АСТЕНООЗОСПЕРМИЯ

АСТЕНООЗОСПЕРМИЯ

@ginekologim

Маълумки, тухум ҳужайрани уруғлантириш учун сперматозоидлар маълум тезликда ва йўналишда ҳаракатланиши керак. Оилавий жуфтликлардаги бепуштлик муаммосининг кўп тарқалган сабабларидан бири астенозооспермия, яъни сперматозоидлар ҳаракатчанлигининг камайиши ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳужжатларига биноан, мутахассислар сперматозоидлар ҳаракатчанлигини уч турга бўлишади:

−    Фаол (актив) – прогрессив−ҳаракатчан сперматозоидлар бўлиб, улар катта тезликда ва тўғри чизиқ ёки катта радиусдаги айлана бўйлаб ҳаракатланади;

−  Шартли фаол – нопрогрессив ҳаракатчан сперматозоидлар бўлиб, улар ўз жойида ҳаракатланади;

−   Фаол бўлмаган (нуқсонли, касал) – улар ҳаракатланмайди.

  Фарзандли бўлиш учун эркак спермасида биринчи гуруҳга кирувчи (фаол) сперматозоидлар миқдори 40 % дан кам бўлмаслиги керак. Фақат шартли фаол ва фаол бўлмаган сперматозоидларнинг уруғ суюқлигида мавжуд бўлиши бу ҳали бепуштлик бор дегани эмас. Аммо бу омил фарзандли бўлиш эҳтимолини кескин пасайтиради.

 

АСТЕНОЗООСПЕРМИЯ САБАБЛАРИ

 

Астенозооспермия ёши катта эркакларда учрагани каби, ёш йигитларда ҳам учраб туради. Бу хусусият наслдан−наслга ҳам ўтади. Лекин кўпинча бунга бир қатор касалликлар сабаб бўлади. Биринчи навбатда жинсий аъзолар (ёрғоқ ва унинг ортиғи) яллиғланиши касалликлари, кейин жинсий йўл билан юқадиган касалликлар. Сперма сифатига вирусли нифекциялар, томир касалликлари ва турли ўсмалар ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мазкур касалликларнинг аксарияти, бевосита фарзандли бўлишга тўсқинлик қиладиган турларга киради. Шунинг учун насл қолдириш ҳақида ўйлашдан олдин аввало уларни бартараф этиш ва натижада сперматозоидлар ҳаракатчанлигини тиклаш лозим бўлади. Астенозооспермияга баъзида илк боқишда аҳамиятсиз бўлиб кўринган омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун, ҳаддан ташқари кўп сауна ва иссиқ ҳаммомлар қабул қилиш, ёки мунтазам иссиқ муҳит шароитида ишлаш (масалан, тандир ёки ўчоқ олдида). Кам ҳаракатли меҳнат шароитида (мунтазам бир жойда ўтириб) ишлаш, ёки аксинча мунтазам ўта оғир меҳнат шароитида ишлаш ёки оғир жисмоний машқлар билан кўп шуғулланиш ҳам сперматозоидлар ҳарактчанлигини пасайтириб юбориши мумкин. Сперма сифати ва миқдорига эркак киши истеъмол қиладиган овқат рациони (етарли мувозанатланмаган, очлик) ҳам таъсир қилиши мумкин. 

 

АСТЕНОЗООСПЕРМИЯ ТАШХИСИ

 

Бунда ҳам шифокор−мутахассис микроскоп остида спермани текшириб спермаграмма таҳлили ўтказади. Ушбу таҳлил натижасида сперматозоидлар миқдори, морфологияси каби параметрлар билан бир қаторда уларнинг ҳаракатчанлигини баҳоловчи параметрлар ҳам кўрсатилади. Яъни фаол, шартли фаол ва фаол бўлмаган (ҳаракатсиз, ўлик) сперматозоидлар умумий сперматозоидлар миқдорининг неча фоизини ташкил этиши аниқланади. Астеноозопермия ташхисини шифокор−мутахассис фаол сперматозоидлар улуши 25% дан кам бўлганда қўйиши мумкин.

 

АСТЕНОЗООСПЕРМИЯНИ ДАВОЛАШ

 

Агарда cперматозоид ҳаракатчанлиги пасайган бўлса, шифокор аниқ сабабни (мисол учун, вирусми, инфекциями ёки яллиғланишми) билиш учун катта эҳтимол қўшимча текширув тайинлаши мумкин. Агар бундай касалликлар мавжуд бўлмаса, шифокор наслдорликка салбий таъсир қилувчи омилларни бартараф этиш мақсадида, турмуш тарзини меъёрга келтирувчи тавсиялар бериш билан бирга, астенозооспермияни даволаш учун зарур дори воситаларини тайинлайди.

 

Репродуктолог ва ЭКУ мутахасcиси доктор Жихангир ЧАКИЖИ тавсия ва маслаҳатлари асосида

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 

Мавзуга оид бошқа мақолалар:

АЗОСПЕРМИЯ ВА АСПЕРМИЯ ҲАҚИДА

СПЕРМАГРАММА ТАҲЛИЛИ

ОЛИГОЗООСПЕРМИЯ НИМА?

ТЕРАТОЗООСПЕРМИЯ НИМА?

 

МУНДАРИЖАГА ҚАЙТИШ

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


 

Report Page