“Ўлмайдиган бўлдим”
@Sirdaryo– Ман ўлмайдиган бўлдим, – деди Содиқ бобо. – Энди яшайман, узр.
– Ўзийиз биласиз, бобой, – деди сангтарош бамайлихотир. – Ўзи, ёнимга келганлардан бирортаси: “Эртага ўламан, манга қабр тош тайёрлаб қўй”, демаган эди.
Содиқ сувчи олтмишга кирди, лекин шифокор ким, укол нима билмади. Раҳима биби уни пахтазорда туққан экан. Шунданми, Содиқнинг топгани ҳам, йўқотгани ҳам дала бўлди. Даласининг шўрини ювди, кўнгли ўсди, буғдой майсаларига шарбат берди, кўкси осмон бўлди.
Нима бўлса ҳам, Собит деҳқоннинг ўғли-да. Қоғоз-қалам билан эмас, тупроқ билан тиллашиб улғайди.
Йиллар сувчининг пешонасига жўяк тортди. Ғоз қаддини дол қилди. Белидан мадор, кўзидан нур кетди, аммо ғайрати кетмади. Ҳозир ҳам бундайроқ икки-уч бўз боланинг ишини бемалол эплайди. Бироқ бобонинг руҳи бирдан чўкди. Дунёдаги энг азизлари – қадрдон даласи ва шанғи кампирининг хотираси ҳам кўзига кўринмади.
Тул тунда захкаш лабидан гурсиллаб кетаётганди ўшанда. Бехосдан юлғунларга ёндош тиркама билан тўқнашиб, захкаш ичида кўрди ўзини. Ўнг қўли чидаб бўлмас даражада зирқирарди. Умрида биринчи марта тан оғриғидан йиғлади. Лекин дардини достон қилмай юраверди. Охири оғриқ суякдан ўтди.
Бобо кўзини очса, бир нозанин гирдикапалак. Ойжамол жилмайди. Азот туриб, паричеҳрага яхшироқ сўз айтмоққа уринди. Шона қурғур “жаз” этди. Шунда ўнг қўлидан ажраб қолганини сезди. “Оббо, бу касалхона-ку!”.
Энди на ўроқ, на кетмон билан дардлашишга ҳоли бор. Бобонинг инжиқлиги қўзиди. Охирги уч ойда бўлари бўлди. Кўча-кўй нима билмади. Озиб-тўзиди. Теракнинг новдасига ўхшаб қолди. “Э бор-э!” деб нариги дунёга қараб йўл олганди-ю…
“Эртага кампиримнинг ёнига бораман”, деган куни телевизорда ногирон бўлса-да, тиниб тинчимас бир аёл ҳақида кўрсатув бўлди. Бобо мижжа қоқмай кузатди. Ўзидан нафратланиб, тиззасига шапатилаб томоша қилди. “Бир заифа шундай умидбахш суратларни чизаркан-у, мен бадфеъл битта қўлим кесилганига… Худога шукр, кампирим кўрмади бу қаро кунларимни. Бўлмаса, зап устимдан куларкан-да”.
Содиқ бобо эртаси куни саҳар-мардонда туриб, Шоди етимнинг уйи томини ёпиш учун қишлоқдошларини ҳашарга йиққани жўнади.
Обид ҚЎЛДОШ
#Мутолаа