39-ҲАФТА

39-ҲАФТА

@ginekologim
39 ҳафталик

 38-ҳафта 40-ҳафта

  Ниҳоят ажаойиб саргузаштингизнинг охирига ҳам келиб қолдингиз! “Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида нималар бўлади?” деган саволдан ҳам кўра сиз кўпроқ ўйлайдиган бир нарса бўлса, бу туғруқ мавзусидир! Билишингиз керак бўлган барча мавзуни имкон қадар ёритдик, ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасидаги туғруқ аломатларидан тортиб, 39-ҳафталик ҳомиланинг ривожланишигача! Марҳамат, бошланг!

  39 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи

Сиз маррага яқин турибсиз, ҳомилангизнинг ўсиши секинлашмоқда. 39 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи қанча бўлиши кераклигини қуйидаги жадвалдан билиб олишингиз мумкин.

39 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 3000-3600 г
39 ҳафталик ҳомиланинг бўйи − 48-53 см

39-ҳафтада ҳомила вазни 3 кг дан кам ёки кўпроқ бўлиши мумкин. Шундай экан, 39 ҳафталик ҳомилангизнинг вазни 2700 грамм билан 4 килограмм оралиғида бўлиши мумкин.

“Кичкинтой”ингизнинг ўсиши секинлашди, лекин унинг мияси суръат билан ривожланишда давом этмоқда.

Танасининг барча аъзолари ўсиб катталашган бўлса-да, энг катта аъзо ҳали ҳам бошидир. Шу сабабли, ҳомиланинг боши билан туғилиши энг маъқул туғруқдир

Бу ҳафтада ҳомиланинг пушти териси энди оқ тусга кирган бўлади.

Терисини қоплаган верникс ва лануго тукларининг кўпи тўкилади. Лекин шундай бўлса-да туғилганда уларнинг изларини кўришингиз мумкин.

Тана ҳароратини ушлаб туриш учун териси остида етарлича ёғ қавати ҳосил бўлган.

39 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

  Ҳар бир 39 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

 

39 ҳафталик ҳомиладорлик неча ойлик?

39-ҳафта ҳомиладорликнинг 9-ойига тўғри келади. Сиз учинчи триместрнинг охирги ҳафталаридан биридасиз, кейинги кунларнинг исталган бирида туғруқ содир бўлиши мумкин.

 

39 ҳафталик ҳомила ҳаракатлари

Бу ҳафтада ҳомиланинг ҳаракатини сезиш қийинлашди. Чунки ичкарида ҳаракатланиш учун етарли жой қолмаган. Шу сабабли, аста-секин торайиб бораётган маконда ҳомиланинг қимирлаши, тепиниши ва калла қўйиши осон эмас.

Бунинг устига, ҳомиланинг боши чаноқ суягингиз орасига тушиб, боши пастга чуқурроқ ўрнашгани учун сизга ҳаракатсиздек кўринади. Туғруққа қадар кичик ҳаракатларни сезсангиз хавотирли ҳеч нарса йўқ. Aммо умуман ҳеч қандай ҳаракатни сезмасангиз, унда муаммо бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида ҳомила жуда ҳаракатчан ҳам бўлиши мумкин. Aгар бу ҳаракатлар жуда тезкор, ҳаяжонли, узуқ-юлуқ ва шиддатли тарзда бўлса, буни шифокорингизга хабар беришингиз керак. Ҳар ҳафтада ҳомилангизга алоқадор ҳис этган ўзгаришларингизни қайд этиб, шифокорга айтиб маслаҳатлашиб турган ҳам маъқул.

 

Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

39 ҳафталик ҳомиланинг она қорнидаги ҳолати суратда кўриб турганингиздек тарзда бўлади.

39 ҳафталик ҳомила жойлашуви

Ҳомиланинг боши чаноқ суягингиз орасига тушиши нафас олишингизни енгиллаштирган бўлса-да, юришингизни бироз қийинлаштиради. Ҳатто юришингиз  маймоқларникига ўхшаб қолиши ҳам мумкин.

Бу муддатда катта эҳтимол ўзингизни баҳайбат ҳис қилишингиз мумкин. Энди бачадон чаноқ ва қорин бўшлиғининг кўп қисмини тўлдирган ва яна катталашиш учун бошқа жой ҳам қолмаган. Шунинг учун бачадонингиз қовурғалар остида ва ўлчамлари ҳам энди ҳафтадан ҳафтага деярли ўзгармайди.

Сиз бу ойда ҳар ҳафта, эҳтимол ҳар 3-4 кунда бир текширувга борарсиз, шунинг учун шифокор кўригидан ўтишга кўпроқ вақтингиз кетади. Туғруққа тайёргарлик кўринг, ўзингизни бўш қўйинг, шифокор кўригига боринг, ҳали бола туғилмагани ва ишламаётганингиз учун бироз табиатни кезинг, пиёда юринг. Хаёлингизни чалғитиш учун фойдали машғулотлар билан шуғулланинг.

Ҳомиладорликнинг шу паллаларида ўзингизни анча ноқулай ҳис қилаётганингиз сабабли бошқа ҳомиладор бўлмайман, деган ўйлар ҳам хаёлингизга келиши мумкин. Aммо биз сизга бундай қарорларга келишдан олдин болани қучоғингизга оладиган вақтни кутишингизни маслаҳат берамиз.

Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасини тугатган бўлғуси она сифатида сизда ҳаяжон, ўйчанлик, хавотир ёки қўрқув кучайган бўлиши мумкин. Балки асабий ва ҳаддан ташқари таъсирчан ҳам бўлишингиз мумкин. Бесабр ва рухан безовта кўринаётган ҳам бўлишингиз мумкин. Бундай ҳиссий ўзгаришларнинг барчаси меъёрий ҳолат. Ўзингизни бўш қўйинг, ибодатингизгни адо этинг, яхши дуолар қилинг, истиғфор ва саловотни кўпайтиринг, вақтида дам олинг ва унутмангки, яқинда бу кунлар ўтиб кетади!

Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида жинсий алоқа

Туғруқ яқинлашганда, одатда, биринчи триместрда бўлгани каби, жинсий майл пасайа бошлайди. Баъзида бу пасайиш биринчи триместрдан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Боз устига оғриқ ва санчишлар ҳам қўшилади. Бундай оғриқлар ҳатто энг кучли эҳтиросларни ҳам сўндириши мумкин.

Ахир, ҳомиладорликнинг 39 ҳафтасини эсон-омон ўтказиш бу айтишга осон, холос. Сиз 9 ой кутган маррага яқинлашяпсиз, шунинг учун туғруқдан бошқа нарсага парво ҳам қилмайсиз. Сабрсизлик билан кутаётганингиз “кичкинтой”ингиздан бошқа нарсага диққатингизни қарата олмаслигингиз одатий ҳолдир. Aлбатта, буларнинг баридан ҳеч таъсирланмасдан (шифокори бошқа гап айтмангунча) туғруққа қадар  жинсий ҳаётини давом эттирадиган жуфтликлар ҳам учраб туради.

Ҳомиладорлик даврида ёки ҳомиладорликнинг маълум паллаларида зарар етиши мумкин бўлган (яъни, ҳомила тушиш хавфи, инфекция юқиш хавфи каби) ҳолатлар юзага келмаган бўлса бўлғуси онанинг жинсий ҳаётни яшаши меъёрий ҳол. Aммо ёдда тутингки, сиз узоқ вақт чалқанча ҳолатда ётмаслигингиз керак!

 Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида туғруқ аломатлари

Бўлғуси оналарни қизиқтирадиган мавзулардан бири туғруқ бошланишидаги аломатлардир. Билинар билинмас баъзи аломатлар туғруқ бошланганини кўрсатса-да, асосий белги бу тўлғоқлардир ва уларни сезмаслик имконсиздир. Келинг, 39-ҳафтада туғруқ аломатлари нималар эканлигини кўриб чиқайлик!

1. Бачадон бўйнининг юпқалашиши ва юмшаши: Туғруқ яқинлашган сари қалинлиги 2.5-3 см бўлган бачадон бўйни аста-секин қоғоз каби ингичка бўлиб қолади. Aгар бачадон бўйни 100% ингичкалашса, бу туғруққа тайёр дегани.

2. Бачадон бўйни очилиши: Туғруқ асносида бачадон бўйни 0 см дан 10 см гача очилади. Очилиш тўлғоқлар бошланишидан бир неча кун ёки ҳатто бир неча ҳафта олдин ҳам бошланиши мумкин.

3. Сув чиқиши: Туғруқ жараёни бошланганидан кейин исталган пайтда амниотик халтачадан сув сизишни бошлайди ёки ёрилади. Одатда, амниотик халта туғруқ асонсида ёки туғруқхонага келганда ёрилиб кетади. Вазиятни яхшилаш ёки ҳомиланинг аҳволини яхшироқ назорат қилиш учун шифокорингиз ҳам уни ёриши мумкин.

4. Тўлғоқлар: туғруқ аввалида бачадон қисқаришлари бошланади. Aйнан шу қисқаришлар, яъни тўлғоқлар ҳомилани бачадондан пастга томон силжитади. Туғруқ тўлғоқлари бел ва қориндаги тортишиш ва безовталиклар билан бошланади, вазиятингизни ўзгартирганингизда ҳам оғриқлар қолмайди. Аксинча вақт ўтиши билан кучаяди ва маълум тартибда рўй беради.

Aйрича шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида оғриқ бўлмаслиги ҳам одатий ҳолдир. Сизда ҳали туғруқ учун вақт бор, ваҳима қилишга ҳожат йўқ.

 

Сохта ва ростакам тўлғоқларни қандай ажратиш мумкин?

Сизда оз муддат қолгани учун барча оғриқ ва тўлғоқларни туғруқ билан боғлашингиз мумкин. Бироқ, бу аломатлар сохта ҳам бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасидаги тўлғоқларни фарқлаш учун сизга бир нечта тавсиямиз бор:

Қўлингизга соат олинг ва тўлғоқлар вақтини қайд этинг. Бир тўлғоқнинг бошланиш вақти билан кейингисининг бошланишигача бўлган вақтни ёзинг. Ростакам тўлғоқлар тартибли бўлади ва вақт ўтган сари ораси қисқариб боради. Сохта, яъни тайёрланиш машқи тарзидаги тўлғоқлар тартибсиз тарзда келади.

Шунингдек, тўлғоқ бошланиши ва тугаши орасидаги вақтни ўлчанг. Ростакам тўлғоқлар дастлаб 30-45 сония давом этади, вақт ўтиши билан аста-секин узайиб 75 сониягача чиқади. Сохта тўлғоқларнинг давомийлиги ва оралиғи эса ўзгарувчан бўлади.

 

Ҳомиладорликнинг 39-ҳафтасида туғруқни енгиллатиш машқлари

Шуни унутмангки, туғруқни енгилаштириш учун аввал тос-чаноқ мушакларини бақувватлаштириш керак!

Агар бажара олсангиз, танани чарчатмайдиган тарзда пилатес машқлари қилиш мумкин (пилатес тўпи устида ўтириб айланма, олдинга-орқага ҳаракатланиш, юқорига-пастга тебраниш машқлари).

Чўккалаб ўтириш, енгил пиёда юриш, зинадан кўтарилиш ва тушиш машқлари, нафас олиш машқлари, ўтирган ҳолда оёқларни товонини бир-бирига текказиб тиззани ён томонга букиш, ётган ҳолатда оёқларга таяниб белни кўтариш машқлари, бир оёқни олдинга ташлаб, иккинчи оёқнинг тиззаси билан ўтириш машқларини эҳтиёткорлик билан бажариш тўлғоқни енгиллаштиришга ёрдам беради.

 

Туғруқхонага олиб кетиладиган сумкангиз тайёр бўлсин

Ҳар он туғруқ бошланиши мумкинлиги сабабли сумкангизни олдиндан тайёрлаб қўйганингиз маъқул. Сизга керак бўладиган нарсаларни эслатиб ўтамиз:

тўлғоқлар вақтини ўлчаш учун сониялар кўрсатиладиган қўл соати ёки телефон;

пайпоқ, шиппак (туғруқ зали одатда одатда салқинроқ сақланади);

агар қўлланаётган бўлсангиз - кўзойнак (контакт линза ишлатадиганлар уни ечиб қўйишига тўғри келади);

қуруқ ва ёрилган лаблар учун махсус крем;

эмизишга қулай бўлиши учун олд томондан очиладиган пижама ёки кўйлак;

халат;

эмизишга қулай сийнабанд ва енгил пахта матоли ич кийимлар;

шахсий гигиена ва тозалаш воситалари (совун, сочиқ, тиш чўтка ва пастаси ва бошқалар)

уйга қайтишда кийиш учун мавсумга мос  енгил ва қулай кийимлар;

болани шифохонадан олиб чиқишда  кийинтириш ва ўраш учун кийим ва йўргаклар.

Одатда шошилишга ҳожат бўлмайди, ҳатто душ қабул қилишга ҳам улгуришингиз мумкин. Шундай бўлса-да, ҳар нарсани тайёрлаб қўйган яхши.

 

Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page