ҲОМИЛАДОРЛИК ДАВРИДА ФОЙДАЛИ МАҲСУЛОТЛАР: ҳомила яхши ривожланиши учун нималар ейиш керак?

ҲОМИЛАДОРЛИК ДАВРИДА ФОЙДАЛИ МАҲСУЛОТЛАР: ҳомила яхши ривожланиши учун нималар ейиш керак?

@ginekologim

Ҳар бир аёл фарзанди туғилишидан олдин қандай қилиб унинг вазни ортиши ва соғлом ривожланиши ҳақида ўйлайди. Шу сабабли, аксарият аёлларни доимо бир хил савол ўйлантиради: ҳомиладорликда бола вазни ошиши учун нималар ейилиши керак?

Омега-3

Ҳомиладорлик даврида балиқни мунтазам равишда истеъмол қиладиган аёлларда ҳомиланинг соғломлиги ва ҳатто оғир вазнли бола туғилиши тиббиётда кўп кузатилган. Шунинг учун сиз ҳафтасига камида бир марта бўлса ҳам балиқ истеъмол қилишингиз керак. Aгар балиқ истеъмол қила олмасангиз, енгил тамадди сифатида кунига бир ҳовуч таркибида Омега-3 мавжуд бўлган, писта, ерёнғоқ, ёнғоқ ва фундуқ есангиз ҳам бўлади. Ушбу емишлар ҳомиланинг ақл-идрокини ривожлантириш учун жуда керакли.

Ёдингизда бўлсин, ҳомиладорлик даврида болангизнинг танаси ва ақл-заковати учун зарур бўлган темир, фолий кислотаси, йод, рух, B витамини, омега-3 ва омега-6 ёғ кислоталари каби витамин ва минералларнинг ўрни беқиёс. Омега-3 деб номланувчи бу ажойиб ёғни етарли даражада қабул қилиш учун энг муҳим давр, чақалоқнинг мия ривожланиши тезлашадиган давр, яъни ҳомиладорликнинг учинчи триместридир.

Фолий кислотаси

Ҳомиладорлик даврида фолий кислотаси, фолацин ёки B9 витамини деб аталувчи модда алоҳида ўрин тутади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, фолий кислотасини қабул қилиш ҳомилада асаб томирлари нуқсонликларининг олдини олади ёки камайтиришга ёрдам беради.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бўлажак оналар ҳомиладорликнинг дастлабки 13 ҳафталигига қадар кунига 0,4 мг фолий кислотаси истеъмол қилсалар, умуртқа поғонаси муаммоларига (spina bifida – умуртқа камарининг ёпилмаслиги) камроқ дучор бўлар экан. Aлбатта, бу борада энг тўғри қарорни ҳомиладорликнинг илк кунларидан бошлаб сизни кузатиб келаётган шифокорингиз беради. Шифокор фолий кислотаси қабул қилишингиз учун дори-дармонларни тавсия қилса ҳам, ушбу модда ҳақида тўла маълумотга эга бўлиш фойдадан ҳоли эмас. Банан, қора ловия, брокколи, тухум сариғи, цитрус мевалар, кўкатлар, яшил ловия, қулупнай, ясмиқ (чечевица), нўхат, жигар, йогурт - фолий кислотасига бой маҳсулотлар ҳисобланади.

Ҳомиладорлик даврида қанча сув истеъмол қилиш керак?

Ҳомиладорликда, кунига камида 8 стакан сув (8 х 250 мл) истеъмол қилишингиз керак.

Ҳомилангизнинг танаси ҳам сизники каби асосан суюқликдан иборат. Ҳомиладорлик даврида танангиз одатдагидан кўпроқ сувга муҳтож бўлади. Хўш, ичимлик сувининг сиз учун фойдаси нимада?

Биринчидан бу терини юмшоқ тутади. Қолаверса, у ич қотишни камайтиради.

Иккинчидан, сув сизнинг ва ҳомилангизнинг танасини токсин ва чиқинди моддалардан тозалайди. Бу эса ортиқча шиш ва организмда сув йиғилишини камайтиради. Бундан ташқари, сийдик йўли инфекциясини ҳам олдини олади. Натижада эрта туғилиш хавфи камаяди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар куни камида 2 литр сув (бу 8 стакан дегани) ичишга эътибор беринг. Бунинг энг осон йўли - сувни доим кўз ўнгингизда ва исталган пайтда ола оладиган яқин жойда сақлашдир. Aгар стаканлаб ичишни унутиб қўйсангиз, ўзингиз учун бирон бир шиша идиш билан ўлчов қилиб олишингиз мумкин.

Aгар танангиз ўзида жуда кўп суюқликни ушлаб турса ёки кўп жисмоний машқ қилган бўлсангиз ва об-ҳаво ҳам жуда иссиқ бўлса, кўпроқ сув ичишга ҳаракат қилинг. Aммо овқатдан олдин ичманг, сабаби овқат ўрнини сув эгаллаб, етарлича овқат еёлмай қоласиз. Шуни ҳам айтиш мумкинки, сиз ичадиган чой, шарбат ва бошқа суюқликлар ҳеч қачон оддий сувнинг ўрнини босолмайди.

Ҳомиладорлик даврида тузни қанча истеъмол қилиш керак?

Маълумки, туз организмда шишларни келтириб чиқаради, шунинг учун ҳомиладорликда уни чеклаган маъқул.

Ҳомиладор аёл танасида суюқлик миқдорининг сезиларли даражада ошиши одатий ҳол ҳисобланади. Шунинг учун танадаги суюқлик миқдорини меъёрда ушлаб туриш мақсадида натрийни маълум бир меъёрда истеъмол қилиш тавсия этилади. Она организмида натрий етишмовчилиги ҳомила ривожланиши учун зарарли бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, кўп миқдорда туз ишлатиш ёки жуда шўр овқатларга ружуъ қўйиш ҳомиладор бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам ҳаммага бирдек зарарли ҳисобланади. Айниқса, ҳомиладор аёллар бунга одатланмагани маъқул.

Бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги даврларда ҳам ортиқча туз истеъмол қилиш қон босими ошишига сабаб бўлишини кўпчилик билмаса керак. Шу сабабли, турли соуслар, тузламалар ва чипслар каби таркибида туз миқдори юқори бўлган овқатлардан воз кечишингиз керак.

Умумий маънода ўзингиз учун овқат пиширётганингизда туз қўшмасликка ҳаракат қилинг. Шундоқ ҳам озиқ-овқатларимиз таркибидаги натрий миқдори танамизнинг эҳтиёжларини қондиришга етади.

Aгар шўр нарсаларни жуда хоҳласангиз, тайёр тузламаларга қараганда уй шароитида камроқ туз қўшиб тайёрланган тузламалардан тамадди қилишингиз мумкин.  Aммо бу бир ўтиришда бир банка тузланган бодрингни истеъмол қиласиз дегани эмас.

Ҳомиладорлик даврида доимгидек шифокорингиз фикрини инобатга олишингиз ва унинг туздан фойдаланиш бўйича кўрсатган тавсияларига амал қилишингиз керак.

Ҳомиладорликда овқатланиш бўйича маслаҳат

Ҳомиладорлик даврида соғлом овқатланиш тартибини назорат қилиш ҳақида айтадиган бўлсак:

Биринчи ўринда хамирли пишириқ ва ширинликлар таомномага киритилмаслиги керак. Чунки бу маҳсулотлар ортиқча калория ва ёғ йиғилишига сабаб бўлади ва вазн олишни осонлаштиради.

Кунига кўпи билан 2 грамм туз (бу барча егуликлардаги миқдори) истеъмол қилиш керак. Ҳеч бир ҳомиладор аёл, у қон босими муаммосига дуч келганми ёки йўқми, кўп туз истеъмол қилмаслиги керак. Чунки бу даврларда туз организмда шишлар пайдо бўлишига олиб келади. Бундан ташқари, преэклампсия келиб чиқиш хавфини оширади.

Шакар инсулинга сезувчанликни оширади ва бу ҳомиладорлик диабети нуқтаи-назаридан ҳам хавфли бўлади.

Қадоқланган таомлардан иложи борича воз кечиш керак.

Ошқозон билан боғлиқ муаммолар кенг тарқалгани сабабли аччиқ ва кучли зираворлардан назорат билан фойдаланиш керак.

Асаб тизимини қўзғотувчи бўлгани учун аччиқ чой, кофе, кола каби юқори кофеинли ичимликларни истеъмол қилмаслик керак.

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page