ҲОМИЛАДОРЛИКДА КАМҚОНЛИК (АНЕМИЯ)

ҲОМИЛАДОРЛИКДА КАМҚОНЛИК (АНЕМИЯ)

@ginekologim


Ҳомиладорликнинг 1- ва 3- уч ойлик палласида (триместр) гемоглобин миқдори 110 г/л дан паст бўлса ёки 2- уч ойлик паллада 105 г/л дан паст бўлса анемия деб қабул қилинади. Дунё аҳолисининг тақрибан 30% да, ҳомиладор аёлларнинг 50% идан кўпроғида, барча аёлларнинг эса 1/3 қисмидан кўпроғида анемия борлиги таъкидланади.

Анемияда асосий шикоятлар:

- ҳолсизлик ва чарчоқ;

- кучли нафас етишмовчилиги (нафас сиқиши);

- иштаҳасизлик;

- бош оғриғи;

- юрак тез уриши;

- хушдан кетиш;

- қулоқда шовқин;

- уйқу бузуқлиги;

- соч тўкилиши;

- диққат ва мувозанатнинг бузилиши;

- бош айланиши;

- стенокардия (кўкрак қафас соҳаси оғриғи).

 Камқонликларда бошланғич аломатлар:

- тери ва ички шиллиқ қаватларда рангпарлик;

- тахикардия (пульснинг тез уриши);

- нафас олишда ҳарсиллаш, гиперкинетик юрак етишмовчилиги;

- тил атрофияси (В12, фолат ва темир танқислигида);

- нейропатия, атаксия (мушаклар заифлиги сабабли уларнинг ҳаракатида мувозанатнинг бузилиши, В12 етишмовчилигида);

- сариқлик ва спленомегалия (талоқ катталашиши, гемолитик анемияда).

Ҳомиладорларда камқонликнинг таъсирлари нималар:

- нимжон бола туғилиши;

- муддатдан эрта туғиш;

- бачадон ичида ҳомила ривожланишининг кечикиши;

- жарроҳлик амалиёти орқали туғруқ;

- ҳомила ўлиб қолиши;

- туғиш муддатининг чўзилиб кетиш хавфи.


Темир танқислиги анемияси

Темир танқислиги анемияси ҳомиладорликда энг кўп учрайдиган анемия ҳисобланади ва камқонликка учраган ҳомиладор аёлларнинг 90% ида кузатилади. Ҳомиладорликда кунига 6-7 мг темир моддасига эҳтиёж сезилади.

Ҳар бир ҳомиладор аёлга бу касалликнинг олдини олиш учун темир миқдорини қувватлайдиган чоралар қўлланилиши керак. Ҳатто анемия бўлмаса ҳам, темир моддаси етарли бўлса ҳам ҳомиладорлик муддати бўйича анемия бўлишининг олдини олиш мақсадида темир моддаси таъминоти қўллаб турилиши керак. Кунига 60 мг темир моддасининг темир танқислиги анемиясига йўлиқишнинг олдини олиши тасдиқланган. Зеро кунлик озиқ-овқат моддалари билан истеъмол қилинган темир моддасининг 10% ини организм ўзига сингдира олади.

Ҳомиладорликда темир танқислиги анемиясининг келиб чиқиш сабаблари:

- етарсиз ва мувозанатланмаган озиқланиш;

- ижтимоий-иқтисодий таъминот даражасининг пастлиги;

- ичак паразитлари;

- туғишлар муддатлари орасининг қисқалиги;

- ҳомила тушиши ёки аборт туфайли кўп қон йўқотиш;

- таркибида темир моддаси бўлган дориларни истеъмол қилмаслик.

Темир танқислиги анемиясини даволаш:

Одатда даволаш учун таркибида темир моддаси бўлган препаратлар ва темирга бой озуқалар истеъмол қилиш тайинланади. Даволаниш асносида кунлик темир моддаси миқдори 200 мг бўлиши керак. Анемия тузалгандан кейин темир заҳирасини тўлдириш учун яна 3 ой даволанишни давом эттириш керак. Даволаш жараёнида кўнгил айниш, қусиш, диарея, ичқотиш, ошқозонда безовталик каби ножўя таъсирлар ҳам кузатилиши мумкин. Бундай таъсирларни дориларни овқатдан кейин қабул қилиш орқали йўқотиш мумкин. Темир танқислиги анемиясидан даволанаётган ҳомиладор аёллар дориларни темир моддаси ҳазмини камайтирувчи озиқ-овқатлар билан бирга истеъмол қилмасликлари керак. Бундай озуқаларга антиацидлар (ошқозон ширасини нейтралловчи препаратлар), тухум, кальций тузлари, сут ва сут маҳсулотлари, тетрациклин туридаги антибиотиклар, чой, кофе киради. Агар темир моддаси препаратлари апеьсин шарбати, оқсил (протеин)га бой моддалар билан бирга ва оч қоринга исетъмол қилинса темир моддаси организмга кўпроқ сингади.


Шу билан бирга темирга бой озуқалар, масалан, мол жигари, юраги, тили, лаҳм гўшт, тухум сариғи, дуккаклилар, ёрмалар, майиз, туршак, тут шинниси, янги сабзавотларни истеъмол қилишга ҳаракат қилиш лозим. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, гўшт маҳсулотидаги темир моддасининг организмда 40-50%и, ўсимлик маҳсулотларининг эса 3-5% сўрилади. Темир моддаси ўсимликлардан кўпроқ сўрилиши учун аскорбин кислотаси (витамин С) керак бўлади. Витамин С эса иссиклик билан ишлов берганда парчаланиб кетади. Шунинг учун мева ва сабзавотларни оловда пиширмасдан ва янгилигида ейиш керак.


Ҳомиладорлик, туғруқ ва эмизиш даврида йўқотилган темир моддаси заҳирасини тиклаш учун камида 2-3 йил вақт керак.

Ҳомиладорликда мегалобласт анемия

Ҳомиладорликда анемия турлари ичида иккинчи ўринда энг кўп учрайдигани. Асосий сабаби фолик кислота етарсизлигидир. Даволаш учун кунда 1 мг фолик кислота берилади. Профилактика учун барча ҳомиладор аёлларга кунига 0.4 мг фолик кислота қабул қилиш тавсия этилади. Анемиянинг бошқа турлари ҳомиладорликда нисбатан кам учрайди.

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page