ФАРЗАНДСИЗЛИКНИНГ ЭРКАКЛАРГА АЛОҚАДОР МУАММОЛАРИ

ФАРЗАНДСИЗЛИКНИНГ ЭРКАКЛАРГА АЛОҚАДОР МУАММОЛАРИ

@ginekologim

Фарзандсизлик билан боғлиқ муаммолар бугунги кунда аёллар билан бирга эркаклар пуштдорлигига ҳам ниҳоятда алоқадор. Статистикадан ва ўтказилган сўровномалардан ҳам маълумки, фарзанд кўришга тўсқинлик қиладиган муаммолар орасида энг кўп учрайдиган иккинчи омил – эркаклар пуштдорлигидаги муаммолар (умумий фарзандсизлик муаммоларининг 35-40% фоизини ташкил қилади) ҳисобланади.

Эркакларда сперма миқдорининг камлиги ёки йўқлигининг турли хиллари ва сабаблари мавжуд (азоспермия, аспермия, олигозоспремия ва ҳ.к.)

Шулардан бири азоспермия бўлиб, бунда уруғ суюқлигида сперматазоидлар бўлмайди. Бу ташхисни ўзича қўйиб бўлмайди.Чунки ташқи томондан сперма ҳолати меъёрдагидан фарқ қилмайди. Фақат спермограмма таҳлилидан шифокор репродуктолог баҳо бериб аниқлаши мумкин.

Шифокорлар ҳар доим ҳам азоспермия сабабини аниқ айтолмайдилар. Асосий сабалар қуйидагилар саналади:

Уруғдон (ёрғоқ) лар фаолиятининг бузилиши (травма, инфекция, яллиғланиш);

крипторхизм;

уруғ чиқадиган йўллардаги муаммолар;

сурункали касалликлар (муковисцидоз, қандли диабет);

юқумли касалликлар (сил, сифилис, гонорея, хламидоз);

авитаминоз;

ирсий нуқсонлар;

алкогол, кимёвий моддалар ёки нурланишнинг таъсирлари;

гормонал бузилишга олиб келувчи бош мия (гипоталамус ва гипофиз) касалликлари.


АЗОСПЕРМИЯ ТУРЛАРИ:

Азоспермия – уруғ суюқлигида сперматогенез ҳужайралари мавжуд бўлса-да, аммо етилган, яъни фарзанд бунёд этишга лаёқатли сперматозоидларнинг умуман йўқлигидир.

Обструктив (экскретор) азоспермия. Бунда сперматазоидлар ишлаб чиқарилиши, гормонлар миқдори ва ёрғоқ ўлчамлари меъёрда бўлади. Кўпинча ёрғоқ ортиғи ўлчамлари катталашган бўлади ва уруғ чиқадиган каналларда бузилишлар бўлади. Агар бу бузилишлар туғма бўлса, бунга ташқи ва ички жинсий аъзоларнинг ривожланишидаги нуқсонлар сабаб бўлади. Агар кейин орттирилган бўлса, бунга жинсий аъзолар яллиғланиши, кичик тос аъзоларида ўтказилган жарроҳлик амалиёти ёки репродуктив тизимнинг турли қисмидаги травмалар сабаб бўлади. Азоспермия ташхиси қўйилган эркакларнинг 40 % ида учрайди.

Нообструктив (секретор) азоспермия. Бунда уруғдонда сперматазоидларнинг етилишида бузулиш кузатилади ва кўпинча эякулятда сперматозоидлар умуман бўлмаслиги кузатилади. Бу ҳолатнинг туғма сабабларига крипторхизм ва ёрғоқдаги бошқа аномал ривожланишлар киради. Орттирилган азомпермия сабаблари эса орхит, эпидидимит, варикоцеле, нурланиш, кимё терапия кабилар бўлиши мумкин. Азоспермия ташхиси қўйилган эркакларнинг 60 % ида учрайди.

Обструктив азоспермияни даволаш нообструктивдан кўра осонроқ ҳисобланади.

АЗОСПЕРМИЯНИ ДАВОЛАШ

Бир нечта спермограмма таҳлиллари асосида шифокор ташхис қўйгандан кейин даволаш режасини тузади. Обструктив шаклида уруғ чиқадиган каналларни текшириш ва тиклаш ҳамда вазовазостомия ёки вазоэпидидимоанастамоз амалиётлари ўтказилиши мумкин.

ВАЗОВАЗОСТОМИЯ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ

Бу амалиётда уруғ чиқадиган йўлларни тикловчи анастамоз (икки ковакли канални орасини очиш) қилинади. Мазкур амалиёт оптик катталаштирувчи махсус микрохирургик ускунада амалга оширилади.

Агар каналларни тиклаш бепуштлик муаммосини ҳал қилмаган бўлса, унда ЭКУ ва ИКСИ усулини қўллаш учун сперматазоидларни аспирация ёки биопсия усулида ёрғоқдандан ёки ёрғоқ ортиғидан чиқариб олиш (ТЕСА) мумкин.

Агар бепуштлик сабаби секретор азоспермия бўлса варикоцеледан халос бўлиш, ундан кейин гормонал даволаш усулини қўллаб кўриш мумкин.

Азоспермияни аспермия билан адаштирмаслик керак.


АСПЕРМИЯ ВА УНИНГ САБАБЛАРИ

Аспермия - шаҳват суюуқлиги таркибида сперматогенез ҳужайраларининг ҳам, сперматозоид ҳужайраларининг ҳам бутунлай мавжуд бўлмаслигидир. Асперматизм эса жинсий алоқа вақтида эякуляциянинг (уруғ суюқлиги чиқиши) умуман кузатлимаслигидир.  

Аспермиянинг сабаб лари қуйидагилар бўлиши мумкин:

Уруғ йўлларининг туғма ёпиқлиги ёки йўқлиги; сурункали простат ёки сил оқибатида ёрғоқ ортиғининг яллиғланиши;

умуртқа поғона травмаси, ўсма, ёки ўтказилган жарроҳлик амалиёти оқибатида уруғ чиқадиган каналларнинг дистонияси (мушакларнинг мунтазам оғриқли қисқариши);

руҳий муаммолар (мисол учун тез−тез стресс ҳолатлари бўлиши).

АСПЕРМИЯНИ ДАВОЛАШ

Бунда ҳар томонлама (комплекс) ёндошув зарур. Репродуктолог ёки уролог (андролог) батафсил текширувдан сўнг гормонал препаратлар тайинлаши мумкин. Бундан ташқари тўқима терапияси ва физиотерапия муолажалари (озон, лазер, микроток терапия усуллари), уруғдон пуфакчалари ва простатани уқалаш муолажалари ўтказилади. Спермограмма орқали уруғ миқдорини назорат қилиб бориш зарур.

Агар даволаш муолажалари кутилган натижани бермаган тақдирда сунъий муҳитда уруғлантириш (ЭКУ) усулида ишлатиладиган ТЕСА ва ИКСИ амалиётлари тавсия этилади.

Келгуси мақолаларда олигозооспермия, тератозооспермия, астенозооспермия, некроспермия, акиноспермия ҳақида маълумотларни навбатма навбат бериб борамиз.

Репродуктолог ва ЭКУ мутахасcиси доктор Жихангир ЧАКИЖИ тавсия ва маслаҳатлари асосида

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page