21-ҲАФТА

21-ҲАФТА

@ginekologim
21-ҳафталик


20-ҳафта 22-ҳафта

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида она ва болада қандай ўзгаришлар юз бериши билан қизиқаётганингиз билиниб турибди. У ҳолда келинг, биз сизга 21-ҳафтада рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида батафсил айтиб берайлик!

21-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

21 ҳафталик ҳомила неча ойлик?

Йигирма биринчи ҳафта ҳомиладорликнинг 5-ойига тўғри келади. Аслида умумий ҳомиладорлик муддати 9 ой-у 10 кун, яъни 40 ҳафта ёки 280 кунга тўғри келади. Ҳомиладорлик ҳисоб-китобларида чалкашликлар бўлишининг сабаби шундаки, баъзи ойлар 4 ҳафта эмас, балки 4,5-5 ҳафта бўлади.

21-ҳафтада ҳомиланинг вазни ва бўйи

Сизнинг “кичкинтойингиз” ҳомиладорликнинг иккинчи ярмининг биринчи ҳафтасида деярли банандек келади! 21 ҳафталик ҳомила неча граммни ташкил қилиши ва унинг бўйи қанча экани ҳақидаги  маълумотларни қуйидаги жадвалимиздан кўришингиз мумкин.

21 ҳафта ҳомиланинг вазни − 300 гр

21 ҳафта ҳомиланинг бўйи − 18 см

Бу ҳафта сизнинг ҳомилангиз нима истеъмол қилсангиз унинг таъмини сезади ва ушбу таъмларни севиб кўникишни бошлайди. Бунинг сабаби шундаки, амниотик суюқлик овқатланишингизга қараб ҳар куни ҳар хил бўлади (бир кун аччиқ қалампир, бир кун эса олма) ва энди у ҳар куни бу суюқликни ютади (суюқлик эҳтиёжини қондириш, озуқланиш, ютиш ва ҳазм қилиш кўникмаси ҳосил бўлиши учун).

Бундан ташқари, қўл ва оёқлар ниҳоят ўзларининг тўғри нисбатларига эришадилар, мия ва мушаклар орасидаги алоқа нейронлар орқали ўрнатилади, бутун танадаги тоғай тўқималари суякларга айлана бошлайди. Бу шуни англатадики, ҳомила ҳаракатга келганда, унинг ҳаракатлари анча мувофиқлашади ва тўсатдан содир бўладиган тортишиш ва қисқаришлар бўлмайди.

21-ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатлари

Энг кўп сўраладиган саволлардан бири “Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида ҳомиланинг ҳаракатлари қандай сезилади?” деган саволдир.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасидан бошлаб сиз ҳомилангиз ҳаракатларини сеза оласиз. Ушбу биринчи ҳаракатлар аксарият аёллар учун хотиржамлик ва завқланиш имкони ҳисобланади. Сиз 20-21 ҳафталар давомида болачанинг тепкисини, муштини, қимирлашини, ҳиқичоғини, умбалоқ ошишини сезасиз.

Аммо ҳомиладорликнинг ушбу босқичида ҳомиланинг ҳаракатларини бир кун сезиб, бир кун сезмаслик меъёрий ҳолат саналади. Сиз бундан асло хавотир олманг. Ҳомиланинг ҳаракатлари 28-ҳафтадан бошлаб барқарорлашади. Ўшанда ҳаракатларини ҳар куни кузатиб бориш ва таъқиб этиш маъқул бўлади.

21 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири


Сизнинг 21 ҳафталик ҳомилангизнинг ультратовушли тасвири бундан фарқ қилиши мумкин. Аммо хавотир олманг, ҳар бир ҳомиланинг она қорнидаги ҳолати ва ҳаракати турлича бўлади.

Ҳомиладорликнинг 21 ҳафталигидаги онадаги ўзгаришлар

Энди шифокорнинг ҳузурида бачадонингиз ўлчами текширилганда деярли 21 см га тенг чиқади. Ўсиб бораётган бачадондан ташқари, тананинг бошқа қисмлари ҳам ўсишда ва ўзгаришда давом этади.

Болдирларда, оёқларда ва тўпиқларда айниқса куннинг охирида шишлар  юзага келиши мумкин. Агар сиз тик оёқда кўп тураётган бўлсангиз, кун давомида оёқларни узатиб дам олинг, шунда оёқларингиз камроқ шишганлигини пайқашингиз мумкин. Кўп миқдорда сув ичиш ҳам шишларни камайтиради.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида вазн қанча ортади?

Эҳтимол, бу ҳафта белингиз ўлчами ўзгаради. Агар сиз ҳали ҳам кўз тегмаслиги учун ҳомиладорлигингизни яширишни режалаштирмоқчи бўлсангиз, энди жуда кеч. Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида вазнингиз 4,5 дан 6,3 кг орасидаги миқдорчалик ортган бўлиши керак.

Ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида қон оқимининг ўзгариши, бачадон босими ва вазннинг ортиши варикоз томирларини ёмонлаштириши мумкин. Ёки гарчи илгари сезилар-сезилмас билинган бўлса-да, ҳомиланинг ўсиши ва тананинг оғирлашиши натижасида бу ҳолат янада сезиларлироқ ва оғриқлироқ бўлиб қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун мувозанатли ва назорат остида вазн олиш маъқул бўлади. Бирданига тез вазн ортиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасидаги овқатланиш

“Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида қандай овқатланишим керак?” деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Баъзи аёллар ҳомиладорлик пайтида айрим егуликка “бошқоронғу” бўладилар, яъни уни қаттиқ талаб қиладилар, баъзилари овқатлардан безадилар, баъзиларида эса овқат билан боғлиқ бирор зиддият кузатилмайди. “Бошқоронғулик” овқатланишнинг баъзи муҳим жиҳатларига таъсир қилиши мумкин.

Агар сиз “бошқоронғу” бўлган таом озуқавий қийматга эга бўлса, уни меъёрида истеъмол қилишингиз мумкин. Агар сиз кўпроқ ёғли, шакарли ва бефойда калорияли овқатларни кучли талаб қилаётган бўлсангиз, ишингиз қийин. Сиз ундай овқатдан бир оз татиб кўришингиз мумкин, лекин уни ортиқча истеъмол қилмаслик керак. Сиз кўпроқ янги узилган мева ёки пишлоқ каби енгил озуқалар билан иштаҳангизни овунтиришнингиз мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: 2-триместрда қандай овқатланиш керак

Аёллар кўпроқ қайси озуқаларга “бошқоронғу” бўлишади?

Ҳомиладор аёллар кучли талаб қиладиган озиқ-овқатлар тадқиқ қилинганда шулар маълум бўлди:

33% ҳомиладорлар турли ўзига хос шоколадларни,

20% ҳомиладорлар кондитер маҳсулотларини,

19% ҳомиладорлар цитрус мевалари ва уларнинг шарбатларини қаттиқ исташар экан.

Қизиқарли видео: 22 ҳафталик туғилган ҳомиланинг яшаб кетгани ҳақида

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида кузатиладиган аломатлар

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида қорин оғриғи:

Бундай оғриқ ҳисси, кўпроқ эҳтимол билан ҳомиладорлик пайтида ўсаётган бачадон оғирлиги билан боғлиқ ҳиссиётларга ўхшаш. Кўпинча қориннинг пастки қисмларида сезиладиган бу оғриқларнинг сабаби ўсаётган бачадонни тутиб турувчи мушаклар ва бойламларнинг таранглашишидир.

Ушбу оғриқлар аксарият ҳомиладор аёлларда турли хил кўринишда бўлади: тўсатдан, узоқ муддатли, қисқа муддатли, ётган жойдан бирдан турганда, йўталганда ва ҳ.к. Бу одатий оғриқлар бўлиб, улар ташвишланадиган ҳолат эмас. Аммо оғриқ билан бирга иситма, титроқ, қон кетиш ёки бош айланиши ҳам бўлса, бу ҳақида дарҳол шифокорингизга хабар беришингиз керак. Агар сиз ҳар бир текширувдан кейин шикоятларингизни тартибли равишда етказиб турсангиз, сиз қайси ҳолат меъёрда, қай бири меъёрдан четлашиш экани ҳақида вазиятдан бохабар бўласиз.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида ажралмалар:

Оддий меъёрдаги шикоятлардан бири бу ажралмалардир. Ушбу даврда қиндан ажралма келиши давом этиши мумкин.

Оқ ва сувли ажралмалар гормонларнинг бачадон бўйнидаги безлари ва қин терисига таъсиридан келиб чиқади. Ҳомиладорлик пайтида бу одатий ҳолдир ва ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ.

Агар бу ажралма сариқ ёки яшил, ўткир бадбўй ҳидли бўлса ёки тирналиш, қизариш ва қичишишни келтириб чиқарадиган бўлса албатта шифокор билан маслаҳатлашинг. Чунки булар қин соҳасидаги инфекциянинг хабарчиларидир. Барча инфекциялар сингари, вагинал инфекциялар ҳам ҳомилага ва сизга зарар етказиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида нафас қисилиши:

Прогестерон гормони таъсири билан ўпканинг ҳажми 21-ҳафтада ҳам ўсишда давом этади. Ўпка ҳар бир нафас олганда 40% кўпроқ ҳаво ютади ва чиқаради. Шунинг учун сиз бироз тезроқ нафас оласиз. Аксарият аёллар ушбу ўзгаришлар туфайли нафас қисилишидан шикоят қиладилар. Хавотир олманг, аммо барча бошингиздан ўтказган шикоятларингизни шифокорингизга хабар беринг.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида жиғилдон қайнаши:

Ҳомиладорлик гормонлари таъсирида бўлган овқат ҳазм қилиш тизими ҳам бироз оғирлашади. Шу сабабли ҳамда бачадоннинг катталашиши туфайли жиғилдон қайнаши ва ҳатто ич қотиш борасида шикоятлар бўлиши мумкин. Бу ҳолат фақат сизда бўлмаслигини билишингиз керак. Кўпгина ҳомиладор аёллар жиғилдон қайнаши ва қабзиятдан (ич қотишидан) шикоят қиладилар.


Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида сийдик йўли инфекцияси:

Ҳомиладорлик пайтида сийдик оқими секин бўлгани туфайли исталган вақтда сийдик йўли инфекциясининг ривожланиш хавфи мавжуд бўлади. Ҳомиладорлик сабабли одатдагидан кўпроқ пешоб қиласиз, аммо пешоб кўпайиши билан бирга ачишиш, оғриқ, иситма ёки бел оғриғи ҳам бўлса, бу сийдик йўли инфекцияси сабабли бўлиши мумкин. Шифокорингиз билан маслаҳатлашиб тегишли даво чораларини олишингиз лозим бўлади.

Ҳомиладорликнинг 21-ҳафтасида оёқ шишиши:

Ҳомиладорлик даврида шишиб катталашидган аъзо афсуски фақат қорнингиз эмас. Ҳомиладорлик даврида тез вазн ортиши ва суюқликни ушлаб туриш туфайли оёқларда шишлар кузатилши ёки ҳатто катталашиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Агар сиз ҳеч қачон бундай муаммога дуч келмаган бўлсангиз ёки вақти-вақти билан озгина шишиш ҳолати кузатилаётган бўлса камроқ учрайдиган омадли аёллардан экансиз!

Оёқларнинг шишиши кузатилганда, пиёда юриш ва енгил жисмоний машқлар бажариш, кўп миқдорда сув ичиш, узоқ ўтириш ва узоқ тик оёқда туришдан сақланиш, оёқларни узатиб дам олиш бу борада сизни бироз енгиллаштиради.

Агар сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда қон босими

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.


ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ


КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page