23-ҲАФТА

23-ҲАФТА

@ginekologim
23-ҳафталик


22-ҳафта 24-ҳафта

 

Вақт сувдек ўтиб бораркан “кичкинтойингиз” қорнингизда ўсишда давом этмоқда, энди сизнинг 23 ҳафталик ҳомилангиз бор! Унинг бўйи, вазни меъёрдами, унинг ҳаракатлари қандай каби сизни қизиқтираётган маълумотларни мақоламиздан топасиз. Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида сизни нималар кутмоқда? Келинг танишайлик!

 

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтаси ва ҳомиланинг ривожланиши: ўпкалари ривожланмоқда, юзи аниқлашиб бормоқда!

23 ҳафталик ҳомиладор неча ой?

Табриклаймиз, сиз ҳомиладорликнинг 23-ҳафтаси билан 2-триместернинг сўнгги ойига, яъни 6-ойга кирдингиз. Сиз энди 6-ойдасиз. Ҳомиладорликнинг учдан икки қисмини тугатишингизга озгина вақт қолди.

 

23 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи

23 ҳафталик ҳомила неча грамм, бўйи қанча каби маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

 

23 ҳафталик ҳомиланинг вазни 455 гр
23 ҳафталик ҳомиланинг бўйи 20 см

 

Сизнинг ҳомилангиз дўмбоқ бўлса-да, аммо терисида ҳали буришмалар бор. Бунинг сабаби шундаки, териси ёғларга қараганда тезроқ ривожланади ва терисини тўлдириш ва уни ушлаб туриш учун етарли миқдордаги ёғ йўқ. Aммо ёғлар ҳам ортдан етишмоқда.

Танасини қоплаган туклар секин-аста қуюқлашмоқда.

Унинг юзи ва танаси туғилиш пайтидаги ҳолатга кела бошлайди.

Ўпкаси ташқаридаги ҳаётга тайёрланиш учун ривожланмоқда. Шу билан бирга ўпкасидаги томирлар ўсишда давом этиб, нафас олишга тайёрланмоқда.

У нафас олиш ҳаракатларини қилади, аммо бу шунчаки тажриба уринишлари. У ҳали ҳам кислородни плацента орқали олади. Чунки туғилгунга қадар ўпкада ҳаво бўлмайди.

 

  23 ҳафталик ҳомила ҳаракатлари

Aслида сиз ҳозиргача ҳомилангиз ҳаракатларини ҳис қила бошлаган бўлишингиз мумкин. Aммо ҳақиқий “ўйинқароқлик” энди бошланади. Ҳомила 24-ҳафтадан 28-ҳафтагача энг фаол даврларини ўтказади. У осонгина ҳаракат қилади, чунки бачадонда кўп бўш жойлар мавжуд. Aммо ҳаракатлар қисқа муддатли ва тартибсиздир.

Шунинг учун ҳаракатларни бир кун ҳис қилиб, бир кун ҳис қилмасликдан қўрқманг. 28-ҳафтадан сўнг кунлик ҳаракатларни кузатишни бошлашингиз мумкин.

 

23 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

  Ҳар бир 23 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир.

 

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

  Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида онанинг қорни қанча катталашади? Бачадон ҳам, ҳомила ҳам катталашмоқда. Энди сизнинг бачадонингиз киндикдан 3,75 см баландликда. Сизнинг қоринингиз нафақат ўсади, балки думалоқ шакл ола бошлайди.

Бироқ ҳар бир бўлғуси она учун ушбу ўсиш ҳар хил даражада бўлиши мумкин. Шунинг учун ўзингизни бошқа ҳомиладор аёллар билан таққосламанг. Сиз учун муҳим бўлгани доимий ўзгариш ва ўсишдир. Кичкинтойингиз ўсиши билан бирга плацента ҳам ўсади. Aмниотик суюқлик миқдори ҳам ошади. Вақт ўтган сайин бачадонингиз катталашади ва оғирлашади.

 

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликни энг чиройли тарзда ўтказиш учун тавсиялар

 

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида онанинг вазни қанча бўлиши керак?

Ушбу даврда 23 ҳафталик ҳомиладор аёл вазни 5,5 кг дан 6,8 кг гача оралиқда ошган бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг якунланишида вазн ўртача 11-14 килограмм ортиши мутахассислар томонидан соғлом ҳолат деб баҳоланади.

Ушбу даврда атрофингиздаги одамлар вазнингиз ҳақида турли гаплар айтишлари мумкин. Улар вазнингиз кўплиги сабабли, эгизак ҳомила бўлиши мумкинлигини айтиши мумкин. Ёки меъёрда бўлиш керак бўлган вазндан камроқ кўриняпти деб ўйлашлари мумкин. Aгар вазнингиз ҳақида хавотирларингиз бўлса, уни шифокорингиз билан маслаҳатлашишингиз ва овқатланиш рационини биргаликда кўриб чиқишингиз мумкин. Зотан энди шифокорингиз ҳар ташриф буюришда вазн ортиши ва бачадон ўсишидаги ўзгаришни кузатиб боради.

  Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида овқатланиш: Натрийга диққат!

Келинг, ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида қандай овқатланиш кераклиги ҳақида гаплашайлик? Ҳомиладорлик даврида натрий истеъмолида эҳтиёт бўлишингиз керак. Натрийнинг кўплиги танангизда сувни ушлаб туришига олиб келиши мумкин. Бу эса ўзингизни шишгандек ҳис қилишга сабаб бўлади. Кўп миқдорда натрий ёки туз бўлган овқатлардан қочишга ҳаракат қилиш керак. Шўр бодринг, шўрданак, тузли писталар, қайта ишланган ёки консерваланган маҳсулотлардан узоқ бўлган маъқул.

Буни назорат қилиш учун маҳсулот ёрлиқларини ўқишингиз мумкин. Сиз сув истеъмолини кўпайтиришингиз ва натрий истеъмолини кунига 3 грамм (3000 мг) гача чеклашингиз керак.

  Буни ўқидингизми? Ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак (2-триместр)

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасидаги онадаги шикоятлар

 Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида диабетга қарши таҳлил

Қандли диабети бўлмаган ҳомиладор аёлнинг пешобида шакар миқдори кўп бўлиши одатий ҳолдир. Бу айниқса 2- ва 3-триместрда кузатилади. Кўпгина шифокорлар одатда иккинчи триместр охирида глюкозага толерантлик (бардошлилик) текширувини ўтказадилар. Aммо, бу текширув 23-ҳафтада амалга оширилади деган қоида йўқ, уни иккинчи триместр охирида шифокор муносиб деб топган вақтда амалга ошириш мумкин.

Қандли диабет касаллигини аниқлаш учун қон текширувлари очликда қондаги глюкоза таҳлили ва глюкозага бардошлилик таҳлилидан иборат.

Очликда қондаги глюкоза таҳлили учун текширувдан олдин кечқурун овқат ейилади ва эрталаб ҳеч нарса емасдан қон таҳлили ўтказилади.

Оддий таҳлил натижаси диабет касаллиги эҳтимолдан йироқлигини кўрсатади ва агар қонда шакар миқдори юқори бўлса, қўшимча текширув талаб этилади.

Шундан кейин глюкозага бардошлилик таҳлили амалга оширилади. Қон топширишга текширув ўтказиладиган кундан олдинги кеча овқатдан кейин ҳеч нарса емасдан бориш керак. Эрталаб сиздан лабораторияда шакар миқдори ўлчанган суюқлик ичишингиз сўралади. Ичганингиздан кейин маълум оралиқлар билан қон олинади, бу организмнинг шакарга қандай таъсир қилишини кўрсатади.

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида ажралмалар: 2- ва 3-триместрдаги ажралмалар

Ҳомиладор бўлганингизда ич кийимингизда пушти ёки қизғиш доғни кўриш ҳар доим безовта қилади. Aммо 2- ёки 3-триместрда енгил қон кетиш ёки қизғиш доғлар одатда ташвишга сабаб бўлмайди. Бачадон бўйни тўқималарининг сезгирлиги, қин текшируви пайтида ёки жинсий алоқада шикастланиш каби кўплаб ҳолатлар бунга сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ сизда қон кетиши билан ёки озгина қон кетишдан ташқари қорин оғриғи ёки бачадонда тортишиш бўлса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак. Одатда ультратовуш текшируви бирор муаммо бор-йўқлигини дарҳол кўрсатади.

 

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида бурун қонаши: уни қандай тўхтатиш мумкин?

Организмда айланиб юрадиган эстроген ва прогестероннинг юқори даражаси ва қон оқимининг кўпайиши бурундаги шиллиқ тўқималарнинг шишиши ва юмшалишига олиб келади. Бундан ташқари, ушбу тўқималар танангизга юқумли касалликлар ва микробларни киритмаслик учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ шилимшиқ ишлаб чиқаради. Бу бурун тиқилиши ёки ҳатто қонашига олиб келиши мумкин.

Эҳтимол сиз ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасини тугатгандан сўнг биринчи марта ушбу муаммога дуч келгандирсиз ёки эҳтимол сиз ҳали бундай ҳолатга дуч келмаган бўлишингиз мумкин. Ҳар доим таъкидлаганимиздек, ҳомиладорлик билан боғлиқ аломатлар, шикоятлар, асоратлар ҳар бир бўлғуси онада ҳар хил вақт ва оралиқларда бўлиши мумкин.

Шифокор тавсиясига биноан С витамини қабул қилиш ёки таркибида С витамини бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш капилляр томирларни кучайтириш ва бу орқали қон кетишининг олдини олиш мумкин. Мана, баъзи тавсиялар:

Aтрофингиз қуруқ бўлмаслигига ва ҳар доим намли бўлишига эътибор беринг.

Aгар қиш бўлса, ҳар доим иситгич ёнларига сувли идишлар осиб қўйинг.

Махсус ҳаво тозалигчидардан фойдаланган ҳолда атрофингиздаги ҳавони тозаланг.

Бурундан қон кетганда ётиш ёки орқага суяниш ўрнига, олдинга озгина эгилиб ўтиринг.

Бурун тешиги ва бурун суяги остидан бош ва кўрсаткич бармоқларингиз билан тутиб сиқинг ва беш дақиқа ушлаб туринг.

Aгар қон кетиши такрорланса, давом эттиринг.

Aгар қон кетиши уч марта уринишда ҳам тўхтамаса, шифокорингиз билан боғланиб маслаҳат олган маъқул.

 

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида қон босими: Қон босими ошиши қаердан чиқди?

Ҳомиладорлик даврида қон босими ҳомиладорликдан олдинги даврга нисбатан энг камида 24-ҳафтагача оз-оздан ошиб боради. Шу билан бирга, ҳомиладорлик билан боғлиқ юқори қон босими (гипертония) баъзи ҳомиладор аёлларда кузатилиши мумкин.

Ҳомиладорлик биз мунтазам равишда шифокорга мурожаат қиладиган давр бўлгани учун, уни эрта ташхислаш ва даволаш мумкин. Шундай қилиб, ортиқча асоратларнинг олди олинади. Ҳомиладорлик билан боғлиқ гипертония преэклампсия аломатлари (ҳомиладорликда кечки заҳарланиш) орасида бўлиши мумкин. Преэклампсиянинг бошқа аломатларига қуйидагилар киради:

кўринишда ортиқча овқатланиш туфайли бўлмаган тўсатдан вазн ортиши;

қўл ва юзда кучли шиш;

келиб чиқиши номаълум бўлган бош оғриғи;

ошқозон ва қизилўнгачда ачишиш;

бутун танада қичишиш;

кўришда нуқсон;

пешобда оқсил бўлиши;

юракнинг тез уриши;

қориннинг юқори қисмида оғриқ.

 

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда қон босими юқори бўлиши хавфлими?

 

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида эрта туғиш хавфи: Энди текшириш усули бор!

Ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида ва бошқа эрта ҳисобланган ҳафталарда туғиш хавфи бор ёки йўқлигини аниқлаш учун текширув ўтказилади. Баъзи ҳолларда: бачадондаги қисқариш, бел оғриғи, тортишишлар, қин ажралмаларининг ўзгариши эрта туғилиш билан адаштирилиши мумкин. Айниқса  мушкалар оғриғи ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида тез-тез учрайдиган ҳолатдир. Эрта туғилиш хавфи бор-йўқлигини аниқлаш учун шифокорлар аёлни ушбу текширувдан ўтказишлари керак.

Ҳомила фибронектини амниотик халтачада ва ҳомила қобиғида жойлашган оқсилдир. Бироқ, ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасидан 38-ҳафтасига қадар унинг мавжуд бўлиши меъёрий ҳолат эмас. Ушбу даврларда ҳомиладор аёлнинг қиндаги ажралмаларида ҳомила фибронектини борлиги эрта туғилиш хавфининг ошганлигидан далолат беради.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page