ҲОМИЛАДОРЛИКДА БАВОСИР (ГЕМОРРОЙ) МУАММОСИ

ҲОМИЛАДОРЛИКДА БАВОСИР (ГЕМОРРОЙ) МУАММОСИ

@ginekologim

Ҳомиладорликда бавосир (геморрой) деб аталувчи бу касаллик кўплаб бўлажак оналар бошдан ўтказадиган муаммолардан саналади. Умуман, бавосир нега ҳомиладорликда пайдо бўлади? Бу ҳомилага зарар етказадими? Келинг, қуйидаги мақола орқали ҳомиладорликда бавосир ҳақида билишингиз керак бўлган барча маълумотларни кўриб чиқамиз.

 

Бавосир нима?

Бавосир (геморрой) - бу тўғри ичак пастки қисмлари ва орқа чиқарув тешиги (анус) атрофидаги веноз чигали томирларининг кенгайиши ва пастга салқиб тушиши билан кечадиган касалликдир.

Баъзида, бавосир билан боғлиқ муаммога дуч келмайдиган одамларда ҳам тўсатдан орқа тешикда оғриқли шиш пайдо бўлади. Ушбу ҳолат ўткир тромбозли бавосир деб аталади. У қаттиқ оғриқ туфайли кўплаб одамларга ҳаётининг равон ўтишига ҳалақит беради.

Аслида бавосир яқинда она бўлдиган аёлларнинг аксариятида пайдо бўладиган ҳолат. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Келинг, бавосирга оид маълумотларни бир бошдан тушунтириб берайлик.

Ҳомиладорликдаги бавосирнинг қандай аломатлари бор?

Ҳомиладорликда бавосирнинг бошланғич аломатлари ич келгандан кейин орқа чиқарув тешигида оғриқ, қичишиш ва қон кетишидир. Бошқача қилиб айтганда, ҳомиладорлик даврида орқа тешикдан қон кетишининг сабаби одатда бавосир бўлади. Ич келгандан сўнг орқа чиқарув тешигида шиш пайдо бўлса, биз уни бавосир тугуни деб атаймиз.

 

Ҳомиладорликда бавосирга нима сабаб бўлади?

Ҳомиладорликда ҳомиланинг бачадонга берадиган босими ва тос соҳасида қон оқимининг ортиши йўғон ичак деворидаги веноз томирларнинг кенгайиши ва шишишига олиб келади. Сирасини айтганда, қон миқдори ошгани сайин вена томирларида босим кучаяди. Шундай қилиб, қон томирларида варикоз (тиқин) пайдо бўлади.

Ҳомиладорликдаги энг кўп учрайдиган бавосир, бу томирларнинг варикоз кенгайиши ҳисобланади. Организмда қоннинг кўпайиши ва ҳомиланинг босими таъсири билан оёқларда варикоз томирлари бўлгани каби, орқа тешик томирларида ҳам варикоз бўлиши мумкин. Натижада бавосир пайдо бўлади.

Ҳомиладорлик даврида ич қотиши бавосирнинг бошланғич сабабларидан бири бўлиши мумкин. Гарчи бу бавосирнинг бевосита сабаби бўлмаса-да, ич қотиши босимни кучайтиргани учун бавосир пайдо бўлишига йўл очади. Шундай қилиб, ҳомиладорликда ич қотишини бавосирни қўзғатувчи омил деб ҳисоблашингиз мумкин. Aгар ичингиз қотиб қолса, ҳожатхонага борганда қийналасиз, ортиқча кучаниш ҳам бавосирни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, аччиқ овқатлар истеъмоли ҳам бавосирга сабаб бўлиши мумкин.

 Ҳомиладорликда бавосир қайси ойдан бошланади?

Бу борада аниқ бир ҳафта ёки бирор ойни айтиш мушкул. Aммо бавосир ҳомиланинг ўсиши ва унинг танага босими кучайиши туфайли кўпроқ ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида учрайди.

Ҳомиладорлик даврида бавосирга нималар фойдали, қандай қилиб унинг олдини олиш мумкин?

Ҳомиладорликда бавосирни даволаш учун уй шароитида нималар қилиш мумкин?

1) қабзиятни олдини олиш

Ҳомиладорликда бавосир билан курашишнинг энг яхши усули бу ич қотишининг олдини олишдир. Шунинг учун сиз кўп миқдорда сув ичишингиз, озуқавий толага бой маҳсулотларни истеъмол қилишингиз ва пробиотиклар (йогурт ва кефир) ичишингиз керак.

Банан, цитрус мевалар, олма, нок, картошка ва ловия ич қотиши ва у орқали бавосирни олдини олувчи маҳсулотлар сирасига киради.

 

Батафсилроқ маълумот учун ушбу мақолани ўқинг : Ҳомиладорлкида ич қотишига тавсиялар

 

2) ҳаддан зиёд кучаниш

Ҳожатхонага борганингизда кўп кучанманг. Кучанишдан сақланиш учун оёқларингизни бирор нарса устига қўйишингиз ҳам мумкин. Ич қотганда ҳожатхонада узоқ вақт ўтириб, ўзингизга зарар етказманг, яъни ортиқча кучанманг.

3) тозалик муҳим аҳамиятга эга

Орқа чиқарув тешиги атрофини доимо тоза тутинг. Ҳар бир ҳожатдан кейин бу жойни ювишга алоҳида эътибор қаратинг.

4) жисмоний машқлар бажариш

Ҳомиладорликда қилишингиз мумкин бўлган энг яхши машқ - Кегель машқлари бўлиб, бу ҳам ич қотиши, ҳамда бавосирни бартараф этишда катта ёрдам беради.

5) илиқ ванна қабул қилинг

Ваннангизни илиқ сув билан тўлдиринг. Қичишишнинг олдини олиш учун сувга истеъмол содаси қўшишингиз мумкин. Эзилган сули қоришмаси ҳам ванна қилишда самарали бўлади. Тахминан 20 дақиқа давомида илиқ сувда ўтиринг. Унутманг, иссиқ сувда ўтириш муддатидан олдин туғруқ хавфини ортиради.

6) вазелиндан фойдаланинг

Кўпинча бавосир тугунлари ҳожатдан кейин чиқиб қолади. Бундай вазиятда вазелин билан бармоғингизни мойланг ва бавосир тугунини ичкарига суришга ҳаракат қилинг. Чунки улар ташқарида қолса  қурийди ва кўпроқ оғриқ беради.

7) қандай ўтириш ёки туришни билиш зарур

Узоқ вақт давомида бир жойда ўтирманг. Aгар сиз  бирон офисда ишлайдиган ҳомиладор аёл бўлсангиз, тагингизга юмшоқ ёстиқча ташлаб олинг. Қаттиқ жойда узоқ вақт ўтириш бавосирни қўзғатади. Шунингдек, уйингизда фойдаланиш учун ҳам махсус бавосир учун мўлжаллаган ҳалқа шаклидаги ёстиқчаларидан сотиб олишингиз мумкин.

8) ухлаш ҳолатингиз ҳам муҳим

Ҳомиладорликда тўғри ухлаш ҳолати ҳам бавсоирга қарши курашда самара бериши мумкин. Бунда ёнбошлаб ухлаш тўғри танлов, чунки бу орқа тешикка бўлган босимни пасайтиради.

Ҳомиладорликда бавосирни ўсимликлар билан даволаш усули борми?

Оғриқ ва қичима кузатилган жойингизга ерёнғоқ ёки фундук ёғи  суришингиз мумкин. Яллиғланишни йўқотишда таъсири бор.

Бавосир бўлган жойга кичик пахтани ярмигача лимон сувига ботириб қўйишингиз мумкин. Лимон кислотали бўлгани учун терингизни бироз ачитиши мумкин, аммо бу таъсир узоқ давом этмайди.

Пахтани бодом ёғига ботириб, уни бавосир жойига суришингиз мумкин. Ушбу усулни кунига 2 ёки 3 марта қўллашингиз мумкин.

Ҳомиладорлик пайтида зайтун ёғи ҳам тавсия этилади. Aйтишларича, у суртилган жойга таъсири билан бавосир тугунларини юмшатади.

Бундан ташқари, пробиотиклар ҳомиладорликда ич қотишини ва шу орқали бавосирни олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

Бавосир табиий йўл билан туғруққа монеълик қиладими?

Йўқ ундай эмас. Aммо, ҳомиладорликда оғир бавосирни бошдан кечирган ҳомиладор аёлларга туғруқ пайтида кучанишни, тўғри ичакни зўриқтиришни олдини олиш учун кесарча кесиш усули ёки сув ичида туғиш тавсия этилиши мумкин.

Ҳомиладорликда бавосир ҳомилага зарар етказадими?

Бавосир ҳомилага зарар етказмайди. Ҳомиладорлик даврида фақат сизни бироз безовта қилади холос. Aгар сиз эҳтиёт чораларини олганингизга қарамай бавосир муаммоси тўхтамаса, шифокор билан маслаҳатлашишингиз керак. Чунки кучанишдан кейин тўғри ичак ёриқлари орқали микроб юқтириш хавфи мавжуд. Одатда бола туғилгандан кейин ўз-ўзидан йўқоладиган бавосир баъзида нифос даврида (туққан аёлда қон келиш тўхтагунгача бўлган муддат) ҳам давом этади. Шунинг учун шифокорга мурожаат қилганингиз маъқул.

 


Ҳомиладорликда бавосирга қарши бирон-бир суртма ​​ишлатса бўладими?

Барча дори-дармонларда бўлгани каби, шифокорингизга мурожаат қилмасдан ўзбошимча бавосир суртмаларини ишлатманг. Бу борда қарорни фақат даволовчи шифокорингиз беради.

Таркибида кортикостероидлар бўлмаган шамчалар ва қон айланишини яхшилайдиган дорилар ҳомиладорлик даврида бавосирга қарши ишлатилиши мумкин, аммо буни сизга шифокорингиз тавсия этиши керак. Сиз уларни ўз билганингизча ишлата олмайсиз.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

 


Report Page