38-ҲАФТА

38-ҲАФТА

@ginekologim
38-ҳафталик

 37-ҳафта 39-ҳафта

  Сиз ҳомиладорликнинг 38 ҳафталик саргузаштини ортда қолдиришингизга оз вақти қолди. Ишончимиз комилки, ҳаётининизнинг энг чиройли онларини яшадингиз. Энди 38 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қай тарзда бўлади, бу ҳафтада нималар содир бўлади, деб қизиқаётган бўлсангиз, имкон қадар борини ёздик, марҳамат танишинг.

  38 ҳафталик ҳомиланинг вазни ва бўйи

 “Кичкинтой”ингиз энди кичкина эмас. Aгар бугун-эрта туғилиб қолса, бачадондан ташқаридаги ҳаётида унинг қандай фаол эканини кўришингиз мумкин бўлади. 38 ҳафталик ҳомиланинг вазни, бўйи қанча бўлиши кераклигини қуйидаги жадвалдан билиб олишингиз мумкин.

38 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 3100 г
38 ҳафталик ҳомиланинг баландлиги − 47-51 см

  38-ҳафтада ҳомиланинг вазни ўтган ҳафтага нисбатан тахминан 200 граммга ошади.

Унинг қорнингизда ўтказадиган муддати тугамоқда. Балки 2, балки 4 ҳафтадан кейин бағрингизда бўлиши мумкин.

Организмининг деярли барча тизимлари ташқарида яшашга тайёр. Кутилаётган суюнчи кунидан олдин қилиши керак бўлган бир-икки “майда-чуйда ишлари” бор, шунинг учун у охирги тайёргарликларини кўрмоқда.

Верникс қатлами

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида у терисини қоплаган ҳимоя қатлами − верникс ва лануго тукларидан халос бўлади.

У нафас олишни бошлаганда ўпкадаги ҳаво халтачалари бир-бирига ёпишиб қолмаслиги учун ҳаракат қилади.

 

38 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

Ҳар бир 38 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

 

38 ҳафталик ҳомиладорлик неча ойликка тўғри келади?

38-ҳафта ҳомиладорликнинг 9-ойига тўғри келади. Сиз учинчи триместрнинг охирги ойдасиз. Энди туғруққа тахминан 2-3 ҳафта бор.

 

38 ҳафталик ҳомила ҳаракатлари

Туғруқдан олдинги сўнгги ҳафталарда ёки кунларда ҳаракатларнинг бироз сусайиши меъёрий ҳолат. Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида ҳомила гўё дам олаётганга ва туғилажак кун учун қувват тўплаётганга ўхшайди.

Шунинг учун, ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида ҳомила ҳаракатлари камаядими, деган савол сизни қизиқтирса, билишингиз керакки, бу меъёрдаги ҳолат. Aммо ҳаракатлар сони жуда ҳам камаймаслиги керак, бу ерда нозик фарқни билиш муҳим.

Ҳаракатлар орасидаги муддатнинг узайиб кетиши нимадир тўғри кетмаётганининг аломати бўлиши мумкин. Буни текшириш учун сиз чап ёнбошга ётиб, ҳомилангизнинг неча марта ҳаракатланишини санашингиз мумкин. Aгар бир соат ичида 4 мартадан камроқ ҳаракат қилса ёки ҳаракатининг камайиши борасида бошқа хавотирларингиз бўлса, албатта шифокорингизга мурожаат қилинг.

 

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

38 ҳафталик ҳомиланинг қорнидаги ҳолати суратдаги тарзда бўлиши туғруқнинг осон ўтишини таъминлайди. Агар бола ўлчами каттароқ бўлса, бачадонга босим бериши мумкин.

38-ҳафтда ҳомила жойлашуви

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида вазнингизда энди деярли ўзгариш кузатилмайди. Ҳомиладорликнинг бу палласида кўпчилик аёллар ортиқча вазн олмайдилар, лекин ўзларини ноқулай ҳис қилишади. Чунки бу ойда ҳомила ҳам секин вазн олади. Ҳатто ҳомиладорликнинг охирги кунларида баъзи аёллар ярим килограммгача вазн йўқотиши ҳам мумкин. Туғруқ яқинлашганда (ҳомиладорликдан олдинги тана вазни кўрсаткичига кўра), сиз 12-17 килограмм вазн олган бўласиз. Тавсия этилган олиниши керак бўлган идеал вазн 11-14 килограммни ташкил қилади.

Бачадон юқори нуқтасидан қов суяги учигача бўлган узунлик энди тахминан 36-38 см, киндикдан бачадон юқори нуқтасигача эса 16-18 см.

Ҳомиладорликнинг 38-хафтасида кўкрагингиз болани овқатлантиришга тайёр. Туғруқ яқинлашганда, кўкракдан оқсилли сарғиш суюқлик − оғиз сути оқа бошлаши мумкин.

Сизда ҳали ҳам нафас сиқилиши кузатилаётган бўлиши мумкин, чунки кўпчилик аёллар ҳомила ўсгани сайин кўкрак қафаси остида пайдо бўладиган босим туфайли бу ҳолатни бошдан кечиришади.

Бу ойда теридаги аломатлар ҳам яққол намоён бўлади. Айниқса оёқ ва болдирларда варикоз томирлари пайдо бўлади. Юз, бўйин ва кўкракнинг юқори қисмида капилляр томирланинг ёрилиш излари кўпаяди.

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида тананинг бириктирувчи тўқималари туғруққа тайёргарлик жараёнида юмшаш ва бўшашишда давом этади. Бу, айниқса, тос соҳасида яққол намоён бўлади. Оёқларингиз гўё танадан ажралиб кетгандай бўлиб туюлиши мумкин.

Бачадон ўсаётгани учун бел ва сон соҳасида оғриқлар давом этиши мумкин.

Шунингдек, бачадоннинг қўймич нервларини босиши натижасида сон, болдир ва думба соҳасида чумоли юргандек ҳис ва карахтликка ўхшаш оғриқлар кузатилиши мумкин. Ҳомиланинг секин-аста тос суягингизга тушиши билан бу оғриқлар камаяди.

Охирги ҳафталарда ҳомиладор бўлишдан бироз чарчаган бўлишингиз эҳтимолдан ҳоли эмас. Кечаси тез-тез ҳожатхонага боришингизга тўғри келгани учун тўйиб ухлай олмаётган бўлишингиз мумкин. Ёки йўталганингизда, кулганингизда, аксирганингизда пешоб чиқишидан чарчагандирсиз. Бир оз сабрли бўлинг, бу ҳомиладорлигингизнинг охирги ҳафталаридир. Иншааллоҳ, бу машққатлар тез кунда унут бўлиб кетади.

 

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида овқатланиш

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтаси, энди кўп овқат ейишни истамайдиган давр бўлиши мумкин. Aммо сиз тўғри овқатланишни давом эттиришингиз керак. Қувватингизни юқори ушлаб туриш ва жиғилдон қайнашидан сақланиш учун aсосий таомланиш вақтларида кўп емасдан, кун бўйи кичик тамаддилар қилган маъқул.

Банан, майиз ва туршак каби енгил тамаддилар нафақат ширинликка бўлган эҳтиёжингизни қондиради, балки темир, калий ва магний билан ҳам таъминлайди.

Жуда шўр бўлмаслик шарти билан пишлоқ, қатиқ ва сут истеъмол қилиш, калций ва оқсил эҳтиёжи таъминлаши жиҳатидан яхши.

Шунингдек, ноҳат, сули ёрмаси (овсянка), ерёнғоқ каби тола ва оқсилга бой маҳсулотларни ҳам танлашингиз мумкин.

Мевали салатларни ёки сутни долчин билан ширин қилиш орқали ширинликка бўлган кучли эҳтиёжни мувозанатлашингиз мумкин.

Нон бўлакларига бир неча бўлак пишлоқ, барра райҳон ва зайтун ёғига ботирилган помидор тилимлари қўйиб духовкада пишириб хушбўй, ёқимли тамадди тайёрлашингиз мумкин.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорлик даврида овқатланиш: муҳим озиқ-овқатларнинг 4 гуруҳи

 

Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида туғруқ аломатлари

38-ҳафтада туққанлар учун бемалол айтишимиз мумкинки, бу эрта туғруқ ҳисобланмайди. 38-ҳафтада туққан аёл ҳам ҳомиладорликни тўлиқ тамомлаган ҳисобланаверади. У хотиржамлик билан боласини туғиши мумкин.

Туғруқларнинг тахминан 15% да тўлғоқлар бошланишидан олдин сув келади. У тўсатдан оқиши ёки сизиб чиқиши мумкин. Қуйида биз ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасидаги тўлғоқларни қандай фарқлаш кераклигини ва туғруқ аломатларини ёздик.

Ҳаракатланганингизда тўлғоқлар озайиш ўрнига ортади ва ҳолатингизни ўзгартирганингизда енгиллашмайди.

Тўлғоқлар орасидаги вақт қисқариб боради. Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида бачадонда оғриқ бўлиши муҳим аломатлардан биридир. Вақт ўтиши билан бу оғриқлар кучайиши ва тартибли бўлиши мумкин. Шундай қилиб, бачадон бўйнининг очилиши таъминланади.

Ҳар бир тўлғоқ аввалгисидан кўра оғриқлироқ ёки узунроқ бўлиши шарт эмас. Одатда тўлғоқ тахминан 30-70 сония давом этади. Aммо туғруқ яқинлашган сари тўлғоқлар шиддати ва қайталаниши борган сайин ортади.

Дастлабки тўлғоқлар ошқозон-ичак тизимида бўладиган оғриқларни ёки ҳайз келишидан олдин бўладиган оғриқларни эслатиши мумкин ва қориннинг пастки қисмига босим бераётганга ўхшаши мумкин.

 Туғруқ аломати бўлган оқ, оч пушти, сариқ ёки жигарранг  шилимшиқ суқюлик келади.

Бу сизни қизиқтирса ўқинг: Ҳомиладорликда қон кетиши

 

38 ҳафтада туғруқ қўрқувини қандай енгиш мумкин?

Туғруқ куни яқинлашганда қўрқувингиз кучайиши мумкин. Бу ҳол балки доим туғруқ қийинлиги ҳақида кўп гапиришгани туфайли, балки “болага ҳеч нарса қилмасмикан” дея хавотирланганингиз  сабабли бўлиши мумкин.  Шунинг учун қўрқув сабабни аниқлашингиз уни енгиб ўтишингизни осонлаштиради. Бу борада тажрибали оналар ёки шифокорингиздан маслаҳат олишингиз мумкин.

Ҳомиладор аёллар учун ўқиладиган дуолар

Энг муҳими унутмангки, туғруқдан сўнг иншааллоҳ боланингизни бағрингизга оласиз!

Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page