19-ҲАФТА
@ginekologimСиз ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасига етиб келдингиз! Биз ҳомиладорликнинг 19-ҳафтаси ҳақида ҳамма нарса билан қизиқаётганингизни сезиб турибмиз. Албатта, биз берадиган маълумотлар даволовчи шифокорингиздан ўрганадиган ахборотларнинг ўрнини тўлиқ босмайди, аммо биз ҳар доимгидек, 19 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши ва 19 ҳафталик ҳомиладорлик ҳақида билганларимизни ёздик. Марҳамат, танишинг!
19-ҳафталик ҳомила ривожланиши
Аввало, "19 ҳафталик ҳомиланинг вазни неча грамм ва унинг бўйи неча см?" деган саволларга жавобларни кўриб чиқайлик.
19 ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 13-15 см
19 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 200-225 г.
Сизга қизиқарли маълумот бериб ўтайлик. Балки ишонмассиз, аммо ҳомилангизнинг вазни шу ондан эътиобран туғулгунга қадар 15 бараварга ортади.
19 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатларини сезиш мумкинми?
Мушаклар билан мия ўртасидаги алоқани таъминлайдиган “мотор”ли нейронлар шаклланишда давом этмоқда. Натижада, ҳомилангиз:
ихтиёрсиз ҳаракатлар қилмоқда;
бармоғини сўрмоқда;
ихтиёрий равишда бошини қимирлатишга ўхшаш мушаклар ҳаракатлари ҳам кузатилиши мумкин. Шундай экан, сиз ушбу ҳаракатларни сезишингиз эҳтимоли мавжуд!
"Мен 19 ҳафталик ҳомиладорман, боламни ҳаракатларини сезмаяпман!" дея хавотирланишга ҳожат йўқ! Яқин кунларда сиз ҳам ушбу ҳаракатларни сезишни бошлайсиз. Илгари айтганимздек бу сезги ҳар кимда турли муддатда рўй беради. Ортиқча ташвишланишга ўрин йўқ.
Верникс: Сезувчан териси ҳимоя остида!
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида, ҳомиланинг сезувчан териси, атрофидаги амниотик суюқликдан ҳимоя қиладиган ва тузилиши ёғли, бринзага ўхшаш верникс деган модда билан қопланган бўлади. Чунки бу модда уни ёриқлар ва тирналишдан ҳимоя қилади. Туғилишга яқинлашганда бу модда ўз-ўзидан йўқолади, аммо баъзида эрта туғруқларда у ҳануз бола баданида мавжуд эканлигини кўриш мумкин.
Эй-воҳ, ҳомилам пешобини ичадими?!
Хушҳабар! Энди ҳомиланинг буйраклари пешоб ишлаб чиқариши мумкин. Туғилгандан сўнг, бу қобилият сизга бир талай тагликлар тўпламини “армуғон” қилади, лекин ичкарида ишлар сал бошқача амалга оширилади. Пешоб ҳомила ҳам ичида жойлашагн амниотик суюқлик қопчасида ишлаб чиқарилади. Ҳа, она қорнида 19 ҳафталик ҳомила пешобни чиқаради ва яна уни ютади, кейин у яна чиқариб ва яна ютади ...
Аммо ҳомила стерил муҳитда яшагани учун унинг пешобидан зарар йўқ. Шунинг учун ичида пешоб бўлган амниотик суюқликни ютишининг хавотирли жойи йўқ.
Навбат Қуръон тиловати эшитишга!
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида ҳомиланинг эшитиш қобилияти яхшиланди. У ҳатто турли овозларни ва ҳатто суҳбатларингизни ҳам эшитиши мумкин. Албатта, овозлар ичида энг яхши билингани сизнинг овозингиз! Зеро у билан битта танадасиз-да. Агар сиз у билан гаплашсангиз ёки бирор ҳикоя айтиб берсангиз, у буни жон деб эшитиши мумкин. Унга энг ёқимли овоз эса бу шубҳасиз Қуръони−Карим тиловатидир. Агар имкон бўлса ўз овозингиз билан ўқиб беринг. Ҳеч бўлмаса чиройли тиловатларни қўйиб беринг. Зеро ҳомилаликдан чиройли ва хуш нарсалар эшитган бола келгусида ҳам шундай гўзал хислатларга ошно бўлиб етишади. Бу муҳим фурсатдан унумли фойдаланинг!
Шифокорингиз томонидан олинган ҳомилангизнинг 19 ҳафталик ультратовуш сурати айнан шундай бўлмаслиги мумкин. Бу сизни хавотирга солмаслиги керак. Ҳомиланинг қориндаги ҳаракатлари ва ҳолатлари ҳар бир аёлда турлича бўлиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар
Оналикка номзодларни энг кўп қизиқтирадиган саволлардан бири билан бошлайлик: Ҳомиладорликнинг 19 ҳафтасида она қорни қанча катталашади? Киндик остидан сезила бошлаган бачадоннинг ўлчами 13 см. Энди у ўзини очиқ намоён қилиб турибди. Бачадоннинг юқори нуқтаси 20-ҳафталарда киндик жойлашган даражага яқинлашиб қолади.
Бу ойнинг охирида бачадон энди киндикдан 2 см баландроқда бўлади. Ушбу муддатда сиз энди ҳомиладор эканлигингизни ҳеч кимдан яшира олмайсиз.
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида вазн масаласи ҳам кўпчилик қизиқадиган мавзулардан. Ҳозирга қадар олинган ўртача вазн 3,6 дан 6,3 кг гача. Ушбу вазннинг атиги 200 грамми соф ҳомилани ўзига тегишли. Йўлдош деярли 170 грамм, амниотик суюқлик эса 320 граммни ташкил қилади. Бачадоннинг оғирлиги 320 грамм, ҳар бир кўкракнинг оғирлиги 180 грамм атрофида. Бу, албатта, ўртача кўрсаткичлар.
19 ҳафталик ҳомила неча ойлик?
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтаси ҳам 5-ойга тўғри келади. Шундай экан, сиз ҳомиладорликнинг 5-ойи ва 2-триместридасиз.
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида кузатиладиган аломатлар
Бош айланиши ҳомиладорлик пайтида жуда кенг тарқалган шикоят бўлиб, одатда қон босимининг пасайиши туфайли юз беради. Буни ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида учраб турадиган муаммолардан бири сифатида ҳисоблашимиз мумкин, зеро кўпинча 2- триместрда кузатилади. Бироқ, у ҳаммада тана тузилши турлича бўлгани сабабли фарқли бўлиши мумкин ва бу муддатдан илгарироқ ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли бор.
Ҳомиладорлик пайтида гипотензия (қон босимининг меъёрдан паст бўлиши) тўрт сабабга кўра юзага келиши мумкин:
1. Ўсиб бораётган бачадон аорта томирига босим ўтказади: бу одатда сиз ётганингизда содир бўлади. Бу ҳолатда орқа билан (чалқанча) ётмаслик орқали унинг таъсирини камайтириш мумкин.
2. Бирдан тик оёққа туриш: ўтирган, чўккалаган ва тиз чўккан ҳолатлардан тезда оёққа тик турган вақтда рўй беради. Ер тортишиш кучи сабабли қон миядан айрилгани учун, тез оёққа турганда қон босимингиз пасаяди. Секин туриш ва оз-оздан кўниктириб бориб туриш муаммони камайтириши мумкин.
3. Анемия: камқонлик бош айланиши, чарчоқ ва ҳолсизлик келтириб чиқаради. Ҳомиладорлик пайтида қон таҳлиллари мунтазам равишда назорат қилинади. Агар қон таҳлилида муаммо бўлса, бу бош айланишининг сабабларидан биридир.
Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)
4. Қонда шакар миқдори: бу миқдорнинг меъёрдагн юқори ёки паст бўлиши бош айланиши ёки чарчоқни келтириб чиқаради. Сиз бу муаммони мувозанатли ва режали овқатланиш ёрдамида, оралиқ овқатларни тарк этмасдан ва узоқ вақт оч қолмасдан ҳал қилишингиз мумкин.
Агар қон босими юқори бўлса қуйидаги мақола билан танишинг: Ҳомиладорликда қон босими
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида нималарга эътибор бериш керак?
Ҳомиладорлик даврида ўсимлик маҳсулотлари истеъмол қилиш
Кундалик ҳаётимизда ўсимлик маҳсулотларидан қанча фойдаланаётган бўлсак-да, ҳомиладорлик даврида шифобахш ўсимликлардан фойдаланиш тўғрисида албатта шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак. Масалан, сизда қабзият (ич қотиши) бўлса, сано ўтидан чой дамлаб ичишни хоҳлашингиз мумкин. Аммо сано ўти бачадондаги мушакларни таранглаштириши ва ҳомила тушишига олиб келиши мумкин.
Баъзи ўтли дамлалмалар сизнинг ёки ҳомилангизнинг ичакларини безовта қилиши мумкин. Шунинг учун, ҳар қандай ўтли дамламалар ёки шифобахш гиёҳлардан фойдаланганда, албатта шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак. Ёдингизда бўлсин, ҳомиладорлик касаллик бўлмаса-да, тана ва ундаги гормонлар бутунлай бошқача ишлайдиган даврдир.
Ҳомиладорлик даврида калций истеъмоли
Ҳомиладорлик даврида ҳомиладорликдан олдинги кунларга нисбатан калцийга бўлган кунлик эҳтиёж 50 фоизга ошади. Ҳар куни тахминан 1200 мг калцийни қабул қилиш жуда муҳимдир. Албатта, аниқ миқдорни шифокор билан маслаҳатлашиб ҳал қилишингиз керак.
Сут, қатиқ, йогурт, пишлоқ, бринза, бодом, тофу (сояли творог), брокколи каби маҳсулотлар калцийга бой.
Бизда фойдали мақола бор: 2-триместрда қандай овқатланиш керак
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида қандай ётиш керак?
Сиз кўпинча чалқанча (орқа билан) ётиб ухлагансиз. Балки қоринга ҳам ётган бўлишингиз мумуин. Аммо энди сиз қоринга ётишга қўрқаётган бўлишингиз ва қулай ётиш ҳолатини тополмай қийналаётган бўлишингиз мумкин. Сиз ҳақлисиз, одатда, чалқанча ётиш ва қоринга ётиш ҳомиладорликда маъқул ётиш ҳолати саналмайди.
Орқа билан, яъни чалқанча ётиш:
Қорин ва бачадоннинг барча оғирликларини ичакларга, орқа соҳага ва асосий қон томирларга ўтказади.
Натижада бу босим орқа елка (сирт) ва бел оғриғини кучайтириши мумкин.
Бу ҳазмсизликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Бу қон айланишига таъсир қилиши ва қон босими пасайиши оқибатида бош айланишни келтириб чиқариши мумкин.
Сиз учун энг маъқул ётиш тарзи – ёнбошга ётиш. Ўнг ёки чап ёнбошга ётиб, бир оёқни иккинчиси устига ташлаб орасига ёстиқ қўйиш сиз учун ҳам, ҳомила учун ҳам маъқул ётиш тарзи бўлади. Бундай ётиш тарзи:
Қўл ва оёқлардаги шишларни камайтиради;
Буйракларнинг самарали ишлашини таъминлайди.
Тун бўйи бундай ётиш тарзини сақлаб ётиш осон эмас, бироқ сиз орқа томонга ёстиқ қўйиб олсангиз ёки ҳомиладорлар учун мўлжалланган махсус ёстиқдан фойдалансангиз, бу сизнинг чалқанча ётишингизнинг олдини олиши мумкин.
Ушбу мақолани ўқидингизми? Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар
Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида саёҳат
Албатта қайнонангиз «Ҳомиладорликда саёҳатга бало борми?» дейиши турган гап. Бироқ беш қўл баробар эмас. Кимдир саёҳатга чиққиси келар. Ҳомиладор бўлганингизда, таътил ва саёҳат вақтларини тайнилаш жуда муҳимдир. Агар сиз узоқроқ жойга борадиган бўлсангиз, 2-триместр, шу жумладан 19-ҳафта маъқул давр бўлиши мумкин. Биринчи триместрда ҳам хавфсиз кечаётган ҳомиладорликда ҳам узоқ сафарларга бориш жуда мушкул бўлиши мумкин. Айниқса, кўнгил айниш ва чарчоқ каби аломатлар кучли бўлса. Учинчи триместрда эса тананинг оғирлашиши ва туғруқнинг яқинлашиши сабабли уйдан узоқлашиш унчалик маъқул саналмайди.
Қачон саёҳат қилишдан ташқари, қаерга саёҳат қилиш ҳам муҳимдир. Моддалар алмашинувининг кучайиши туфайли иссиқ ва нам иқлимга дош бериш қийин бўлиши мумкин. Юқори баландликлардаги жойларга бориш ҳам ноқулай бўлиши мумкин, чунки кислород миқдорининг пасайишига мослашиш ҳомила учун ҳам, сиз учун ҳам хатарли бўлиши мумкин.
Боришдан олдин эмлаш зарурати бўлган ҳудудлар ҳомиладорлик пайтида тавсия этилмайди. Вакциналар ҳомиладорлик пайтида хавфли ҳамда шу билан бирга турли юқумли касалликлар юқтириб олиш таҳликаси юқори бўлгани сабабли Осиё, Африка ва Жанубий Америка каби минтақалар ҳомиладорликда саёҳат қилиш учун ноқулай ҳисобланишини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим.
Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.
ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ
Каналга уланинг:👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ