25-ҲАФТА

25-ҲАФТА

@ginekologim

 

25-ҳафталик


24-ҳафта 26-ҳафта

  Яна бир ҳафтани ортда қолдирганингиз билан табриклаймиз! Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида нималар рўй беради? 25 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай? Сизни қизиқтирган барча мавзуларни имкон қадар ёзиб чиқдик, ўқишни бошлашингиз мумкин.

25-ҳафтада ҳомила вазни ва бўйи

25-ҳафталик ҳомила неча грамм бўлади? Унинг бўйи қанча каби маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

25-ҳафталик ҳомиланинг вазни − 700-750 гр
25-ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 22 см

  Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида ҳам ҳомила ривожланиши она қорнида суратли давом этади. Ушбу ҳафтада тери остида майда томирлар ҳосил бўлиб, ичи қон билан тўлади. Ҳомиланинг ўпкасида капилляр билан қопланган ҳаво халтачалари ҳам ҳосил бўлиб, биринчи нафас олишга тайёргарлик кўришни бошлайди.

Ҳозиргача ёпиқ бўлган бурун тешиклари шу ҳафтада очила бошлайди. Шу тарзда у нафас олишга ҳозирлик машқларини бажара олади.

Энди овоз пайлари ҳам ишлайди ва вақти-вақти билан ҳиқичоқларни келтириб чиқаради. Aгар омадингиз бўлса, буни сезишингиз ҳам мумкин.

25 ҳафталик ҳомиладор неча ойлик?

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтаси 6-ойга киритилган. Ҳар ой 4 ҳафта бўлиши сизни ажаблантирмасин. Сиз 25-ҳафта 7-ойга киритилган деб ўйлашингиз мумкин, аммо сиз ҳали ҳам 6-ойдасиз. Зеро тўлиқ ой 4 ҳафта ва 2 ё 3 кундан иборат.

 

25-ҳафтада ҳомила ҳаракатлари

Сиз 25 ҳафталик ҳомила қоринда қандай ҳаракатлар қилади, деб қизиқаётган бўлишингиз мумкин. Ҳомила энг фаол даврини 24- ва 28-ҳафталар оралиғида ўтказадилар. Бачадон ичида жой кенг.  Шунинг учун у бемалол рақсга тушади, умбалоқ ошади, тепинади, муштлайди ва ҳаттоки аэробика билан ҳам шуғулланади.

Она қорнидаги 25 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатлари тартибсиз ва  қисқа муддатли. Шу сабабли ҳомиланинг ҳаракатлари ҳар куни сезилмаслиги мумкин. Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида ультратовуш текшируви тасвирларида ҳомиланинг барча ҳаракатлари аниқ кўринади. Ҳаракатлар ҳомиладорликнинг 28-32-ҳафталарига келиб мунтазам ва изчил бўлиб боради.

 

25 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

 

Ҳар бир 25 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир.

 

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

  Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида бачадонингиз янада катталашган. Ён томондан қарасангиз, у анча катталишганини аниқроқ кўрасиз.

Унинг ўлчами қов суяги учидан бачадон тепасига қадар 25 см. Aйни пайтда сизнинг бачадонингиз футбол тўпи катталигидек келади. Бачадоннинг тепа қисми киндик билан кўкрак суяги пастки қисми орасида жойлашган.

 

25-ҳафталик ҳомиладорликда вазн қанча бўлиши керак?

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида вазн ортиши ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин. 6-ойда ҳафтасига ярим килограммдан, ой охирида эса деярли 2 килограмм қўшимча вазн олиш мумкин. Бир ҳафта 750 грамм ва иккинчи ҳафта 250 грамм вазн олишингиз ҳам мумкин. Бу ташвишли ҳолат эмас. Вазн ортиши нисбатан барқарор бўлса ва тўсатдан тез вазн ортиши ва тушиши бўлмаса муаммо йўқ.

Aммо умумий ўлароқ иккинчи триместрда жами 4-5 килограммга вазн ортиши меъёр ҳисобланади. Aгар вазнингиз меъёрда эканида ҳомиладор бўлган эсангиз, ҳомиладорлик охирида умумий вазн ортиши 11-14 кг бўлса рисоладагидек ҳисобланади.

 

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида овқатланиш

Биз ҳар ҳафта ҳомиладорликда овқатланишга оид баъзи маълумот ва тавсиялар беряпмиз. Сиз уларни тавсия ва мотивация сифатида қабул қилишингиз ва ҳомиладорлигингизга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлар борасида шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак. Шифокорингизнингни бохабар қилмасдан ва унинг тавсиясисиз витамин ёки минераллар олмаслик керак.

Туғруқолди қўшимча қўллаб-қувватловчи витамин ва минераллар муҳим!

Ҳомиладорлик витамин ва минералларга бўлган эҳтиёжни оширади. Бу витамин ва минералларнинг аксариятини истеъмол қилаётган овқатлар орқали олишингиз энг маъқули. Aммо ростини айтадиган бўлсак, бу замонда кундалик ҳаётдаги овқатланиш рационига зарур миқдордаги витамин ва минералларни киритиш бироз қийин.

Бундан ташқари, бугунги кунда кўплаб сабзавот ва меваларда бўлиши керак бўлган витамин ва минераллар миқдори етарли даражада эмас. Бунга қишлоқ хўжалигини кимёвийлаштириш ва органик озуқалар билан озиқланмаслигимиз катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун шифокорлар туғруқолди витамин қўшимчаларини тавсия қилишади.

Айрим аёллар эса ҳомиладорлик пайтида алоҳида қўллаб-қувватлайдиган қўшимчаларга эҳтиёж сезади:

• жуда ёш бўлганлар;

• ҳомиладор бўлишдан олдин ўта кам вазнли бўлганлар ёки тўйиб овқатланмайдиганлар;

• олдин эгизак ҳомиладорлик ўтказганлар;

• тамаки ва спиртли ичимлик истеъмол қилувчилар;

• сурункали касалликларга чалинганлар;

• сигир сути, буғдой ва бошқа асосий овқатларни ҳазм қилишда муаммоларга дуч келадиганлар.

Шунга асосланиб, шифокор сизнинг ўзингизга хос бўлган ҳолатингиз ва танангизнинг эҳтиёжларига мос равишда қўшимча витамин ва минералллар тавсия қилади.

 

Бу сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)

 

Ҳомиладорлик давридаги овқатланишда муқобил вариантлар: Овқатланиш борасида муаммога дуч келдингизми?

Сиз истеъмол қилаётган овқатлардан зериккан бўлишингиз мумкин ёки ҳомиладорлик давом этар экан, таомномага фойдали овқатларни қўшиш қийинлашиши мумкин. Қуйидаги маслаҳатлар сизга туртки бериши мумкин.

1. Толаларга бой бўлган мураккаб углеводлар танангиз учун доимий қувват манбаи бўлиб, узоқ вақт давомида ўзингизни тўқ ҳис қилишга ёрдам беради. Буғдой нони, кепакли ундан тайёрланган нон, қора нон каби нон турларини танланг. Оқ нон, оқ гуруч ва хамир овқатлардан узоқ бўлинг.

2. Барра кўкатлар ва яшил сабзавотлар (масалан, исмалоқ, мангольд, брокколи) рангли сабзавотларда (масалан, сабзи ва ширин картошка) нисбатан турли хил фойдали моддалар мавжуд. Шундай қилиб, ҳар куни тамономангизга кўкатлар ва рангли сабзавотларни киритишга ҳаракат қилинг. Ейдиган озиқ-овқатларингизни стол устига шундай бир жойлаштириб кўринг. Aгар сариқ, яшил, оловранг, қизил каби барча ранглар мавжуд бўлса, бу яхши эканининг аломатидир.

3. Озуқа моддаларга бой маҳсулотлар (масалан, мева ва сабзавотлар) кўплаб витаминлар ва минералларни ўз ичига олади ва уларнинг калория миқдори ҳам юқори эмас. Масалан, киви таркибида бошқа меваларга қараганда кўпроқ C ва Е витаминлари мавжуд.

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафталигидаги онадаги шикоятлар

Ҳомиладорлик даврида қичишишлар: тери ва мушаклар чўзилмоқда!

Қичишиш ҳомиладорлик даврида тез-тез учрайдиган ҳолатдир. Терида ҳеч қандай бўртиш йўқ, шунчаки қичишади.

Бачадон катталашган ва тос суягини тўлдирган сари қорин териси ва мушаклари чўзилади. Бунинг табиий натижаси эса қичишишдир. Бундай пайтларда терингизни безовта қилмасликка ва тирноқлар билан қашимасликка ҳаракат қилинг. Қичишиш шикояти бўлганда шифокорингиз сизга тинчлантирувчи ва салқинлатувчи лосьонларни тавсия қилиши мумкин. Aммо, шифокорингизни хабардор қилмасдан ҳеч қандай лосьонни ишлатишни маслаҳат бермаймиз.

 


Диққат: Стресс таъсирига тушманг!

Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтаси ўтиши давомида безоваталик, стресс ҳомиладорлигингизга кўпроқ таъсир қилиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдики, бўлғуси оналарда стресс билан ҳомиладорликка алоқадор муаммолар (масалан, қон босими юқорилиги, ҳомила тушиши ёки муддатидан олдин туғруқ) орасидаги боғлиқлик ортмоқда.

Aгар ҳозирда ҳаётингизда сезиларли безовталик бўлса, ўзингизга эътиборли бўлишга ҳаракат қилинг. Тартибли овқатланинг, етарлича дам олинг, спорт билан шуғулланинг, дардингизни яқинларингиз билан баҳам кўринг, яхши ва ижобий нарсаларни ўйланг, сизни ва ҳомилангизни Яратган зот сизга ҳам, болангизга ҳам сиздан-да меҳрибонроқ эканини ўйлаб ўзингизни бўш қўйинг, дуо-илтижо билан, ибодат ва китоб ўқиш билан машғул бўлинг  ва стрессни бартараф қилинг!

 


Такроран ўқиб кўринг: Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар


Ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида эрта туғруқ

Тиббиётдаги айрим катта ютуқлар эрта туғилган ҳомилаларни парвариш қилиш йўналишида бўлган. Ишониш қийин бўлса-да, 25 ҳафталик ҳомила ҳаётини сақлаб кетиши мумкин (ҳатто ҳомиладорликнинг 22- ва 15− ҳафтасида туғилган ҳомиланинг ҳам сақлаб қолинган ҳолатлари кузатилган). Албатта ҳеч ким фарзандини бунчалик эрта туғилишни хоҳламайди, аммо шундай бўлган тақдирда янги даволаш муолажалари ва технолгия (вентиляторлар, мониторлар ва дорилар) ёрдамида ҳомила ҳақиқатан ҳам омон қолиш имкониятига эга.

Мана ўша видео: 15 ҳафталик ҳомиланинг туғилиб яшаб кета олгани ҳақида видеоролик

  Aслида, бу даврда ҳомиланинг вазни 1 килограммдан кам ва у ҳали жуда нозик. Шунинг учун эрта туғилган ҳомила туғруқхонада бир неча ой ётиши мумкин. Инфекция юқиш хавфи ва бошқа баъзи асоратлар эҳтимоли бўлиши мумкин.

    Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page