ҲОМИЛАДОРЛИКДА СТРЕСС ВА УНДАН ҚАНДАЙ ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИН ?

ҲОМИЛАДОРЛИКДА СТРЕСС ВА УНДАН ҚАНДАЙ ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИН ?

@ginekologim


Ҳомиладорлик пайтида стресс сизни кўп жиҳатдан безовта қилиши, шунингдек, ҳомилангизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзингиз ва ҳомилангизнинг соғлигини асраш учун стрессдан узоқ туришингиз шарт!

Хўш, ҳомиладорлик даврида стресс нималарга олиб келади? Унга қарши қандай курашиш керак? Келинг, шу ҳақда бир оз гаплашайлик.

Стресс ҳомилага зарар етказадими?

Бунга аниқ жавоб бўлмаса-да, мутахассислар ҳомиладорлик даврида имкон қадар стрессдан сақланишни маслаҳат беришади. Aйниқса, ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасидан бошлаб қондаги адреналин ва кортизол гормонлари ҳомилага ўтади ва унинг ҳиссий дунёсига таъсир қилади.

Иккинчи триместр - ҳомиланинг мияси ривожланиши учун жуда муҳим давр. Ушбу жараён давомида юзага келган стресс ҳомиланинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳомиладорлик даврида безоватлик таъсирига тушган ҳомилаларнинг, кейинчалик оналари билан муносабатлари суст бўлиб, овқатланиш ва ухлашда талайгина муаммоларга дуч келишаркан.

Ҳомиладорликни тинч, осуда ўтказиш учун ҳомилангизга ҳам ижобий шароит таъминланг!

Стресс ҳомила тушишига сабаб бўладими?

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладорлик даврида юзага келган стресс билан ҳомиладорлик билан боғлиқ муаммолар ўртасида боғлиқлик мавжуд. Бу фикрни тўлиқ қўллаб-қувватловчи муҳим далиллар бўлмаса-да, стресс эрта ҳомила тушишининг сабаблардан бири деб тахмин қиланади.

Aгар бундан ташвишлансангиз, ўзингиз ва болангизга ғамхўрлик қилинг. Нафақат тамаки ва спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик балки шундай инсонлардан ҳам имкон қадар узоқ туришга ва уларнинг хавфли омилларидан сақланишга ҳаракат қилинг.

Ҳомиладорликда стресс қорин оғриғига сабаб бўладими?

Стресс тўғридан-тўғри қорин оғриғига сабаб бўладими-йўқми, бу ҳақида аниқ маълумот йўқ.  Aгар ҳомиладорлик даврида қорин оғриғи пайдо бўлса, демак, унинг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида стресс қон кетишига сабаб бўладими?

Стресс қон босимини оширади. Юқори қон босими эса қиндан қон кетишини келтириб чиқариши ва турли асоратлар қолдириши мумкин. Қанча кўп стрессдан ҳоли юрсангиз, қон босимидаги мувозанат шунчалик яхши бўлади.

Ҳомиладорликда стресс бош оғриғига сабаб бўладими?

Ҳомиладорлик даврида ташвишларнинг ҳаддан зиёд кўпайиши бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин.

Стресснинг нормал даражаси эса ҳомиладорликка унчалик таъсир қилмайди. Аммо бошингиздан кечираётган стресс:

• сизни ташвишга солаётган;

• уйқунгизни қочираётган;

• ортиқча толиқтираётган ва тушкунликка тушираётган бўлса, бунда жиддий муаммо чиқиши, иштаҳа йўқолиши, бош ва бел оғриғи каби безовталикларга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликда стрессни қандай енгиллаштириши мумкин?

Ичингизни кимгадир тўкиб солинг. Ташвишларнинг сизга зарар етказишининг сабаби - ички изтиробларингизни ҳеч ким билан баҳам кўрмаслигингиздир. Ичингиздаги стрессни тўкиб соладиган жойингиз ҳам, бирон яқин кишингиз ҳам бўлсин. Бу борада асосан турмуш ўртоғингиз билан кўпроқ мулоқот қилинг. Айниқса, ҳар куни бир-бирингизга бўш вақт ажратинг.  Шуни билингки, уйқуга ётиш вақтлари стресссиз бўлиши керак.

Стресс келиб чиқаётган манбаларни аниқланг. Aгар сиз бир пайтнинг ўзида кўп иш қилаётган бўлсангиз, унда ишнинг унчалик мухим бўлмаганларини  камайтиринг. Aгар сиз уйда ёки ишингизда жуда катта масъулиятни ўз зиммангизга олган бўлсангиз, қайси бирини кечиктиришингиз ёки кимгадир топширишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Шунингдек, ишларни бажаришда рўйхат тузиб олишингиз ва уларни бажарган сари бирма-бир ўчиришингиз ҳам яхши наф беради.

Бу мақолани ҳам албатта ўқинг: Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар

Ўзингиз учун вақт ажратинг. Диафрагма (қорин) билан охиста ва чуқур-чуқур нафас олиш ҳам фойдадан ҳоли эмас.  Ўзингиз учун дам олиш ва тинчланишга  алоҳида жой қилиб олинг.

Тўйиб ухланг. Уйқу ҳам танангиз, ҳам миянгиз учун қайта тетикланиш имконидир. Уйқусизлик ёки тўйиб ухламаслик асаб таранглиги ва хавотирни келтириб чиқаради.

Тўғри овқатланинг. Доим стресс билан яшаш нотўғри овқатланишга олиб келади. Ҳомиладорликда тўйиб овқатланмаслик стрессни енгишда иродангизга салбий таъсир қилиши ҳамда ҳомилаггиз соғлиғига путур етказиши мумкин. Шунинг учун  мувозанатли ва тартибли овқатланишни унутманг.

Душ қабул қилинг. Илиқ душ - бу зўриқишни енгиллаштирадиган ажойиб усул. Буни кўп ҳаракат қилган кунингиз кечга бориб синаб кўринг. Яхши ухлашга ёрдам беради.

Жисмоний машқлар. Югуриш, сузиш, пиёда юриш ва ҳоказо. Сиз жисмоний фаоллик стрессда наф берадиган энг сўнгги чора деб ўйлашингиз мумкин, аммо жисмоний машқлар ўша стрессни енгиллаштирадиган энг яхши усуллардан бири эканини унутманг. Айниқса намоз каби ибодатлар ҳам танага, ҳам рухга, ҳамда ҳомилангизга ўта фойдали эканини унутманг!

Асаббузарликлардан узоқлашинг. Стресс билан курашишда ўзингиз учун таскин топадиган ҳар қандай фаолиятдан оқилона фойдаланишингиз мумкин. Масалан, китоб ўқиш, фойдали ва тарбиявий фильмлар томоша қилиш, хуш тарона тинглаш, саёҳат қилиш ёки ўзингиз ёқтирган бирон фойдали иш билан шуғулланишингиз мумкин. Яқин дугоналарингиз билан учрашиш ҳам стрессдан халос бўлишингизга ёрдам беради.

Кўпроқ Қуръон тингланг. Бир кунда камида ярим соат Қуръон тинглаш ҳам стрессни камайтиради, ҳам болангизнинг мия ривожланишига ижобий таъсир қилади. Чунки ҳомила товушларни эшитади ва ундан таъсирланади.

Ортиқча ташвишларни ўзингизга юкламанг. Хаёлингиздаги оғир юкни камайтиринг. Эҳтимол, сизда кучли стресс келтириб чиқарадиган ҳеч қандай вазият йўқдир. Aгар сизни шунчалик ташвишлантириб стрессга сабаб бўлаётган нарса ишингиз бўлса, унда туғруқ таътилига эртароқ чиқишингиз ёки ҳеч бўлмаганда иш масъулиятининг бир қисмини бошқасига ўтказиб туришингиз мумкин.

Ўзингизни бўш қўйинг. Бўшашишни машқ қилинг. Атрофингзидагиларнинг гап сўзларини қабул қилишда “резервуар” бўлманг, балки “қувур” бўлинг. Қандай келган бўлса шундай чиқиб кетсин. Чиқиб кетишига йўл қўйиб беринг. Роса енгил тортасиз. Дунё ўткинчи, уни ичидаги нарсалар ҳам ўткинчи эканини фикр қилинг. Зикр ва истиғфор билан машғул бўлинг. Буни икки дунёингизга ҳам фойдаси кўп.

Эсингизда бўлсин, “кичкинтой”ингиз туғилгандан кейин ташвишлари камайиб қолмайди, аксинча кўпаяди. Шунинг учун стрессни бошқариш усулларини яхшилаб тушуниб олишга ҳаракат қилинг.

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.


ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page