30-ҲАФТА

30-ҲАФТА

@ginekologim
30-ҳафталик

 29-ҳафта 31-ҳафта

 Aгар биз бу ҳафтани ҳисобламасак, болангиз билан учрашишга деярли 10 ҳафта қолди. Хўш, 30 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай бўлади? Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида нималар ва қандай ўзгаришлар бўлади? Сизга қизиқ бўлган маъулмотларни тайёрладик!

 30 ҳафталик ҳомиладорлик нечанчи ойга тўғри келади?

Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтаси бу сиз ҳозирда 7-ойининг ўртасидасиз дегани.

 30-ҳафтада ҳомила ривожланиши

 Ҳомиланинг вазни ва бўйи

Ҳомиланинг бўйи туғруқ вақтидаги бўйга деярли яқинлашиб қолди! Бироқ, унга ҳали жуда кўп вазн керак. 30 ҳафталик ҳомила қанча вазнга ва бўйга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

30 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 1400 гр
30 ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 43 см

  Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтаси учун биз ўртача вазн қийматини берган бўлсак-да, кичкинтойингиз учун бу рақам ундан паст ёки юқори бўлиши мумкин. Муҳими шифокор ташрифларида ҳаммаси жойида бўлиши.

Ҳомиланинг мияси ҳам туғилгандан кейинги ҳаёт ва бутун умр давомида ўрганишга мослашиш учун ривожланиб боради. Ушбу ҳафтадан бошлаб унинг мияси ўзига хос чуқурчалар ва эгри-бугриликлар билан ҳақиқий мияга ўхшашни бошлайди. Ушбу эгри-бугрилик янги туғилган нимжонгина гўдакдан, ҳаракатчан чақалоққа, гапирадиган болага, болалар боғчасидаги қизиқувчан тарбияланувчига ва мактаб ўқувчиси бўлишга қараб йўл олишда зарур бўлган кенгайишларни таъминлайди.

Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида кузатладиган ўзгаришлардан бири ҳомиланинг ўз тана ҳароратни созлай олишидир! Мия ҳароратни тартибга солишни кучайтириши мумкинлиги сабабли (қисман кўпайиб бораётган ёғ тўқималари сабабли ҳам) шу пайтгача уни илиқ тутиб келган ингичка ва юмшоқ тукларини - ланугони ташлай бошлайди. Бу дегани - туғилганда у энди ўта тукли бола бўлмайди.

  30-ҳафтада ҳомила ҳаракатлари

Aввало, 28-ҳафтадан бошлаб сиз кунига икки марта, эрталаб ва кечқурун бир мартадан ҳомила ҳаракатларини текширишингиз мумкин. Шубҳасиз, сизнинг шифокорингиз ушбу жараёнда сизга бир нечта маслаҳатларни беради. Бундан ташқари, сиз қуйидагиларни синаб кўришингиз мумкин:

Соатга қаранг ва ҳисоблашни бошланг. Турли хил тепиш, айланиш, бурилиш, сирғалиш каби ҳаракатлар сонини ҳисобланг. 10 та ҳаракатни ҳисоблаганингизда тўхтаб соатга қаранг. Бу муддатни қайд этинг. Кўпинча 10 дақиқада 10 та ҳаракатни сезишингиз мумкин. Бу миқдор 10 дақиқадан кам ёки ундан кўпроқ муддатда ҳам бўлиши мумкин.

Агар сиз бир соат ичида ҳам 10 та ҳаракатни сезмаган бўлсангиз, бирор нарса ичинг, тамадди қилинг, пиёда юринг ёки енгил жисмоний машқларни бажаринг. Кейин яна ётиб, дам олинг ва ҳисоблашни давом эттиринг.

Ҳомиланинг ҳаракатисиз ўтган кун бирон бир муаммо борлигини англатмайди, лекин камдан-кам ҳолларда бу ниманидир аломати бўлиши мумкин. Туғруқ муддати яқинлашган сари ҳомила ҳаракатларини назорат қилиш жуда аҳамиятлидир.

30 ҳафталик ҳомила ҳаракатлари ҳақида нима дейиш мумкин? Бу ҳафта ҳомилангиз ҳиқичоқ тортаётганини сезишингиз мумкин. Ушбу ҳаракатлар нафас олиш машқлари бўлиб, улар орқали ҳомила ташқи муҳитга тайёрланади.

30 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

 Ҳар бир 30 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

   Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар

 Ҳомиладорлик даврида чўмилиш

Кўпчилик аёллар ҳомиладорликнинг сўнгги палласида чўмилиш ҳомила учун хавфсизми, йўқми деб безовталанишади. Кўпгина шифокорлар ҳомиладорлик пайтида чўмилиш хавфсиз деб ҳисоблашади. Ваннага кириш ва чиқишда эҳтиёт бўлиш ва сув жуда иссиқ эмаслигига ишонч ҳосил қилиш кифоя.

 Оғриқларни камайтириш учун қоматни тўғри тутиш

Қоматни тик ва тўғри ҳолатда ушлаб туриш, сирт ва елка босимини камайтиришга ва бел оғриғидаги баъзи ноқулайликларни бартараф этишга ёрдам беради. Қоматни тик тутиш бироз ғайрат ва куч талаб қилиши мумкин, аммо бу сизнинг дардингизни енгиллаштирса, бажаришга арзийди

Сиз бунга ҳомиладорлик даврида кўпроқ машқ қилиш, айниқса ҳомиладорлик пилатес машқлари орқали эришишингиз мумкин. Бу билан ҳомиладорлик билан боғлиқ оғриқ ва тортишишларни енгиллаштиришингиз, ҳамда тик қоматни сақлашингиз мумкин бўлади. Пилатес машқлари билан шуғулланиш учун сизга ҳали ҳам кеч эмас.

  Сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда ич қотишига тавсиялар

 Ҳомиладорлик даврида ўтли чойлар ичиш мумкинми?

Aёллар ҳомиладорлик турли шифобахш ўтли чойлар дамлаб ичиш фойдалими ёки зарарлими экани ҳақида кўп сўрашади. Баъзи гиёҳли чойлар ҳомиладор аёллар учун фойдали эканлигини эшитган бўлишингиз мумкин, аммо баъзилари фойдали эмас. Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ичишингиз мумкин бўлган ўтли чойлар қуйидагилардир: мойчечак, момақаймоқ, занжабил, қичитқи ўти (крапива) ва ялпиз.


Лекин баъзи гиёҳли чойларни ҳомиладорлик даврида умуман  ичмаслигингиз керак. Бўймадорон (тысячелистник), шувоқ (полынь), маврак (шалфей), қора арча (можжевельник), туятовон (мать-и-мачеха), тошбақа толи (рута душистая), қайрағоч (вяз) каби ўтли дамаламаларни ичишдан сақланишингиз керак.

Булардан ташқари, мутлақо ичиш мумкин бўлмаган ўтли дамламалар ҳам мавжуд. Ўтли дамлама борасида шифокор билан маслаҳатлашмасдан ўзбошимча иш тутманг.

Мойчечак: Бу овқат ҳазм қилиш ва яхши ухлашга ёрдам беради. (шу билан бирга ҳомиладорликнинг илк паллаларида мойчечак тавсия қилинмайди, чунки бачадон тонусини қўзғотиши мумкин)

Момақаймоқ: шишларга қарши яхши ёрдам беради, меъдани юмшатади.

Занжабил: кўнгил айниш ва бурун битиши учун яхши.

Қичитқи ўт: темир, калций ва бошқа витаминларга бой.

Ялпиз: қорин дам бўлиб оғриганда фойда беради ва меъдани сокинлаштиради.

 Бизда фойдлаи мақола бор: Ҳомиладорликда жиғилдон қайнашига кичик қўлланма

 

 Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидаги онадаги ўзгаришлар

Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида бачадон киндикдан 10 см баландликда бўлади. Қов суяги учидан ҳисобласак бачадоннинг тепасигача деярли 30 см.

Бачадонингиз қовурғалар остида ўсган сари сиз уни гўё у ерга сиғмаётгандек ҳис қилишингиз мумкин. Aммо ҳомила, плацента ва бачадон амниотик суюқлик билан ўсишда давом этади.

 30-ҳафтада ҳомиладор она қанча вазн олган бўлиши керак?

Ҳомиладорлик даврида ўртача соғлом вазн ортиши 11 дан 14 килограммгача. Ҳомиладорликдан илгари жуда озғин бўлган аёлларда вазн ортиши 16 кг га етиши мумкин. 30-ҳафтада қанча вазн олиш керак?  деган саволга жавобимиз: сиз бу ҳафта ўртача 500 грамм вазн оласиз.

30 ҳафталик ҳомиладорлик даврида олинган вазннинг деярли ярми - бачадон, ҳомила ва плацента ҳажмининг ўсиши билан боғлиқ. Ушбу ўсишни асосан қорин ва тос суякларингизда сезишингиз мумкин. Ҳомиладорлик муддати ортган сайин тос суяги ва қорин бўшлиғидаги ноқулайлик кучайиши мумкин.

 Ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида қандай овқатланиш керак?

30-ҳафта - бу ҳомиланинг миясидаги ривожланиш тезлашадиган давр. Шундай экан, сиз Омега-3 деб номланувчи ажойиб ёғларни етарли даражада олиш энг муҳим бўлган палладасиз. Шунинг учун кўпроқ Омега-3 ёғларига бой маҳсулотлар истеъмол қилишингиз керак.

Зиғир уруғи ва ёғи

Зиғир уруғи ёки ёғи, лосос, сардина балқилари, хонадон тухумлари, ёнғоқ, хонадон товуғи, рукола кўкати кабилар Омега-3 га бой маҳсулотлар турига киради.

Буни ўқидигизми: Ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак? (3-триместр)

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page