37-ҲАФТА

37-ҲАФТА

@ginekologim
37-ҳафталик

 36-ҳафта 38-ҳафта

  Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасига етиб келган бўлғуси она учун туғруқ ҳар он бошланиб қолиши мумкин. Шунинг учун бундай вазиятга тайёр бўлишингиз керак. 37 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай, сизни қандай ўзгаришлар кутмоқда каби мавзуларнинг барини имкон қадар  беришга ҳаракат қилдик!

 

37-ҳафтада ҳомиланинг вазни ва бўйи

Ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида ҳам “кичкинтой”ингиз ўсишда давом этмоқда. Энди сиз уни қучоғингизга олиш арафасидасиз, у кутилмаган пайтда туғилиб қолиши ҳам мумкин!

37 ҳафталик ҳомиланинг вазни, бўйи қанча бўлиши кераклиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги жадвалда бердик.

37 ҳафталик ҳомиланинг вазни − 2950 г
37 ҳафталик ҳомиланинг баландлиги − 47-51 см

  Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида ҳомиланинг вазни ўтган ҳафтага нисбатан тахминан 200 граммга ошади.

Ҳомила биринчи нафасга тайёрланмоқда ва ўпкасига амниотик суюқликни тортиб бўшатмоқда, бош бармоғини сўрмоқда, кўзларини пирпиратмоқда, у ёқдан бу ёққа суянмоқда.

37-ҳафтада туққанлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ, улар фарзандаларини соғлом қўлларига олишлари мумкин.

  37 ҳафталик ҳомиладорлик неча ойлик?

37-ҳафта ҳомиладорликнинг 9-ойига тўғри келади. Сиз охирги ойдасиз ва шу ойни бирор кунида туғишингиз мумкин. Бу ҳафта туғсанингиз эрта туғруқ ҳисобланмайди, чунки ҳомиладорлик деярли поёнига етган саналади.

 

37 ҳафталик ҳомиланинг УТТ тасвири

  Ҳар бир 37 ҳафталик ҳомиланинг ультратовуш тасвири айнан шундай бўлиши шарт эмас. Шунинг учун, ультратовуш текширувидаги фарқлар борасида ташвишланманг, бачадонда ҳомиланинг турли хил ҳолат ва ҳаракатларда бўлиши одатий ҳолдир. Ҳомилангизнинг аҳволи тўғрисида батафсил маълумотни шифокорингиз бериши мумкин.

  37 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатлари

Баъзиларнинг ҳомиласи туғруқ яқинлашганда бироз камроқ ҳаракат қиладилар, баъзиларники эса суюнчи кунигача ҳам фаол ва ҳаракатчан бўлишда давом этадилар. Ҳар бир ҳомила ҳолати фарқлидир.

Ҳомиладорликнинг охирги палласида экансиз, 37-ҳафтада ҳомила ҳаракатида сусайиш кузатилиши одатий ҳолдир. Бунинг сабаби жойнинг торайгани, амниотик суюқликнинг камайиши ва ҳомилада ҳаракатлар бошқарув тизимининг ривожланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Aммо сиз ҳомилангизнинг ҳаракатларини санамаётган бўлсангиз, фарқни сезмаслигингиз эҳтимоли катта.

  Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

37 ҳафталик ҳомиланинг қорнида жойлашиш ҳолати ушбу суртадаги тарзда бўлади. Боланинг боши одатда чаноқда,  пастга қараб турган бўлади.

37-ҳафтада ҳомила жойлашуви

Бачадонингиз ўлчами 1-2 ҳафта олдингидек бўлиши мумкин. Бачадон юқори нуқтасидан қов суяги учигача бўлган узунлик энди тахминан 37 см, киндикдан бачадон юқори нуқтасигача эса 16-17 см.

37 ҳафталик ҳомиладор аёлда қўшилган вазн миқдори 11,3 дан 15,9 кг гача бўлиши керак. Бу, албатта, ўртача миқдор. Ҳар бир аёл учун бу миқдор фарқли бўлиши мумкин.

  Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида туғруқ аломатлари

37-ҳафтада туғиш мумкинми, деб қизиқаётган бўлишингиз мумкин? Ҳа, ҳомиладорликнинг 37-ҳафтаси туғиш учун мувофиқ муддат бўлиб, эрта туғруқ ҳисобланмайди. Меъёрда кетаётган ҳомиладорлик учун туғруқ 37-ҳафта билан 42-ҳафта орасида бўлиши мумкин. Шу сабабли, илк бор ҳомиладор бўлган аёллар, туғруқ бошланганини тушуна олмай ҳавотирланишлари мумкин.

Дарҳақиқат, энг хавотирлиси туғруқхонага кетишда кеч қолиб, уйда ёки йўлда туғиш эҳтимолидир. Бундай ҳолда, 37-ҳафтадаги оғриқлар сизга энг тўғри кўрсатма бериши мумкин. Тўлғоқларнинг тартибини ва шиддатини кузатиб бориш орқали туғруқ қанчалик яқинлашаётганини билиб олишингиз мумкин.

Туғруқ бачадон бўйни 10 смга очилганида содир бўлади. Илк ҳомиладорликда бачадон бўйни 1-1,5 соат ичида атиги 1 см очилади. Бошқача айтганда, биринчи ҳомиладорликда ростакам тўлғоқлар (бачадон қисқариши) бошланганидан кейин тахминан 10 соат давом этади. Шунинг учун, уйда ёки йўлда туғиб қўйиш борасида ташвишланишингизга ҳожат йўқ. Бироқ иккинчи ёки кейинги туғруқларда бу муддат анча қисқа бўлиши мумкин.

  Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида туғруқ муддати қандай кечади?

Туғруқ муддати бачадон бўйни очилишига (кенгайиши ва қисқариши) қараб баҳоланади. Бу мушаклардан иборат бачадоннинг ҳомилани чиқариш учун қисқариши ва бўшашиши туфайли содир бўлади. Бола ташақарига сурилган сари бачадон бўйни кенгайиб очила боради. Сиз турли вақтларда қисқариш, торайиш ва санчиқларни ҳис қилишингиз мумкин. Aммо бачадон бўйни очилмагунча, бу ҳақиқий туғруқ тўлғоқлари эмас. Туғруқ жараёнининг бир неча босқичлари бор. Болани туғиш асносида сиз ушбу босқичлардан ўтасиз.

1 -босқич: туғруқ жараёнининг биринчи босқичи етарли даражада кучли, давомли ва маълум оралиқлар билан бўладиган бачадон ичи қисқаришлари (тўлғоқлар) бачадон бўйнининг торайиши ва очилишига олиб келганда бошланади. Бу биринчи босқич бачадон бўйни тўлиқ очилиб, боланинг боши ўтиши учун етарли даржага келганда тугайди.

2 -босқич: бачадон бўйни 10 смга тўлиқ очилганда бошланади. Бу босқич боланинг туғилиши билан тугайди.

3 -босқич: бола туғилгандан кейин бошланади ва плацента ҳамда ҳомила пардаларининг (бу иккисни йўлдош деб атайдилар) чиқарилиши билан тугайди.

  Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда стресс ва ундан қандай халос бўлиш мумкин ?

   

Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида эътибор бериладиган ҳолатлар

  Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида қон кетиш

Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасини тугатган аёлда енгил қон кетиши туғруқ бошланганини кўрсатмайди. Жинсий алоқадан ёки вагинал текширувдан сўнг, пушти ёки жигарранг, йўл-йўл чизиқли қизғиш шилимшиқ ажралма нормал ҳолат бўлиб, кўпинча сезувчан бачадон бўйнининг эзилиши ёки тегиниши натижасида юзага келади.

Aммо жинсий алоқадан кейин бўлсин ёки бошқа сабаб билан бўлсин пушти ёки жигарранг ажралмадан ташқари сизда кучли оғриқ ёки бошқа туғруқ аломатлари кузатилса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилинг.

Батафсилроқ маълумот учун: Ҳомиладорликда қон кетиши

Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида шифокор текшируви

Aгар сиз 37-ҳафталик ҳомиладорликни тугатган бўлсангиз, шифокорингиз қин текшируви ёки тиббий тилда айтганда тос соҳасини текшируви ўтказиши мумкин. Шу орқали, ҳомиладорликнинг давомийлик муддатига баҳо берилади. Шифокор илк эътибор берадиган ҳолат бу амниотик суюқликнинг сизиб оқиши ёки оқмаётганидир.

Бу кўрикда яна бачадон бўйни текширилади. Туғруқ жараёнида бачадон бўйни одатда юмшоқ ва ингичка бўлади. Бачадон бўйни юмшоқлиги, қаттиқлиги ва юпқалашишга баҳо берилади. Туғруқ жараёни бошланишидан олдин бачадон бўйни қалин бўлади. У фаол туғруқ асносида ингичкалашади.

Боланинг боши олдинда турибидими ёки думбаси ва оёқлари олдиндами текширилади. Тос-чаноқ суягинингиз шаклига баҳо берилади.

Aксарият аёллар одатдагидек, табиий йўл билан туғишни ўйлашади, лекин кесарча кесиш йўли билан туғиш эҳтимоли ҳам бўлиши мумкин. Кесарча кесишда ҳомила онанинг қорин девори ва бачадонида кесимта очиш орқали  чиқариб олинади.

Табиий йўл билан туғруқнинг афзалликлари шундаки, кесарча кесиш билан туғишда учрайдиган жарроҳлик билан боғлиқ муаммолар нисбатан кам бўлади. Табиий туғруқдан кейин тикланиш учун камроқ вақт талаб этилади. Aгар бачадон бўйни жуда кичкина бўлмаса, ҳомилангиз жуда йирик бўлмаса ва бачадон ичидаги жойлашувида муаммо бўлмаса, алабтта табиий туғруқ билан болани дунёга келтирган маъқул.

   Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page