15-ҲАФТА

15-ҲАФТА

@ginekologim
15-ҳафталик

 15-hafta (lotin yozuvida)

14-ҳафта 16-ҳафта

  Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида нималар содир бўлиши ҳақида қизиқаётганингизни биламиз. Ушбу ойда сизга янада диққат ва эътиборлироқ бўлишингизни ҳамда дуч келишингиз мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш чораларни кўришингизни тавсия қиламиз. Мана ҳомиладорликнинг 15-ҳафтаси ҳақида тайёрлаганларимиз!

 15 ҳафталик ҳомиладор она ҳомиладорликнинг 4-ойида бўлади. Бу ҳафтада асосан 2-триместрга хос бўлган хусусиятлар кузатила бошлайди. Биринчи тиместрдаги шикоятлар камайишни бошлайди. Тана энди ҳомиладорликка мослаша бошлайди.

 15 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши

15 ҳафталик ҳомиланинг бўйи −  9,3-10,3 см
15 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 50 – 70 г

15 ҳафталик ҳомиланинг қошлари ва бош терисидаги сочлари ўса бошлайди.

Кўзлари ва қулоқлари энди чақалоққа ўхшайди.

Скелет тизимини ташкил этувчи суяк ва суяк илиги ривожланишда давом этмоқда.

Бошқа томондан, мушакларнинг ривожланиши ҳам давом этмоқда. Ҳафта охирида у ҳатто мушт ҳаркатлари ҳам қила олади.

Энди у нафас олишни, эмишни ва ютинишни билади. Буларнинг барчаси туғилгандан кейинги ҳаётга тайёргарлик учун!

Қизиқарли видео: 15 ҳафталик ҳомиланинг ҳам туғилиб яшаб кета олгани ҳақида

 

15 ҳафталик ҳомиланинг жинси аниқлашадими?

  Ҳа, 15-ҳафтада жинсини осонгина УТТ тасвири орқали тахмин қилиш мумкин. Аммо баъзида чақалоқнинг ҳолати ва ривожланиши жинси боорасидаги фикрни қийинлаштириши мумкин.

"15-ҳафтада жинсини аниқлашда хатолик бўлиши мумкинми?" деган савол билан қизиқишингиз мумкин. Баъзида, ушбу ойларда юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра жинси нотўғри аниқланиши мумкин. Энг аниқ маълумот эса 20-ҳафтада олинган ўзгармас тасвири орқали амалга оширилиши мумкин.

 

15 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

  Шу билан бирга яна огоҳлантириб қўямизки сизнинг 15-ҳафтадаги  УТТ тасвирингиз бундай кўринмаслиги мумкин. Биз ушбу тасвирни мисол тариқасида сизга келтиряпмиз, холос. 15-ҳафтадаги “кичикнтойингиз”нинг ҳолати ва тасвири бошқача бўлиши мумкин.

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида бўлғуси онада қандай ўзгаришлар рўй беради?

 Аввало, “ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида бачадон қанчага ўсган бўлади?” деган саволдан бошлайлик. Бу ҳафта кийимингизда фарқли туриши билинар даражада қорнингиз катталашади.  Шунинг учун сизнинг ҳомиладор экалигингиз осонгина сезилиб қолади. Эҳтимол, киндик остида 7.6 см дан 10 см гача бўлган бачадонингизни ҳис қилаётган бўлишингиз мумкин.

Келинг,"ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида сут келадими?" деган савол билан давом этамиз. Кўкрак ва унинг ичидаги сут безлари эстроген ва прогестерон миқдорининг ортиши туфайли ўсишда давом этмоқда. Сут безлари катталашганида, кўкрак учларидан сутга ўхшаш суюқ модда чиқиши мумкин. Бу танадаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Сиз шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, ақлингизда туғилагн саволларингизга жавоб олишингиз мумкин.

Ҳар доим таъкидлаганимиздек, ҳар бир аёлнинг ҳомиладорлиги ўзига хос бўлиб, бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун, сиз қуйидаги рўйхатда келтирилган ҳолатларга ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида ёки  умуман шу ой мобайнида ҳам дуч келишингиз мумкин. Эҳтимол, сиз уларнинг баъзиларини умуман бошдан ўтказмаслигингиз ҳам мумкин, баъзиларини эса эҳтимол бутун ҳомиладорлик давомида кузатасиз. Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида дуч келишингиз мумкин бўлган аломатлар:

ҳолсизлик, толиққанлик ҳисси;

пешобнинг тез-тез келиш ҳолатининг камайиши;

кўнгил айнишининг камайиши ёки тўхташи (кам сонли аёлларда яна давом этади, яна кам сонли аёлларда энди бошланади)

қабзият (ич қотиши);

жиғилдон қайнаши, ҳазмсизлик;

кўкраклар ўсишда давом этмоқда, аммо сезувчанлик пасайган;

вақти-вақти билан бош оғриғи, бош айланиши ва хушидан кетишга ўхшаш ҳолатлар;

бурун битиши ва ора-сирада қон кетиши;

тиш милкларида сезувчанлик ошиши, тиш чўткаси ишлатилганда қонаш ҳолатлари;

иштаҳа очилиши;

оёқларда томирлар варикози, бавосир (геморрой);

қиндаги ажралмаларнинг бироз ортиши.

 

Ҳар икки аёлдан бири дуч келадиган муаммо сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)

 

15 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатлари сезиладими?

Гарчи бу ҳафта бирон-бир ҳаракатни ҳис қила олмасангиз-да, ичингиздаги “миттивой”нинг жуда кўп ўзига яраша кичик жисмоний машқлар қилаётганини аниқ билишингиз керак. У тепинади, керишади, кичкина қўллари ва оёқларини қимирлатади.

 Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида рўй бериши мумкин бўлган муаммолар

 Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида сийдик йўллари инфекцияси:

Ҳомиладорлик пайтида танада миқдори ортадиган прогестерон гормони сийдик йўлларидаги мушакларни бўшаштиради ва сийдик оқимини секинлаштиради. Бундан ташқари, кенгайган бачадон сийдик оқимига тўсқинлик қилади. Ушбу ўзгаришлар сийдикда кўпроқ глюкоза ишлаб чиқариш мойиллиги билан бирлашганда, сийдик йўллари инфекциясининг пайдо бўлиш эҳтимоллиги янада ортади.

Агар одатдагидан кўпроқ пешоб чиқаришга эҳтиёж ҳис қилсангиз-у, лекин тўлиқ чиқаролмаётган бўлсангиз, пешоб қилишда ачишиш сезаётган бўлсангиз ва иситмангиз ҳам бўлса, сиз бирор инфекция юқтирган бўлишингиз мумкин. Бундай ҳолатда дарҳол даволаниш учун шифокорингиз билан маслаҳатлашишингиз керак. Ҳомиладорлик даврида сийдик йўллари инфекциясини ташхислаш ва даволаш жуда муҳимдир.

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида жиғилдон қайнаши:

Оналикка номзодларнинг ярми жиғилдон қайнашидан шикоят қиладилар. Прогестерон ва эстроген гормонлари миқдорининг ортиши юмшоқ мушакларда, шу жумладан қизилўнгачда  бўшашишга мойиллик пайдо қилади. Шу сабали ошқозон тизими фаолияти секинлашади. Бу дегани, сиз ютган овқат қизилўнгач орқали меъдага оҳиста ўтади ва ошқозоннинг бўшаши учун узоқроқ вақт керак бўлади. Ушбу секинлашувнинг сабаби озиқ-овқатнинг қон айланиш тизимига сингиши ва болага етиб боришини таъминлаш учундир.

Ушбу ҳолатга ўсаётган бачадоннинг бошқа аъзоларни қорин бўшлиғидан силжитиши ҳам қўшилганда жиғилдон қайнаши юзага келади.

 Батафсил бу ҳақида шу мақоламиз бор: Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига кичик қўлланма


Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида мушак ва қорин оғриқлари:

Сиз шу ва кейинги ҳафталарда қориннинг пастки қисмида оғриқ ҳис қилишингиз мумкин. Бунинг сабаби кенгайиб бораётган бачадон атрофидаги мушак ва бириктирувчи тўқималарнинг чўзилишидир. Ушбу чўзилиш хавф туғдирмайди. Аммо сиз ҳар қандай оғриқ ва безовталикларни шифокорингиз билан маслаҳатлашиб бу ҳолат меъёрдан четлашиш эмаслигига ишонч ҳосил қилишингиз керак.

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида қон босими пасайиши:

Қон айланиш тизими жадаллик билан кенгайишда давом этмоқда. Бу қон босимининг пасайишига олиб келади. Иссиқ ҳавода ёки иссиқ душ қабул қилаётганда бош айланиши ва хушдан кетишга ўхшаш ҳолатларга дуч келишингиз мумкин. Бунинг сабаби, иссиқлик теридаги ингичка томирларни кенгайтиради ва юракка қайтиб келадиган қон миқдорини вақтинча камайтиради. Ҳомиладорликнинг дастлабки 24 ҳафтасида ҳомиладорликдан олдин қон босимининг иккала (паст ва баланд) чегараси сезиларли даражада пасаяди. Кейин вақт ўтиши билан ҳомиладорликдан олдинги қийматларга қайтади.

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида тиш оғриғи:

Аввало, ҳомиладорлик гормонлари милклар учун унча яхши эмас. Милклар ҳам бошқа шиллиқ тўқималар сингари бўшашиб шишади, ёрилади ва салга қон кета бошлайди. Худди шу гормонлар тиш милкида тошлар ва бактериялар пайдо бўлишига мойилликни ошириши мумкин ва баъзи аёлларда улар пародонтит ва ҳатто тиш кариесларига олиб келиши мумкин. Агар тиш оғриғига дуч келсангиз, албатта назортадаги гинекологингизни хабардор қилган ҳолда тиш шифокорига мурожаат қилишингиз керак.

           Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда тиш даволатиш

 

 Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида қандай таҳлиллар ўтказилади?

 Скрининг (тўртлик)

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасидаги текширувларнинг энг кенг тарқалгани бу тўртлик скринингдир. Бунда қонингиздаги 4 та модда миқдори ўлчанади. Ҳомила жигари ва йўлдоши ишлаб чиқарган баъзи гормонлар миқдори текширилади. Ушбу таҳлил ҳомила меъёрда ривожланаяптими ёки ирсий нуқсонлар хавфи борми, шуни аниқлайди.

Хўш, скрининг текшируви қачон ўтказилади? Бу тўртлик скрининг 2-триместр текширувидир. Уни ўтказиш учун энг маъқул давр ҳомиладорликнинг 15−18-ҳафталар оралиғида бўлади, аммо 22-ҳафтагача ҳам бажариш мумкин.

Генетик амниоцентез

Ҳомиладорликнинг 15−20-ҳафталари орасида ўтказилган яна бир текширув генетик амниоцентездир. Яъни лабораторияда текшириш мақсадида ҳомила атрофидаги амниотик қобиқ суқюлигидан намуна олишдир.  Ушбу паллада амалга оширилишининг сабаби бачадонда шу ҳафталарда амниотик суюқликнинг етарли миқдорда бўлишидир. Оқиб кетиш эҳтимоли кам. 15-ҳафтадан олдин бу текширувни ўтказиш ҳомиладорликнинг йўқолиш хавфини ошириши мумкин.

Генетик амниоцентез одатда скрининг текширувларида меъёрдан четлашишлар бўлганда уларни  кузатиш учун қўлланилади. Шунинг учун эҳтимол, бу текширувни бажариш керак бўлмайди.

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида кўриб чиқиладиган мавзулар

 Ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасида аёлнинг ухлаш ҳолати:

Баъзи аёлларда ҳомиладорлик даврида қандай ҳолатда ухлаш ҳақида хавотирлар бўлади. Улар қандай ётиш борасида иккиланадилар. Ҳомиладорликда вазн ортиши сабабли ўзига қулай уйқу ҳолатини топиш тобора қийинлашиши мумкин.


Ухлаётганингизда чалқанча (орқа томонингиз билан) ётиш тавсия этилмайди. Бунинг сабаби шундаки, бачадоннинг муҳим қон томирларининг орқа тарафдан босилиб қолишидир. Бу ҳомилангиз ва танангизга келадиган қон оқимини камайтириши мумкин. Баъзи ҳомиладор аёлларнинг орқа билан ётганда нафас олишлари ҳам қийинлашади.

Қоринга ётиш ўсаётган бачадонга қўшимча босим беради. Шунинг учун ҳозирданоқ  ёнбошлаб ётишга одатланиш фойдали бўлади. Сиз бир нечта қўшимча ёстиқлардан фойдаланишингиз мумкин. Агар сиз уни орқангизга қўйиб қўйсангиз, ухлаш пайтида орқага ўгирилганингизда ёстиқнинг ёрдами билан текис узаниб қолмайсиз. Биттасини эса оёқларингиз орасига қўйишингиз мумкин.

 Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида уйқусизлик:

Ҳомиладорлик даврида яхши тунги уйқуга эришиш бироз қийин бўлиши мумкин. Сиз чуқур ва узлуксиз ухлашда муаммоларга дуч келишингиз мумкин. Агар сиз ҳомиладорликдан олдин чалқанча ёки қоринга ётишга одатланган бўлсангиз, ухлаш ҳолатининг мажбурий равишда ўзгариши уйқусизликнинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Албатта, кечалари тез-тез пешоб қилиш эҳтиёжининг ҳам уйқуни бузишда роли борлигини унутмайлик. Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида роҳатли  уйқу учун қуйидаги тавсияларнинг баъзиларини синаб кўришингиз мумкин.

Ҳар куни бир вақтда ётиб, бир вақтда уйғонишга ҳаракат қилинг.

Оқшом еттидан кейин ва айниқса кечаси кўп суюқлик ичманг. Шундай қилсангиз тунда ҳожатхонага боришингизга ва кейин яна ухлаш учун бошқатдан уринишингизга зарурат бўлмайди.

Пешиндан кейин таркибида кофеин бўлган ичимликлардан бутунлай воз кечинг.

Доимий равишда жисмоний машқлар қилинг. Кечқурун очиқ ҳавода бироз сайр қилгандан сўнг ухлашга ҳаракат қилинг.

Ётишдан олдин илиқ душ қабул қилинг ҳамда асал ва оз долчин солинган сут ичинг.

Агар сиз ухлашга қийналсангиз, бир неча саҳифа китоб ўқишни одат қилинг.

Салқин ётоқда ухланг. 21 даража роҳат қилиб ухлаш учун зарур бўлган энг юқори ҳароратдир.

Агар сиз кечаси жиғилдон қайнаши, оғиздан сув келиши каби муаммоларга дуч келсангиз, елкангиздан кўтариб турадиган тарзда ёстиқ қўйиб ётинг.

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида сафар қилиш:

Сиз саёҳат қилиш учун энг яхши даврдасиз. Сафар учун энг мақбул вақт - бу иккинчи триместр, чунки бу даврда эрталабки кўнгил айнишлари камаяди ва бадан ҳомиладорликка мослашади.

Агар сизда саёҳат режаси бўлса, энг маъқул давр 14−28-ҳафталар оралиғидир. Ушбу давр ўзингизни энг яхши ҳис қиладиган ва эрта туғилиш хавфи энг паст бўлган ҳафталардир. Бироқ сиз сафарни режалаштирмоқчи бўлсангиз, албатта олдин шифокорингизга хабар беришингиз ва сизнинг индивидуал ҳолатингизда бирон-бир ноқулайлик бор-йўқлигини сўрашингиз керак.

 Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида овқатланиш қандай бўлиши керак?

Ушбу даврда сиз ўсаётган ҳомила ва ўзгарувчан танангизнинг камчиликларини қондириш учун рационингизга илова ўлароқ 300 калория қўшишингиз керак бўлиши мумкин. Ушбу калория миқдорини иложи борича озуқавий моддаларга бой сифатли маҳсулотлардан олишга аҳамият бершингиз керак.

Бизда фойдали мақола бор: 2-триместрда қандай овқатланиш керак

Ёғли, шакарли, қадоқланган, музлатилган маҳсулотлардан узоқ бўлганингиз маъқул.

Хўш, ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида қанча килограмм вазн олиш керак? Иккинчи триместрда ҳомила янада жадаллик билан ўса бошлайди. Сиз ҳам унга ёрдам беришингиз керак. Вазнингизнинг ортиш тезлиги 4−6 ойда ҳафтасига ўртача 450 дан 700 граммгача кўтарилиши мумкин. Бу жами 5.5−6 кг ни ташкил қилади.

Буни ўқидингизми: Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида жинсий алоқа

Ҳомиладорликнинг иккинчи триместрда ҳомиладорликнинг олтин даври бўлиб, 15-ҳафтаси ҳам шу триместрдан. Одатда (аммо ҳар доим ҳам эмас, албатта) 2-триместрда жинсий ҳаётга қизиқиш ортади. Бунинг сабаби, ҳомиладорликнинг дастлабки белгилари (кўнгил айниш, заифлик, тез-тез пешоб қилиш) енгиллашади ва ҳомиладор аёл эркаланиш учун етарлича куч топа олиши мумкин.

Ушбу даврда сиз юқори жинсий қониқиш даражасига эришишингиз мумкин. Чунки клитор, жинсий лаблар ва қинда қон айланиш кучайгани сабабли оргазм ҳар қачонгидан ҳам осонроқ юзага келиши мумкин. Аммо ҳеч нарса аниқ эмас ва ҳаммада ҳам ҳолат бирдек бўлмайди. Баъзи ҳолларда ҳомиладор аёллар туғруққача ҳам жинсий алоқага истакли бўлмасликлари мумкин. Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида жинсий алоқага майл бўлса, яқинлик учун ёнбошлаган ҳолат маъқул саналади.  Аммо 4-ойдан бошлаб, узоқ вақт чалқанчасига (орқа билан) текис ётмасликка ҳаракат қилишингиз керак. Бундан ташқари, албатта, жинсий алоқа қилиш тақиқланган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, ҳомиладорлик борасида ҳар бир аёл ўзига хос бўлган жиҳатларни ҳар доим назоратдаги гинеколог ва шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда олиб бориши лозим.

 

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасида жисмоний машқлар бажаринг

Ўн бешинчи ҳафтани ўз ичига олган 2-триместрда, яъни биринчи 3 ойликдан сўнг, узоқ вақт давомида чалқанча (орқага) ётган ҳолда бажариладиган машқлардан сақланишингиз керак. Чунки бундай ҳолат ҳомила вазнининг ҳафта сайин ортиши туфайли қон айланишида муаммоларга олиб келиши мумкин. Ҳаракатсиз узоқ вақт туриш ҳам қон айланиш тизимига зарар бериши мумкин. Сузиш, пиёда сайр қилиш, пилатес машқлари - бу ҳомиладорлик даврига мос келадиган жисмоний машқлар туридир. Намоз эса ҳам жисмонан, ҳам рухан сизга куч−қувват берадиган, ўзингиз ва ҳомилангиз учун энг маъқул ва энг гўзал амаллардандир.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page