16-ҲАФТА

16-ҲАФТА

@ginekologim
16-ҳафталик


 15-ҳафта 17-ҳафта

 

Ушбу мақоламизда 16 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши, бу даврда қандай овқатланиш, қандай тарзда ухлаш ва бошқа сизни қизиқтирган мавзулар ҳақида ёздик.

  16 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай бўлади?

Бачадондаги 16 ҳафталик ҳомиланинг бўйи ва вазни ҳақида қуйидаги жадвалдан билиб олишингиз мумкин.

 16 ҳафталик ҳомиланинг бўйи 10-13 см
16 ҳафталик ҳомиланинг вазни 80-150 г

·    ушбу ҳафтада ҳомиланинг бошини лануго деб аталувчи ингичка тана сочлари қоплайди;

·    қўл бармоқларининг тирноқлари тўлиқ шаклланади;

·    оёқлар қўллардан узунроқ бўлади ҳозирча;

·    тегиниш ҳисси борган сари сезгир бўлиб боради, агар сиз қорнингизни туртсангиз, у ичкарида қимирлаб қўяди.

 

16 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

Шифокорингиз томонидан олинган 16 ҳафталик ҳомилангизнинг ультратовушли тасвири айнан шундай бўлмаслиги мумкин. Ҳар бир ҳомиланинг ҳолати ва ҳаракатлари ҳар хил бўлади. Бу сизни хавотирга солмаслиги керак.

 

16 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатларини сезиш мумкинми?

 “Кичкинтой”ингизнинг ҳаракатларини ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида ультратовуш текширувида кўриш мумкин. Боланинг кўзлари ён томонга енгил ҳаракат қилади. Қўллари ва оёқлари ҳам қимирлайди.

“16 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатларини сезиш мумкинми?” деган саволингизга жавобимиз: Ҳа! Кўпчилик аёллар бу даврда боланинг ҳаракатланишини, масалан, пуфакнинг ҳаракати ёки капалакнинг қанот қоқиши тарзида тасвирлашади.

Агар бу сизнинг иккинчи ёки ундан кейинги ҳомиладорлигингиз бўлса, илгари бу туйғуларни яшаганингиз учун 16-ҳафтада ҳомила ҳаракатларини ҳис қилишингиз эртароқ содир бўлади. Аммо илк ҳомиладорликни бошдан кечираётган аёллар бу ҳомиланинг ҳаракатлари экани хусусида аниқ ишонч ҳосил қилмасликлари мумкин.

Агар сиз "Мен 16 ҳафталик ҳомиладорман, ҳомиламни ҳаракатини сезмаяпман!" деётган бўлсангиз, ташвишланманг. Жонланиш деб номланувчи ҳомила ҳаракати, одатда ҳомиладорликнинг 16- ва 20-ҳафталари орасида сезилади. Бу давр ҳар бир аёл учун турлича бўлади. Шунингдек, бу ҳомила ўлчамига ҳам боғлиқ.

Буни қидингизми: Ҳомиладорликда нималар таъқиқланади?

 

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида ҳомила жинси аниқлашадими?

 Энди "16 ҳафталик ҳомила жинси аниқ бўладими?" деган саволга келсак. Сифатли ультратовуш аппарати ва тажрибали УТТ мутахассиси ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида ҳомила жинсини катта эҳтимолли аниқлик билан айтиши мумкин. Чунки аввал бошида ўғил болаларнинг қоринларида бўлган ёрғоқлар энди секин-аста аслида бўлиши керак бўлган ёрғоқ қопчаларига туша бошлаган бўлади. Ушбу жараён 30-ҳафтага бориб тугайди.

 

Ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида онада қандай ўзгаришлар рўй беради?

 Айтишимиз мумкинки, ҳомиладорликнинг 16-ҳафтаси 4-ойга тўғри келади. Келинг, ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида нима бўлишини кўриб чиқайлик?

“Кичкинтой”ингиз улғайган сайин бачадон ва плацента (йўлдош) ҳам ўсиб боради. Олти ҳафта олдин бачадонингиз вазни 140 грамм эди. Бугунги кунда унинг вазни тахминан 250 граммни ташкил қилади. Шундай қилиб, ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида бачадон катталашиб қорнингиз қаппайгани сезиларли даражада билина бошлайди.

Ҳомила атрофидаги амниотик суюқлик миқдори ҳам ортиб бормоқда. Энди бачадонда деярли 250 мл суюқлик бор.

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида қорин катталашиб қолган бўлади. Бачадон ҳажми бу муддатда тахминан 7.6 см ни ташкил қилади. Уни киндигингиз остида осонгина ҳис қилишингиз мумкин.

Ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида мушаклар оғриғини меъёрий ҳолат деб ҳисоблаш мумкин. Бунинг сабаби кенгайиб бораётган бачадон атрофидаги мушак ва бириктирувчи тўқималарнинг чўзилишидир.

Қизиқарли видео: 15 ҳафталик ҳомиланинг ҳам туғилиб яшаб кета олгани ҳақида

 

Ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида кўриб чиқиладиган масалалар

  16 ҳафталик ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак?

  Ҳомиладорлик даврида сиз асосий овқатланиш оралиқларида тез-тез енгил овқатланишингиз керак. Айниқса, 16-ҳафтани ўз ичига олган 2-триместр даврида! Асосий овқатдан ташқари, кунига 3-4 марта енгил емаклар еб олишингиз соғлом бўлишга ёрдам беради. Биринчидан, оралиқлардаги егуликлар озуқага бой бўлиши керак. Оралиқларда овқатланиш учун асосий таомларга (нонушта, тушлик ва кечки овқатга) нисбатан камроқ бўлиши керак.

Бизда фойдали мақола бор: 2-триместрда қандай овқатланиш керак

Ҳомиладорлик даврида овқатланишнинг энг муҳим мақсади етарлича озиқланишдир. Оралиқлардаги егуликлар учун озуқага бой маҳсулотларни танлаш сиздан бироз режалаштиришни ва ҳаракатни талаб қилиши мумкин. Оралиқ егуликларни сиз олдиндан тайёрлашингиз мумкин.

Ҳафталик режа тузинг ва харид учун бозорга ёки супермаркетга чиқинг. Овқатланиш учун керакли озуқа моддаларини тайёрланг. Барра сабзавотлар, мевалар, сут ва сут маҳсулотлари, тухумлар, қуруқ мевалар ва ҳ.к.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида

 

Ҳомиладорлик даврида қандай ҳолатда ётиш керак?

 Айниқса ушбу ҳафтада эътибор бериш керак бўлган масалалардан бири "16-ҳафталикда қай тарзда ухлаш кераклиги” муаммосидир. Энди дам олганда, ухлаганда ёки ётоқда жисмоний машқ қилиш пайтида орқа билан (чалқанча) ётмаслик керак. Ушбу ҳолат томирларга қўшимча босим ўтказади ва ҳомилага борадиган қон оқимини камайтиради. Онадан ҳомилага борадиган қон оқими ҳомиланинг ўсиши учун зарур бўлган озуқаларни етказади. Бу муҳим жиҳатни асло унутмаслигингиз ва ҳомиланинг ривожланишини хатарга қўймаслигингиз керак.

  

Илк қилинадиган иш: ҳомиладорликда тўғри ётадиган ҳолатни топинг!

 “Кичкинтой”ингиз ўсиб улғайган сайин, сиз қулай ва узлуксиз уйқу билан хайрлашишингизга тўғри келади. Шунинг учун, гарчи ҳомилангиз ўсаётган бўлса ҳам, қулай ва рохат уйқуни давом эттириш жиҳатидан ҳомиладорликдаги тўғри уйқу ҳолатини топиш жуда муҳимдир. Уйқуга таъсир қиладиган жиғилдон қайнаши ва бел оғриғи ҳомиладорлик даврида маъқул бўлган ётиш ҳолатини топишда қийинчилик туғдириши мумкин. Ҳомиладорликда қорин бўшлиғи катталашгани сабабли сиз энди қорин билан ётишни хаёлингизга ҳам келтирмаслигингиз мумкин.

Ҳомиладорликда орқа билан (чалқанча) ётиш ҳам сиз учун қулай бўлмайди. Чунки бачадон бутун оғирлигини бел суяклари ва елка мушакларига беради. Бундай ҳолат асосий қон томирларининг сиқилишига сабаб бўлгани учун ҳомиладорликнинг охирги муддатларигача бундай ётишни тавсия этмаймиз.

 

Ҳомиладорликда ётиш ҳолати қандай бўлиши керак?

 Чап ёки ўнг ёнбошга ўгирилиб, букилган тиззаларингиз орасига ёстиқ қўйинг. Бунда тиззаларингизни букиш усули сизнинг ва ҳомилангизнинг қулайлиги учун муҳимдир. Ҳомиладорлар учун чиқарилган махсус ёстиқлар ҳам янада роҳат билан ухлашингизга ёрдам беради. Баъзи аёллар қоринлари остига ёстиқ қўйишни афзал кўришади. Ҳомиладорлик даврида қай тарзда ухлашни тўлиқ тасаввур қилишингиз учун мисол тариқасида қуйидаги суратни ҳавола қиляпмиз.


Ҳомиладорликда чап ёнбошга ўгирилиб ётиш болага кўпроқ қон етиб боришини таъминагани учун танадаги шишни ҳам камайтиради. Ёнбошга ётганингизда оёқларингизни озгина буксангиз янада қулайроқ бўлади. Ҳомиладор аёллар қандай ухлаши кераклиги ҳақида гап кетганда, энди сиз энг маъқул ҳолат қайси эканлигини биласиз.

Жуда оз инсон тун бўйи бир хил ҳолатда ухлаши мумкин. Шунинг учун баъзида уйғонганингизда чалқанча ётган бўлсангиз ваҳима қилманг. Сиз ҳомилангизга зарар етказадиган ҳеч нарса қилмадингиз. Бундай пайтларда ёнбошга ўгирилиб яна ухлашга ҳаракат қилинг.

 

Ҳомиладорликда уйқуда ётиш ҳолати болага таъсир қиладими?

 Бачадон ва ҳомилага босим бергани сабабли ҳомиладорлик даврида ухлаш ҳолатига эътибор бериш керак. Ҳомиладорлик даврида қандай ётиш ҳолатлари ҳомила учун ноқулай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволларингизга ойдинлик киритайлик.

 

Ҳомиладорликда ёнбошлаб ётса ҳомила эзиладими?

 Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳомиладорлик даврида уйқу вақтида энг яхши ётиш усули бу ёнбошга ётишдир. Қон айланишини янада осонлаштириш учун чап ёнбошга ётиш яхшироқдир, аммо бу ўнг ёнбошга ётиб ухлаш ҳомилага зарар етказади дегани эмас. Иккала томонда ҳам ухлаш маъқул ҳисобланади. Шундай қилиб, ҳомиладорликда ёнбошга ётиб  ухлаш ҳомилангизга зарар етказмайди.

 

Ҳомиладорлик даврида қоринга ётиш болага зарар берадими?

 Ҳомиладорлик даврида қоринга ётиш масаласи тез-тез оналарни ташвишга солиши мумкин. Қоринга ётиш “кичкинтой”ингизни ўраб турган амниотик суюқлик туфайли унга зарар қилмайди. Аммо ҳомиладорликнинг 6-ҳафтасидан кейин қориннинг катталашиши туфайли вазият ўзгаради ва қоринга ётиш ўзингиз учун ҳам ноқулай бўлади.

 

Фойдали мақола шу ерда: Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар

 

Ҳомиладорликда орқа билан (чалқанча) ётиш  болага зарар берадими?

 Ҳомиладорлик даврида орқа билан (чалқанча) ётиш ҳомила учун ноқулайдир. Бачадонингизнинг тана орқа қисмига берадиган оғирлик ва босим оғриққа сабаб бўлиши мумкин. Томирларга берган босим натижасида қоннинг равон оқишида муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳомилангизнинг соғлиғи учун чалқанча ётишдан сақланишингиз лозим.

Тўлиғича ўнг ёки чап ёнбошга ўгирилиш ҳам шарт эмас. Қорнингизни озгина ён томонга ўгириш ҳам босимни камайтириш учун кифоя қилади.

  

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page