ТУҒРУҚ КУНИНИ ҲИСОБЛАШ УСУЛЛАРИ

ТУҒРУҚ КУНИНИ ҲИСОБЛАШ УСУЛЛАРИ

@ginekologim

Бўлғуси она учун энг қизиқ мавзулардан бири - унинг қачон туғиши ва чақалоғининг туғилажак санасини билишдир. Фарзанд туғилажак кунини аниқлашда турли ҳисоблаш усуллари мавжуд. Аввало шуни таъкидлаб ўтиш керакки, шифкорингиз ёки тегишли усуллар билан ўзингиз ҳисоблаган муддат деярли кўпинча айнан тўғри чиқмайди. Фақатгина 5% аёлларда бу муддат айнан мос келиши тадқиқотларда кузатилган. Шунинг учун ушбу ҳисоб-китоблар тахминий туғруқ кунини ҳисоблаш тарзида қабул қилиниши лозимлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Охирги ҳайз кунига кўра ҳомиладорликни ҳисоблаш қандай амалга оширилади?

Туғруқ кунини ҳисоблаш ҳомиладорлик ҳафталарини ҳисоблаш орқали амалга оширилади. Ушбу ҳисоб-китобларда ҳомиладорлик даври 40 ҳафта деб олинган. Охирги кўрган ҳайзингизнинг илк кунига 7 кун қўшиб, тақвимдан ўша санадан 3 ойни айириб ташласангиз (яъни 3 ой орқага кетиб, бир йил қўшсангиз), фарзандингиз туғиладиган кунни осонликча аниқлай оласиз.

Ҳомиладорлик одатда ҳафталик ўлароқ кузатилса-да, баъзи бўлғуси оналар ҳомиладорликни ойлар билан ифода этишни хоҳлашади. 40 ҳафталик ҳомиладорлик даври 9 ой-у 10 кун сифатида ифодаланади. Туғруқ кунини ҳисоблаш 40 ҳафтага асосланган бўлса-да, шифокорлар кўпинча кесерча кесиш йўли бўладиган туғруқда 38- ёки 39- ҳафтада буни амалга оширишни маъқул кўрадилар. Табиий туғруқда эса, шифокорлар одатда 41-ҳафтани ҳам кутишса−да (албатта бу ҳар бир онанинг ва боланинг соғлиғига қараб ўзгариши мумкин), 41-ҳафтадан сўнг улар онани ҳам, болани ҳам хавф остига қўймаслик учун сунъий тўлғоқ чақириш орқали табиий туғруқ ёки кесарча кесиш орқали ҳомиладорликни якунлайдилар.

Нега ҳомиладорликни ҳисоблаш охирги ҳайз давридан ҳисобланади?

Ҳомиладорлик ҳисоб-китобларида энг аниқ сана овуляция санаси бўлса-да, овуляция қайси куни содир бўлганлигини аниқ билиш мушкул. Шунинг учун ҳомиладорлик ҳисоб-китоблари ҳар доим охирги ҳайзнинг биринчи кунидан бошлаб ҳисобланади. Ушбу кундан бошлаб ҳомиладорлик жараёни 40 ҳафта ёки 280 кун давом этади деб билинади.

Жинсий алоқа кунига кўра ҳомиладорликни ҳисоблаш қандай амалга оширилади?

Гарчи кўплаб оналар ҳомиладорлик жинсий алоқа бўлган кундан бошланади деб ўйлашса-да, аслида ҳомиладорликнинг ҳисоб боши ўлароқ охирги ҳайз кунининг биринчи куни қабул қилинади. Жинсий алоқадан кейин сперматозоид 3-5 сутка давомида тирик қолиши мумкин, тухум ҳужайра эса овуляциядан кейин  24-36 соат ҳаётийлигини сақлаб қола олади. Уруғланиш жинсий алоқанинг 1-куними ёки 5-куними содир бўлгани аниқ билинмагани сабабли бутун дунёда ҳомиладорликни ҳисоблашнинг стандарт усули охирги ҳайзнинг биринчи кунидан (эътибор беринг, ҳайзнинг охирги кунидан эмас!) бошланади.


ЭКУ муолажаси орқали эришилган ҳомиладорликни ҳисоблаш қандай амалга оширилади?

ЭКУ билан даволаш - бу табиий йўл билан фарзанд кўролмаган жуфтликлар учун қўлланиладиган усул. Aёл ёши катталашганлиги, бачадон найининг ёпилиб қолиши, сперма миқдори етарли эмаслиги ёки сифати пастлиги каби сабабларга кўра жуфтликлар ЭКУ орқали даволаш учун мурожаат қиладилар. Бу ҳолатда ҳомиладорлик сперматозодни (бир ёки бир нечта) тухум ҳужайра билан лаборатория шароитида уруғлантирилгач, 3-5 кун орасида махсус инкубаторда ўстирилган эмбрионнинг аёл бачадонига кўчириб ўтказилишидан бошланади. ЭКУ билан даволашда иккита асосий усул мавжуд. Биринчиси аёлдан териб олинган тухум ҳужайрани эркакдан олинган сперматозоид билан лаборатория шароитида ўз-ўзидан уруғланишига қўйиб бериш, яъни анъанавий ЭКУ усули, иккинчиси, сперматозоидни махсус микроигна орқали тўғридан-тўғри тухум ҳужайра ичига киргизиб уруғлантириш (ИКСИ) усулидир.

Уруғлантириш жараёнидан сўнг эмбрион бачадонга кўчириб ўтказилгач ЭКУ орқали ҳомиладор бўлган аёл билан табиий равишда ҳомиладор бўлган аёлнинг ҳомиладорлик муддатларида фарқ бўлмайди.

ЭКУ орқали ҳомиладор бўлган аёл учун ҳомиладорлик ҳафтасини ҳисоблашда эмбрион кўчириб ўтказилган санани билиш муҳимдир. Эмбрион кўчириб ўтказилган кунда она 2 ҳафталик ҳомиладор экани назарга олиниб, ҳисоб-китоблар шунга мувофиқ амалга оширилади.

Ультратовуш текширувига кўра ҳомиладорликни ҳисоблаш қандай амалга оширилади?

Охирги кўрилган ҳайзнинг биринчи кунини эслай олмаган оналар учун қўлланиладиган яна бир усул ультратовуш ёрдамида ҳомиладорлик ҳафтасини аниқлашдир. УТТ ёрдамида ўлчанган ҳомиланинг бош айланаси/диаметри, бўйи ва вазни каби қийматларга асосланиб, унинг муддатини аниқлаш мумкин. Ҳомиладорлик ҳафтасини УТТ ёрдамида аниқлаш усули, асосан 20 ҳафтадан кичик ҳомилаларда аниқроқ натижа берганлиги сабабли, ҳомиладорликнинг илк даврида муддатни УТТ орқали аниқлаб, сўнгра ўша муддатни асос ўлароқ қабул қилиб ҳомиланинг ўсишини таъқиб қилиш ва туғруқ кунини ҳисоблаш мумкин бўлади.


Ҳомиладорлик ҳафтасига кўра туғруқ кунини ҳисоблаш қанчалик ишонарли?

Ҳомиладорлик ҳафтасига кўра ҳомиладорликни ойма-ой ҳисоблаб бориш етарлича ишонарли бўлса-да, 37-ҳафтадан кейин туғиладиган чақалоқларда, ҳомила тўлиқ шаклланиб бўлган ва уларда муаммо бўлиши кузатилмагани сабабли, ушбу ҳафталарда содир бўлган туғруқ эрта туғруқ ҳисобланмайди. Ҳомиладорлик ҳафтасига кўра қилинган ҳисоб-китобларда, бўлғуси онанинг неча ҳафталик ҳомиладорлиги аниқланар экан, 40 ҳафта ёки 280 кунлик муддатнинг тугаш санаси тахминий туғруқ куни сифатида белгиланади. Шунинг учун турли сабабларга кўра ушбу муддатдан эртароқ ёки кечроқ туғруқ кузатилишини доимо эътиборга олиш лозим. Яъни, айтишмиз мумкинки, 37-42-ҳафталар орасида содир бўлган туғруқлар меъёрий деб ҳисобланади.

Ҳайз цикли тартибли бўлмаган оналар қандай ҳисоблайди?

Ҳайз цикли (илк ҳайз кунидан кейинги ҳайзнинг илк кунигача бўлган муддат) 21 кундан қисқа ёки 35 кундан узоқ бўлган аёлларнинг ҳайз цикли тартибсиз ҳисобланади. Aйниқса, бундай аёллар баъзида 20 кунда, баъзида 40 кунда ҳайз кўришса, овуляция куни қачон бўлишини билиш қийин бўлгани сабабли ҳомиладор бўлиш ҳам осон бўлмайди. Шу сабабли ҳомиладор бўлишни режалаштираётган аёллар шифокор назорати остида дориларни қўллаш орқали овуляция муддатини тартибга келтириб олишлари мумкин. Кейин УТТ орқали қачон овуляция содир бўлишини билиб ва ўша кунларда жинсий алоқада бўлишга ҳаракат қилишлари мумкин. Туғруқ кунини эса овуляция куни 2 ҳафталик ҳомиладор сифатида қабул қилиниб ҳисоблаб олиш мумкин бўлади.

Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page