7-ҲАФТА

7-ҲАФТА

@ginekologim
7-ҳафталик

6-ҳафта 8-ҳафта

Сиз ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасидамисиз? Демак 2-ойликсиз. Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида қандай ўзгаришлар бўлади деб қизиқаяпсизми? Келинг, ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида сизни ва чақалоғингизни нималар кутаётганини кўриб чиқайлик.

 

7 ҳафталик чақалоқ ривожланиши

"Қандай қилиб 7 ҳафталик чақалоқ?" деб ҳайрон бўляпсизми? Мана, сиз учун ҳайратланарли маълумот! 7 ҳафталик чақалоқ илк уруғланган тухум ҳужайра ҳолатидан 10 000 марта катталашган бўлади. Ушбу ўсишнинг кўп қисми дастлаб бош қисмда кўп бўлади ва дақиқада 100 ҳужайрага кўпайиш тезлигида янги мия ҳужайралари шакллана бошлайди. Ушбу ҳафтада боланинг бошидан то думғазасигача бўлган узунлиги деярли 4 - 6 мм.

Ҳомиладорликнинг  7-ҳафтасидаги чақалоқнинг ривожланиши:

- ушбу ҳафтада чақалоқнинг оғзи ва тили шаклланмоқда;

- унинг ичаклари ривожланмоқда ва кўричак (аппендикс) ҳам аллақачон тайёр;

- қўл ва оёқларни ҳосил қиладиган бўртмалар пайдо бўлган. Қўл, билак, елка, оёқ, сон ва тизза қисмлари ҳосил бўлмоқда;

- энди унинг буйраклари ҳам бор. У сийдик ишлаб чиқаришни ва бўшаниш ишларини бошлашга тайёргарлик кўрмоқда;

- яратилаётган бош суяги ҳали ҳам шаффоф. Агар микроскоп орқали қаралса, майда миячанинг силлиқ юзасини кўриш мумкин.

- ҳомиладорликнинг 7-хафтасида юрак уришини ҳам эшитишингиз мумкин. Агар олдинги ҳафтада эшитмаган бўлсангиз, ушбу ҳафтада бунга ўзингизни тайёрланг! Агар ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида юрак уриши эшитилмаса, хавотир олманг, сиз 10-хафтагача кутишингиз мумкин.

- 7-ҳафтада ҳомила халтачаси ҳам чақалоғингиз билан ўсиб боради, буни УТТ да аниқ кўриш мумкин.

 

7-ҳафталик УТТ тасвири


 Кичкинтойингизнинг 7 ҳафталик ультратовуш тасвири шундай. Аммо ҳали ҳам чақалоғингиз сурати аниқ эмас, сиз кўрган нарсалар асосан ҳомила халтачасини ташкил қилади.

 

Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасидаги онадаги ўзгаришлар жуда секин бўлади. 7 ҳафталик ҳомила тасвири ҳали унинг ҳолатини аниқ очиб бермайди. Ҳомиладор эканлигингиз ташқи томондан ҳали билнмайди. Агар ўзингиз айтмасангиз, бу ҳафта бошқалар сизнинг ҳомиладор эканлигингизни пайқамайдилар. Агар сиз буни сир сақлаб турмоқчи бўлсангиз, буни осон эплашингиз мумкин. Сиз ҳозиргача бир неча кило вазн олган ёки йўқотган бўлишингиз мумкин. Бу оддий ҳол.

Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасидаги аломатлар ҳали ҳам ҳомиладорликнинг дастлабки давридаги аломатлари билан бир хил. Чунки 7-ҳафта биринчи триместрнинг 2-ойига киради. Бу дегани, сиз ҳали ҳам эрта даврдасиз.

Қуйидаги аломатлар ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида ҳам кузатилади:

- ҳолсизлик;

- чарчоқ;

- уйқу босиши;

- жиғилдон қайнаши;

- тез-тез пешоб қилиш;

- ич қотиши (қабзият);

- метеоризим (ел келиши)

- қорин дам бўлиши;

- бирор егуликка кучли иштаҳа ёки истаксизлик;

- бош оғриғи.


Шундай қилиб, бу ҳафтада сиз санаб ўтилган барча шикоятларни ёки улардан бир нечтасини бошингиздан ўтказишингиз мумкин. Бу аёлдан аёлга фарқ қилиб турадиган жараён.

 

Ҳомиладорликнинг 7-хафтасида кўриладиган аломатлар ҳақида

Кўнгил айниши ҳақида нима дейиш мумкин?

Кўнгил айниши ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида ҳам давом этади. Айниқса эрталаб турганда бошланган кўнгил айниш, ҳаракатланишингиз билан ортади. Одатда эрталаблари кузатилса ҳам, куннинг ҳар қандай вақтида содир бўлиши мумкин. Бунинг учун сиз ёнингизга полиэтилен халтача солиб олсангиз хотиржамроқ юрасиз. Занжабил,  тузламалар ёрдам бериши мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: “Токсикоз” ҳақида яхши хабар! Ва уни енгиллатиш йўллари.

 

Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида кузатиладиган шикоятлар орасида ажралма келиши ҳам бор. Ушбу ҳафтада оқиш, енгил ажралма келишини ҳис қилишингиз мумкин. У сувли, озгина ҳидли ёки ҳидсиз бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида жигарранг ажралма ҳам кўришингиз мумкин. Бунинг сабаби ҳомиладорлик пайтида гормонларнинг кенгаяётган қин деворига таъсиридир.

Батафсилроқ маълумот учун қаранг: Ҳомиладорликнинг илк даврида ажралмалар

 

Бирор егуликка кучли истак (“бошқоронғулик”) ҳақиқатан ҳам бор нарсами?

Агар сиз доимо севиб истеъмол қилган овқатларни кўнглингиз тусамай қолган бўлса;

Сиз илгари ҳеч қачон ёқтирмаган таомларингизни истеъмол қила бошлаган бўлсангиз;

Ҳеч ким сезмайдиган даражадаги овқат ҳидидан беҳузур бўлсангиз; асло ташвишланманг. Ҳомиладорликнинг 7-хафтасида бу жуда меъёрдаги ҳолат.

Ҳозирги даврда кўчада уй кийимида қулупнай, тузланган бодринг ёки беҳи излаб юрган кишини кўриш бу эски даврларнинг урфдаги комедияси холос. Чунки кўпчилик ҳомиладор аёлларнинг истаги бунчалик даражада бўлмайди. Аммо ҳозирда сизнинг турмуш ўртоғингиз буни билмайди. Истаганингизча эркалик қилишингиз мумкин.

Ҳайзолди синдромида кузатиладигани каби ҳиссий тўлқинланишларни бошдан кечиришингиз мумкин. Зўриқиш, тушунарсиз бўлган йиғлоқилик кузатилса ҳам, ҳайрон бўлманг.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда овқатланишнинг 7 та муҳим қоидаси

 

Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида нималарга эътибор бериш керак?

Ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар орасида биринчи навбатда рецептсиз, шифокор тайинисиз дори-дармонларни истеъмол қилмаслик туради. Албатта, бунга сиз ҳомиладорликнинг тўлиқ даврида ҳам амал қилишингиз керак, аммо биз шу ҳафтада ушбу масалага ойдинлик киритамиз.


Аксарият одамлар ўзлари хоҳлаганча ортиқча дори-дармонларни қабул қиладилар. Аслида, бу ҳамма учун зарарли бўлса-да, ҳомиладорлик пайтида кўпроқ эътибор талаб қиладиган масала. Масалан, оғриқ қолдирувчи воситаларда аспирин, кофеин бўлиши мумкин. Йўталга қарши сироплар ва уйқу дориларининг аксарияти таркибида 25% алкогол мавжуд. Яъни бу вино ёки пиво ичишдан фарқи йўқ ҳисоби. 7-ҳафта ҳам ичида бўлган  5-10 ҳафталар ораси ҳомила энг нозик ва заиф бўлган даврлардир. Бундай ҳолатларга алоҳида эътибор беришингиз керак.

Ҳомиладорликда нималарни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун қуйидаги мақоламизга қаранг: Ҳомиладорликда нималар таъқиқланади?

Бундай ҳолатда энг аввало шифокорингиздан маслаҳат сўранг ва асосий маълумотларни олинг. Қайси дориларни ҳеч қачон қабул қилмаслик кераклигини ва қайси дориларни наозорат остида қабул қилиш кераклигини аниқланг. Ҳеч қачон дориларни шифокорингиздан сўрамасдан ўзбошимча ишлатманг.

Яна бир бор эслатиб ўтмочимизки, агар сизда ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида қон келиши кузатилса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилинг. Бу ҳомила тушиш хавфининг аломати бўлиши мумкин.

Бу мақола билан зарурат туғилсагина танишининг: Ҳомила тушишлари ҳақида

  Ҳомиладорлик пайтида енгил жисмоний машқлар (пилатес) билан шуғулланинг, тоза ҳавода сайр қилинг, тўғри овқатланинг ва ҳар доим ижобий фикрлар қилинг. Ушбу учта омил ҳомиладорлик жараёнини осонлаштиради. Айниқса бу вақтда кўпроқ яхши ниятлар қилиш, дуо ва зикр билан машғул бўлиш, қалб ва рухга озуқа бўладиган китобларни мутолаа қилиш нафақат сизга, балки ичингиздаги “митти одамча” учун ҳам жуда фойдалидир.

 

Ҳомиладорликда вазн ортиши

Ҳомиладорлик даврида олинган вазн миқдори ўзгарувчан бўлади. У умумий ўлароқ 25 килограмм ва ундан ҳам кўпни ташкил қилиши мумкин. Вазндаги ўзгариш миқдори қанча кўп бўлса, асоратлар ҳам кўп бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳомиладорлик даврида вазн олиш учун аниқ кўрсаткични айтиш жуда қийин. Бу ҳомиладор бўлишингиздан олдинги вазнингизга қараб белгиланади.


Кўпгина мутахассислар 20-ҳафтагача ҳафтасига 300 граммдан, 20-ҳафтадан 40-ҳафтагача 450 граммдан вазн ортиши меъёр деб тавсия берадилар. Ушбу ўлчовга кўра ҳомиладорлик пайтида вазнингизни ҳисоблашингиз мумкин.

Баъзи мутахассислар эса озғин, меъёрдаги ва ортиқча вазнли аёллар учун вазн ортиши миқдори турлича бўлади деган фикрдалар. Шунга кўра, ҳомиладорликдан олдинги вазнига кўра:

Озғин аёлларда 14-20 кг,

Меъёрдаги вазнли аёлларда 12-17 кг,

Ортиқча вазнли аёлларда 7-12 кг оралиқларида вазн ортиши кузатилиши мумкин.

 

Ҳомиладорликнинг биринчи триместрида жинсий алоқа

7-ҳафта ва 2-ой ҳомиладорликнинг биринчи триместрига тўғри келганлиги сабабли, ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасида жинсий алоқа масаласини баҳолаш керак. Чунки жинсий алоқа масаласи ҳомиладорликнинг триместрларига қараб фарқ қилиши мумкин.

Биринчи триместрда (уч ойлик паллада), аксарият аёлларда ҳомиладорлик гормонлари фаолияти бошланиши биланоқ жинсий майл пасайиши кузатилади. Аслида жинсий истакнинг бундай пасайиши ажабланарли нарса эмас. Ахир, кўнгил айниш, чарчоқ, заифлик, кўкрак ачишиши каби ҳолатлар жинсий алоқани жозибадор қилмаслиги тайин. Аммо, ҳомиладорлик билан боғлиқ масалалар каби, ҳар бир аёлнинг жинсий майли ҳам бу борада бир хил эмас. Бу эса гормонлар фаолияти ва уларнинг организмга таъсири билан боғлиқ.

Аммо кўпчилик жуфтликлар ҳомиладорлик пайтида жинсий алоқанинг мумкинлиги ёки мумкинмаслиги ҳақида хавотирда бўладилар. Аслида соғлом ва меъёрда кечаётган ҳомиладор аёл учун жинсий алоқада бўлиш тиббий жиҳатдан муаммо бўлмайди.

Кўпгина эркаклар жинсий алоқа болага зарар беришидан хавотирда бўлади. Агар аёлда ҳомиладор бўлиш хавфсиз кечаётган бўлса, жинсий алоқа ва оргазм ҳомилага муаммо туғдирмайди. Чунки чақалоқ амниотик суюқлик халтачаси билан яхши ҳимояланган. Бачадон мушаклари кучли ва болани ҳимоя қилади. Бачадон бўйни инфекциялардан ҳимоя қилувчи қатламга эга.

Аммо узоқ муддат ҳомиладор бўлолмаган, ёрдамчи репродуктив технология усуллари орқали ҳомиладор бўлган ёки аввалроқ ҳомила тушиши кузатилган, эгизак ҳомилали аёллар  ва қон келиши кузатилаётган аёллар илк уч ойлик паллада жинсий алоқадан сақланганлари маъқул деб тавсия беради мутахассислар.

Баъзи шифокорлар ҳомиладорликнинг сўнгги 4 хафтасида жинсий алоқада бўлмаслик кераклигини маслаҳат беришади, аммо уларнинг барчаси ҳам бир хил фикрга эга эмас. Ушбу мавзу ҳар бир аёл учун ўзига хос бўлгани сабабли янада аниқ маълумотни ўз шифокорингиздан олишингиз мумкин.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page