингиз керак.

 

3- Озуқа толасига (клетчатка) бой таомлар истеъмол қилинг!

Кепакли ва соф буғдой унидан тайёрланган нон, донли овқатлар, девзира гуруч ва сули ёрмаси (овсянка) каби толага бой овқатлар истеъмол қилишга алоҳида аҳамият қаратишингиз керак. Бордию сиз гуруч ва буғдой ёрмасидан бирини танлаш борасида  иккиланиб қолсангиз, оқсилга бойроқ бўлган буғдой ёрмасини танласангиз, тўғри танлов қилган бўласиз. Бундан ташқари, дуккакли (нўхат, кўк ясмиқ, ловия каби) озуқалар ҳомиладорлик даврида жуда асқотадиган маҳсулотлар сирасига киради. Чунки улар озуқа толасининг ва оқсилнинг манбаи ҳисобланади!


4- Олхўридан фойдаланинг!

Ҳомиладорликда ич қотиши ҳақида гап кетганда, биринчилардан бўлиб табиий восита сифатида олхўри эсга келади. Сиз уни шарбат сифатида ҳам ёки қуритилганини ҳам бирдек истеъмол қилишингиз мумкин.

5- Кўп сув ичинг!

Ҳомиладорликда кўпроқ суюқлик ичишга ҳаракат қилишингиз керак. Кунига 8 стакан сув ичиш нафақат ич қотиши учун фойдали, балки чўзила бошлаган тери учун ҳам муҳимлигини унутманг! Шунингдек, суюқликка бўлган эҳтиёжингизни қондириш учун шўрва, айрон ва чалоб (окорошка) каби овқатларни мунтазам истеъмол қилиш ҳам фойдадан ҳоли эмас.

 

6- Оз-оздан, тез-тез овқатланинг!

Ҳар қандай инсон учун қисқа оралиқлар билан аммо кам-камдан тановвул қилиш яхши одат бўлиши билан бирга, айниқса, ҳомиладорлик даврида ич қотишидан халос бўлишда ҳам яхши усул саналади. Aгар сиз ич қотишидан азоб чекаётган бўлсангиз, ўз вақтида овқатланишни тарк этманг, аммо овқатларни яхшилаб чайнанг. Ҳар бир овқатланиш ўртасида ҳам фойдали ва енгил ҳазм бўладиган бирор егулик истеъмол қилишни одат қилишингиз керак.

 

7- Жисмоний машқлар бажариб туринг!

Жисмоний машқлар ҳомиладорликда ич қотишидан сақланиш учун энг самарали воситалардан бири ҳисобланади. Чунки ҳаракат модда алмашинувини кучайтиради. Шунинг учун кунлик пиёда юриш вақтини узайтиришингиз ва жисмоний фаолликни ўзингизга мос келадиган тарзда ошириб боришингиз мумкин. (Қишлоқ шароитида уй юмушларининг ўзи ҳам яхши жисмоний машқ тури бўлиши мумкин).

 


8- Пробиотиклар истеъмол қилинг!

Пробиотиклар (ичак микрофлорасини яхшиловчи фойдали лактобактерия ва бифидобактериялар) истеъмол қилиш ҳомиладорликда ич қотишининг олдини олиш учун қўлланиладиган усуллардан яна биридир! Бунда сиз йогурт ва кефир каби маҳсулотларни истеъмол қилиш орқали пробиотик бактерияларини ҳам табиий равишда олишингиз мумкин.

 

9- Шифокорингиз билан маслаҳатлашинг!

Таркибида темир модддаси бўлган дармондорилар ич қотишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида биз юқорида айтиб ўтган эдик. Aгар шифокор темир моддаси бўлган дориларни истеъмол қилишни маслаҳат берган бўлса ва сизда ичқотиши кузатилаётган бўлса, темир моддали дармондориларни олхўри шарбати билан олишга ҳаракат қилишингиз мумкин.

Тамономангизга эътибор бердингиз, жисмоний фаоллигингизни оширдингиз, аммо ҳали ҳам ич қотишидан азоб чекаётган бўлсангиз, уни бартараф этиш учун шифокорингизга мурожаат қилинг! Шифокорингиз магний гидроксид ёки енгил сурги дорлилари тавсия қилиши мумкин.

 

Ҳомиладорлик пайтида ич қотишидан сақлайдиган масаллиқлар

Ҳомиладорликда ич қотишига қарши яхши фойда қиладиган овқатларни куннинг биринчи ва энг муҳим овқатланиш бўлмиш нонуштада тановвул қилишингиз лозим. Қуйидаги маҳсулотларни ўз ичига олган тарзда нонушта қилишингиз мумкин.

Ишлатиладиган масаллиқлар:

Оддий пробиотик йогурт

4 ош қошиқ сули ёрмаси (овсянка)

1 ош қошиқ буғдой кепаги

2 дона туршак ва 2 дона ёнғоқ

10 дона черника

 

Ҳомиладорликда ич қотиши қачон тугайди?

Юқорида айтилганларнинг барчасини қиляпсиз ёки қилмоқчисиз дейлик. Aммо, шунда ҳам ҳомиладорликдаги ич қотиш муаммоси қанча давом этиши ҳақида савол туғилса, биз бу саволга аниқ жавоб йўқлигини айтишимиз керак. Бола туғилгандан кейин ҳам бир мунча вақт ичаклар нормал ишламаслиги мумкин. Қуйида бунинг сабабларини келтириб ўтамиз.

Агар бавосир (гемаррой) безовта қилса ушбу мақола билан танишинг: Ҳомиладорликда бавосир муаммоси

Туғруқ пайтида кучанишга ёрдам берган қорин мушаклари ва  ичаклар чарчагани туфайли одатдагидек ишлай олмаслиги мумкин.

Туғруқ пайтида ёки ундан кейин ичакларингиз бўшатилган бўлиши мумкин.

Яна, албатта, ҳар қандай муаммолар асосида ётадиган психологик сабаблар!

Аёллар кўпинча туғруқдан сўнг тушган чокларнинг очилиб кетишидан ёки бавосир ортишидан хавотирланиш, оғриқлардан қўрқиш каби психологик сабаблар билан  муаммога дуч келишади ва ҳожатхонага вақтида боролмайдилар. Шунинг учун тавсиямиз, сиз туғруқдан кейин ҳам ич қотишидан азият чекаётганингиздан хавотирланманг, парҳез ва суюқлик истеъмолига кўпроқ эътибор бериб, албатта шифокор маслаҳати билан жисмоний фаолликни тўхтатмаслигингиз керак. Ёдингизда бўлсин, сиз дангаса бўлсангиз, ички аъзоларингиз ҳам “дангаса” бўлади!

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

 

Report Page