22-ҲАФТА

22-ҲАФТА

@ginekologim


22 ҳафталик



21-ҳафта 23-ҳафта

Сиз оз эмас кўп эмас, ҳомиладорликнинг биринчи ярмини тугатиб икинчи ярмининг иккинчи ҳафтасига ҳам ўтдингиз. Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида нималар рўй беради? 22 ҳафталик ҳомиланинг ривожданишида нима ўзгаришлар бўлади? Эҳтимол булар сизни қизиқтираётгандир. Унда бошлаймиз!

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида ҳомиланинг ривожланиши

Сизнинг “кичкинтойингиз” ҳовучингизга сиғадиган даражада оғирлашди! 22 ҳафталик ҳомила неча грамм ва унинг бўйи қанча каби маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

22 ҳафталик ҳомиланинг вазни 350-400 гр.
22 ҳафталик ҳомиланинг бўйи 19 см.

Бу ҳафта ҳам ҳомилангиз танаси кун сайин катталашиб, сиз билан учрашадиган пайтга тайёрланмоқда.

Тегиниш, кўриш, эшитиш ва таъм сезгилари ривожланмоқда.

Aгар сиз қорнингиздаги ҳомилага назар ташлай олганингизда, унинг ўз юзига тегиниш, бармоғини эмиш ёки бошқа оёқ-қўлларига тегиб кўриб эндигина кашф қилган тегиниш туйғуси билан тажриба ўтказаётганини кўрган бўлардингиз.

Репродуктив тизим ҳам такомиллашишда давом этмоқда. Aгар у ўғил бола бўлса, унинг мояги қорин бўшлиғидан ёрғоқ халтаси томон туша бошлайди. Агар қиз бўлса, унинг бачадони ва тухумдонлари ўз жойига ерлаша бошлайди ва ташқи жинсий аъзоси шаклланади.

22 ҳафталик ҳомила неча ойлик ҳисобланади?

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтаси 5-ойнинг охирига тўғри келади. Шундай қилиб, бу ҳафта ҳомиладорлигингизнинг 5-ойи якунламоқда. Демак сиз бу ҳафта охирида тўлиқ 5 ойлик ҳомиладор саналасиз. Олтинчи ойга қараб йўл оласиз. Бешинчи ой - бу 2-триместрнинг иккинчи ойидир. Ушбу 5-ойни тугатгандан сўнг сиз 2-триместернинг сўнгги ойига ўтасиз.

22 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатлари

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида ҳомила ҳаракатлари барқарор бўлмаслиги мумкин, аммо бу меъёрдаги ҳолат. Баъзи кунларда ҳомилангизнинг тепиниши ва қимирлаши кучайиши мумкин, бошқа кунлари эса кам ҳаракат қилиши мумкин.

Ҳомиланинг ҳаракатлари 28-ҳафтадан бошлаб барқарорлашади. Ўшанда ҳаракатларни ҳар куни кузатиб боришингиз мумкин бўлади.

22 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

Сизнинг 22 ҳафталик ҳомилангизнинг ультратовуш тасвири бундан фарқ қилиши мумкин. Аммо хавотир олманг, ҳар бир ҳомиланинг она қорнидаги ҳолати ва ҳаракати турлича бўлади.

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафталигида онадаги ўзгаришлар

Ҳозирда қоринингиз катталашгани аниқ билиниб турса-да, аслида ҳали жуда катта ҳисобланмайди. Бу эса сизнинг ҳаракатингизга кўп тўсқинлик қилмайди, осонгина эгилиб ўтиришингиз мумкин. Юриш куч талаб этмайди.

Эрталабки беҳузурликлар энди йўқолган ва ўзингизни яхши ҳис қиляпсиз. Хулоса қилиб айтганда, ҳозирда ҳомиладорлик завқини тотяпсиз!

Ҳомиладорликнинг 5-ойига қадар прогестерон гормони даражаси эстроген гормони даражасидан бироз юқорироқ бўлади. Бу ойда эстроген унга тенглашади. 21-чи ва 22-ҳафтада иккаласининг даражалари деярли бир хил бўлади.

Гарчи 22-ҳафтада ҳомиладорликнинг дастлабки аломатлари ортда қолган бўлса-да, баъзи бир ўзига хос аломатлар кузатилиши мумкин, бу ҳақида биз қуйида келтириб ўтамиз.

Сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда нималар таъқиқланади?

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида вазн қанчага ортади?

22-ҳафтада ҳомиладорликнинг илк даврига нисбатан ҳисобланганда вазн ўртача 5 дан 6,5 килограммгача ортган бўлиши керак.

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида овқатланиш: сув, сув ва яна сув!

Ҳомиладорлик даврида сув ва бошқа суюқликларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ичиш керак. Суюқликлар танангизга фойдали моддаларни ишлаб чиқаришга, янги ҳужайраларнинг яратилишга, қон ҳажмини сақлашга ва тана ҳароратини тартибга солишга ёрдам беради. Ҳомиладорлик пайтида кўпроқ сув ичсангиз, ўзингизни яхши ҳис қилишингиз мумкин.


Кунига 6-8 та стакан сув, яъни ўртача 2 литр сув ичиш - бу тўғри мўлжал. Aгар етарли миқдорда сув истеъмол қилсангиз, ҳомиладорлик пайтида дуч келадиган баъзи муаммолар камайиши мумкин. Кўп сув ичганда бош оғриғи, бачадон қисқаришлари ва сийдик йўли инфекциялари камроқ муаммо туғдиради.

Сиз етарлича сув ичаётганингизни билиш учун пешоб рангига қараб текширишингиз мумкин. Aгар у оч сариқ ёки тиниқ бўлса, сиз етарли миқдорда суюқлик оляпсиз, агар у тўқ сариқ бўлса, сиз етарли сув ичмаётганингизни англаш мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда қандай овқатланиш керак (2-триместр)

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида онадаги шикоятлар

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида бачадон соҳасида оғриқ

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида бачадонда оғриқ ҳиссини бошдан кечиришингиз мумкин. Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида бачадон туғруққа ва туғруқ тўлғоқларига тайёргарлик машқларини амалга оширади. Мушак ҳажмига машқ қилдириб ўзини кутаётган катта вазифа учун куч тўплашга ҳаракат қилади. Бу вақти-вақти билан бўлиб турадиган оғриқсиз бачадон қисқаришларидир.

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида чов соҳасида оғриқни ҳис қилишингиз сабаби аслида бу қисқаришлардир. Бачадоннинг юқори қисми, қорин ости соҳаси ва човларда тортилиш ҳисси пайдо қилади. Ушбу қисқаришлар, туғруқдаги ҳақиқий бачадон қисқаришларидан жуда фарқ қилади. У тартибсиз бўлиш билан бирга муддати ва ораси ҳам ўзгарувчандир.

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида чарчоқ ва камқонлик

Aнемия (камқонлик) ҳомиладорлик даврида тез-тез учрайдиган шикоятлардан. Aгар сизда анемия бўлса, даволаниш сиз ва ҳомилангиз учун жуда муҳимдир. Чунки сизда камқонлик бўлса, ҳомиладорлик пайтида ўзингизни яхши ҳис қилмайсиз. Тез чарчайсиз, бошингиз айланиб, доимо ҳолсизланасиз.

Aгар сизда:

одатдагидан кўпроқ ҳолсизлик ҳисси;

тез чарчаб қолиш;

доимий равишда уйқу босиши каби муаммолар бўлса, шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, қон таҳлили ва қондаги гемоглобин миқдорини текширтиришингиз керак.

Камқонлик ҳақида батафсил маълумот шу ерда: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида грипп ёки диарея (ич кетиш)

Aгар ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида диарея ёки вирусли инфекция бўлса, сиз суюқлик истеъмолини оширишингиз мумкин.

Кўп миқдорда сув, мева шарбати ва бошқа фойдали суюқликларни истеъмол қилинг (масалан, шўрва каби).

Қуюқ овқатларсиз енгил суюқ парҳез таомлари сизни яхши ҳис қилдиради.

Ётиб дам олиш ҳам даволаниш жараёнини тезлаштиради.

Aгар диарея 24 соатдан кўпроқ давом этса, сиз фақат қўнғироқ орақли маслаҳат олмасдан, балки тўғридан-тўғри шифокорга ташриф буюришингиз керак.

Ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида руҳият

Ушбу ҳафтада рухий кайфиятнинг кескин ўзгаришиларида яхшиланишни сезишингиз мумкин. Бунинг сабаби шундаки, гормонлар ишлаб чиқарилиши энди барқарор ва бир маромда ўсиб бормоқда. Сиз ҳам ичингизда бўлаётган жараёнларга кўникмоқдасиз.

Шу билан бирга, агар сиз бу паллада айрим сабабларга кўра стресс ҳис қилсангиз, дам олишингиз ва тинчланишингиз керак бўлади. Стресс ҳеч ким учун яхши эмас, aйниқса, ҳозир сизнинг ҳолатингизда бўлган келажакдаги оналар учун умуман керакмас. Бу ерда стрессни камайтириш борасида баъзи маслаҳатлар келтириб ўтамиз:

Уйқунинг етишмаслиги сизни стресс ҳолатига келтириши мумкин. Етарли тарзда ва тўйиб ухланг!

Кун давомида дам олишга ва ўзингизни бўш қўйиб тин олишга вақт ажратинг. Китоблар ўқинг ва Қуръони-карим тингланг!

Жисмоний машқлар бажаринг, пиёда юринг ёки кундалик ҳаётингизга ёқадиган бошқа машқларни мунтазам равишда бажаринг. Нафас олиш машқларини энг кўп бажаринг!

Тартибли овқатланинг! Депрессия ва стресс хавфини камайтирадиган Д ва Е витаминларига бой овқатларни истеъмол қилинг.

Хушбўй ҳидларнинг кучидан фойдаланинг, ёқтирган ҳидларингиз билан нафас олинг ва дам олинг!

Ўз ташвишларингиз ва қўрқувларингизни яқинларингиз билан баҳам кўринг, уни ичингизда сақламанг!

Ичингизни резервуар эмас, балки қувурдек тутинг. Умуман ҳеч кимга нисбатан ичингизда гина сақламанг, яхши ният ва яхши гумонда бўлинг!

Дуо, зикр ва истиғфор келажагингиз учун ҳам ажойиб сармоя бўлади. Туғилажак фарзандингиз бундан таъсирланмай қолмайди, ишонинг!

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.


ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ


КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page