17-ҲАФТА

17-ҲАФТА

@ginekologim


17-ҳафталик

 

16-ҳафта 18-ҳафта

 

Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида бачадонда “болача”нинг ривожланиши, онадаги ўзгаришлар ва бошқа сиз учун эътиборга молик мавзулар ҳақида ёздик! Қани, мавзулар билан танишишни бошладик, бўлмаса!

 17 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши

 17 ҳафталик ҳомила 4-ойга тўғри келади, янада аниқроғи 4-ойнинг охирги ҳафтаси ҳисобланади. "17 ҳафталик ҳомиланинг вазни қанча?" деган савол сизни қизиқтираётган бўлса қуйидаги жадвалга қаранг:

 

 17 ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 11-13 см
17 ҳафталик ҳомиланинг вазни −100-150 гр

 

Ушбу ҳафта давомида у деярли кафтингиз очилган ҳолатидек ўлчамга келиб қолган бўлади.

Бу ҳафта ва келгуси ҳафталарда танангизда ёғ тўплана бошлайди. Ёғ тўқимаси танадаги иссиқликни сақлаш ва модда алмашинуви учун муҳимдир. Ҳомиладорликнинг охирида ўртача 3.5 килограммдаги ҳомилада ёғ миқдори 2.4 килограммни ташкил қилади.

Бу ҳафтада ҳам ҳомила ўша орзу қилинган туғиладиган кунига тайёргарликни давом эттирмоқда. Ҳозирда у машқ қилаётган энг муҳим қобилият - бу сўриш ва ютинишдир! Бошқача қилиб айтганда, у кўкракдан оладиган илк ютумлар учун ҳозирланмоқда.

Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида юрак уриши мия томонидан бошқарилади. Шундай қилиб, энди тартибсиз юрак уришлар тугади. Бир дақиқада 140-150 марта равон урмоқда.

17 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири

   Сизнинг ҳомилангизнинг 17 ҳафталик ультратовуш тасвири айнан бу ердаги билан бир хил бўлмаслиги мумкин. Ҳар бир ҳомиланинг ҳолати ва ҳаракатлари ҳар хил бўлади. Бу сизни хавотирга солмаслиги керак.

 

Ҳомиладорликнинг 17 ҳафтасида ҳомиланинг ҳаракатлари

 Сиз бу ҳафтада ёки тез орада ҳомилангиз қимирлаётганини сезишингиз мумкин. Аммо 17 ҳафталик боланинг ҳаракатлари ҳар куни сезиладиган даражада эмас, шунинг учун агар ҳаракатини сезмаётган бўлсангиз хавотирланманг. Ҳомила ўсиб улғайган сайин, у ўзи вақти келиб  ўзининг кучли ва ҳаракатчан эканлигини сизга билдиради.

Сиз "17 ҳафталик ҳомиладор бўлсам, ҳомиламнинг ҳаракатларини сезмаяпман!" деётган бўлсангиз тавшишланманг. Оналарнинг жуда кам қисми, айниқса биринчи фарзандини кутаётганлар орасида жуда ози 4-ойда биринчи тепкини ҳис қилишади. Аслида ҳомила 7-ҳафтадан бошлаб ҳаракат қила бошлайди, аммо ҳали қўллари ва оёқлари кичкина бўлгани учун она томонидан бу ҳаракатлар сезилмайди.  

Ичингизда ҳаёт борлиги ҳақидаги илк туйғу 14-ҳафтадан 26-ҳафта орасида, кўпинча эса 18-ҳафтадан 22-ҳафта орасида сезилади. Албатта, бу ўртача кўрсаткичдан четлашиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

 Ҳомиладорликнинг 17 ҳафтасида онада қандай ўзгаришлар рўй беради?

Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида қорин катталашгани энди аниқ кўринади. Ҳомиладор эканлигингиз ташқи томондан аниқ билинади ва қориннинг пастки қисми сезиларли даражада қаппайган бўлади. Киндик остидаги бачадоннинг бўртиб турган ўлчами тахминан 5 см атрофида.

Сизнинг қорин бўшлиғингиздаги ўзгаришларни сезишнинг энг яхши усули - бу турмуш ўртоғингиз билан қучоқлашиш. Ҳар қучоқлашганда кун сайин орадаги масофа қанчалик очилишини кўришингиз мумкин. Сиз ҳатто ўзингиз учун кичик эсдалик альбоми ҳам қилишингиз мумкин. Ҳар ҳафта бир жойда ва бир хил кийимда бир-бирингизни қучоқлаб расмга олинг ва охирги расмни туғилган кундан бир ҳафта кейин олинг. Бу гал кичкинтойингиз қоринда эмас, қучоғингизда бўлади.

Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида кундалик ҳаётда ўзингизни қулай ҳис қилиш учун кенг кийим кийишни бошлаш маъқулроқдир. Энди сиз қорнингизни ёки мушакларингизни сиқадиган бели тор, ноқулай кийимлардан воз кечишингиз керак.

Қорин соҳасидан ташқари, тананинг қолган қисмлари ҳам кундан-кунга ўзгариб боради. Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасига қадар 2.25 кг дан 4 килограммгача вазн олишни меъёр деб ҳисоблаш мумкин.

 Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида ҳомила жинсини аниқласа бўладими?

Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтаси - жинсни аниқлашга имкон берадиган ҳафталардан бири. Жинсий аъзолар бунга фурсат берадиган даражада  етарли ривожланган бўлади. Аммо жинсни аниқлаш учун ультратовуш текширувига таъсир қилувчи баъзи омиллар мавжуд.

- ультратовуш текширувида ҳомиладорлик ҳафтаси;

- ҳомиланинг қориндаги ҳолати;

- ультратовуш аппаратининг сифати;

- шифокорнинг тажрибаси каби омиллар жинсини қайси ҳафта аниқ айтиш мумкинлиги ҳақида фикр билдиришимизни қийинлаштиради. Аммо 17 ҳафтада ҳомила жинси кўпроқ эҳтимоллик билан аниқланиши мумкин.

 Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида бачадондаги ўзгаришлар: у тобора катталашиб бормоқда!

Ҳомиладорлик муддати ўтган сари бачадоннинг юқори қисми деярли шарсимон шаклга келади.

Унинг узунлиги кенглигидан тезроқ ўсади. Шунинг учун бачадон думалоқ эмас, балки овал шаклда бўлади.

Бу ёғига энди бачадон тос бўшлиғини тўлдирган бўлиб, қорин томон ўсишни бошлайди.

Ичаклар ҳам юқорига ва ён томонларга сурилади.

Бачадон охир-оқибат жигаргача сурилади. У гарча ҳаракат қилмаса-да, лекин бир нуқтага боғлаган ҳам эмас.

Сиз оёқда турганингизда бачадон олд қорин деворига тегади.

Сиз бу ҳолатда бачадонингизни осонгина ҳис қилишингиз мумкин.

Ётганингизда эса у бел соҳаси томонга ва қон томирларига қараб сурилиши мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда нималар таъқиқланади?

   

Бачадон юмалоқ бойлам оғриғи нима?

Юмалоқ бойламлар (связка) бачадон юқори қисмининг иккала ён томонидан тос ён соҳаси деворига улашган бўлади. Ҳомиладорлик даврида, бачадон ва ҳомиланинг ўсиши натижасида бу бойламлар чўзилиб, тортилади. У узунроқ ва ингичка ҳолатга келади. Сизнинг ҳаракатларингиз бу бойламни янада чўзиши мумкин. Аммо қўрқманг, бу ташвишли ҳолат эмас, балки сизнинг бачадонингиз ўсаётганлигини англатади. Буларнинг барчаси ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида бачадон оғриғи ва бачадон тортишишининг сабаби бўлиши мумкин.


Оғриқ иккала томонда ёки фақат бир томонда бўлиши мумкин. Бу эса сиз учун ҳам ёки ҳомилангиз учун ҳам зарарли эмас. Оғриқ бўлса, ётиш ва дам олиш орқали ўзингизни яхши ҳис қилишингиз мумкин. Агар оғриқ кучли бўлса ва бошқа аломатлар билан бирга бўлса, сиз албатта шифокор билан маслаҳатлашишингиз керак. Жиддий муаммолар ҳақида огоҳлантирувчи аломатлар эса қуйидагилар бўлиши мумкин:

- қиндан қонли ажралма келиши;

- қиндан сув кетиб қолиши;

- кучли оғриқ;

Қиндан келадиган ажралманинг ортиши: бу инфекциями ёки йўқми?

Ҳомиладорлик даврида ажралманинг ортиб бориши меъёрий ҳолатдир. Ушбу ажралма одатда оқ ёки оч сариқ ва анча қуюқроқ бўлади. Одатда инфекция ишорати бўлмайди.

Агар сизда кўп ажралма келса, сиз тагликлардан фойдаланишингиз ва уни тез-тез алмаштиришингиз керак.

Тор ва нейлонли ичкийимлар кийишдан сақланишингиз керак.

Ҳаво айланишини таъминлайдиган пахта матоли ичкийимларни афзал билишингиз лозим.

Инфекциялар ҳомиладорлик даврида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Агар ажралма бадбўй ҳидли бўлса бу кўпинча инфекциядан далолат қилади.

Унинг ранги сариқ ва яшил бўлади.

Одатда яллиғланиш ёки қичишишни келтириб чиқаради.

Бу мушак ва қин соҳаси оғриғига олиб келиши мумкин.

Агар сизнинг шикоятларингиз шунга ўхшаш бўлса, албатта шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

Кўпгина шифокорлар ҳомиладор бўлганингизда (ҳатто ҳомиладор бўлмасангиз ҳам) қин ичини ювмаслик керак деган фикрда якдиллар. Кучли босим билан пуркайдиган душлар қин ичидаги кислотали−ишқорий муҳит миқдорини (ph) бузгани сабабли улардан эҳтиёт бўлган маъқул.

 Шу мавзу қизиқтирса ўқинг: Бачадондан ташқаридаги ҳомиладорлик нима?

   

Ҳомиладорлик даврида оёқ тортишишлари борасида кичик эслатма!

Агар оёқларингизда тортишиш бўлса, узоқ вақт тик оёқда турмаслик керак.

Иложи борича тез-тез ёнбошга ётишга ҳаракат қилишингиз керак.

Бунда керишиш машқлари ҳам ёрдам бериши мумкин.

Тортишиш бўлган жойларига 15 дақиқадан ошмаган тарзда иссиқ компресс ҳам қўйиш мумкин.

Оёқдаги тортишишларнинг олдини олиш учун калийга бой бўлган туршак, майиз ва банан каби меваларни таомномангизга қўшишингиз мумкин.

Калий танада тортишишлар пайдо бўлишининг олдини олади.

Шунингдек, кунига 2-3 литр сув ичаётганингизга ишонч ҳосил қилишингиз керак.

Енгил жисмоний машқлар оёқ тортишишини камайтиришга ёрдам беради.

 Ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида овқатланиш: гўшт истеъмол қилиш керакми ёки йўқ?

 Баъзи аёллар вегетариан тарздаги овқатланишни афзал кўришади, бошқаларнинг эса ҳомиладорлик пайтида гўштдан кўнгли совийди. Аммо ҳомиладорлик пайтида ҳайвон гўшти оқсиллари жуда муҳимдир. Албатта, ҳомиладор бўлганингизда вегетариан таомларини истеъмол қилиш ўз танловингиз, аммо сиз истеъмол қиладиган овқатларнинг турига ва озуқавийлигига жуда эътиборли бўлишингиз керак.

Агар сиз гўшт истеъмол қилишни тўхтатсангиз, озуқавий энергия эҳтиёжларини қондириш учун етарли калория миқдорини олишингиз керак бўлади. Булар эса сифатли калория бўлиши керак. Барра сабзавот, мева ва дуккаклилар каби.

Бизда фойдали мақола бор: 2-триместрда қандай овқатланиш керак

Озиқлантирувчи қиймати кам ёки умуман бўлмаган калориясиз овқатлардан сақланган маъқул.

Ҳомиладорлик даврида мақсад ўзингиз ва ҳомилангиз учун етарли калория олишингиз учун турли ҳилдаги протеин (оқсил) манбалари билан озиқланишдир. Шунингдек, керакли витамин ва минералларни олиш ҳам жуда муҳим саналади.

Турли хил кепакли донлар,

Дуккаклилар,

Фасоль,

Мош,

Нўҳат,

Маржумак,

Ловия,

Буғдой дони кабиларни истеъмол қилсангиз, темир, рух ва тананинг бошқа минерал эҳтиёжларини таъминлай оласиз. Калций, B гуруҳи витаминлари ва Д витамини эҳтиёжини қондириш учун эса сиз бошқа маҳсулотлардан ёрдам олишингиз керак бўлади.

Хуллас, агар сиз гўшт истеъмол қила олмасангиз, шифокорингиз ва парҳезшунос (диетолог) мутахассис билан тўғри режалаштириш орқали меъёрдаги овқатланиш тартибини йўлга қўйишингиз мумкин.

 Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида


 Учлик ёки тўртлик скрининг

Тўртлик скрининг текшируви ҳомилангизда Даун синдроми бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек, у нерв каналларидаги нуқсонлар каби бошқа муаммоларни ҳам аниқлашда ва олдини олишда ёрдам беради.

Ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасига бағишланган мақоламизда ҳам айтиб ўтганимиздек, тўртлик скрининг текшируви 2-триместрда бажарилиши керак бўлган энг муҳим текширувлардандир. Буни бажариш учун энг маъқул давр ҳомиладорликнинг 15-18-ҳафталари оралиғида бўлади, аммо буни 22-ҳафтагача ҳам бажарса бўлади. Шундай экан, агар сиз ҳали бу текширувдан ўтмаган бўлсангиз, уни ҳомиладорликнинг 17-ҳафтасида ўтказишингиз мумкин.

Тўртлик скрининг текшируви тўртинчи ўлароқ баҳоланадиган қиймат бўлмиш А−ингибин даражасини ҳисобга олмаса учлик скрининг текшируви билан бир хил. Ушбу тўртинчи ўлароқ баҳоланадиган қиймат  (А-ингибин даражаси) стандарт учлик скрининг текширувининг Даун синдромини аниқлаш сезгирлигини 20% га оширади. Шунинг учун, биринчи триместрда иккилик скрининг текширувидан сўнг, учлик скрининг текшируви ўрнига фақат тўртлик скрининг текширувини қўллаш мантиқан тўғри бўлади. Зотан тўртлик текширув шундоқ ҳам учлик скрининг текширувини ўз ичига олади.

 

Бу мақола билан танишдингизми: Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар

   

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page