ҲОМИЛАДОРЛИКНИНГ ИЛК ДАВРИДА АЖРАЛМАЛАР

ҲОМИЛАДОРЛИКНИНГ ИЛК ДАВРИДА АЖРАЛМАЛАР

@ginekologim



Ҳомиладорликнинг эрта босқичларида ажралмалар қачон меъёрда деб ҳисобланиши ва қачон шошилинч равишда шифокорга мурожаат қилиш аломати бўлишини кўриб чиқамиз.

Нима учун ажралма келади?

Ҳар бир аёлда вагинал ажралма бўлади. Меъёрда қинда кислотали муҳит сақланади. Бу муҳит аёл организмини ҳимоя қиладиган қиндаги "фойдали" бактерияларнинг кўпайишига ёрдам бериб, аксинча зарарли инфекциялардан ҳимоя қилади. Қиннинг ҳайратда қолдирадиган аҳамяти шундан иборатки - у ўзини ўзи тозалайди ва муҳитни тартибга солиб туради. Ажралмалар эса шу тозаланишнинг натижасидир. Уларнинг миқдори, ранги ва таркиби кўплаб омилларга боғлиқ: ҳайз циклининг фазаси (масалан, тухум ҳужайранинг етилиши ва овуляция даврида, улар жуда кўп ва ҳайздан кейиноқ эса умуман йўқ), аёлнинг соғлиғи (жинсий аъзолар инфекцияси билан, тос аъзоларида яллиғланиш жараёни (бунда кўпинча уларнинг ранги ўзгаради, ҳиди бадбўй бўлади.) Шунингдек, аёлнинг қиёфаси (озғин ва нозик аёлда одатда ажралма тўлишган аёллардан кўра кўп бўлади), жинсий фаолият, вагинал дезодорантлардан ва интим гигиена воситаларидан фойдаланиш, синтетик ички кийим кийиш ва бошқа омиллар ҳам ажралма миқдорига таъсир қилади. Албатта, ажралма табиатига ҳомиладорлик ҳам таъсир қилади. Ҳомиладорлик бошланганида, аёл одатдагидан кўра кўпроқ ажралма келаётганини сезиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида оч рангли ажралманинг кўп миқдорда келиши меъёр ҳисобланади. Улар ҳомиладорликнинг бошланиши билан аёлнинг танасида фаол ишлаб чиқарила бошлайдиган ва эмбрионнинг имплантацияси ва унинг кейинги ривожланиши учун қулай шароитлар яратадиган прогестерон гормони билан кучайтирилади. Агар ажралманинг ранги ўзгармаса, қичишиш, ачишиш, ноқулайликлар (сийдик чиқариш вақтида, жинсий алоқа вақтида ва кун давомида), қорин бўшлиғи тўқималарининг шишиши, бадбўй ҳид ҳақида шикоятлар бўлмаса, ташвишланишингиз ва ортиқча таҳлиллардан масалан, бактериал экма (бак-посев) каби, ўтишингиз шарт эмас, шунчаки флорага суртма (мазок) топшириб кўриш мумкин. Ҳомиладорлик даврида турли хилдаги ажралмалар шунингдек инфекциялар туфайли ва ҳомила тушиш хавфи билан ҳам пайдо бўлиши мумкин.


Ажралмалар қанақа бўлади?

Ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида ажралма турли хил рангларда бўлиши мумкин (оқ, сариқ, яшил, қонли), таркиби (қуюқ, суюқ, творогсимон), ҳидсиз ёки бадбўй ҳидли бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда, улар хавф туғдирмайди, меъёрнинг бир варианти деб ҳисобланади, бошқа ҳолларда эса ҳомила тушиш хавфи тўғрисида огоҳлантирувчи сигналга айланади ва шошилинч шифокорга мурожаат қилишга сабаб бўлади. Аввалданоқ меъёрдан ҳар қандай четлашиш шошилинч шифокорга мурожаат қилиш учун сабаб эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Оч рангли ажралмалар

Одатда, кўпчилик аёлларда вагинал ажралма фақат оқ рангга эга бўлади. Уларнинг ҳидлари йўқ ёки озгина нордон ҳидли бўлади. Улар оз бўлади - кунига 4 мл гача. Ҳомиладор аёлларда, агар ҳомиладорлик яхши давом этаётган бўлса, ранги ва ҳиди, одатда, ўзгармайди, аммо прогестерон гормони таъсирида ажралма кўпроқ келиши мумкин. Бу меъёрий ҳолат, безовталанишга ҳожат йўқ.

Оқ рангли ажралма

Оқ рангли ажралма ҳам меъёрнинг бир варианти бўлиши мумкин, агар аёлни ҳеч нарса безовта қилмаётган бўлса. Аммо агар оқ ажрлама творогсимон бўла бошлган бўлса, қинда қичишиш ва ачишиш пайдо бўлган бўлса, унда бу ҳолат, эҳтимол, вагинал кандидоз (молочница) ривожланишини кўрсатаётган бўлади.

 

Ҳомиладорлик пайтида вагинал кандидоз жуда кўп учрайди - аёлларнинг 90 фоизи бундан изтироб чекадилар. Бунга гормонал фоннинг ўзгариши, яъни ҳайз цикли ва овуляция даврийлигининг йўқлиги ва прогестероннинг ортиқча секрецияси туртки беради. Агар аёлда ажралма тузилмасининг ўзгариши, нордон ҳид, қинда қичишиш каби жиддий шикоятлар бўлса, кандидозни даволаш керак  Агар суртма флораси таркибида Кандида бактериялари аниқланган бўлса-ю, аммо сизни ҳеч нарса безовта қилмаса, унда бирор бир дорини қабул қилишга ҳожат йўқ.

Шаффоф ажралма

Ҳомиладор бўлмаган аёлларда бундай ажралма кўп миқдорда ҳайз циклининг ўртасида кузатилиши мумкин. Бу овуляция аломатидир. Ҳомиладор аёлларда шаффоф ажралма меъёр ҳисобланади. Асосийси, уларни ҳомила атрофидаги амниотик суюқлик билан аралаштириб юбормаслик керак, айниқса ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлик палласида. Аммо бунинг учун ҳомила атрофидаги амниотик суюқликни аниқлаш учун махсус таҳлиллар мавжуд ва шифокор ҳар доим буни аниқлашга ёрдам беради.


Шиллиқ ажралма

Қиндан шиллиқ ажралма келиши, агар оғриқ ва ноқулайлик бўлмаса, ҳомиладорларда ва ҳомиладор бўлмаган аёлларда ҳам меъёр ҳисобланади. Ҳомиладорлик пайтида танадаги гормонал ўзгаришлар туфайли ажралма миқдори кўпроқ бўлиши мумкин.

Сариқ ажралма

Очиқ сариқ ажралма ҳам меъёрнинг бир кўриниши бўлиши мумкин. Эҳтимол, ҳомиладорликдан олдин сизда худди шу рангда ажралма бўлгандир. Агар сиз ажралма ранги тўқлашганини пайқасангиз ва бадбўй ҳид пайдо бўлса - бу шифокорга мурожаат қилиш лозим дегани. Бундай ажралма яллиғланиш жараёнининг мавжудлигини, инфекция борлигини кўрсатиши мумкин.

90% ҳолларда аёлларда қиндаги ажралма ўзгаришининг ва шикоятлар (қичишиш, ачишиш, ранг, ҳид ва ажралма шаклининг ўзгариши) пайдо бўлишининг сабаби кандидоз, гарднереллёз ва трихомониаз бўлади. Кандидозда кўпинча оқ ёки яшил рангдаги творогсимон ажралма билан қаттиқ қичишиш ва тўқималарнинг шишиши кузатилади. Гарднереллёзда (бактериал вагиноз) эса - кулранг, сувли ажралма балиқ ҳиди билан келади, трихомониазда – кўп миқдорда йирингсимон-кўпикли ва бадбўй ҳидли оқ ажралма келади, қин ва бачадон бўйни тўқималари шишиб кетади. , бачадон бўйни ўзига хос шаклни олади – қизил ва қулупнайдаги майда чуқурчаларга ўхшаш кулранг соҳалари каби кўринишда бўлади.

Меъёрдан ҳар қандай четлашиш шифокорга мурожаат қилишга ишора қилади.

Яшил рангли ажралма

Бундай ажралма ҳеч қачон меъёр ҳисобланмайди ва кўпинча кандидоз белгиси бўлиши мумкин. Агар бундай ажралма пайдо бўлса, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашинг.

Қонли ажралмалар

Ҳомиладорлик пайтида қонли ажралма келиши алоҳида кўриладиган ҳолат бўлиб, у ҳар доим эътибор талаб қиладиган ва шифокор билан масалаҳатлашадиган масаладир. Ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида қонли ажралма келиши кўп учрайдиган ҳолат.

Илк уч ойлик паллада қон кетиш ҳомиладор бўлганларнинг ҳар тўртинчисида кузатилади. Тахминан еттитадан биттасида ҳомила тушиши рўй беради. Аммо 80 фоиз ҳолларда, ҳатто қонли ажралма келса ҳам ва қориннинг пастки (чов) қисмида оғриқ бўлса ҳам, ҳомиладорлик давом этади ва соғлом бола туғилиши билан тугайди.

Ҳомиладорликнинг эрта даврларида қонли ажралма келишининг асосий сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин.

Ҳомила бириккан жойининг кўчиши ва ретрохориал гематома туфайли ҳомила тушиш хавфи ёки ҳомила тушишининг бошланиши;

·       уруғланган тухум ҳужайранинг имплантацияси туфайли қон кетиш;

·       бачадондан ташқарида ҳомиладорлик юзага келиши;

·       ривожланмаган ёки ўлик ҳомила бўлиши, бунда аниқ ташхисни қондаги ХГЧ миқдорининг ўзгариб боришини (динамикасини) кузатиш, шунингдек, ултратовуш текшируви асосида фақат шифокор қўяди;

·       кўп ҳомилали ҳолатларда бачадондан ҳомилалардан бирининг ўз-ўзидан ҳалок бўлиши (редукцияси);

·       соҳта ҳомиладорлик (елбўғозлик) – қандайдир ирсий касалликлар туфайли эмбрион ривожланмайди ва ҳомила йўлдошининг қилчалари эса суюқлик билан тўлдирилган пуфакчалар шаклида ўсади. Ушбу патология жуда кам учрайди.

  

Ҳомиладорлик пайтида қонли ажралма оқибати нима бўлишини олдиндан айтиш қийин ва вазият бир неча соат ичида ўзгариши мумкинлигини ҳам тўғри тушуниш керак. Шунинг учун, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳомиладорлик пайтида қонли ажралма кам миқдордами, кўп миқдордами ёки суртмасимонми, пушти рангли қонли майда тарамлар биланми , жигарранг ёки оч қизил ранглими  - барибир шифокор кўригидан ўтишни талаб қиладиган ҳолат саналади.

Қуйида турли хил рангдаги қонли ажралма пайдо бўлишининг мумкин бўлган сабаблари ҳақида гаплашамиз. Шуни таъкидлаш керакки, рангларга ажратиш шартли равишда бўлиб, рангнинг ёрқинлиги, интенсивлиги бўйича аниқ сабабни қўшимча текширувсиз аниқлаб бўлмайди.

Ҳайзнинг кечикиши, токсикоз, чов соҳасида оғриқ – бачадон ташқарисидаги ҳомиладорлик кўпинча меъёрдаги ҳомиладорлик ортига «яшириниб олади», аммо унинг асоратлари анча жиддий оқибатларга олиб келади. Шунинг учун имкон қадар тезроқ назоратдаги гинеколог рўйҳатига туриш керак.

Пушти ажралма

Агар сиз ич кийимингизда пушти рангдаги ажралма ёки майда тарамли қон изларини кўрсангиз, бу имплантацион қон кетиши сабабли бўлиши мумкин. Бу ҳомиладорликда кўп учрайдиган ҳолат. Бу тухум ҳужайранинг бачадон ичига имплантацияси босқичида содир бўлади. Одатда уруғланиш содир бўлгандан 6-7 кун ўтгач ёки ҳайз кўриш циклининг 21-22 кунида, ҳали ҳайз тўхтагани аниқ бўлмасдан туриб содир бўлади. Аммо бундай аёллар жуда кам. Бироқ бундан ташқари имплантацион қон кетишининг ҳомила йўлдошининг ўсиши пайтидаги иккинчи босқичи ҳам бор. Кўпинча ҳайз тўхтаган пайтда - охирги ҳайз келишидан 4-5 ҳафта ёки уруғланиш содир бўлгандан кейин 3 ҳафта ўтгач рўй беради. Ушбу турдаги имплантацион қон кетиш кўплаб аёлларда учрайди – тахминан ҳомиладор аёлларнинг тўрттадан биттасида. Бундан ташқари, 7-8 хафтада, лютеоплацентар силжиш юз берганда ва прогестерон тухум ҳужайранинг «сариқ танаси» томонидан эмас, балки ҳомила йўлдоши томонидан ишлаб чиқара бошланганда, прогестерон даражаси пасайиши ва ҳомиладор аёлда қонли ажралма келиши мумкин. Бунда ҳам хавотирланадиган ҳолат йўқ ва хавфсиздир. Лекин бунда сиз эътибор берадиган асосий нарса, имплантацион қон кетишининг ўзига хос хусусияти шундаки, у қисқа муддат бўлиб ўтади, кам миқдорда ва одатда бир неча соат давом этади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ҳомила тушиш хавфини истисно қилиш учун дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш лозимлигига ишора қилади.

Жигарранг ажралма

Жигарранг ажралма, юқорида биз айтиб ўтган имплантацион қон кетишининг аломати бўлиши мумкин. Агар юқорида айтиб ўтилган муддатларда бундай ажралма кузатилса, уларнинг миқдори жуда оз бўлиб, тезда ўтиб кетади, катта эҳтимол, ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ.

Бироқ жигарранг ажралма жуда хавотирли ишорат ҳам бўлиши мумкин.

Масалан, ҳомиладорлик тести ижобий кўрсатиши фонида, бачадондан ташқарида ҳомиладорликда ҳам  одатда сезилар-сезилмас ва суритиладиган тарзда қонли ажралмалар келиши мумкин. Бу аломатлар бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликда 7 хафтада пайдо бўлади. Шу билан бирга, қориннинг пастки қисмида оғриқлар бўлади, кўпроқ бир томондан, кичик ва катта ҳожат пайтида ҳам оғриқ пайдо бўлиши мумкин. Бачадондан ташқари ҳомиладорликни тасдиқлаш ёки истисно қилиш учун дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

Оч қизил рангли ажралма

Қонли ажралма ҳақида гап кетганда суртилиб келадиган ажралмалар билан бирга, қон қуйқалари, ёрқин қизил қон келиши, кўп миқдорда қон келиши ҳомиладор аёлни ҳар доим чўчитади. Ҳақиқатан ҳам, аксарият ҳолларда бундай ажралмалар келиши, ҳомила йўлдошининг кўчиши ва ретрохориал гематома (ёки субхориал, эмбрионни қоплайдиган хорионик мембрана биланг бачадон девори орасида қон тўпланиб қолганда) натижасида ҳомила тушиш хавфига ёки бошланишига ишорат қилади. Биринчи уч ойлик палладаги гематомаларнинг 60 фоизигачаси шу турдан бўлади. Кўпинча субхориал гематомалар ҳомиладорликнинг 8 хафтасида аниқланади, уларнинг ўртача ҳажми 1,5 мл қондан иборат бўлади. Кўп миқдордаги қон келишида аёл касалхонага ётқизилади, ультратовуш текшируви ёрдамида бачадон бўшлиғида ҳомила ва унинг юрак уриши кузатилган тирик ҳомила бўлгани аниқланса, ҳомиладорлик давмо эттирилади ва тўхтатилмайди, қон тўхтатадиган гемостатик дорилар қўлланилади.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳомиладорликнинг илк уч ойлигида ҳар 6-7 аёлдан бирида ҳомила тушиши кузатилади. Шу билан бирга 90-95 фоиз ҳолатларда бу ҳолат яна такрорланмайди ва аёлнинг она бўлишга барча имкониятлари мавжуд бўлади. Биринчи марта ҳомила тушишидан кейин унинг сабабларини аниқлаш учун чуқур текширувдан ўтишнинг ҳожати йўқ.

 

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page