40-ҲАФТА
@ginekologimТабриклаймиз, сиз маррага етиб келдингиз! Эҳтимол, 40 ҳафталик ҳомиладорлик саргузаштида ҳаётингизнинг энг унутилмас лаҳзаларини ўтказдингиз ва энди мукофотини олишга яқин турибсиз. Чақалоғингизни қучоғингизга олишингиз билан ушбу ҳомиладорлик мавзуси якунланиб, сиз учун янги ҳаётингизда янги саҳифа − гўдак парваришлаш саҳифаси очилади. Аммо ҳозирча биринчи навбатда, ҳомиладорликнинг 40-41 ҳафталарида сизни нима кутаётгани ва нималарга эътибор бериш кераклигини билиб олишингиз керак!
40 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи
Ҳомиладорлик муддатингиз тўлган. Охирги ҳафталарда ҳомила қанча вазн олади, унинг бўйи қанча бўлишини қуйидаги жадвалдан билиб олишингиз мумкин.
40 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 3000-4000 г
40 ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 48-56 см
Сиз жадвалда кўриб турган маълумотлар 40 ҳафталик ҳомила учун ёзилган бўлса-да, улар 41 ҳафталик ҳомила учун ҳам ўринлидир. Айтганча, ҳомила соғлом бўлган тақдирда ҳам, баъзи ҳомилалар оғирроқ ёки кичикроқ бўлиши мумкин. Бунда муаммо йўқ.
Чақалоғингиз туғилганда унинг ҳали ҳам ҳомилалик ҳолатидек букилган вазиятда кўрасиз. Бунинг ягона сабаби шу ҳолатнинг одатланиши ва қулайлигидир. 9 ойни тор бачадон ичида ўтказгандан сўнг, энди бемалол узаниш учун етарли жой борлигини тушунишга вақт керак бўлиши мумкин.
Туғилганда у билан кўп гаплашишни ва “Хуш келдинг, Аллоҳнинг янги меҳмони!” деб айтишни унутманг. Чунки у сизнинг ва отасининг овозини танийди.
Ҳар бир 40 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.
Ҳомиладорликнинг охирги ҳафталарида нималарга эътибор бериш керак?
Ҳомиладорликнинг охирги ҳафтасида жинсий алоқа қилиш мумкинми, дея қизиқаётган бўлишингиз мумкин. Гарчи шифокорлар одатда бу муддатда яқинлик қилишни тавсия қилмасалар-да, бунда муаммо йўқ. Шу билан бирга, қисқароқ муддатли бўлишига ва қоринга босим ўтказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан сақланишга эътибор бериш керак.
Ҳомиладорликнинг охирги ойида ҳам овқатланиш бошқа ҳафталардагидек муҳим. Соғлом ва мувозанатли овқатланишни давом эттиришингиз, айниқса, ҳомиладорликнинг охирги ҳафтасида ортиқча вазн олмасликка ҳаракат қилишингиз керак.
Кундалик енгил жисмоний машқлардан бошқа ҳар қандай сизни чарчатадиган ҳаракатлардан узоқ туриш керак.
Ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида саёҳат қилиш тавсия этилмайди. Агар сиз шундай вазиятга дуч келсангиз, шифокор билан маслаҳатлашмасдан чиқманг.
Душ олсангиз ўтирган ҳолатда ёки ёнигизда яқин инсонингиз ҳамроҳлигида олинг.
40 ҳафтадан ошган ҳомиладор аёллар учун жисмоний машқлар
Баъзи аёллар оғриқни енгиллаштириш учун туғруқ пайтида дори олишни истамайдилар. Улар турли машқлар, уқалаш, гипнотерапия, нафас олиш ва енгиллаштириш машқларидан фойдаланиб, иложи борича табиий йўллар орқали туғруқни енгиллатишни афзал кўришади. Бундай усуллар кўпинча туғруққа тайёргарлик курсларида ўргатилади. Ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида тинчланишингизга ёрдам берадиган турли хил бўшашиш усулларидан фойдаланишингиз мумкин. Келинг шу ҳақида қисқача айтиб ўтамиз.
1. Босқичли мушакларни бўшаштириш
Бош ёки оёқдан бошлаб ҳар бир мушак гуруҳини бўшаштириб, навбат билан тананинг бошқа қисмларига ўтишингиз мумкин.
2. Енгил тегиниш
Турмуш ўртоғингиз бир неча сония давомида чаккаларингиздан бошлаб бўйнингизга, елкангизга, сиртингизга, билакларингизга, кафтларингизга, оёқларингизга, болдирларингизга маҳкамроқ аммо нозик тегинишлар орақли бўшаштириши мумкин. Сиз ҳам ўша пайтда у теккан мушакларингизни ўзингиз бўшаштира оласиз.
3. Уқалаш
Турмуш ўртоғингиз ёки ҳомиладорлик уқалашидан хабари бўлган ҳамшира сизнинг сиртингизни, елкангизни, оёқларингиз ва қўлларингизни уқалаши мумкин. У кичик айланавий бамроқ ҳаракатлар билан пешонангиз ва чаккангизни уқаласин. Бу ҳаракатлар мушакларнинг бўшашишига ва эндорфин гормони ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Турли усулларни қўллаб кўриб тажриба натижасида албатта сизга мос келадиган уқалаш усулини топишингиз мумкин.
4. Чиройли тасаввур ва шукроналик
Ўзингизни тинч ва осойишта ҳис қиладиган ҳолатда тасаввур қилинг, сизга берилган шунча неъматларни тафаккур қилиб шукр туйғусини чуқур ҳис қилинг ва чин дилдан севининг. Аллоҳ сизга насиб қилган улуғ неъматлар учун Унга ҳамду-сано айтинг ва ибодатларингизни вақтида адо этинг. Ўзингизни қир-адирли жойда, денгиз соҳилида, зич дарахтлар билан қопланган ўрмонда ёки Каъба қаршисида, Мадинада тасаввур қилиб рухингизни тинчлантиринг. Ёқимли табиат товушлари: қушлар сайраши, сувнинг оқиши, япроқларнинг шивирлаши ёки Қуръон тиловати, азон каби хуш овозларни эшитинг, табиат манзараларининг видеотасвирларини томоша қилинг.
5. Нафас олиш машқлари
Нафас олиш машқлари ҳомиладорлик билан боғлиқ шикоятларни камайтириш ва туғруқни енгиллаштиришнинг энг самарали усулларидан биридир. Шунинг учун ҳомиладорлик даврида буни мунтазам равишда бажариш керак. Яъни, мисол учун энг соддаси бир сония нафас олиб, уч-тўрт сония ушлаб туриб, сўнгра икки-уч сонияда нафасни чиқариш машқи.
Бурун орқали нафас олиш билан тоза ва салқин ҳавога ўпкангизни тўлдиринг. Барча таранглашишларни бўшаштирганингизни тасаввур қилиб, оғзингиздан нафасни чиқаринг. Сиз одатдагидан кўра секинроқ нафас олишингиз керак. Ҳомиладорлик даврида нафас олиш машқларини қанчалик кўп ўзлаштирсангиз, тўлғоқ оғриғи келганда бу машқларни қилиш осонроқ бўлади. Айниқса ҳомиладорликнинг 40 -ҳафтасидан бошлаб бунга алоҳида эътибор беринг.
6. Дуо ва яхши ният
Яхши ниятлар қилинг, зикр билан машғул бўлинг. Ўзингиз билган ва ёд олган дуолар билан илтижо қилинг. Билмаган дуоларингиз ва зикрларни ўрганиб, уларни такрорлашни ўзингиз учун кундалик вазифа қилиб олинг. Дуо ва зикр билан машғул бўлганда диққатингизни жамлашга ҳаракат қилинг. Буюк Роббимиз бизга қанчалик раҳмли эканини, ўзимизга ўзимиздан, ҳатто ота-онамиздан ҳам чексиз марҳамтли эканини идрок этган ҳолда чин кўнгилдан ичингиздаги бор дардларингизни фақат ёлғиз Унинг ўзига изҳор қилинг. Танангиз, рухингиз ва ўй-хаёлларингиз ҳам анча тинчланади шунда. Зеро шундай чексиз раҳмли Меҳрибонгиз борлигини билиш ва Унга яқин бўлиш сизга куч-қуввват ва рухий хотиржамлик беради.
Мен 40 ҳафталик ҳомиладорман, оғриқ сезмаяпман, нима қилишим керак?
Ҳомиладорликнинг 40-ҳафтасини тугатган ҳомиладор аёлда туғруқ аломати бўлган оғриқлар бошланмаган бўлиши мумкин, бундай ҳолатда у ҳар 3 кунда бир текширувга бориши керак. Ҳомиланинг ичкаридаги ҳолати яхши эканлиги текширилади. Чунки ҳомиладорликнинг 40-ҳафтасидан кейин ҳомила ҳаёти хавф эҳтимоли остида бўлади. Ушбу текширувда:
- бўлғуси онанинг ўзида ҳис қилган ҳомиладаги ҳаракатлар;
- ҳомиланинг юрак уриши ва NST (стресс йўқлиги текшируви);
- ултьратовуш ёрдамида ҳомиланинг суви ва нафас олиш ҳаракатлари текширилади. Агар мазкур ҳолатларда меъёрдан четлашиш бўлса ва ҳомиланинг аҳволи ёмонлашса аёл туғруққа қабул қилинади.
Шунингдек, "Мен 41 ҳафталик ҳомиладорман, оғриқ сезмаяпман" дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Бундайларга маслаҳатмиз агар бачадон бўйни сунъий чақириладиган тўлғоқларни кўтарадиган тарзда бўлса, одатда туғруқ чақириш маъқул кўрилади. Чунки ҳар ўтган вақт ҳомила учун хавф туғдириши мумкин.
40-ҳафтада туғруқ рўй бермаса нима қилиш керак?
Ҳомиладорликнинг 40 ҳафтадан ўтгани муаммо мавжудлигини англатмайди. Одатда барча ҳомиладорликларнинг деярли ярми 40 ҳафтадан ошади. Баъзиларда ҳатто 41- ёки 42-ҳафтагача чўзилади. Аммо шифокорлар одатда 42 ҳафтадан ошишига рухсат беришмайди.
Буни ўқидингизми: Туғруқ кунини ҳисоблаш усуллари
Чақалоқларнинг 5% дан камроғи ҳисобланган муддатда туғилади. Бироқ кўпинча ҳисобланган кунидан ўтиб туғилган болалар аслида кунидан ўтган бўлмайди. Балки ҳисоб-китобда адашилган бўлиб чиқади.
Кам учраб турса-да, баъзида ўз кунидан ўтиб ҳам туғлиш кузатилади. Бундай ҳолларда, чақалоқ ташқарига чиққанда, унинг териси одатда қуруқ, ёриқли, кўча бошлаган ва буришган бўлади, лекин буларнинг бари вақтинчалик. Бунинг сабаби - туғруқ муддати яқинлашишдан аввалги ҳафталарда терини ҳимоя қиладиган верникс қатламининг йўқолишидир.
Агар ҳомиладорлик 40 ҳафтадан ошса, боланинг тирноқлари ва эҳтимол сочлари ҳам узунроқ бўлади. Аксинча терисида эса ҳомилалик туклари деярли бўлмайди. Шу билан бирга у нисбатан ҳушёрроқ кўзлари очиқ ва диққатли бўлиб туғилади.
Ҳомиладорликнинг 40 -ҳафтасида туғруқ аломатлари
Туғруқнинг илк аломатлари:
- бачадон бўйни шиллиқ қопламасининг очилиши;
- ҳомила олди суюқлиги келиши (амниотик суюқлиги);
- туғруқ тўлғоқлари (бачадон мушакларининг қисқариши).
Бироқ шу билан бирга сўнгги ҳафталарда, ҳомиладор аёлларда:
- бўшашиш ҳисси;
- иштаҳанинг пасайиши ва вазн йўқотиш;
- ўзини қувватли ҳис қилиш каби аломатлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Туғруқхонага қачон бориш керак?
Кўпчилик аёлларга 5-10 дақиқалик оралиқ билан келадиган тўлғоқлардан бир соат ўтгач туғруқхонага бориш тавсия этилади. Агар туғруқхона жуда узоқда, транспорт топиш қийин ёки об-ҳаво ноқулай бўлса, уйдан эртароқ чиққан маъқулроқ.
Агар туғруқ ҳали бошланмаган бўлса, туғруқхонага борганингизда уйга қайтарилишингиз эҳтимоли ҳам бор. Борганингизда туғруқ аломатлари бўйича баҳоланасиз ва шунга мувофиқ қарор қабул қилинади.
Агар сизни уйга қайтариб юборишса, тушкунликка тушманг ва жаҳл қилманг. Чунки кўпгина аёлларнинг туғруғи бошланганми-йўқми, фақат туғруқхонадаги кўрикдан кейин тўлиқ маълум бўлади. Бу телефонда тушунтириб билса бўладиган ҳолат эмас. Баъзи туғруқхоналар, қайтариб юбормасдан туғруққа қадар сизни бирор хонада ушлаб туриши ҳам мумкин.
Бу қизиқ ўқинг: Туғруқ ҳақида билинган ва билинмаган фактлар
Туғруқ босқичлари: туғруқхонада нималар бўлади?
- Бўлғуси она туғруқхонага етганда кроватга ётқизилгач, биринчи текширувлар ўтказилади ва бачадон бўйни очиқлиги ўлчанади.
- охирги ўзгаришларни кузатиш учун ультратовуш текшируви амалга оширилади. Ҳомиланинг тахминий вазни қайд қилинади.
- ҳомиланинг юрак уриши ва ва бачадон қисқаришини кўриш учун NST (стресс йўқлиги текшируви) ўтказилади.
- агар кечарча кесиш усули талаб қилинадиган вазият бўлмаса, ҳомиладор аёлни вақти-вақти билан кузатувда бўлиши учун тегишли хонага ётқизилади.
- гарчи ҳамма туғруқхоналарда бунинг имкони бўлмаса-да, тўлғоқ пайтида бўлғуси отанинг хонада бўлиши ва аёлига дастак бериб туриши муҳим аҳамиятга эга.
Туғруқ учун бачадон бўйни қанча очилган бўлиши керак?
Туғруқ содир бўлгунга қадар тахминан 20 дақиқа оралиқлар билан ҳомиланинг юрак уриши эшитилади ва бир соат оралиқ билан бачадон бўйни очиқлиги текширилади. Бачадон бўйни очиқлиги 10 см га етганда туғруқ рўй беради.
Биринчи марта туғаётган аёлларда бачадон бўйни ҳар 1 смга очилиши учун 1,5-2 соат вақт кетиши мумкин. Тўлғоқ асносида қачон боланинг бошини қин орқали кўриш мумкин бўлганда бўлғуси она туғруқ залига олинади.
Туғруқдан кейин она ва бола
Бир неча кучли тўлғоқ ва бўлғуси онанинг етарлича кучаниши билан биринчи навбатда боланинг боши қиндан чиқади.
Шифокор аввал бола оғзининг ички қисмини мато билан артиб олади. Кейин тегишли тарзда болани оҳиста тортади ва тўлиқ туғилишига имкон беради. Туғруқ зали боланинг овозидан акс-садо беради.
Туғилган гўдак бу ҳафтага келиб тахминан 50 см ва 3700 грамм бўлади. Бир томондан киндик қисилиб, кесилгач, бола онанинг қорнига қўйилади ва она билан биринчи алоқа таъминланади.
Кейин бола қуритилади, иситилади, тозаланади ва матога ўралади.
Шифокор ҳали бачадон ичида бўлган боланинг йўлдошни олиб ташлайди. У туғруқ йўлида ва қинда травма, йиртилиш бор-йўқлигини аниқлаш учун текширади.
Айниқса илк туғруқ ўтказганларда боланинг чиқишини енгиллаштириш учун очилган йиртиқлар (эпизиотомия) даволанади.
Кейинроқ палатага ётқизилган онанинг қучоғига боласи берилади. Ниҳоят, она боласини биринчи марта кўзлари билан бамайлихотир кўриш имкониятига эга бўлади.
Фарзанд кутаётган барча аёлларга енгил ва осон туғруқ ҳамда соғлом ва солиҳ фарзанд кўриш тилаги билан...
Сизнинг Гинеколог...
Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.
ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ
Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻