33-ҲАФТА

33-ҲАФТА

@ginekologim
33-ҳафталик

 32-ҳафта 34-ҳафта

  Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасига хуш келибсиз! 33-ҳафталик ҳомиланинг ривожланишидан тортиб, бу ҳафтада қандай овқатланишингизгача, 33-ҳафтада нималарга эътибор бериш кераклигидан, то танангизда юз берадиган ўзгаришларгача барини ёздик. Келинг, ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида сизни нима кутаётганини кўриб чиқайлик.

  33-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

  33 ҳафталик ҳомила вазни ва бўйи

Шу кунларда “кичикинтой”ингиз ҳам сиз каби деярли тез вазн олаяпти! 33 ҳафталик ҳомиланинг бўйи ва вазни қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалдан кўришингиз мумкин:

33-ҳафта ҳомиланинг вазни − 2000 г
33-ҳафта ҳомиланинг бўйи − 43 см

  33-ҳафтада ҳомиланинг вазни ўтган ҳафтага нисбатан ўртача 225 граммга ошади. Туғруқ кунигача, ҳомилангиз ўз вазнини деярли икки баравар ошириши мумкин.

Aмниотик суюқлик даражаси энг юқори нуқтага етган вазиятда. Суюқлик учун жой қолмагани сабабли, ҳомилангизнинг туртиниши ва тепкиси сизни кўпроқ безовта қилиши мумкин. Чунки энди тепкиларни юмшатувчи суюқлик миқдори камроқ ва ҳомиланинг ўзи эса каттароқ бўлган.

Ҳомилангиз иммун тизими ривожланиб, сиздаги антитаначалар унга ўтиб боради. Ушбу антитаначалар жуда фойдали бўлиб, келгусида паркда, ерда ўйнаганда болани кўп микроблардан ҳимоя қилади.

Унинг ўпкаси ҳам деярли тўлиқ ривожланиб бўлди. 33-ҳафтада туғилганларнинг яшаб кетиш эҳтимоли катта.

   

33 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

  Ҳар бир 33 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

 

33 ҳафталик ҳомиладорлик неча ойни ташкил қилади?

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтаси деярли  8-ойга киради.

  Ҳомиладорлик 33-ҳафтасиида ҳомила ҳаракатлари

Энди ҳомиланинг фаол бўладиган ва дам оладиган муддатлари аниқлашган бўлади.

Баъзи ҳомилаларнинг фаол бўлиш вақтлари кўп бўлса, айримлар дам олиш учун кўпроқ вақт сарфлашади. Ҳаракатларда жиддий сусайиш ёки тўхташ бўлмаса, 33-ҳафтада ҳомила ҳаракатларида камайиш кузатилиши меъёрий ҳолатдир.

Aгар сиз хавотирланаётган бўлсангиз, охирги марта қачон ҳомилангиз ҳаракатини ҳис қилганингизни, икки ҳаракат орасидаги муддатни ва 1 соат ичида неча марта ҳаракатни ҳис қилганингизни ёзиб олиб, шифокорингизга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасидаги онадаги ўзгаришлар

  Ушбу ҳафтада бачадон юқори нуқтасидан қов суяги учигача бўлган узунлик энди тахминан 33 см, киндикдан бачадон юқори нуқтасигача эса 13 см га тенг.

Ҳомила ўсиб бориши билан сиз ҳам вазн олишда давом этасиз. Ҳатто бу кунларда ҳомиладорликнинг бошқа даврларига қараганда тезроқ вазн оласиз. Aммо бу вазннинг кўпроқ қисми ҳомилага тўғри келади. Ҳомиладорликнинг 33 ҳафтасига келиб илк кундан эътиборан вазн ортишида умумий ўлароқ 9 дан 13 кг гача ўсиш кузатилади.

Тез ўсиб бораётган ҳомила ошқозонингизга кўп жой қолдирмаётгани сабабли бу даврда жиғилдон қайнаши кўпроқ безовта қилиши мумкин. Кунда уч маҳал овқат ўрнига, ўша овқатни бир неча маҳалга тақсимлаб истеъмол қилсангиз, бу сизга енгиллик беришини сезишингиз мумкин.

  Фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига кичик қўлланма

 

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида диққат қилиш керак бўлган масалалар

  Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида оғриқ

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида сиз бачадон бўйни очилиши ҳолатига дуч келишингиз мумкин. Очилиш туғруқ тўлғоқлари бошланишидан бир неча соат, кун ёки ҳафта олдин бошланиши мумкин. Туғруқдан олдин бачадон бўйни умуман очилмаслиги ҳам мумкин. Бу жараён ҳар бир аёл учун турлича бўлади.

Очилиш асносида сиз қинда кучли санчиқ каби оғриқни сезишингиз мумкин. Aммо ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасидаги оғриқлар туғруқ бошланганлигини англатмайди. Бунинг сизга ҳам, ҳомилангизга ҳам зарари йўқ.

Ҳомиладорликнинг сўнгги паллаларида қинда кузатлидиган оғриқлар одатда хавотирли нарса эмас, аммо бу сизга жуда кўп ноқулайлик туғдирса, бу борада шифокорингизга хабар берганингиз маъқул.

Шунингдек, ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида бачадон қисқаришларини сезишингиз ҳам табиийдир. Aгар сиз ҳам оғриқ, ҳамда бачадон қисқариши ва қаттиқлашишини сезсангиз, бу қанчалик қисқа муддатларда такрорланаётганига эътибор беринг. Ҳақиқий туғруқ тўлғоқлари ҳар 5 дақиқа орасида кузатилади ва тартибли оралиқ билан такрорланади.

 

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида қов соҳаси оғриғи

  Баъзи ҳомиладор аёллар қов соҳаси оғриқларига дуч келиши мумкин. Бу ҳомиладорликнинг фақат 33-ҳафтасига хос бўлган оғриқ эмас. Ҳомиладорликнинг турли даврларида ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Бу одатдаги ҳомиладорлик шикоятларидин бири. Бундай оғриқ енгил ёки кучли санчиқ шаклида ёки оғриққа ва кўкариш бордекка ўхшаш тарзда ҳис қилиниши ҳам мумкин.

Оғриққа тўқималар ва бўғимларнинг юмшаши ёки бўшашиши сабаб бўлади. Тос суяги ўртасида жойлашган иккита қов суякни бир-бирига боғлайдиган тоғай юрганингизда кучли оғриқни ҳис қилишингизга олиб келади.

Ушбу оғриқ баъзи аёлларда кучлироқ бўлса, баъзилар уни туғруққа яқин паллаларда сезадилар. Туғруқдан бир неча ҳафта ўтгач, қов соҳаси оғриқлари йўқолиши керак. Қов соҳаси оғриғини йўқотиш учун ҳомиладорлар учун махсус компрессион иштон-пайпоқ (компрессион чулки, колготки) кийиш керак бўлиши мумкин. Илиқ ҳаммом ҳам фойда беради. Бундан ташқари, бир иссиқ, бир совуқ қилиш амалиёти ёрдамида ҳам оғриқни енгиллатиш мумкин.

Қов соҳаси оғриғи жуда камдан-кам ҳолларда ревматоид артрит сабабли бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, оғриқ доимий бўлиб, аста-секин кучаяди ва иситма чиқаради. Aгар шундай аломатлар пайдо бўлса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

  Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда нима учун қорин оғрийди?

   

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида қон кетиши

  Охирги триместрда қиндан қон кетиши плацента билан боғлиқ муаммолар аломати бўлиши мумкин. Плацента кўчиши асносида у бачадоннинг ички деворидан ажрала бошлайди. Бунда кучли ёки ўртача қон кетиши бўлиши мумкин.

Кутилмаган қон кетиш кузатилса, шифокорингизга хабар берганингиз маъқул.

 

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида ҳомила суви камайиши:

  Одатда, учинчи триместрнинг охирги даврида ҳомилани ўраб турган ва ҳимоя қиладиган амниотик суюқлик миқдори етарли бўлмаслиги мумкин. Кўпинча, бу ҳолат суюқликнинг ташқарига сизиб чиқиши ёки амниотик халтачасининг тешилиб қолиши билан боғлиқ.

Камдан кам ҳолларда амниотик суюқлик миқдори пасайгани ҳомила ривожланишининг кечикиши, буйрак ёки сийдик йўллари касалликлари каби муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Aгар суви камайса, уни ўзингиз сеза олмайсиз, фақат ультратовуш текширувида аниқланади. Aгар шундай ташхис қўйилган бўлса, сиз дам олишингиз керак ва амниотик суюқлик миқдори диққат билан кузатиб борилади. Ҳомилангизга хавф соладиган даражага тушиб қолса, шифокорингиз бу борада тегишли чоралар кўриши мумкин.

 

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида плацентанинг эрта кўчиши

 Бу - туғруқдан кейин эмас, ҳомиладорлик даврида плацентанинг бачадон деворидан кўчишидир.

Aгар кўчиш енгил даражада бўлса, тезда тегишли зарур даво чоралари кўрилса, одатда бўлғуси она ёки ҳомила учун катта хавф туғдирмайди.

Aммо кўчиш жиддийроқ тарзда бўлса, ҳомила учун хавф юзага келиши мумкин. Бунинг сабаби, агар плацента бачадон деворидан тўлиқ кўчиб ажралса, бу ҳолат ҳомила учун кислород ва озуқа моддалари етиб келололмаслигини англатади.

Плацентанинг эрта кўчиши одатда ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида, кўпинча учинчи триместрда кузатилади. Шу сабабли ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида қорин оғриғи билан бирга қон кетса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

 

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида жинсий алоқа

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида жинсий алоқа қилиш мумкинми ёки йўқми деб қизиқаётгандирсиз. Балки ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида жинсий алоқа хавфсизми ёки бу тўлғоқни қўзғатадими деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин.

Ушбу мавзу бўйича олиб борилган тадқиқотларга назар солсак, одатда, туғруқ шартлари ҳали етилмаган бўлса, жинсий алоқа ҳам ёки оргазм ҳам туғруқни чақирмайди деб билинади. Маълумотларга асосланиб, кўпчилик шифокорлар меъёрда ва муаммосиз равон кечаётган ҳомиладорлар учун сўнгги паллаларгача жинсий алоқада бўлишга рухсат беришади.

Кўпгина жуфтликлар жинсий ҳаётни сўнгги кунларгача ҳеч қандай муаммосиз давом эттириши мумкин. Aлбатта бу кўпроқ 8 ойлик ҳомиладорлик даврида ҳам жинсий майлари кучли бўлганларга тегишли! Чунки одатда туғруқ муддати яқинлашган сари кўплаб аёллар диққат-эътиборларини фақат туғруққа ва фарзандини бағрига босишга қаратишади. Ҳаяжон, хавотир ва сабрсизлик каби кўплаб ҳис-туйғуларга яна учинчи триместрда кузатиладиган шикоятлар қўшилса уларнинг жинсий ҳаёт ҳақида ўйлашга вақтлари ҳам бўлмай қолади.

  Сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда стресс ва ундан қандай халос бўлиш мумкин ?

   

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасида овқатланиш

Ҳомиладорликнинг 33-ҳафтасини якунлаётган аёл сифатида сиз энди озуқавий қиймати кўпроқ бўлган парҳезга кўра таомланаётган бўлишингиз керак.

Вазнингиз ошгани сайин овқатни камайтиришга ёки оралиқдаги тановулларни олиб ташлашга уринманг. Етарли миқдордаги калорияни соғлом ва озуқавий маҳсулот турларидан олишингиз муҳим. Турли ширинликлар, пирог, кекс каби пишириқлардан, макарон ва оқ гуручдан узоқроқ бўлинг. Соғлом, тўйимли, сифатли маҳсулотлар сизга ортиқча вазн қўшмайди, ҳомила ривожланиши учун сарфланади.

 

Бу мақолани ўқидингизми: Ҳомиладорлик даврида фойдали маҳсулотлар: ҳомила яхши ривожланиши учун нималар ейиш керак?

 

Янги узилган мева ва сабзавотлар, сут маҳсулотлари, кепакли дон маҳсулотлар ва оқсилли маҳсулотлар ҳомиланинг соғлом ривожланишига ёрдам беради.

Қадоқланган, таркибида турли консервантлар, кўп миқдорда ёғ ва шакар бўлган, мавсумга мос бўлмаган ва қовуриб пиширилган маҳсулотлардан узоқ туришингиз керак.

Имкон қадар кўча-кўйда, ресторанларда тановвул қилмасликка ва музлатилиб қадоқланган тез тайёр бўладиган овқатлар истеъмол қилмасликка алоҳида эътибор беришингиз керак.

Консерваланган мева шарбатлари ва газли ичимликлардан узоқроқ туринг, чой ва кофени меъёридан оритиқча ичманг.

Экинларда ишлатиладиган турли кимёвий воситалардан ҳимояланиш учун сабзавот ва меваларнинг пўстини тозаламаслан истеъмол қилманг ва иложи бўлса тозалашдан олдин сирка суви билан ювиб ташланг.

  Батафсилроқ мақоламиз ҳам бор: Ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак? (3-триместр)

  Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page