24-ҲАФТА

24-ҲАФТА

@ginekologim


24-ҳафталик


23-ҳафта 25-ҳафта

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида ҳаётингизнинг энг мўъжизавий даврини бошдан кечираётганингизни ҳис қиляпсиз, шундай эмасми? Ушбу даврни мўъжизавий қиладиган нарсалардан бири - унинг энг чиройли неъматлардан бири билан ниҳояланишидир. Ҳар ҳафтада бўлгани каби, ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида ҳам нималар бўлади ва ҳомиланинг ривожланиши қанақа каби саволлар қизиқтираётганини билиб турибмиз. Барчасини имкон қадар баён қилдик, қани, ўқишни бошланг!

24-ҳафтада ҳомиладорлик ва ҳомила ривожланиши

24 ҳафталик ҳомиладор неча ойлик?

Йигирма тўртинчи ҳафта ҳомиладорликнинг 6-ойига киради. 6-ой эса 2-триместрнинг сўнгги ойидир. Энди қорнингиздаги ҳаракатлар ҳақида ташвишланишнинг ҳожати йўқ: чунки энди газ йўқ, бари “кичкинтойингиз”нинг эпчиллиги! Aгар газ бўлганда жим турмасдингиз!

Олтинчи ойга келиб, митти қўллар ва оёқлар қаттиқроқ ура бошлаганда, сиз унинг бадантарибия қилаётганини ва баъзида ҳиқичоқларини ташқаридан кузатишингиз мумкин.

Бу ой иккинчи триместрнинг охирги ойи, аммо ҳали олдинда манзиллар ва олинадиган вазнлар бор. Ҳозир имконият бор экан, бироз кўпроқ ҳаракатланинг, кейин пушаймон бўлманг! Aхир 2 триместр ҳомиладорликнинг асал ойидир.

24-ҳафтада ҳомиланинг вазни ва бўйи

Ҳомилангиз кундан-кунга оғирлашмоқда! 24 ҳафталик ҳомила неча грамм бўлади, унинг бўйи қанча каби маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

24 ҳафталик ҳомиланинг вазни - 540-675 гр
24 ҳафталик ҳомиланинг бўйи - 21 см

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасидан боланинг вазни ҳафтасига 180 граммдан ортиб боради. Семираётганига қарамай, ҳомила ҳали ҳам жуда кичик. Aммо унинг юзи ва танаси кўпроқ туғилиш пайтидаги гўдакка ўхшайди.

Унинг ниҳоятда чиройли киприклари, қошлари ва ҳаттоки бироз сочлари ҳам бор. Сочларида ҳали пигмент йўқлиги сабабли у маллами, қорами ёки қизғишми, аниқ эмас. Чунки ҳозир у  қордек оппоқ.

Шу ҳафта “кичкинтой”ингиз амниотик халтачанинг ичида тўғри турибдими ёки оёғи осмондами била олади. Бунинг сабаби тана мувозанатини таъминлайдиган ички қулоқнинг ривожланганидир.

24-ҳафтада туғилган ҳомилаларда тирик қолиш эҳтимоли 50% дан ошади ва бу эҳтимол ҳар ҳафта ўтган сайин ортиб боради. Бироқ, бундай ҳолатда жиддий асоратлар  кўп учрайди.

24 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

Ҳар бир 24 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир.

24 ҳафталик ҳомила ҳаракатлари

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида ҳаракатлар ҳақида энг кўп бериладиган саволлардан бири: "Болам бир неча кун тинимсиз тепинади, баъзи кунлари жуда сокин бўлиб қолади, бу меъёрий ҳолатми?". Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳомила ҳам митти инсондир, шунинг учун у ҳам биз каби баъзи кунларда ўзини фаол ва жонли ҳис қилади, кўпроқ тепинади, мен шу ердаман, дейди ва баъзи кунлари тинчгина дам олишни истайди.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида боланинг ҳаракатлари сизнинг фаоллигингизга қараб ўзини мувозанатлайди. Куни билан ҳаракатда бўлганингизда, ҳомилангиз маромга кўра тинчланади, тинч ўтказган кунингизда эса у ҳаракатчан бўлади.


Овқатланганингиздан сўнг, қонингиздаги шакар миқдорининг ортишига жавобан ҳомилангиз ҳаракатга келишини кузатишингиз мумкин. Ҳамда тажанг ёки ҳаяжонли бўлганингизда (чунки адреналин таъсири туртки беради) унинг ҳаракатлари ортишини сезишингиз мумкин.

24- ва 28-ҳафталар ҳомиланинг энг ҳаракатчан даврлари бўлишига қарамай, тепинишнинг зарари йўқ. 28-ҳафтадан сўнг, тепинишларни назортага олиш ва уларни кундан-кунга бошқариш қулайроқ бўлади.

Бундан ташқари, ҳомилангиз баъзида шунчалик қаттиқ тепинадики, сиз оғриқ ҳис қилишингиз ва ҳатто қовурғангиз ёрилиб кетаётгандек туюлиши ҳам мумкин. Чунки ҳомилангиз қорнида катталашган сайин, илгари капалак учишидек туюлган ҳаракатлар борган сари кучайиб боради. Қовурғангизга тепиниш, қорин ёки бачадон бўйнига зарба бериш бироз оғритиши мумкин. Бундай ҳолатлар ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида қорин оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Aгар ҳомилангизга қаттиқ тепки берса, ҳолатингизни ўзгартиришга ва уни чалғитишга уриниб кўришингиз мумкин. Бундай ўзгариш “кичик полвон”нинг мувозанатини бузиб зарбаларини вақтинча тўхтатиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

24 ҳафталик ҳомиладорликда қанча вазн олган бўлишингиз керак?

Энди бачадон киндикдан 3.8 - 5.1 см баландроқда.

Ушбу ҳафтада сизнинг вазнингизнинг умумий ортиши 6 дан 7,3 кг гача бўлиши керак.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида овқатланиш

Ҳомиладорлик даврида сиз баъзи овқатланиш тамойилларини кундалик ҳаётингизга мослаштиришингиз керак. Пишириш усуллари орасида қовуриш ўрнига буғ ёки грилда тайёрлашни маъқул кўришингиз керак.

Музлатилган маҳсулотлар, шакар ва ёғга бой овқатлар ўрнига барра мавсумий мевалар, сабзавотлар ва балиқларни истеъмол қилишингиз керак.


Рационингизни мунтазам равишда кузатиб бориш учун ташқарида имкон қадар озроқ овқатланишингиз керак. Чунки ташқаридаги овқатларнинг пишириш ва ёғдан фойдаланиш усули кўпинча номаълум бўлади. Уйдан ташқарида овқатланиш зарур бўлганда, ҳар доим сизга мос бўлган овқат пишириш усулида тайёрланган соғлиққа фойдали овқатларни танланг. Одамлар орасида истиҳола қилиб сиз учун зарарли ва ортиқча калорияли овқатлар тановвул қилманг.

Буни ўқидингизми: Ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак (2-триместр)

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида онадаги шикоятлар

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида ажралма: рангга эътибор!

Сизда ҳанузгача оқ, ҳидсиз ёки енгил ҳидли ажралма келиши мумкин. Aгар бу ажралма сариқ ёки яшил рангда бўлса ва ўткир ҳидга эга бўлса ёки қинда ноқулайлик, қизариш ва ​​қичишиш бўлса, инфекция бўлиш хавфи бор дегани. Вазият ҳақида шифокорингизга хабар бериш лозим бўлади. Инфекцияли касалликлар даволанмаса, ҳомилангизга зарар етказиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида сут: оғиз сути келади!

Энди сизнинг кўкрагингиз сут ишлаб чиқаришга тайёр бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, гарчи жуда эрта бўлса ҳам, кўкракларингиздан сувли ва сарғиш суюқ томчилар келишини кўришингиз мумкин. Бу "оғиз сути" дейилади ва у инфекциялар билан фаол курашадиган антитаначаларга тўла. Туғруқдан бир неча кун ўтгач, у бола учун озуқага айланади.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида пешобни тутолмаслик: пешобми ёки амниотик суюқликми?

Ҳомиланинг ўсиши билан плацента ҳам ўсади, амниотик суюқлик миқдори ортади. Ҳомиладорлик муддати ошган сари бачадонингиз катталашади ва оғирлашади. Бачадон ҳомиладорликнинг бошида қовуқ орқасида ва йўғон ичак остида жойлашган бўлса, кейинги даврларда у сийдик пуфагидан юқорида бўлади. У катталашганда сийдик пуфагига босим ўтказади. Баъзан ҳатто суюқлик оқиб чиқади, аммо бу пешобми ёки амниотик суюқликми аниқ билиш қийин. Чунки ҳомиладорликнинг 24 ҳафтасида сийдик йўли инфекцияси кўплаб ҳомиладор аёлларнинг шикоятлари орасида учрайди. Aлбатта, бу 24-ҳафтанинг ўзига хос шикоят эмас. Ҳар бир аёлнинг шикоятлари турли даврларда ва турли хил муддатларда бўлиши мумкин.

Пешоб оқиши секин бўлгани учун исталган вақтда сийдик йўли инфекциясини юқтириш хавфи мавжуд. Пешоб оқими секинлашувининг сабаби ўсаётган бачадон ва пешобни буйракдан сийдик пуфагига олиб борадиган пешоб найчалари мушакларининг бўшашганлигидандир. Шунинг учун тез-тез пешоб қилиш шикояти ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида ҳам давом этади. Aммо тез-тез пешоб қилишдан ташқари оғриқ ва ачишиш каби шикоятлар бўлса, сийдик йўлига инфекция тушган бўлиши мумкин.

Сизни хавотирга соладиган ҳар қандай вазиятни шифокорингиз билан маслаҳатлашишингиз ва ақлингиздаги саволларга жавоб топишингиз керак. Сиз дуч келган нарса пешобни тутолмасликми, сийдик йўллари инфекциясими ёки амниотик суюқлик оқиб чиқиши билан боғлиқми шифокорингиз билан биргаликда маслаҳатлашиб қарор бериш керак бўлади.

Агар сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида  жинсий муносабат

Одатда аёллар ҳомиладорлик даврида жинсий муносабатларда икки хил тарздаги ҳолатни бошдан кечиришади. Улардан биринчиси 1- ва 3- триместрларда иштиёқ камайиши ва 2-триместрда ортишидир. Иккинчиси, ҳомиладорлик муддати ўтган сари истакнинг секин-аста пасайиши.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасини ўз ичига олган 2-триместрда баъзи аёлларда жинсий майл ортади. Эҳтимол, биринчи марта кучли оргазм ҳам кузатилши мумкин. Бу гормонал фаолликнинг ошиши ва кичик тос соҳасида қон айланишининг ортиши билан боғлиқ.

Ҳомиладорлигингиз муддати ўтган сари жинсий муносабатларда сиз турли хил ҳолатларга эҳтиёж сезишингиз мумкин. Қоринингиз кўплаб вазиятларда ноқулайлик ҳис қила бошлайди. Қорин билан ётмаган маъқул, чунки бачадоннинг оғирлиги қон айланишига босим бериши мумкин. Сиз учун ёнбошлаб ётган ҳолат маъқулроқ саналади.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтачсида бачадон бўйни очилиши

Бачадон бўйни етишмовчилиги бу бачадон бўйнининг оғриқсиз очилишини англатади. Бироқ 26-ҳафтадан кейин оғриқли шакли ҳам кузатилиши мумкин. Шунингдек, бу эрта туғруққа олиб келиши мумкин. Бачадон бўйнининг кенгайишини аёл туғруққача сезмаслиги мумкин. Бу кўпинча сездирмаган ҳолатда аломатларсиз юзага чиқади. Уни трансвагинал ультратовуш текшируви орқали шифокор аниқлаши мумкин.


Aгар аввалги ҳомиладорлик даврида бундай муаммога дуч келган бўлсангиз, бу ҳақида албатта шифокорингизга етказинг. Бу мавзуда ақлингизда туғилган барча саволларнингизни шифокорингиз билан батафсил гаплашиб олишингиз фойдали бўлади.

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида уйқусизлик

“Ҳаётимда ҳеч қачон уйқу муаммоси бўлмаган, аммо шу кунларда тунда ухлай олмаяпман” деётган бўлсангиз, сиз ёлғиз эмассиз! Тунда ҳожатга чиқиш, оёқ тортишишлари, жиғилдон қайнаши, тезлашиб бораётган модда алмашувининг тўхтамайдиган қизишини ва қориндаги “тўп”ни ўйлаб кўрсангиз, уйқусизликни бошдан кечиришингиз ажабланарли ҳол эмас.

Шунга қарамай, сиз бир нечта маслаҳатларга риоя қилсангиз, уйқусизликни енгишингиз мумкин:

кундузги пайтларни фаол ўтказинг;

бошингизни бекорчи ўй ва хаёллардан бўшатинг ва дам олинг;

кечки овқатни шошиладиган тарзда ейишгача олиб келманг;

овқатлангандан кейин дарҳол ётманг, лекин оч ҳолатда ҳам ётманг;

кечки соат олтидан кейин сув ичишни тўхтатинг;

тушдан кейин таркибида кофеин бўлган ҳеч нарса истеъмол қилманг;

ҳар кеча бир вақтда ухлашга ётинг;

қулай ва ҳомиладорлар учун махсус ёстиқлардан фойдаланинг;

ётишдан олдин тоза ҳавода нафас олинг;

уйқуни келтирадиган ва сизни тинчлантирадиган ҳидлардан фойдаланинг.

тўшагингизни ва ётоқхонангизни фақат ухлаш учун айиринг.

стрессли иш ва электрон жиҳозларни хонангиздан узоқроқ тутинг.

ётишдан олдин илиқ душ олинг ва бир неча саҳифа китоб ўқинг.

уйқудан олдин ўзини бўшаштириш ва нафас олиш машқларини бажаринг.

Сизни қизиқтирган савол бўлса қаранг: Ҳомиладорликда буйрак шамоллашига нима маслаҳат берасиз?

Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида эрта туғруқ аломатлари

Тахминан ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасидан бошлаб, бачадон туғруқ ва туғруқолди дардларга тайёрлаш учун мушакларни машқ қилдиради. Бу вақти-вақти билан бўладиган оғриқсиз қисқаришлардıр. Ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида бачадон оғриғининг сабаби бачадоннинг юқори қисми ёки қориннинг пастки қисми ва мушакларнинг қисилганлик ҳиссини бериши туфайли бўлиши мумкин.

Баъзида, мисол учун, бачадон қисқариши (оғриқли ёки оғриқсиз), қориннинг пастки қисмида оғриқ, бел оғриғи, тортишишлар, қин ажралмаларидаги ўзгаришлар каби ҳомиладорликнинг одатий шикоятлари муддатдан олдин туғруқ билан адаштирилиши мумкин. Шунинг учун бундай аломатлар кузатилса эрта туғруқ  хавфи бор экан деб ваҳимага берилманг.

Чунки ҳозирда шифокорлар эрта туғруқ хавфини аниқлаш учун ҳомилалик фибронектин таҳлилини ўтказмоқдалар. Ҳомила фибронектини амниотик халтачада ва ҳомила қобиғида жойлашган оқсилдир. Ушбу оқсил одатда ҳомиладор аёлда 22-ҳафтадан 38-ҳафтагача мавжуд бўлмайди. Бу оқсил ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасидан кейин ва 38-ҳафтасидан олдин ҳомиладор аёлнинг қин ажралмасида бўлиши эрта туғилиш хавфини оширади. Бундай хавотирларингиз бўлса, бу ҳақида шифокорингиз билан маслаҳатлашинг ва кўнглингизни хотиржам қилинг.

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page