ТУҒРУҚ ҲАҚИДА БИЛИНГАН ВА БИЛИНМАГАН ФАКТЛАР

ТУҒРУҚ ҲАҚИДА БИЛИНГАН ВА БИЛИНМАГАН ФАКТЛАР

@ginekologim

Кўпчилик аёллар туғруқнинг қандай бўлиши ҳақида кам гапирадилар.

Ҳолбуки туғиш асносида баъзида кутилмаган, айниқса илк бор туғиш жараёнига дуч келганларда ҳайратга соладиган нарсалар кузатилади. Шундан айримлари ҳақида сўз юритамиз.  

1. Бола туғилгандан кейин ортидан йўлдоши туғилиши керак. Шунинг учун туққандан кейин, яна кучанишингизни сўрашса ҳайрон бўлманг. Йўлдош (плацента) нинг чиқиши унча оғир бўлмайди. Бироз мушак қисқаришлари бўлиши мумкин.  

2. Аёллар кўпинча аниқ туғадиган муддатини билишга интилади. Аммо афсуски ҳомиладор аёлларнинг фақат 5% и  шифокорлар тахмин қилган муддатда туғадилар. Шунинг учун фарзандингиз шифокорлар айтган муддатда дунёга келмаса ҳеч ҳайрон бўлманг. Ҳаммаси меъёрда бўлса туғиш муддати 38-ҳафта билан 42-ҳафта орасида кутилади одатда. 

3. Умуртқадан оғриқсизлантириш туғруқ тўлғоқига чидай олмай қолган ҳолатларда қўлланиладиган усулдир. Лекин бу усул ҳам тўлиқ оғриқсизлантирмайди. Кўпчиликда увишиш кузатилади, айримлар қорин соҳаси ҳиссиз бўлиб қолганини айтишади. Агар тўлғоқ жуда қаттиқ оғриқ берса шифокор билан маслаҳатлашиб бу усулни қўллаш мумкин. Аммо мазкур оғриқсизлантириш усулидан мўъжиза кутманг.

4.  Туғруқ асносида бир неча бор даволанишга тўғри келиши мумкин. Илк бор туғруқхонага тўлғоқ тутиб борганингизда акушер ёки шифокор бачадон бўйни қанча очилганини текшириб кўриши одатий ҳол. Туғруқ давомида жараённи назорат қилиш учун бу текширув такрор ўтказилиши мумкин.

  5. Туғруқ мобайнида катта ҳожатга эҳтиёж бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Буни албатта ҳеч қайси аёл истамайди. Аммо шундай ҳолат юз берса хафа бўлманг. Айбли жойи йўқ. Физиологик ҳолат. Ҳамширалар ҳам бундай ҳолатларни кўп кўришган. Ҳижолат бўлманг. 

6. Гўдагингиз ёпишқоқ елимсимон моддага ўралиб туғилиши мумкин. Бундан асло ҳавотир олманг. Бунинг зарари йўқ. Верникс деб аталувчи бу ажойиб елимсимон модда бачадон ичида ҳомиланинг намлигини сақлаб туради. Туғруқ йўлидан ўтишни ҳам осонлаштиради. Туғилгандан кейин ўзи терига шимилиб кетади. Уни тозалаш ҳам шарт эмас. Бундай моддани сунъий усулда олишни олимлар ҳали ҳам уддалай олишмаган.

7. Гўдагингиз танасининг кўп қисмини майда (қилли) жун қоплаган ҳолда туғилиши мумкин. Бу ҳам табиий ҳолат. Вақти келиб тўкилиб кетади. 


8. Гўдакнинг бош чаноғи шакли бироз бошқача бўлиши мумкин. Табиий йўл билан туғилганда туғруқ йўлларида гўдакнинг боши бироз сиқилади. Шунинг учун думалоқ эмас-да, бироз чўзинчоқ, қовунсимон бўлиши мумкин. Бу меъёрдаги ҳолат. Бир неча кундан кейин асли ҳолатига қайтиб яна думалоқ шаклга келади.

9. Туғруқдан кейин бироз уқалаш муолажасини бажарадилар. Уйга чиқаришдан олдин шифокор ёки акушер қонаш тўхтаганига амин бўлишлари керак. Бунинг учун ҳамшира сизга уқалаш муолажаси олиб боради. Мақсад бачадонни асл ҳолатига қайтариш. Бошида бироз безоватлик ҳис қилишингиз мумкин. Лекин кейинчалик кўникиб қоласиз.

  10. Қон кетиши давом этади. Уйга қайтгандан кейин ҳам қон кетиш тўхтамайди. 6 ҳафтагача (кўпчилик чилла дейдиган муддат, нифос ҳолати)  туғруқдан кейинги қон келиши меъёрдаги ҳолат саналади.

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page