ҲОМИЛАДОРЛИКДА НИМАЛАР ТАЪҚИҚЛАНАДИ?

ҲОМИЛАДОРЛИКДА НИМАЛАР ТАЪҚИҚЛАНАДИ?

@ginekologim

Ҳомиладорликда нималар қилиш мумкин эмас, нималар истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

 

Аввало, тақиқлар ҳақида. Эҳтимол, сизни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилишнинг қатъиян тақиқланиши ҳайрон қолдирмаса керак. Биринчидан, бу харом қилинган ичимликлардан воз кечиш аввало барчанинг ва наслнинг саломатлиги учун ҳам ўта фойдалидир, аммо сиз ўз ҳаётингизни барбод қилишга қарор қилган бўлсангиз - ихтиёр ўзингизда. Шунингдек, ҳали туғилмаган фарзанднинг ўрнига нафақат унинг ҳаётини қисқартиришга, балки ҳатто туғилишдан олдин ҳам унга нуқта қўйишга қодир бўлган қарорларни қабул қилиш – бу, юмшоқ қилиб айтгадна нонкўрликдир.

Юқорида айтиб ўтилган заҳарлар билан бир қаторда, ҳомиладор аёлларга кескин қарши кўрсатма мавжуд бўлган бир гуруҳ дорилар ҳам мавжуд. Бирон дори ичиш ёки инъекция олишдан олдин албатта дорининг йўриқномасидаги қарши кўрсатмалар ва ножўя таъсирлар рўйхатини ўқиб чиқинг ва мутлақо даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Кейинги гуруҳ маҳсулотлар танага киритилиши қатъий равишда тақиқланган эмас, аммо уларни чеклаш мақсадга мувофиқдир.

 

1-Қайта ишланган, дудланган гўштлар: колбаса, сосиска, консервалар.

Гўшт маҳсулотлари, агар улар ишлаб чиқариш жараёнида ортиқча ишлов берилса, уларда микроблар пайдо бўлиши мумкин. Бу, асосан, колбаса, сосиска каби лаззатли маҳсулотларга тегишли. Чунки булар энг кўп қайта ишланган гўшт маҳсулотлари қаторига киради.


Бундан ташқари, қайта ишланган гўшт маҳсулотларида кўп миқдорда натрий бўлганлиги сабабли, ҳомиладорлик пайтида ортиқча қорин дам бўлишига олиб келади. Қорин дам бўлиши, хазмсизлик ва ич қотиши каби шикоятлар ҳомиладорлик пайтида ушбу маҳсулотлардан узоқлашишингизнинг яна бир сабабидир!


Бошқача айтганда, ҳомиладорлик пайтида истеъмол қилинмаслиги керак бўлган овқатларнинг бошида қайта ишланган, дудланган гўштлар туради.

 

2- Таркибида симоб миқдори юқори бўлган денгиз маҳсулотлари

Баъзи балиқ ва чиғаноқли денгиз маҳсулотларида ҳомиланинг ривожланаётган асаб тизимига зарар етказадиган даражада хавфли симоб мавжуд. Уларнинг орасида қилич балиқлари, кафел балиқлари ва скумбрияни санаш мумкин.


Ҳомиладорлик пайтида таркибида симоб миқдори юқори бўлган балиқларни истеъмол қилмаслик керак. Бундан ташқари, денгиз маҳсулотлари оқсил ва темирнинг яхши манбаи бўлса ҳам, сиз ҳафтасига 2 мартадан оширмаслигингиз керак.

 

3- Пастеризация қилинмаган сут ва пишлоқлар

Ўзингизни ва ҳомилангизни зарарли бактериал инфекциялар, масалан, лицерия каби касалликлардан ҳимоя қилиш учун сиз ичадиган барча сутнинг пастеризация қилинганлигига эътибор беришингиз керак. Пишлоқ ва йогурт каби маҳсулотлар пастеризация қилинган сутдан тайёрланганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Унутманг, хом сутдан ишлаб чиқарилган пишлоқ ва йогурт пастеризация қилинган сутдан тайёрланмайди.

 

4 - Хом ёки чала пишган тухум

Салмонелла бактерияс хом тухумда учраши мумкин. Тухумнинг сариғи ва оқларини қаттиқ бўлгунча пиширинг. Хом ёки чала пишган тухумни истеъмол қилишдан сақланинг. 

5 - Хом (аччиқ таъсирида пишган) ёки чала пишган гўшт, товуқ ва денгиз маҳсулотлари

Хом ёки чала пиширилган овқатни истеъмол қилганда, ҳар қандай одам ҳам заҳарланиши келиши мумкин. Айниқса ушбу таом ҳайвон гўштларидан тайёрланган бўлса, кўпроқ хавф мавжуд. Ҳомиладор аёл сифатида сизнинг озиқ-овқатдан заҳарланишингиз янада жиддий тус олиши мумкин. Бундай хавфларни бартараф қилиш учун гўшт ва товуқ маҳсулотларини яхшилаб пиширилганига ишонч ҳосил қилишингиз керак..

 

6- Газланган ичимликлар, нордон ичимликлар ва қадоқланган шарбатлар

Ҳомиладорлик пайтида газланган ичимликларни ёки нордон, жуда ширин, қадоқланган мева шарбатларини ичмасликка ҳаракат қилинг. Ҳар қандай мева (олма, ўрик, апельсин) унинг шарбатига қараганда соғлом ва тўйимли бўлса-да, агар сиз шарбат ичишни жуда истаб қолганингиз тақдирда, ҳеч қандай қўшимчасиз янги сиқилган табиий шарбатни ичганингиз маъқул.


Сизга ҳам, болангизга ҳам бўёқ ва консервантлар умуман керак эмас, улар карбонат кислотаси ёрдамида қонга жуда тез сингади. Ёдингизда бўлсин, қадоқланган, қутига солинган ва расталарда турган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлганингиз маъқул!


Ҳомиладорликда маънавий озуқани унутманг, стресс ва безовталиклардан халос бўлиш учун китоб ўқинг, бу китоб айнан сиз учун: "Кўнгилнинг пинҳона кўчалари" китобини юклаб олиш

 7 - Шифокор рухсатисиз турли ўсимлик дамламалари ичиш

Ҳомиладорлик даврида шифобахш ўтларнинг таъсири тўлиқ ўрганилмаганлиги сабабли, ҳомиладорлик пайтида улардан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш тавсия қлинади. Баъзи гиёҳлар кўп миқдорда истеъмол қилинганида туғруқ тўлғоқлари бошланишига олиб келиши, кўк чойнинг эса фолий кислотаси таъсирини камайтириши ҳақида фикрлар мавжуд.

Шунинг учун ҳомиладорлик пайтида турли шифобахш ўтли дамламалардан эҳтиёт бўлиб фойдаланинг ва шифокорингиз томонидан тасдиқланмагунча ундай ўтли дамламали чойлардан ичманг.

 

 

8- Таркибида шакар миқдори ва оддий углеводлар кўп бўлган маҳсулотлар

 


Тортлар, кекслар, пирожнийлар, булочкалар ва бошқа шу турли пишириқлар таркибида оқ ун ва шакар борлиги сабабли ҳомиладор аёлларга емаслиги керак бўлган маҳсулот орасидан жой олади. Унутманг, сифатсиз калория манбаи бўлган шакар ва оддий углеводлар сизга ёки болангизга фойда келтирмайди.

 

9 - Жуда шўр егуликлар

Тузламалар, чипслар, соуслар каби ортиқча миқдордаги натрийни ўз ичига олган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш айниқса кўп ва  тез-тез ейилса ҳомиладорлар учун ҳам, бошқалар учун ҳам зарарли ҳисобланади.

Бироқ ҳомиладорлик ва туғиш пайтидаги асоратларни келтириб чиқариши мумкин бўлган қон босимининг юқори бўлиши билан кўп миқдорда натрий истеъмоли ўртасида алоқадорлик мавжуд.

Умумий қоидага кўра овқат пишираётганда жуда оз туз ишлатинг. Чунки танамиздаги тузга бўлган эҳтиёжни қондириш учун озуқа моддаларида етарлича натрий мавжуд.  

10- Ювилмаган маҳсулотлар

Гўшт, товуқ ва денгиз маҳсулотларидан фарқли ўлароқ, хом сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш жуда яхши. Аммо биз уларни яхшилаб ювишга эътибор қаратишимиз зарур. Хусусан, томорқа, боғ ва бозорлардан келган маҳсулотларга эътибор бериш керак. Чунки улар кўпинча ювилмайди.

Сиз тўлиқ ювилмаган нарсаларни  ва тозалигига ишончингиз бўлмаган маҳсулотларни истеъмол қилмаслигингиз керак. Кўп тўпроқ ва лой бўлган сабзавотларни ювиш учун олма сиркасини ишлатиш яхши самара бериши мумкин.

 

11- Кўп миқдорда жигар истеъмоли

Албатта, ҳомиладорлик пайтида яхши пиширилган жигар истеъмол қилиниши мумкин. Аммо жигарда А витамини миқдори кўп бўлганлиги сабабли уни ортиқча истеъмол қилмаслик керак. Уни ортиқча истеъмол қилиш А витамини билан заҳарланишга ва туғиш нуқсонлари олиб келиши мумкин.

 

12- Сунъий шакар ўринбосарлари (ширинлатгичлар)

Ўзингиз ёқтирган нарсани истеъмол қилиш билан бирга калория олмаслик яхши бўлиб кўринса-да, сунъий ширинлатгичлар ҳомиладор аёллар учун тавсия қилинмайди. Шунинг учун ҳомиладорлик пайтида “сунъий” барча маҳсулотлар каби сунъий ширинлатгичлардан ҳам сақланиш фойдали бўлади.


Агар сиз ушбу ширинликларни кундалик ҳаётингизда истеъмол қилишга одатланиб қолган бўлсангиз, албатта бу ҳақда шифокорингиз билан гаплашиб, шунга мувофиқ қарор қабул қилишингиз керак.

 

13- Қовурмалар

Қовурмалар учун одатда таркибида транс ёғларини (тўйинмган ёғ турлари бўлиб, ҳайвон ёғларида ва юқори ҳароратда қиздирилган ўсимлик ёғларида бўлади ва энг кўп қандолат маҳсулотларида учрайди) ўз ичига олган ўсимлик мойлари ишлатилади. Бундай ёғлар билан тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш холестерин миқдорига салбий жиҳатдаг таъсир қилади. Шунингдек, 2-даражали қандли диабет касаллиги ҳам мунтазам қовурилган овқатларни истеъмол қиладиган одамларда кўпроқ учрайди.

 

14- Эрмак егуликлар, фастфудлар,  ГМО (трансген) озуқалар

Чипслар, шоколад, печенье ва гамбургер каби егуликлар соғлом турмуш тарзини танлаган ҳар қандай инсон учун зарарли бўлиши билан бирга, айниқса ҳомиладорлик пайтида улардан узоқ туришингиз керак бўлган озуқалар сирасига киради. Уларнинг ярмидан кўпроғи консервантлар билан тўла ва уларда табиий масаллиқларни топиш жуда қийин. Зеро сиз нимани истеъмол қилсангиз, чақалоғингиз ҳам ўшани истеъмол қиласиз. Сиз уни туғилар-туғилмас чипслар ёки гамбургерлар билан боқишни истамаганингиз каби, уларни ҳомиладорлик пайтида ҳам истеъмол қилмаслигингиз керак. Ёдда тутингки, қадоқланган ва фастфуд каби овқатлар таркибида кимёвий ва канцероген моддалар бўлган ёки бўлиш эҳтимоли юқори  бўлган таомлар ҳисобланади.


Гамбургер егингиз келдими? У ҳолда сиз яхшиси уй шароитида ўзингиз котлет тайёрлаб гамбургер қилишингиз мумкинлигини унутманг! Чипс ейишни хоҳлайсизми? Оддий уйда пиширилган картошка парраклари ҳам жуда мазали бўлади.

Бундан ташқари, агар сиз ҳомиладорлик пайтида трансген озуқалар истеъмол қиладиган бўлсангиз, чақалоғингиз ортиқча вазн ва ривожланиш нуқсонлари билан туғилиши мумкин. Бундан ташқари, келажакда иммунитети заиф ва семизликка мойил бўлиши мумкин.

15- Қаҳва (кофе)

Ҳа, қаҳвадан воз кечган яхшироқ, агар бунинг иложи бўлмаса – концентрациясини камайтириш ва миқдорини чеклаш тавсия этилади. Кофеин ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган кимёвий модда деб тахмин қилинади. Шундай экан, ўзингизга кунига бир финжон қаҳвадан ортиқ ичмаслик керак.


Яна қандайдир шу каби тақиқлар ҳақида ўйланиб қолганингизда эсда тутинг: Ҳомиладорлик касаллик эмас. Бу тананинг табиий ҳолати. Унинг ўз йўлидан кетишига тўсқинлик қилмаслик билан бирга, албатта тавсия этилган зарур чора-тадбирларга ҳам эътиборли бўлинг.

Ҳомиладор аёл баъзи нарсаларни истеъмол қилиш ва ичишдан бош тортишидан ташқари, ўз жисмоний фаолиятини ҳам чеклаши зарур.

Агар сиз спорт залига борадиган бўлсангиз, мураббийингиз билан машғулотлар дастурини қайта кўриб чиқишингиз керак, сўнгги  муддатларда эса эрта туғруқни чақирмаслик учун жисмоний машғулотларни тўлиқ рад этишга тўғри келади.

Ҳомиладорликнинг меъёрда кечишига зиён етказиши мумкин бўлган ҳолатлар:

- Қизиб кетиш (ҳаммом, сауналар, қуёшли пляжлар – жуда эҳтиёткорлик билан ва қисқа вақт ичида бўлиши тавсия этилади);

- Совқотиш (иссиқ кийиниш ва шамолдан сақланиш тавсия этилади);

- Қон босими, намликнинг тушиб кетиши, иқлим ўзгаришлари, соат минтақаларининг ўзгариши, экзотик таомлар ва ноодатий микрофлоралар.

Шифокор сизга «Стрессдан қочишга ҳаракат қилинг», деб айтганида – бу фақат қийинчилик ва можаролар ҳақида эмаслигини билишингиз керак. Тана учун стресс – бу одатий ҳолатдан ташқарига чиқадиган ҳар қандай вазиятдир. Экстримни ёқтирасизми? Бўлажак болангиз унга тайёрми? Эҳтимол, бироз кутиш, соғлом фарзандни дунёга келтириш ва шундан кейин танангизнинг яшовчанлиги устида тажрибалар ўтказиш керакдир?!

Яна кўпчиликда ҳомиладорликда жинсий алоқа қилиш мумкинлиги тўғрисида савол пайдо бўлади. Бу баъзи бир ҳолатларни ҳисобга олмаганда, умуман мумкин ҳисобланади, фақат ҳисобга олиниш керак бўлган томонлари ҳам мавжуд. Айниқса илк уч ойлик паллада, яъни ҳомила тушиш хавфи юқори бўлган муддатларда жинсий алоқа масаласида эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.

Сизнинг шифокорингиз тавсия этган ҳомиладор аёлнинг соғлом турмуш тарзи бўйича тавсияларидан ташқари, тажрибали дугоналарингиз дунё миқёсидаги тажрибаларга асосланган тақиқлар ва тавсиялардан сизни хабардор қилган бўлиши мумкин. Уларга қандай муносабатда бўлиш керак?

Ҳомиладор аёллар учун халқона тавсияларнинг кўпчилиги жуда жиддий илмий асосга эга. Бироқ асоссиз тавсиялар ҳам мавжуд. Келинг, қаерда ҳақиқат, қаерда эса шунчаки хурофот мавжуд эканини билиб оламиз.

“Ҳомиладор аёллар асло сўкинмасликлари керак”. Ҳа, албатта, – бу тавсия этилмайди. Ҳар қандай номаъқул сўзлар стресс бўлиб, стресс ҳомиладорлик кечишига салбий таъсир кўрсатади.

“Чалқанча ётиш мумкин эмас”. Чалқанча, яъни белда ётган ҳолатда ковак вена босилиб қолади, бу қон айланишининг бузилишига ва ички аъзоларга босим тушишига олиб келади. Ухлаш учун сиз ёнбош ҳолатни танлашингиз мумкин.

“Тақинчоқларни тақиш тавсия этилмайди”. Аслида, қимматбаҳо металлардан тайёрланган узук, билакузук, ҳалқа, сирғалар бўлажак болага зарар етказмайди.

“Суратга тушиш ва портретлар қилиш мумкин эмас”. Илмий нуқтаи назардан ҳеч қандай тарзда ҳомиладорлик ва туғилмаган боланинг соғлигига таъсир кўрсатмайдиган мутлақо асоссиз фикр.

“Тикиш ва тўқиш мумкин эмас”. Бу ҳам хурофот. Унинг асосида ўхшашлик тамойили мавжуд: киндик тугун қилиб боғланади, туғруқ йўллари тикилади. Бундай чеклов учун ҳақиқатда ҳеч қандай жисмоний асос йўқ.

“Сочларни ва тирноқларни олиш мумкин эмас”. Ҳомиладорлик даврида аёлнинг гормонал ҳолати соч ва тирноқларнинг ўсишини кучайтиради. Сочни тартибга келтириш учун сочни калталатиб туриш, аксинча, тез-тез талаб қилиниши мумкин. Соч кесишнинг ҳеч қандай салбий таъсири йўқ. Тирноқларни эса аксинча вақтида кесиб туриш керак. Зеро улар микроблар учун қулай макон ҳисобланади.

Ёмон ва салбий нарсалар ҳақида ўйлмаслик эса психологияда ҳам бор нарса. Доим яхши ва ижобий фикрлашни ўрганинг. Шукр қилинг, дуо қилинг, ибодат қилинг, тарихдаги улуғ ва буюк инсонлар ҳақидаги китоблар ўқинг, пайғамбарлар, авлиёлар ҳақида кўпроқ ўйланг, токи фарзандингиз ҳам шундай буюк инсонларга ўхшаган бўлишини кўп тафаккур қилинг. Ўй-фикрнинг рухиятимизга таъсири аниқ бўлгани каби, ҳомилага ҳам рухий ва жисмоний томондан таъсир қилиши тасдиқланган ҳақиқатлардан. Кўпроқ Қуръон эшитинг, болангизни унга ошно қилинг. Зеро у ичингизда бўлса ҳам атрофидаги ҳамма нарсани сезиб туради. Илк эшитадиган овозлари хуш ва ёқимли тиловат овозлари бўлсин. Бу сизнинг келажагингиз учун катта сармоя ҳисобланади.


Уйда, ишда, оилада нима ҳодиса бўлишидан қатъи назар доим ижобий муносабатда бўлинг, ҳар бир ишда бир хайр ва ҳикмат борлигини ўйлаб Яратгандан розилик ва мамнунлик ҳисси билан жўшинг ва шукроналик туйғуси билан яшанг.

Агар бола тушиш хавфи пайдо бўлса, аввало хавотирланманг, безовталик баттар танангизга салбий таъсир кўрсатади ва бу жараённи тезлаштириши мумкин. Энг яхшиси шундай ўйланг: агар яхши бўлиб ҳомила ривожланишда давом этса − Ўзининг раҳмати, мабодо тушиб қолса − Ўзининг ҳикмати деб холис таваккул қилиб, кейин тегишли чораларга мурожаат қилинг. Оналик бахтига албатта эришишингизга қатъий ишонинг.


   

Ушбу материал “Оналик бахти” китоби ва www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан тайёрланди.


ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ


Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ

 


Report Page