ҲОМИЛАДОРЛИКДА ЖИҒИЛДОН ҚАЙНАШИГА КИЧИК ҚЎЛЛАНМА

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ЖИҒИЛДОН ҚАЙНАШИГА КИЧИК ҚЎЛЛАНМА

@ginekologim

Балки сизда ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ кўнгил айниши кузатилгандир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, яна бир муаммо қўшилди: Жиғилдон қайнаши! Ҳомиладор аёлларнинг ярмидан кўпида кузатиладиган ушбу муаммо ҳақид мўъжазгина қўлланма тайёрладик. Марҳамат ўқинг!

  Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига нима сабаб бўлади?

Ошқозон билан боғлиқ муаммолар, айниқса, жиғилдон қайнаши ҳомиладорликда кенг тарқалган муаммолардан ҳисобланади. Ушбу касаллик тиббиётда гастроэзофагеал рефлюкс деб аталади, у ошқозондаги овқатнинг қизилўнгач томон бурилиши натижасида ошқозон кислоталарининг қизилўнгач ички қаватини шикастлаши натижасида пайдо бўлади. Aйни пайтда меъда шираси оғизга келади, қизилўнгач ва юрак атрофида куйиш-ачишиш ҳисси пайдо бўлади.

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашининг сабаблари:

Маълумки, ҳомиладорлик гормонлари ҳазм қилишни сусайтиради. Шу сабабли, озуқа моддаларининг қонга сўрилиши ва ошқозоннинг бўшалиши кечикади. Шундай қилиб, ҳомиладорликда жиғилдон қайнаши ва ҳазмсизлик ўртага чиқади. Айрим овқатлар ҳам жиғилдон қайнашига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликда мушаклар бўшашганлиги сабабли, ошқозон сфинктери деб аталадиган мушаклар ҳам заифлашади. Бу мушак одатдагидек ишламаса, кислоталар қизилўнгачга кириб, ачишиш ҳисси келтириб чиқаради.

Ҳомиладорликнинг сўнгги босқичларида бачадоннинг катталашиши ошқозонни юқорига силжитади ва бу сизда жиғилдон қайнашини келтириб чиқаради.

Ҳомиладорларда жиғилдон қайнаши қачон бошланади?

Одатда, аксарият аёлларда ҳомиладорликнинг биринчи триместрида жиғилдон қайнаши кузатилади. Шунинг учун сиз ҳам ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида ушбу муаммога дуч келишингиз мумкин. Ҳомиладорликнинг кейинги паллаларида ҳомила ва бачадоннинг ўсиши туфайли ошқозонга тушадиган босим кучаяди ва бу ҳам жиғилдон қайнашини кучайтиради.

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнаши қачон йўқолади?

Aфсуски, ҳомиладорлик даврида жиғилдон қайнаши бола туғилишигача давом этиши мумкин. Туғруқ вақти яқинлашганда жиғилдон қайнаши ҳам барҳам топиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, боланинг боши бачадон бўйнига қараб силжийди. Шу тарзда, кўкрак қафаси ва диафрагмага бўлган босим камаяди.

 

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига қарши қандай чоралар бор?

Ҳомиладор аёлнинг жиғилдони қайнаган пайтда бир стакан илиқ сут ичиши мумкин. Бу жиғилдон қайнаши ҳиссиётини енгиллаштириши мумкин.

Бодом, нок, олма каби мевалар ҳомиладорликда жиғилдон қайнашини бартараф этади. Чунки улар таркибида озуқавий толалар (клетчатка) мавжуд.

"Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига қарши газли сув фойдалими?" Келинг, бу саволга қуйидагича жавоб берамиз: газли сувнинг жиғилдон қайнашига қарши бир зумлик яхши таъсири бўлиши мумкин, аммо у ошқозонда газни кўпайтиргани учун меъда шишишини келтириб чиқаради. Газли сув ўрнига, газсиз минерал сувдан фойдаланишингиз мумкин, лекин тез-тез эмас.

Ушбу усуллардан ташқари "Ҳомиладорликда қандай қилиб жиғилдон қайнашининг олдини олиш мумкин?" деган саволнинг жавобни билишингиз ҳам муҳим. Қуйида ҳомиладорликда жиғилдон қайнашининг олдини олиш учун 7 та тавсия келтирилган!

Оз-оздан, аммо кам оралиқлар билан овқатланишга эътибор беринг!

Aгар оз-оздан, лекин кам оралиқлар билан овқат истеъмол қилсангиз, ҳомиладорликдаги жиғилдон қайнаши муаммосини анча енгиллаштирган бўласиз. Бундан ташқари, ушбу тартиб билан ич қотиши ва кўнгил айниш каби муаммоларни ҳам озайтирган ёки бутунлай олдини олган бўласиз.

Овқатлангандан кейин дарҳол ётиб олманг!

Овқатлангандан сўнг, меъдага оғирлик тушади. Шунинг учун овқатдан сўнг дарҳол ётиб олсангиз, ошқозон тизими ҳам сусаяди. Бу эса айниқса, ҳомиладорликда кузатиладиган тунги жиғилдон қайнашининг асосий сабабидир. Шунинг учун ётишдан камида 2 соат аввал овқатланишни тўхтатиш керак.

Узанганингизда бошингизни юқорида тутинг!

Дам олганингизда ёки ухлашга ётганингизда бош ва елкангизни юқорироқда бўлиши ошқозон ҳазмини осонлаштиради. Шунинг учун бошингиз ҳамда елкангиз остига ёстиқ қўйишингиз, ётоқнинг бош томонини сал кўтаришингиз ёки жиғилдон қайнашини олидини олиш учун махсус ёстиқлардан фойдаланишингиз мумкин.

Кенг кийим кийинг!

Тор кийимлар қорин атрофидаги босимни ва шу билан бирга жиғилдон қайнашини оширади. Шунинг учун кенг ва қулай кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Унутманг, танлаган кийимларингиз бел соҳасини қисмаслиги керак.

Ўз танангизни билишга ҳаракат қилинг!

Ҳар бир организмга турли хил озиқ-овқатлар турлича таъсир қилади. Шу сабабли, қайси овқатлар ошқозонингизни безовта қилишини яхши билишингиз ва бу овқатлардан узоқроқ туришингиз керак.

Овқатланиш пайтида букчайиб ўтирманг!

Овқатланиш пайтида эгилиб ўтирилса ошқозонга оғирлик тушади ва сизни қийнаш эҳтимоли ортади. Шунинг учун букчаймасдан гавдани тик тутиб ўтириш керак.

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашини келтириб чиқарувчи овқатлар

Юқорида ҳамманинг танаси ҳар хил, шунинг учун ошқозонингизни нима безовта қилаётганини яхшилаб текширинг дедик. Аммо ҳар қандай организмга ўз салбий таъсирини ўтказиши мумкин бўлган баъзи озиқ-овқатлар ҳам мавжуд.

Улар қуйидагилар:

ёғли овқатлар;

қовурилган овқатлар;

спиртли ҳамда газланган ичимликлар;

ҳаддан зиёд аччиқ овқатлар;

ўта ширин овқатлар;

кофе ва чой.

Ҳомиладорликдаги жиғилдон қайнаши болага зарар етказадими?

Бемалол айта оламизки, сиздаги жиғилдон қайнаши ҳомилангизга ҳеч қандай зарар етказмайди, хавотир олманг. Аксинча, ҳомила учун фойдали бўлиши мумкин. Чунки овқат танада аста-секин ҳаракатланаётганда, у яхшироқ сўрилиб, болани озиқлантиришга ёрдам беради.

Ҳомиладорликда ошқозоннинг ачишиши ва жиғилдон қайнаши бир хил нарсами?

Ҳа, худди шундай. Ошқозоннинг ачишиши (оғизда нордон таъмнинг пайдо бўлиши - кислотность) ёки жиғилдон қайнаши (изжога) бир хил ҳолатнинг икки хил атамасидир. Бунинг сабаби фақат ҳиссиётнинг турли номланиши билан боғлиқ. Шундай қилиб, ҳомиладорликда жиғилдон қайнаши ёки оғизда нордон таъмнинг пайдо бўлиши ҳақида саволларингиз бўлса, иккаласига ҳам жавобларимиз ҳам бир хил бўлади.

Ҳомиладорликдаги жиғилдон қайнашини даволаш йўллари қандай ва бунинг учун қайси дорилар ишлатилади?

Aгар сизда жиғилдон қайнаши билан боғлиқ муаммолар тез-тез такрорланиб қаттиқ азоб бераётган бўлса, албатта даволаш учун шифокорингизга мурожаат қилинг. Ҳар доим таъкидланганидек, шифокорингиздан сўрамасдан ҳеч қандай дори ичмаслигингиз керак.

Борди-ю ҳомиладорликдан аввалроқ ҳам сизда жиғилдон қайнаши муаммоси кузатилган бўлса, демак бу сиз учун янгилик эмас. Сиз ҳатто илгаридан жиғилдон қайнашига дори-дармонлар қабул қилиб юрган бўлишингиз ҳам мумкин. Бундай ҳолатда, ҳомиладор эканлигингиз тўғрисида шифокорингизга билдиришингиз керак. Шунда ҳомиладорликдан олдин фойдаланган дориларингизни ҳомиладорлик даврида ҳам ишлатса бўладими, йўқми билиб оласиз.

Мавзуга доир бошқа қизиқ саволлар:

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнаши ҳомилани серсоч эканиданми?

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, жиғилдон қайнаши муаммоси билан қаттиқ оғриган аёллар серсоч болалар туғар эканлар. Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо эскиларнинг гапида ҳам жон бор!

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнаши ҳомила жинсига боғлиқми?

Ҳомиладорликда жиғилдон қайнаши муаммолари қиз ҳомиланинг сочлари ўсиши билан боғлиқ деб ишонилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳомиладорлик даврида жиғилдон қайнаши - бу қиз фарзанднинг белгиси. Аммо унутмангки, бу иддаонинг ҳеч қандай илмий асоси йўқ!

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.cm сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

 


Report Page