35-ҲАФТА

35-ҲАФТА

@ginekologim
35-ҳафталик

 34-ҳафта 36-ҳафта

 Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида нималар рўй беради, онада қандай шикоятлар пайдо бўлиши мумкин? 35 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қай шаклда бўлади? Барчасини сиз учун ёздик, марҳамат ўқинг!

 35 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи

Ҳомилангиз бу кунларда ҳудди сиздек тез вазн олмоқда! 35 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи қанча бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин.

35 ҳафталик ҳомиланинг вазни 2500 г
35 ҳафталик ҳомиланинг баландлиги 45-50 см

 

35 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши

35-ҳафтада ҳомиланинг вазни ўтган ҳафтага нисбатан 300 граммга ошиши мумкин. Ҳомилангиз тез ўсмоқда.

Бачадонингиз катталашиб бормоқда. Бу амниотик суюқликнинг ортиши, ҳомила ва плацентанинг ўсиши билан боғлиқ. Ушбу омилларнинг барчаси ҳомиланинг ўз ҳақиқий вазнини аниқлашни қийинлаштиради.

Мия ҳужайралари тез ортишда давом этмоқда.

Ҳомила бошининг ўсиши тезлашмоқда.

35-ҳафтада ҳомила боши энди онанинг тос соҳаси томон сурилиши мумкин. Aгар ҳомиланинг жойлашуви шундай бўлса, демак, туғилганда биринчи унинг боши чиқади, бу эса сиз учун туғилишни осонлаштирадиган омил.

Гарчи боши катта бўлиши мумкин, лекин у ҳали ҳам юмшоқ. Бу эса ўз навбатида туғруқ йўлидан ўтишни қулайлаштиради.

35 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

    Ҳар бир 35 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

 

35 ҳафталик ҳомиладор неча ойлик?

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтаси 8-ойнинг охирига тўғри келади. 40 ҳафталик ҳомиладорлик даврининг 35 ҳафтаси тугади дегани бу туғруққа, тахминан 5 ҳафта қолди демак.

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида ҳомила ҳаракатлари қандай бўлиши керак?

Ҳомиладорликнинг 35 хафталигида бачадон ичида “издиҳом” (тиқилинчлик) туфайли ҳомила ҳаракатлари камроқ сезилиши мумкин. Бачадондаги бундай тиқилинчлик катталашган ва кучлироқ бўлган ҳомилангизнинг мушт уришини қийинлаштириши мумкин. Aммо сиз янада кўплаб керишиш, думалаш, қимирлашларни ҳис қила оласиз.

 

Ҳомиладорликнинг 35 ҳафтасида бўлғуси она вазни қандай бўлиши керак?

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасини тугатган бўлажак онанинг олиши керак бўлган умумий вазн миқдори 10,8 кг дан 13 кг гача бўлиши керак. Ушбу вазн учун лозим бўлган калорияларни сифатли тарзда олиш учун таомномангизга эътибор қаратишингиз керак.

 Буни ўқидингизми: Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида

 

Ҳомиладорликнинг 35 -ҳафтасида нималарга эътибор бериш керак

  Ҳомиладорликнинг 35 -ҳафтасида чов оғриғи

Чов ёки қин соҳасидаги оғриқ бачадон бўйни очила бошлаганининг белгиси бўлиши мумкин. Бироқ, бу туғруқ тўлғоқлари бошланганини англатмайди. Очилиш туғилишдан бир неча ҳафта олдин ҳам бошланиши мумкин.

Бундай очилиш пайтида сиз қин соҳасида пичоқ санчилгандек оғриқ ва босимни ҳис қилишингиз мумкин. Ҳомиладорликнинг 35-хафтасида қин соҳасида оғриқ кузатилиши ташвишланишга сабаб бўладиган ҳолат эмас. Шунга қарамай, шифокорингиз билан маслаҳатлашиш фойдали бўлиши мумкин.

 Агар сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда нима учун қорин оғрийди?

 


Ҳомиладорликнинг 35 -ҳафтасида мушакларда тортишиш

Бу даврда бироз мушак тортишишини бошдан ўтказишингиз ёки ҳеч нарсани сезмаслигингиз ҳам мумкин. Aгар сизда спазм билан бирга бачадон қисқаришлари ва қаттиқлашишини сезсангиз, бундай тортишишларнинг қанчалик тез ва қанчалик тартибли равишда кузатилаётганига эътибор беришингиз керак. Тортишишлар қанча муддат давом этаётганини ва ораси неча дақиқа бўлаётганини қайд этиб, бу ҳақида шифокорингизга хабар беришингиз керак.

 

Ҳомиладорликнинг 35 -ҳафтасида бачадондаги босим

Бу паллада ҳомилангизнинг тос соҳангизга қараб силжаётганини сезишингиз мумкин. Бу туғруқ жараёнига тайёргарлик билан боғлиқ ҳолат. Баъзилар бу ҳолатни “енгиллик” деб ўйлайдилар. Чунки қориннинг юқори қисми бўшаб енгиллашади, бироқ унинг ўрнига тос суяги, сийдик қопчаси ва тос соҳасига босим кучаяди.

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида тез -тез пешоб қилиш

Бу муддатда ҳомила туғруққа ҳозирлик кўриш учун тос суяги томон силжиши мумкин. Aгар тос суягига тушса, пешоб билан боғлиқ муаммолар кучаяди. Ҳомила тос суягига кириб борган сари қовуғингизга кўпроқ босим бераётганини сезишингиз мумкин. Шунинг учун тез-тез пешоб қилишга эҳтиёж сезасиз.

Ҳомиладорликнинг охирги ҳафталарида сиз кичик ҳожат учун бир неча бор чиқишингиз мумкин. Шу сабабли ичишингиз керак бўлган кунлик сув миқдори истеъмолини кечки соатлардан олдин тугатиб,  ётишдан олдин кўп сув ичмасликка ҳаракат қилишингиз лозим.

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида нафас сиқиши

Сизга баъзида ҳаво етишмаётгандек туюлиши мумкин, чунки ўсаётган бачадон диафрагмани юқорига кўтаради. Чуқур нафас олиш ҳисси ва нафас сиқилиши меъёрий ҳолатдир. Aгар бу ораларда ҳомилангиз бачадон ва тос соҳаси бўшлиғининг пастки қисмига тушса, нафас олишингиз енгиллашади.

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида сариқ ажралма

Ҳомиладорлик даврида кўпчилик аёлларда ажралма келишидан шикоят мунтазам кузатилади. Оқ, сувли, бироз ҳидли ажралма гормонларнинг қин деворига таъсири натижасида пайдо бўлади. Ҳомиладорлик даврида у камаяди ва кўпаяди, лекин давом этади.

Aммо, қин йўлида инфекция бўлса, бундай ҳолларда ажралма рангини ўзгартиради. Яшил ёки сарғиш тус олиши, ҳолати эса суюқ эмас, балки қуюқлашиши ва творогсимон бўлиши мумкин. Бундай ҳолда албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида қон кетиши

Ҳомиладорликнинг сўнги даврларида қон кетиши плацентага боғлиқ муаммоларнинг аломати бўлиши мумкин. Ушбу муаммоларнинг энг кенг тарқалгани плацентанинг олдинга ўтиб бирикиб қолиш (placenta praevia) синдромидир. Яъни плацентанинг бачадон пастки қисмига бирикиб бачадон бўйни йўлини қисман ёки тўлиқ ёпиб қўйишидир.

Энг кўп учрайдиган аломат - бачадондан оғриқсиз қон кетишидир. Плацентанинг олдинга ўтиб бирикиб қолишида қон кетиш оғриқсиз, аломатларсиз бошланиши мумкин. Aгар шундай қон кетиши кузатилса, бу ҳақида шифокорингизни хабардор қилганингиз маъқул.

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида бавосир (гемаррой)

Бавосир бироз ташвишли муаммо бўлиш билан бирга кўпчилик аёлларни ҳомиладорлик даврида безовта қилади. Бу даврда оёқ томирлари варикоз кенгайишига мойил бўлгани каби, тўғри ичакдаги томирларда ҳам бу ҳолат кучайиши мумкин.

Бачадон катталашиши ва тос соҳасига қон оқимининг ортиши тўғри ичак деворидаги томирларнинг шишишига олиб келиши мумкин.

Қабзият (ич қотиши) ҳам бавосирни янада кучайтириши мумкин. Ҳатто бавосирга тўғридан-тўғри ич қотиши сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун энг яхши чора - ич қотишининг олдини олишдир.

  Батафсилроқ маълумот учун қаранг: Ҳомиладорликда бавосир (геморрой) муаммоси

 

Ҳомиладорликнинг 35-ҳафтасида қўлларда увишиш

Aгар шу кунларда қўл ва оёқларингизда худди чумоли юргандек ҳис ва увишиш бўлса, бу шишган тўқималар нервларга босим бериши сабаблидир. Бироқ увишиш ва оғриқ фақат бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ, ўрта бармоқ ва номсиз бармоқнинг ярми билан чегараланган бўлса, сиз билак канали синдромига дуч келган бўлишингиз мумкин.


Бу касаллик гарчи қўллар ҳаракатини бир хил тарзда такрорлашни талаб қиладиган вазифаларни мунтазам бажарадиган одамларда (масалан, компьютерда ишлайдиганлар) кузатилса-да ҳомиладор аёллар орасида ҳам тез -тез учраб туради.

 

Ҳомиладорликнинг 35 -ҳафтасида овқатланиш

Тўғри ва соғлом овқатланишда давом этинг! Маълумки, ҳомиладорлик даврида протеин (оқсил) жуда муҳим озуқа ҳисобланади, сиз уни етарли миқдорда истеъмол қилишингиз керак.

Ранг-баранглик яхши. Ҳар овқатланиш пайтида брокколи, сабзи, карам, нок, олма каби сабзавот ва меваларни истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.

Углеводлар ҳам бой озиқ-овқат манбаларидир. Сули ёрмаси (овсянка), жавдари (қора) ва кепакли буғдойларга ҳам таомномангизда ўрин беринг.

Танангиз ва ривожланаётган ҳомила учун кўп миқдорда витамин ва минералларга бўлган эҳтиёж давом этади. Эмизиш даврида янада кўпроқ керак бўлади. Шифокорингиздан ўзингиз учун керакли бўлган витамин ва минералларни ва уларнинг кунлик меъёрларини сўраб ўрганишингиз керак. Бу миқдор ҳар кимнинг танасига қараб фарқ қилиши мумкин. Масалан; ҳомиладорлик даврида 800 мкг A витаминини олиш етарли бўлса-да, эмизиш даврида уни 1300 мкг гача ошириш керак бўлиши мумкин.

 

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак? (3-триместр)

 

Ҳомиладорлик даврида нафас олиш машқлари

Ҳомиладорлик даврида танангизда содир бўлаётган ўзгаришларга мослашишни осонлаштирадиган машғулотлардан бири бу нафас олиш машқларидир. Хўш, ҳомиладорлик даврида нафас олиш машқларининг фойдаси нимада?

Жиғилдон қайнаши ва ич қотиши борасидаги муаммоларни камайтиради.

Овқат ҳазм қилишни осонлаштиришга ёрдам беради.

Қон айланишининг тартибга келиш имконини туғдиради.

Ҳомилага борадиган кислород миқдорини оширишга ёрдам беради.

Нафас олиш машқларини нафақат ҳомиладорлик даврида, балки бутун умр давомида бажаришингизни тавсия қиламиз. Аммо албатта, биринчи навбатда, ҳомиладорлик даврида муҳим!

  

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page