ҲОМИЛА ТУШИШЛАРИ ҲАҚИДА

ҲОМИЛА ТУШИШЛАРИ ҲАҚИДА

@ginekologim


Ҳомила тушиши ёки аборт ҳомиладорликнинг илк ярмида, 20-ҳафтасидан олдин ёки ҳомила 500 граммга етмасдан олдин тугаган ҳомиладорликдир.

Бу даврдаги ҳомила плацента (йўлдош), қоғоноқ (ҳомилани ўраб турадиган ички парда) косаси ва қоғоноқ қобиғидан таркиб топган бачадон ичи “ҳомиладорлик маҳсулоти” дейилади.

Ҳомиладорликнинг 20-ҳафтасидан 37-ҳафтасигача бўлган муддатда рўй берган туғруқ эса ҳомила тушиши эмас, “эрта туғруқ” сифатида баҳоланади.

ҲОМИЛА ТУШИШИНИНГ ТУРЛАРИ:

- барвақт ҳомила тушиши;

- кечиккан ҳомила тушиши;

- ўз-ўзидан юзага келган ҳомила тушиши;

- хатарли ҳомила тушиши;

- иложсиз ҳомила тушиши;

- чала ҳомила тушиши;

- қолдиқли ҳомила тушиши;

- тўла ҳомила тушиши;

- анэмбрионал ҳомиладорлик;

- ривожланмай қолган ҳомила тушиши;

- сунъий ҳомила тушиши;

- биокимёвий ҳомиладорлик;

- одатланган ҳомила тушиши;

- тиббий аборт;

- криминал ( ёки септик) аборт.  

Энди ҳар бир турни алоҳида кўриб чиқамиз: 

Барвақт ҳомила тушиши – ҳомиладорликнинг илк 12 ҳафтасида юзага келган ҳомила тушиши.

Кечиккан ҳомила тушиши – ҳомиладорликнинг 12-20 ҳафталари орасида рўй берган ҳомила тушиши.

Ўз-ўзидан юзага келган ҳомила тушиши – ҳомиладорликни узиш мақсадида ҳомиладор аёл ёки бошқа бир шахс томонидан атайлаб қилинган хатти-ҳаракатларсиз юзага келган ҳомила тушиши.

Хатарли ҳомила тушиши - ҳомиладорликнинг илк ярмида бачадон ичида тирик ҳомила бўлгани ҳолда қиндан қонли ажралма келиш ҳолати. Ўз-ўзидан юзага келадиган абортнинг дастлабки босқичи бўлиб, бунда ҳали ҳомила тушмаган бўлиб, фатқат тушиш хавфи мавжуд бўлади. (рус. угрожающий выкидыш);

Вагинал қонли ажралмаларда қон ранги жигаррангдан оч қизил ранггача турли шаклда бўлиши мумкин. Оч (порлоқ) қизил рангли қон янги (яқинда рўй берган) қонашни билдиради ва кўпроқ хавфли ҳисобланади. Жигаррангдаги қон эса аввалроқ ичкарида бўлган қонаш натижасида кейинчалик ташқарига чиқиши билан боғлиқдир.

Қонли ажралма билан бирга санчиқли оғриқ ҳам бўлиши мумкин. Аммо хатарли ҳомила тушишида бачадон бўйида аниқ бир ҳолат бўлмайди.

Илк ҳафталардаги қонли ажралмаларнинг 90 фоиз ҳомиладорликларда ўз-ўзидан ўтиб кетади ва ҳомилага бирор нуқсон (аномалия) хавфи туғдирмайди. Фақат 10 фоизида бачадон қисқаришлари ортиши натижасида иложсиз ҳомила тушишига айланиши мумкин.

Ҳомиладорликда вагинал қонли ажралма келиши ва шифокорга мурожаат қилганда УТТ назоратида хатарли ҳомила тушиши аниқланса қуйидагиларга риоя қилиш керак:

- мутлақо ётоқ режимига риоя қилиш (15-20 кун муддатда);

- жинсий алоқадан сақланиш;

- оғир юк кўтариш ва оғир жисмоний ҳаракатлардан сақланиш;

- стресс ва руҳий безовталикдан узоқ бўлиш;

- даволовчи шифокорнинг кўрсатмаларига амал қилиш ва буюрган дориларини ичиш;

- қонли ажралманинг кўпайиши ёки ҳомила парчаси тушиши каби ҳолатларда дарҳол шифокорга мурожжат қилиш ниҳоятда муҳимдир.

Иложсиз ҳомила тушиши – қон келиши ва қаттиқ оғриқ билан бирга бачадон бўйни очилиши натижасида ҳомила тушишининг иложсиз ҳолатга келишидир. Бундай ташхис қўйилган ҳомиладор аёлда тиббий аборт ўтказиш орқали назоратли тарзда ҳомиладорликни тугатиш керак бўлади. Чунки бу ҳолатда бемор қаттиқ оғриқ ҳис қилади ва ҳомиладорликнинг давом этиш эҳтимоли қолмаган бўлади.

Чала ҳомила тушиши – ҳомила, плацента, қоғоноқ косаси ва қобиғидан иборат “ҳомиладорлик маҳсулоти”нинг бачадон ичидан ташқарисига тўлиқ чиқарилмаслиги, ичкарида бир миқдор “маҳсулот”нинг қолиб кетиш ҳолатидир.

Бу ҳолатда қонаш ва бачадон қисқаришлари билан бирга ҳомиладорлик маҳсуолтининг бир қисми чиқиши сабабли қоғоноқ қобиғи бузилади ва чиқмаган баъзи қисмлар бачадон ичида қолади.

УТТ орқали бачадон ичида қолдиқ маҳсулот аниқланган беморларда бачадон ичини “қириб тозалаш” муолажаси ўтказилиши керак.

Қолдиқли ҳомила тушиши – баъзида ҳомила тушиши ёки абортдан кунлар, ҳатто ҳафталар ўтгандан кейин бачадон ичида қолиб кетган ҳомиладорлик маҳсулоти “қолдиқ” сифатида ташхисланиб, бу “қолдиқ маҳсулот” қон келишига сабаб бўлиб, натижада бемор шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Бундай ҳолат қайд қилинганда беморнинг бачадони ичидаги ҳомилага оид қолдиқ тиббий аборт орқали тозалаб ташланади.

6-7 ҳафталикдан катта бўлган ҳомиладорликларда ҳомила тушишида қолдиқ бўлаклар қолиш эҳтимоли нисбатан кўпроқ бўлганидан шубҳа туғдирадиган ҳолат бўлса тиббий аборт орқали қолдиқлар қолмаганига ишонч ҳосил қилиш керак бўлади.

Тўла ҳомила тушиши – ҳомилага оид маҳсулотларнинг барчасини қон келиши ва бачадон қисқариши билан тўлиқ ташқарига чиқиш ҳолати бўлиб, бу ҳолатда бачадон ичида ҳомилага оид ҳеч қандай тўқима қолмайди. Айниқса 4-5 ҳафталик барвақт ҳомила тушишларида бачадон ичидаги ҳомилага оид тўқима ҳажми оз бўлганидан бачадон қисқаришлари билан ҳомила маҳсулоти тўлиқ ташқарига чиқарилиши мумкин. Бу ҳолат УТТ текширувида қайд этилиши мумкин. Кўпинча бачадон ичида  қолдиқ қолмагани сабали ортиқча муолажа талаб қилинмайди. Қонли ажралмалар келиши ҳам ўз-ўзидан секин-аста камайиб тўхтайди.

Анэмбрионал ҳомиладорлик – бунда плацента, қоғоноқ косаси ва қобиғи шаклланади, аммо ичида эмбрион бўлмайди. Шунинг учун уни анэмбрионал ҳомиладорлик дейилади. Аёл қон ёки пешоб орқали ҳомиладорлик тести ёки таҳлили ўтказилганда мусбат (яъни ҳомиладорлик бор деб) натижа кўрсатса-да, бундай ҳолатда бачадон ичида нормал ҳомила мавжуд бўлмаганидан назоратли тарзда тиббий аборт қилиш орқали ҳомиладорлик тўхтатилиши керак бўлади. Акс ҳолда ҳомиладорлик кутилмаган онда қон кетиши билан якун топади. Бу оний ҳолат аёл кишиди ваҳимага сабаб бўлиши мумкин. Анэмбрионал ҳомиладорликни 5-6 ҳафтада қилинган УТТ текшируви орқали аниқлаш мумкин. Бироқ шошилмаслик керак. Орадан 5-7 кун ўтиб яна УТТ ўтказиш керак. Шунда агар эмбрион мавжуд бўлса, уни катталашганидан билиш мумкин, бўлмаса бўш уруғланган тухум ҳужайранинг ўзи кўринади.


Ривожланмай қолган ҳомила тушиши – ҳомиланинг бачадон ичида ўлиб қолиши ва ҳомила тушишининг кечикиб кетишидир. Бу ҳолатда ҳомила бачадон ичида ўлиб қолган бўлса-да, бачадон қисқаришлари рўй бермагани учун тулиқ ҳомила тушиши кузатилмайди. Орадан анча муддат ўтгач ҳам бу ҳолат сезилмай қолиши мумкин. Ҳомиланинг бачадон ичида узоқ муддат ўлик ҳолатда қолиб кетиши даврида кир ва жигарранг ажралмалар келиши кузатилиши мумкин. Кунимизда ҳомиладорликнинг илк даврида УТТ скрининги олиб борилиши натижасида бундай ҳолатлар илгарига нисбатан анча камайган дейиш мумкин. Ҳомиланинг ўлик ҳолда бачадон ичида узоқ муддат қолиб кетиши аёл киши соғлиғига хавф туғдирувчи қон ивиши муаммосига сабаб бўлиши мумкинлиги жиҳатидан ниҳоятда эътибор бериладиган ҳолат саналади.

Сунъий ҳомила тушиши – ҳеч қандай сабаб бўлмагани ҳолда аёл организмига аёлнинг ўзи ёки бошқаси томонидан атайлаб бевосита таъсир кўрсатиб юзага келтирилган ҳомила тушиши. Буни халқ орасида кўпинча “аборт” дейилади. Аёл соғлиғига жиддий хавф туғдирмаган ҳомилани қасддан тушириш катта гуноҳ ҳисобланади ва салкам ўз фарзандини ўлдириш деб баҳоланади. 

Биокимёвий ҳомиладорлик – бу ҳолатда тухум ҳужайра сперматазоид томонидан бачадон найида уруғлантирилади, бироқ бу уруғланган тухум ҳужайра 3-5 кунлик бластоциста даврида бачадон деворига ўрнашолмай (имплантация юз бермасдан) ёки ўрнашгандан бир-икки кун ўтар ўтмас бачадондан чиқиб кетади. Қон ва сийдик таҳлиллари қисман мусбат кўрсатса-да, УТТ текширувида ҳомила кўрилмайди ва клиник ҳомиладорлик даврига етмасдан ҳомиладорлик якунланади. Баъзида кейинги ҳайз муддати кечикмасдан ёки бир неча кунга кечикиб қон келиши билан ўтиб кетади. Умумий ҳомиладорликларнинг 50 фоизи биокмиёвий ҳомиладорлик тарзида якун топади. Бунинг сабаби эса ҳомила шаклланишини аввалида рўй берган айрим нуқсонлар бўлиши мумкин. Ёрдамчи репродуктив технологиялар (инсеминация, ЭКУ) орқали муваффақиятсиз якун топган ҳомиладорликларнинг ҳам аксарияти биокимёвий ҳомиладорлик ҳисобланади. Чунки бунда сунъий муҳитда уруғланган тухум ҳужайра бачадонга имплантация бўлолмай тушиб кетади.

Одатланган ҳомила тушиши – кетма-кет икки ва уч марта рўй берган такрорий ҳомила тушишлари бўлиб, бир марта рўй берадиган ўз-ўзидан ҳомила тушишидан фарқ қилади. Бу алоҳида мавзу бўлгани учун кейинги мақолаларда у ҳақида айрича сўз юритамиз.

Тиббий аборт – ҳомиладорлик аёл организмига жиддий хавф туғдирганда туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасида шифокор томонидан амалга оширилган аборт.

Криминал (септик) аборт - даволаш муассасасидан ташқарида қилинган сунъий аборт. Бундай ҳолатда аборт асорати натижасида инфекция тушиши эҳтимоли катта. Септик абортлар инфекция натижасида асоратланган абортлардир. Ноқонуний ва мутахассис бўлмаган шахслар томонидан, айниқса ҳомиладорликнинг катта муддатларида ва стерил шароитларсиз қилинган аборт оналар ўлимига олиб келадиган сабабларнинг кўп учрайдиган турига киради.


ҲОМИЛА ТУШИШЛАРИНИНГ СОДИР БЎЛИШ МИҚДОРИ

Биокимёвий ҳомиладорликларнинг 50-60 фоизи ўз-ўзидан якун топиб, кўпинча ҳайз келишининг бир неча кунга кечикиши тарзида билинмай ўтиб кетади.

Илмий тадқиқотлар хулосаларига кўра, ҳомила тушишлари барча ҳомиладорликларнинг ўртача 15-20 фоизини ташкил қилади. Умуман олганда ҳомиладорликнинг илк 3 ойи кўпроқ хавфли давр ҳисобланади. Ҳомила муддати ортган сари тушиш эҳтимоли ҳам камайиб боради.

Ҳомила тушишларининг 80 фоиздан кўпроғи илк 3 ойлик паллада яъни илк 13 ҳафтда рўй беради. Энг кўп хавф илк 8 хафтада бўлиб, бундай кейин ҳомила тушиш хавфи камайиб боради.

НЕГА ҲОМИЛА ТУШИБ ҚОЛАДИ?

Барвақт даврдаги ҳомила тушишларининг 90 фоизида эмбрионга оид сабаблар рол ўйнайди. Булар орасида энг муҳими ҳомилага оид ирсий нуқсонлардир. Эрта паллада рўй берадиган ҳомила тушишларининг ярмидан кўпида эмбрионга оид хромосом нуқсонлар (аномалия) аниқланган.

Ҳомила тушишларининг энг муҳим сабаби бўлган хромосом нуқсонларнинг келиб чиқиш сабаби тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, кўпинча ота-онадан ҳам ўтмаган, қандайдир кутилмаган сабаб туфайли юзага келади. Яъни ҳомила ривожланиш босқичидаги нуқсонли ҳосила сабабли ҳомиладорлик ўз-ўзидан якун топади.

Шунинг учун аксарият эрта ҳомила тушишларидан кўп ҳам сиқилмаслик керак. Бу гўёки соғлом ва нуқсонсиз фарзанд туғилишини таъминлаш учун юзага келган ҳолат деб баҳоланиши мумкин.

Сабаби билинган ҳомила тушишининг сабалари орасида ҳомиладорликнинг илк паллаларида истеъмол қилинган дорилар, нурланиш, зарарли одатлар (ичкилик, тамаки, гиёҳвандлик) ёки шунга ўхшаш ташқи муҳит омилларини санаб ўтиш мумкин.

Бундан ташқари бачадонда шаклланган туғма нуқсонлар ёки иммун тизимдаги касалликлар ҳам турли шаклда ҳомила тушишига сабаб бўлади.


ҲОМИЛА ТУШИШИНИНГ САБАБЛАРИ:

Эмбрионга оид хромосом нуқсонлар (аномалиялар)

Кўпинча аёл ёши 35-40дан катта бўлганда эмбрионга оид муаммолар юзага келиб ҳомила тушишига сабаб бўлади. Мисол учун, 20 ёшли ҳомиладор аёлда ҳомила тушиш эҳтимоли 13 фоизни ташкил қилса, 42 ёшдан кейин бу миқдор 50 фоиз атрофида бўлади. Бунинг сабаби ёши катта аёлдаги тухумдон заҳираси камлигидир.

Эгизак (кўп) ҳомиладорлик

Ҳомила сони ортган сари тушиш хавфи ҳам ортади. Сўнгги йилларда ёрдамчи репродуктив технологиялар қўлланилиши натижасида эгизак (икки-уч ҳомила) ҳомиладорликлар сони ҳам кўпайган.  

Тетроген ва мутаген таъсирлар (дори, нурланиш каби)

Ирсий сабаблар – ота ёки онадан ўтган ирсий нуқсон. Бундай нуқсонлар она соғлиғида ҳеч қандай муаммо бўлмаган тақдирда ҳам ҳомила тушишига олиб келиши мумкин.

Репродуктив тизимдаги нуқсонлар (аномалиялар):

- аёл бачадонидаги туғма нуқсонлар (икки шохли бачадон, кичик бачадон, бачадон ичи пардалари каби);

- миомалар;

- бачадон бўйни  етишмовчилиги;

- сариқ тана етишмовчилиги.

Аёл кишида учрайдиган баъзи инфекциялар:

- актив инфекциялар (қизамиқ, цитомегаловирус, листерия, токсаплазма каби)

- юқори ҳарорат.

- Ашерман синдроми (бачадон ичида чандиқлар юзага келиши сабабли торайиши ва эндометрий сифатининг ёмонлашуви).

Аёл кишида учрайдиган баъзи сурункали касалликлар:

- қизил югурик (красная волчанка);

- қалқонсимон без касалликлари;

- тухумдон поликситози синдроми;

- қандли диабет;

- буйрак касалликлари;

- эндометриоз;

- гипертония;

- юрак касалликлари;

- сурункали астма;

- антифосфолипид синдроми (тромбофилия).

Зарарли одатлар:

- тамаки маҳсулотлари;

- спиртли ичимликлар;

- гиёҳвандлик;

- кўп миқдорда кофе истеъмоли.

Одатланган ҳомила тушишларининг сабаблари умуман фарқли бўлади. 

ҲОМИЛА ТУШИШИ АЛОМАТЛАРИ

Ҳомиладорликнинг  бошидан охиригача қонли ажралма келиши нормал ҳолат ҳисобланмайди ва она учун ҳам, ҳомила учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Бундай вазиятда албатта даволовчи шифокорингизга мурожаат қилишингиз шарт!

Ҳомила тушишининг энг асосий аломати қонли ажралма келишидир. Чунки қон келмасдан ҳомила тушиши рўй бермайди.

Баъзи ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг илк палласида чов оғриғидан шикоят қиладилар ва ҳомила тушадими дея ваҳимага тушадилар. Бу чов оғриқларнинг сабаби ҳомиланинг ўсиши билан боғлиқ бачадоннинг ён деворларини тортувчи лигамент (думалоқ бойлам) бойламлар чўзилиши бўлиб, бу унчалик ваҳимали ва хавфли ҳолат эмас.

Қонли ажралма келганда мутлақо УТТ текшируви ўтказилиши керак ва баъзида гинекологик кўзгу орқали кўришга ҳам тўғри келиши мумкин. Қонли ажрлама билан бирга қаттиқ чов оғриши ҳомила тушиш хавфи янада ортганини кўрсатади.

Оғриқ ва қон келиши билан бирга қонга қоришган оқиш эт парчаси шаклида ивиб қолган қон бўлаклари тушиши ташхис учун муҳимдир. Бу парчаларни имкон бўлса тоза целофан пакетга солиб шифокорга олиб келиш ташхис қўйишга ёрдам беради.


ҲОМИЛА ТУШИШИДА НИМАЛАР ҚИЛИНАДИ?

Ҳомила тушишида касаллик тарихи билан танишиб, кўрикдан ўтказгач, қон босими ўлчанади ва УТТ текшируви орқали ҳомиланинг юрак уриши текширилади. Агар ҳомила тушиши аниқ тасдиқланган ва иложсиз бўлса, тиббий аборт муолажасига тайёргарлик кўрилади. Лекин қонли ажрлама келиши ҳар доим ҳам ҳомила тушишига олиб келмагани учун ҳомила тушиши қайд этилган бўлса хатарли ҳомила тушиши деб ташхис қўйилади ва бемор мунтазам назоратда бўлади.

ҲОМИЛА ТУШИШИНИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАР БИЛАН АДАШТИРИШ МУМКИН?

Ҳомиладорликда қонли ажралма келиши ва чов оғриғида тўғри ташхис қўйиш аҳамиятлидир. Бачадон ташқарисида ҳомиладорлик ва елбўғозлик каби анормал ҳомиладорликларда ҳам ҳайз келиши кечикиши, қонли ажралма ва оғриқ шикоятлари бўлгани учун ҳомила тушиши билан адаштириш мумкин.

ҲОМИЛА ТУШИШИНИНГ ҚАНДАЙ АСОРАТЛАРИ БЎЛИШИ МУМКИН?

Энг кўп учрайдиган асоратлар қон келиши ва инфекция ҳисобланади. Агар қон келиши кўп бўлса анемия ва гиповолемик фалажлик юзага келиши мумкин. Фалажлик кўпроқ каттароқ муддатли ҳомилаларда ёки касалхонага кеч олиб келинган беморларда бўлиши кузатилади. Чунки каттароқ муддатли ҳомилада йўқотилган қон миқдори ҳам кўпроқ бўлади.

Кўп қон йўқотилиши ва тиббий даволашнинг кеч бошланиши ҳолатларида бемор ҳаётига хавф туғдирадиган жиддий муаммолар бўлиши мумкин. Қон келиши кўп бўлганда томир йўли очилиб қон зардоби олиниши ёки қон таҳлили ўтказилиши мумкин.

Инфекция эса энг кўп бачадон ичида қолдиқ парчалар қолиб кетганига боғлиқ. Чунки ўлик тўқималар бактериялар ривожланиши учун жуда қулай муҳит ҳисобланади. Айниқса криминал, септик абортларда инфекция аёл ораганизмига жиддий шаклда хавф туғдиради.

(Келгуси мақолада ҳомила тушишига оид кўп сўраладиган саволларга жавоб бераман)

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page