18-ҲАФТА

18-ҲАФТА

@ginekologim
18-ҳафталик

 17-ҳафта 19-ҳафта

 

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасига хуш келибсиз! Келинг, ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида нималарни бошдан кечиришингизни кўриб чиқайлик. 18 ҳафтали ҳомиладорликнинг ривожланиши ҳақида батафсил ҳаммаси шу ерда!

 

18 ҳафталик ҳомила ривожланиши

 

“18 ҳафталик ҳомила неча грамм ва ҳомиланинг бўйи неча см?” деган саволга жадвалда жавоб берамиз.

 

18 ҳафталик ҳомиланинг бўйи –   12.5 - 14 см
18 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 150 - 170 г.

 

18 хафталик ҳомиланинг бурилишлари, тепинишлари ва муштлари энди сиз ҳам сезадиган даражада кучайиб бормоқда.

Айни пайтда у ўзлашитираётган қобилиятлар қаторига эснаш ва ҳиқичоқлар ҳам қўшилди.

Гарча ишониш қийин бўлса-да, аммо қўл ва оёқ бармоқлари излари аллақачон тўлиқ шаклланиб бўлган.

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида агар юракда баъзи анормалликлар мавжуд бўлса уларни ультратовуш ёрдамида аниқлаш мумкин. Ультратовуш текширувида тажрибали шифокор муайян юрак нуқсонларини кўриб чиқади. Агар анормаллик борлигига шубҳа қилса, ҳомиладорликни ривожланиши давомида кузатиш учун кўпроқ ультратовуш текширувлари ўтказилади.

 

18 ҳафталик ҳомиладорлик неча ойга тўғри келади?

 Бу ҳафта билан сиз ҳозирда ҳомиладорликнинг 5-ойига кирдингиз ва ҳали ҳам 2-триместердасиз!

 

18 ҳафталик ҳомилада ҳаракатлар

 Бир пайтлар мавҳум бўлган ҳомилангиз энди қўл билан ушлайдиган даражада тезда катталашди. Биз «Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида ҳомила ҳаракатлари сезиладими ёки йўқми?» деган саволга қизиқаётганингизни тушуниб турибмиз. Катта эҳтимол билан бу ойда ёки  келгуси ойнинг бошида ҳомилангизнинг ҳаракатларини биринчи марта ҳис қиласиз.

Чунки ичкарида ҳаёт борлиги ҳақидаги биринчи туйғу 14-ҳафтадан 26-ҳафтагача бўлган муддат орасида сезилади, лекин асосан 18 ва 22-ҳафталар ўртасида рўй беради. Бу мўъжизавий туйғу ва ҳозирда катталашиб бораётган қорнингиз ниҳоят сизни ҳақиқий ҳомиладордек ҳис қилишингизга ёрдам беради.

 

18 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири


 Сизнинг 18 ҳафталик ҳомилангизнинг ультратовуш тасвири айнан бу суратда кўрсатилгандек бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун асло ташвишланманг. Ҳар бир ҳомиланинг ҳаракати ва ҳолати ўзига хос бўлиши мумкин.

 

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

 Сизнинг бачадонингиз энди кичик қовундек бўлиб қолган! Сиз буни киндигингиз остида ҳис қилишингиз мумкин.

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида вазнга неча килограмм қўшилади? деган савол кўпчиликни қизиқтирадиган мавзулардан бири. Шу пайтга қадар сиз жами 4.5 дан 5.8 килограммгача вазн олган бўлишингиз керак. Аммо бу миқдор ўзгарувчан бўлади. Баъзи аёллар илк паллада жуда кўп вазнга эга бўлишлари мумкин, бошқалари эса фақат 2-триместрда вазн олишни бошлайдилар.

Агар сиз ушбу оралиқдаги миқдордан кўпроқ вазн тўплаган бўлсангиз, шифокорингиз билан маслаҳатлашиш орқали бирор парҳезшунос (диетолог) мутахассисдан ёрдам олишингиз мумкин. Сиз ҳали ҳомиладорликнинг энди ярмига етиб келдингиз, бу ёғига сиз янада кўпроқ вазн оласиз. Шунинг учун, вазн ортишини назоратга олишингиз керак.

Ҳомиладорликнинг бошида сиз тана вазни кўрсаткичи бўйича ҳисобланадиган меъёрдаги вазн миқдоридан ортиқча вазн олмаслигингиз керак. Ҳаддан ташқари ортиқча вазн ҳомиладорлик даврида турли асоратларни келтириб чиқариши ва туғруқдан кейинги давр учун ҳам ортиқча ташвиш бўлиши мумкин.

 

Ҳомиладорлик 18-ҳафтасида жинсини аниқ билса бўладими?

 Ҳомиладорликнинг 20-ҳафтасига қанчалик яқин бўлса, жинсини аниқ билиш эҳтимоли шунча кўпроқ бўлади. Аммо жинсни аниқлашда ҳомиладорлик ҳафтасидан ташқари яна бир қанча омиллар ҳам мавжуд. Ультратовуш аппарати модели, шифокорнинг тажрибаси ва энг муҳими эса ҳомиланинг бачадондаги ҳолати. Баъзида ҳомила ультратовуш текширувида жинсий аъзоларни кўрсатмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда эса, баъзида 20-ҳафтагача ёки ҳатто ундан кейинги ҳафталаргача ҳам жинсини аниқ билиш эҳтимоли камроқ бўлиши мумкин.

 

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда тиш даволатиш

 

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида кузатиладиган аломатлар

 Эсингизда бўлсин, биз ҳар доим таъкидлаганимиздек, ҳар бир ҳомиладорлик ўзига хос ва ҳар бир аёл учун фарқли тарзда намоён бўлади. Ҳомиладорлик даврида муайян аломатлар бўлади, аммо ҳар бир аёл уларни турли даражаларда ва турлича такрорланишларда бошидан ўтказади. Демак, 5-ойда, хусусан 18-ҳафтада ҳис қилишингиз мумкин бўлган аломатлар:

 

Ҳомиладорлик 18-ҳафтасида сирт (орқа елка соҳаси) ва бел оғриғи:

 Ҳомиладорликда, тос бўшлиғида одатий равишда барқарор бўлган бўғинлар туғиш асносида боланинг осон ўтишини таъминлаш учун бўшаша бошлайди. Бунга жадаллик билан ўсаётган қорнингиз ҳам қўшилса, танангиз мувозанати бузилади. Бу бузилишни мувозанатлаш учун сиз елкангизни орқага ташлаб, бўйнингизни эгасиз. Тик турганингизда, қоринингизни олдинга чиқаришга мойил бўласиз. Натижа эса: анчайин эгилган бел, тортилган орқа елка мушаклари ва ҳатто оғриқ!

Бу муаммони ҳал қилиш йўллари:

Текис ҳолатда ўтиринг, иложи борича қад-қоматни тик тутинг;

Узоқ муддат ўтирманг ва узоқ муддат тик оёқда турманг;

Оғир юкларни кўтаришдан сақланинг;

Белгиланган меъёрдагидан ортиқча вазн тўпламанг;

Тўғри пойабзал танланг (узун пошнали пойабзаллардан узоқ бўлинг);

Ҳомиладорлар учун мўлжалланган махсус ёстиқдан фойдаланинг;

Юқорига кўп узанманг;

Сирт мушакларнинг оғриғи учун илиқ / совуқ компресс қилинг;

Ўзингизни бўш қўйинг, енгил ҳис қилинг ва стресс сабабли баданнинг таранглашишига йўл қўйманг.

 


Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида қорин ва чов оғриғи:

 Қориннинг пастки қисмида ва чов соҳасида ҳис қилинадиган оғриқ  ўсаётган бачадонни қўллаб-қувватлайдиган мушаклар ва тўқималарнинг таранглашиши сабаблидир. Бу кескин ва тўсатдан тортишиш шаклида ёки янада кучлироқ оғриқ тарзида намоён бўлиши мумкин. Буни тўшакдан ёки стулдан тураётганда ёки йўталганда кўпроқ ҳис қилиш мумкин. Бундай оғриқлар қисқа вақт ёки бир неча соатгача ҳам давом этиши мумкин. Бу мутлақо меъёрий ҳолат.

 Агар иситма сабабли титроқ, қон кетиш ва бош айланиши каби бошқа аломатлар бўлмаса, у безарардир. Оёқларингизни узатиб қулай тарзда дам олиш фойдали бўлади. Бироқ янада хотиржам бўлишингиз учун сиз шифокорингиз билан бу каби оғриқлар ҳақида маслаҳлатлашиб кўришингиз керак.

 

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида тез-тез пешоб қилиш:

 Ҳомиладорликнинг энг кенг тарқалган муаммоларидан бири тез-тез пешоб қилишдир. Пешоб йўли инфекциялари сизни тез-тез ҳожатхонага боришга мажбур қилиши мумкин. Ҳомиладорлик даврида пешоб йўли инфекцияси сийдик қопчаси ва буйракларни ҳам ўз ичига олган энг кенг тарқалган муаммодир. Бачадон ўсиши билан пешоб йўлини тўсиб қўяди. Сийдик қопчаси инфекциясининг энг билинган аломатлари: ҳадеб пешоб қилишга интилиш ҳисси, тез-тез ва оғриқли пешоб қилиш, айниқса пешобдан кейинги оғриқ ва ачишиш, ҳатто жиддийроқ инфекция бўлганида қон кетиш ҳолати ҳам кузатилиш мумкин.

 Бундай аломатлар бўлганда пешоб қилишга бўлган эҳтиёжни кечиктирманг ва асло ушлаб турманг. Эҳтиёж пайдо бўлиши билан дарҳол ҳожатхонга боринг. Кўп-кўп сув ичинг. Бундай хавотирли вазиятга дуч келсангиз, албатта шифокорингизга хабар беринг ва керакли текширувлардан ўтинг. Вақтида даволанмаса, ҳомилада асоратлар келтириб чиқариши мумкин.

 

Ушбу савол қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда буйрак шамоллашига нима маслаҳат берасиз?

 

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида оёқлар шишиши ва катталашиши:

 Ҳомиладорликда танангизнинг катталашдиган қисми бу қорнингиз бўлади. Ушбу жараёнда сиз оёқларингиз катталашгани ва  шишганини ҳам кўрасиз. Шундай экан, ҳомиладорлик даврида сиз қимматбаҳо пойабзаллардан узоқ турсангиз, бу оилавий бюджетингиз учун ҳам яхши бўларди.

Танадаги бундай ўзгариш ҳомиладорликда шишлар ва вазн ортиши билан боғлиқ бўлса-да, унинг яна бир сабаби мавжуд. Тос соҳасидаги бўғинларни бўшаштирувчи гормон, фақат тос соҳаси билан чекланмай балки оёқдаги мушаклар ва боғламларни ҳам бўшаштиради, натижада суяклар ораси бироз очилиб, оёқлар катталашишига олиб келади.


Шунинг учун сиз оёқларингиз роҳатига ҳар нарсадан кўпроқ эътибор беришингиз керак. Бир муддат урф ва модаларга чек қўйиб, оёқларингиз учун қулайликка диққатингизни қаратишингиз керак. Уларга дам беринг, узатинг, уқаланг, енгил машқлар қилинг, бир ўлчам каттароқ пойабзал сотиб олинг ва оёқларингизни севинтиринг!

 

Бу мақола билан танишдингизми: Ҳомиладорликда қон босими

 

Ҳомиладорликнинг 18-ҳафтасида нималарга эътибор бериш керак?

 Бачадон ўсиши ва қорин катталишиши натижасида, бу ҳолат мувозанат туйғусига ҳам таъсир қилиши мумкин. Сиз ўзингизни ноқулай ҳис қилишингиз мумкин. Шунинг учун, жисмоний фаоллик ва турли жисмоний машқлар сиз учун ҳам, болангиз учун ҳам фойдали бўлади. Аммо сиз бу борада баскетболга ўхшаш осонгина йиқилиш, шикастланиш ва қорнингизга зарба келиши мумкин бўлган спорт турларидан сақланишингиз керак.


Сузиш ва юриш ҳомиладорлик даврида энг муносиб машқлардир. Агар сиз илгаридан велосипедда минишни билсангиз хавфсиз жойда, ўзингизни ортиқча қийнамайдиган тарзда бирор кишининг ҳамроҳлигида минишингиз мумкин. Аммо биз кўпроқ ҳомиладорликдаги пилатес машқларини тавсия қиламиз. Албатта бу борада ўз шифокорингиз билан маслаҳат қилган ҳолда бажаришингиз мақсадага мувофиқ бўлади.

 

Бу мақола қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)

 Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ



Report Page