34-ҲАФТА

34-ҲАФТА

@ginekologim
34-ҳафталик

 

33-ҳафта 35-ҳафта

  Сиз ҳозир ҳафталарни санаяпсиз. Ҳомиладорликнинг 34-ҳафтасида нималар рўй беради, нималарга дуч келасиз, 34 ҳафталик ҳомила ривожланиши қай босқичда? Борини батафсил тушунтирдик. Қани кутиб ўтирмасдан, ўқишни бошланг!

  34 ҳафта ҳомиланинг вазни ва бўйи

Ҳомилангиз шу кунларда тез ўсмоқда! 34 ҳафталик ҳомиланинг вазни, бўйи қанча бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалимизда кўришингиз мумкин.

34 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 2200 г
34 ҳафталик ҳомиланинг баландлиги − 44-50 см

 

Ҳомиладорликнинг 34-ҳафтасида ҳомиланинг вазни ўтган ҳафтага нисбатан 200 граммга ошади.

“Кичкинтой”ингизнинг митти тирноқлари, эҳтимол, энди бармоқлари учларида кўриниб қолган. Яна бир неча ойдан кейин сиз, бола ўз юзини тирнамасин, ўзига зарар бермасин дея бу тирноқларни кесишга журъат қиладиган бўласиз.

Aгар ҳомила ўғил бўлса, ёрғоқлар қориндан асл жойига - ёрғоқ халтасига тушади.

Ҳомиланинг терисини ҳимоя қиладиган верникс қатлами ҳомиладорликнинг 34-ҳафтасида қалинлаша бошлайди. Туққанингизда бу қатлам изларини кўришингиз мумкин бўлади.

Терисидаги лануго туклари деярли бутунлай йўқолди.

Ва охиргиси, 34-ҳафтада туғилган ҳомилаларнинг тирик қолиш эҳтимоли жуда юқори, чунки улар асосан ўз ривожланишларини якунлашган бўлишади.

   Эрта туғруқ ҳақида батафсилроқ бу ерда: Эрта туғруқ борасидаги саволларга жавоблар

 

34 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

Ҳар бир 34 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

 

34 ҳафталик ҳомиладор неча ойлик?

Ҳомиладорликнинг 34-ҳафтаси 8-ойга киради ва ҳомиладорликнинг учинчи триместрига тўғри келади.

Энди ҳомиладорлигингизнинг 8-ойи, 34-ҳафтасида бошдан кечиришингиз мумкин бўлган баъзи аломатлар ҳақида.

 

34 -ҳафтада ҳомила ҳаракатлари қандай?

  Ҳомилангиз туғруққа яқинлашган шу кунларда кўпроқ дам олади. Шу сабабли, 34-ҳафтада ҳомила ҳаракатларида пасайиш кузатилиши мумкин. Бу сизни хавотирга солмасин.

 

Ҳомиладорликнинг 34-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

    Ушбу ҳафтада бачадон юқори нуқтасидан қов суяги учигача бўлган узунлик энди тахминан 34 см, киндикдан бачадон юқори нуқтасигача эса 14 см га тенг. Булар ўртача ўлчовлардир.

 

Ҳомиладорликнинг 34–ҳафтасида эътибор бериш керак бўлган ҳолатлар

 

Ҳомиладорликнинг 34 -ҳафтасидаги оғриқлар

  Туғруқ тўлғоғи қандай бўлиши ҳақида шифокорингиздан сўранг. У сизга ростакам туғруқ тўлғоқлари билан унгача бўладиган ҳозирлик тўлғоқлари орасидаги фарқлар ҳақида тушунтириб берсин. Ростакам тўлғоқлар миқдори доимий равишда ортади ва кучайиб боради. Улар тартибли маромга эга.

Сохта тўлғоқлар кўпинча ростакам тўлғоқдан олдин пайдо бўлади. Оғриқли бўлиши ва ростакам тўлғоққа ўшаши ҳам мумкин. Aммо кўп ҳолларда бу тартибсиз ва қисқа муддатли бўлади. Тананинг кўп қисмларини, масалан, мушаклар, қориннинг пастки қисми ёки елкаларни  безовта қилиши мумкин. Шунингдек сохта тўлғоқлар, ҳомиладорликнинг 34-ҳафтасидаги қорин оғриғи шикоятининг сабаби ҳам бўлиши мумкин.

Ростакам туғруқ тўлғоқларида, бачадон ичидаги санчиқ оғриқлар бачадоннинг юқори қисмидан бошланиб, тос соҳасининг пастки қисмигача бутун бачадонга тарқаладиган оғриқни келтириб чиқаради.

 

Ҳомиладорликнинг 34 -ҳафтасида қорин оғриғи

  Ҳомиладорликнинг ўрталарида ва кейинги даврларида бел оғриғи билан бирга кузатиладиган қорин оғриғи қандайдир муаммонинг хабарчиси бўлиши мумкин. Нима бўлишидан қатъий назар aгар:

− оғриқ кучли ва доимий бўлса;

− иситма бўлса;

− қорин бўшлиғида шишганлик ҳиссини келтириб чиқарадиган мушак қисқаришлари бўлса;

− ҳайз пайтида кузатиладиган оғриққа ўхшаш санчиқни бошдан кечираётган бўлсангиз;

− қиндан қон кетиши ёки ажралма келса;

− ошқозон-ичак тизимида муаммо аломатлари бўлса;

− бош айланиши ёки  гарангсираш кузатилса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

  Батафсилроқ маълумот учун шу мақола бор: Ҳомиладорликда нима учун қорин оғрийди?

 

  Ҳомиладорликнинг 34 -ҳафтасида жиғилдон қайнаши

  Ҳомиладорликнинг охирги паллаларида ўсаётган бачадон ва ҳомила ошқозонни юқорига суради ва сиқа бошлайди. Бу босим ошқозон кислоталарини юқорига суриб, жиғилдон қайнашига олиб келади. Aммо 34-ҳафтада ҳомила тос суягига тушса, жиғилдон қайнаши ва ич қотиши каби баъзи ошқозон-ичак муаммолари яхши томонга ўзгариши мумкин. Ҳамма аёллар ҳам бундай “енгиллик”ка дуч келмасликлари мумкин. Ўсаётган ҳомила туғруқ йўлидан пастга қараб йўналар экан, кўкрак қафасига босим ўтказишда давом этиши мумкин.

  Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига кичик қўлланма

 

  Ҳомиладорликнинг 34 -ҳафтасида ажралма

  Ҳомиладорлик даврида кўпчилик аёлларда қиндан ажралмалар кузатлади. Лейкореа деб аталадиган оқ ажралма - сувли, оқиш, озгина ҳидли ёки ҳидсиз бўлади. Бунинг сабаби − ҳомиладорлик даврида ҳаддан ташқари кенгаядиган қин деворига гормонларнинг таъсиридир.  Ҳомиладорлик даврида бундай ажралма кўпайиши ва кучайиши мумкин.

Aгар сизда ажралма яшил, сарғиш, қорамтир ва творогсимон, ўткир бадбўй ҳидли бўлса, бунинг сабаби қиндаги инфекция бўлиши мумкин. Aгар бу ҳолат қизариш, қичишиш ва таъсирчанлик билан кечса, унинг аломатлари кучаяди. Бундай аломатлар кузатилганда, албатта, бу ҳақда шифокорингизга хабар беришингиз керак.

 

Ҳомиладорликнинг 34 -ҳафтасида овқатланиш

 Сиз A витаминига бой егуликларни истеъмол қилишга аҳамият беринг. Ўчоқда ёки кулда пиширилган картошка енгил тамадди қидираётганда хаёлингизга келмаслиги мумкин, аслида бу жуда яхши тамадди. Картошка истеъмол қилганингизда оқсил, тола, калций, темир моддалари, B гуруҳи витаминлари ва С витаминини оласиз (қовурилмаган бўлиш шарти билан).

Брокколи, сабзи ва сарсабил - витаминларга бой сабзавотлардир. Овқатлар орасида тамадди учун фойдаланишингиз мумкин. Уларни қатиқ билан янада мазали қилишингиз мумкин.

Ҳомиладорлик даврида холестерин миқдорини ўлчаш ортиқча вақт ва куч талаб қилади. Чунки барибир гормонлар ўзгариши туфайли қондаги холестерин даражаси кўтарилади. Бу борада туғруққача ёки эмизишни тўхтатгунча кутишингиз мумкин.

 

Ушбу материал Гинеколог, репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page