8-ҲАФТА

8-ҲАФТА

@ginekologim


8 ҳафталик

7-ҳафта 9-ҳафта

Ҳомиладорликнинг 8 ҳафтасига хуш келибсиз! Демак, 2-ойнинг охирги ҳафтасидасиз. Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтаси нималар рўй беришига қизиқяпсиз, тўғрими? Келинг, 8-ҳафтада иккингизни нималар кутаётганини кўриб чиқайлик.

8 ҳафталик ҳомила ривожланиши

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида қориндаги ҳомила қай ҳолатда эканлигини билмоқчимисиз? Кичкинтойингиз яшин тезлигида ўсмоқда. Бу ҳафта у ҳатто 1 сантиметрдан ҳам каттароқ, шунинг учун 8 ҳафталик ҳомиланинг бўйи тахминан 1.4 - 2 см га тўғри келади деб айта оламиз.

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасига келиб, бола ҳозир малина ёки ловия катталигада. Унинг лаблари, бурунлари, ёноқлари, оёқлари ва елкаси шакллана бошлади.

Боланинг қўл ва оёқ бармоқлари бу ҳафта ҳосил бўлади, аммо улар орасида ҳали ҳам пардалар мавжуд.

Унинг кичкина қўллари ва оёқлари узаймоқда.

Унинг қўл билаклари, оёқ болдирлари ва тирсаклари аниқ кўринади. Ҳатто билаклар ва тирсаклар эгила оладиган ҳолатда.

Кўз қовоқлари шаклланмоқда.

Унинг қулоқлари, юқори лаби ва бурун учи ҳам сезиларли даражада шакллана бошлайди.

Юрак фаолияти ва қон айланиши янада яхшиланган бўлади. 8 хафталик ҳомиланинг юрак уриши дақиқада 150 марта.

"8 ҳафталик ҳомила ҳаракатланадими?" Келинг, бу саволингизга ҳам жавоб берайлик. У қорнингиз ичида ҳаракат қилади, лекин сиз буни ҳали ҳис қила олмайсиз.

Шу билан бирга, ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида  ҳомила халтаси кўринсада, аммо юрак уриши ҳали эшитилмаслиги ҳам мумкин. Агар 8 ҳафталик ҳомиланинг юрак уриши кузатилмаса, сиз яна 1-2 ҳафта кутишингиз мумкин.

 

8 ҳафталик УТТ тасвири

 8 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш орқали олинган тасвири юқоридагидек бўлиши мумкин. Ҳануз тасвирда асосан ҳомила халтаси кўриниб турибди!

 

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

8 ҳафталик ҳомиладор бўлган аёл белида ва кийими ўлчамида озгина ўзгаришларни ҳис қилиши мумкин. Бачадон ўсиб бораётган бўлса-да, у ҳали сезиладиган даражада эмас. Агар шифокор тос соҳасида текширув ўтказса, у бачадоннинг катталашганлигини кўради. Аммо ҳомиладорликнинг 8 хафтасида ҳам ташқаридан ҳомиладор эканингиз билинмайди.

 

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида кўриладиган аломатлар

Бачадонингиз ўсган сари шикоятлар ҳам ортиб боради.

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида чов (қорин ости) оғриғи ва қорин оғриғи кўп сўраладиган мавзулар қаторига киради. Ҳомиладорликдан олдин бачадон мушт катталигида эди. Олти ҳафталик ўсишдан кейин у энди грейфурт ёки лавлаги ўлчамидек бўлди. Ҳомиладорликнинг охирига келиб одатдаги ҳажмидан кўп марта каттароқ бўлади.

Бачадондаги 8 ҳафталик чақалоқ бу ойда ва кейинги ойда то биринчи триместр тугагунча тос соҳаси бўшлиғига сиғадиган даражада катта бўлади. Бундай катталик кўпинча тез-тез пешоб қилиш эҳтиёжини туғдиради. Ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида сийдик қопчаси бачадон олдида ва ундан бир оз пастда жойлашган. Шунинг учун, бачадон ўсиб катталашган сайин, сийдик қопчасини босади.

Ҳомиланинг ва бачадоннинг ўсиши билан сиз қорин остида ва атрофида тортишиш ва оғриқларни ҳис қилишингиз мумкин. Шунинг учун қорин оғриғи ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида одатдаги аломатдир. Ҳомиладорлик давомида бачадон чўзилади ва қисқаради. Бу меъёрий ҳолат.

Шу билан бирга, йўлдош ўсишда давом этади ва бачадонга янада маҳкам ёпишади. Баъзида бу одатда меъёрий деб ҳисобланадиган ва бирозгина бўлиб ўтадиган қон кетишига сабаб бўлиши мумкин. Агар оғриқлар ва тортишишлардан кейин қон кетиши кузатилса, сиз барибир шифокор билан боғланиб маслаҳат олинг.

Ҳар бир ҳомиладорлик ва ҳар бир аёл организми индивидуал, яъни ўзига хос  эканлигини унутманг. Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасининг ёки ҳомиладорликнинг умумий белгилари бўлсин, такрорланиш тезлиги, кузатилиш муддати ва интенсивлиги жиҳатидан фарқ қилади.

Ҳолсизлик, чарчоқ, қабзият, кўнгил айниши, ортиқча сўлак ишлаб чиқарилиши, ҳазмсизлик, қорин дам бўлиши (ел), жиғилдон қайнаши, бош оғриғи, тез-тез пешоб қилиш, қинда ажралма келиши, кўкракларда сезувчанлик каби аломатлар бутун ҳомиладорлик муддати давомида турли вақтларда ва турли хил интенсивликда сиз бошдан кечириладиган умумий ва меъёрдаги аломатлардир.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликнинг илк даврида ажралмалар

 

Ҳомиладорлик даврида ишиас ва нервларда оғриқ

Шу билан бирга ишиас (қўймуч нервининг яллиғланиши натижасида пайдо бўладиган оғриқ) ва нервларда оғриқ бўлиши ҳам ҳомиладорлик давридаги шикоятлар қаторига киради. Ҳомиладорликнинг ривожланиши билан кўплаб аёллар биқинда, орқа елка остида, тиззалари олдида чидаб бўлмас оғриқни ҳис қилишлари мумкин. Ушбу ҳолат ишиас, яъни қўймуч нервининг яллиғланиши натижасида пайдо бўладиган оғриқ  деб аталади. Қўймуч нерви тос суяги соҳаси бўшлиғидан, бачадон орқасидан то тиззагача чўзилиб кетади. Оғриқ катталашаётган бачадоннинг нервларга берган босими туфайли келиб чиқади деб таъкидланади. Шунингдек, ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида кузатиладиган бел оғриғи ҳам шу билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Қўймуч нерви


Оғриқни камайтириш учун оғриққа қарама-қарши бўлган томонга ағдарилиб ётиш ёрдам бериши мумкин. Бу нервга бўладиган босимни камайтиради.

Кичик маслаҳат: Безовталик касалликни орттиради

 

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида нималарга эътибор бериш керак?

Ҳомила тушиш хавфи

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасида ҳомила тушиш хавфлари ҳақида айтишимиз керак. 8-ҳафта - биринчи триместрга киритилган 2-ойнинг охирги ҳафтаси. Ҳомила тушишларининг 80 фоизи биринчи триместрда кузатилади. Биринчи триместрда юзага келган ҳомила тушишлари барвақт ҳомила тушиши дейилади. Биринчи триместр охирида, яъни учинчи ойнинг охиридан (12-ҳафта) то 20-ҳафтагача содир бўлган ҳомила тушишлари кечиккан ҳомила тушиши дейилади. Шунинг учун, ҳомиладорликнинг 8- ҳафтасида ҳомила тушиш хавфи бўлиши мумкинлигидан, баъзи нарсаларга эътиборли бўлиш талаб этилади.

Албатта, ҳар бир ҳомиладор аёл ҳомила тушишидан  ташвишланади, лекин бу сизни қўрқитмаслиги керак. Чунки ҳомила тушиши ҳомиладорликларнинг атиги 15 фоизида содир бўлади. Ҳомила тушиши - бу ҳомиладорликнинг дастлабки 20 ҳафтасида ҳеч қандай аралашувсиз ташқарида яшай олмаган эмбрионнинг чиқариб ташланишидир.

Қонли ажралма келиши, тортишиш оғриқлари, бир пайдо бўлиб бир йўқолиб турадиган такрорланувчи оғриқлар, ҳомила парчаларининг тушиши, белнинг бир қисмида бошланиб, қориннинг пастки қисмига қадар давом этадиган оғриқлар ҳомила тушиши аломатлари бўлиши мумкин. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам аввало ваҳима қилмаслик, ортиқча хавотирланмаслик зарур. Зеро хавотир, стресс, безовталик ҳали бўлмаган нарсани ҳам қўзғотиб ишни баттар авж олдириши мумкин. Шунинг учун энг маъқули хотиржам бўлиш ва вазиятни кузатиб агар оғриқлар кучайиб, қон келиши тўхтамаса дарҳол шифкорга мурожаат қилиш лозим. Шифокор топилмаса энг яқин бўлган туғруқхонага бориб тегишли даво чоралари кўрилишига эришиш мумкин. Турли хил асоратларнинг олдини олиш учун шифокорингиз билан доимий алоқада бўлиш ҳолатни енгиллаштиради.

Батафсилроқ маълумот учун қуйидаги мақола бор: Ҳомила тушишлари ҳақида

 

Токсаплазмоз

Токсоплазма – сут эмизувчи ва қушларда кенг тарқалган микроб тури бўлиб одамга паразитлар орқали юқади. Агар сиз уй ҳайвонини боқаётган бўлсангиз, бу ҳақида ташвишланаётган бўлишингиз мумкин. Ушбу касаллик:

касал мушук ахлатига тегиниш;

хом гўшт истеъмол қилиш;

ушбу инфекция ўтган гўштли ёки бошқа озиқ-овқатлар орқали юқиши мумкин.

Инфекция йўлдоши орқали ҳомилага ҳам ўтиш мумкин. Ҳомиладорлик даврида ушбу инфекция ҳомила тушишига ёки чақалоқнинг  шу касаллик билан туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо уни ҳам сурункали тури эмас, фақат ўткир тури бўлсагина хавотирланиш мумкин.


Агар сизнинг мушугингиз бўлса, унинг ахлатига тегманг, бу муддатда уни бошқа одам тозаласин. Уни ошхонадан, стол-сутллардан узоқроқ тутинг. Силагандан кейин қўлингизни ювинг. Гўшт ва тупроқни ушлагандан кейин қўлингизни ювинг. Барча гўштларни яхшилаб пиширинг.

Гўштни тайёрлаш пайтида хом гўшт бошқа озуқаларга  тегмаслигига эътибор беринг. Кўкатлар ва сабзавотларни ҳам яхшилаб ювинг, зеро мушук ва бошқа микроб ташувчилар дала ва экинларда ҳам юради ва ахлат ташлайди.

Қуйидаги савол қизиқтирса ушбу ҳаволага босинг: Ҳомиладорлик вақтида Rubella (қизамиқ) инфекцияси билан соғлом туққанлар борми?

 

Ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасидаги таҳлиллар

Оддий лаборатория таҳлиллари шифокорга биринчи ёки иккинчи ташрифида амалга оширилади. Пап-суртма (пап-мазок) таҳлили билан бирга тос соҳаси кўриги ўтказилади.

Бошқа таҳлиллар:

умумий қон таҳлил;

умумий пешоб таҳлили;

пешоб экма таҳлили (бак-посев);

венерик касаллик инфекциясига таҳлил;

бачадон бўйни суртмасининг экма таҳлили (бак-посев).

Кўпгина шифокорлар диабет бор-йўқлини аниқлаш учун қондаги шакар миқдорини ҳам текширишади. Шунингдек, улар қизамиққа қарши иммунитет мавжудлигини текшириш учун ҳам таҳлил ўтказишлари мумкин. Гепатитга таҳлил топшириш ҳам стандарт таҳлилардан ҳисобланади. Агар зарур бўлса, бошқа таҳлиллар ҳам ўтказилиши мумкин. Аммо ҳомиладорликнинг бошида ҳар кўрикда таҳлил топшириш шарт эмас, фақат зарурат туғилсагина таҳлил ўтказилиши мумкин.

 

Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ

 

Report Page