ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚОН КЕТИШИ

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ҚОН КЕТИШИ

@ginekologim


Ҳомиладорлик даврида қон кетиши меъёрий ҳолатми? Ҳомиладорликда қон кетишига нима сабаб бўлади? Тушуниб турибмизки, ҳомиладорлик даврида қон кетиши ҳақида ўнлаб саволларингиз бор. Шунинг учун имкон қадар барча саволларни тўпладик ва бу мавзудаги мақоламизни тайёрладик.

Ҳомиладорлик даврида қон кетишига нима сабаб бўлади? Ҳомиладорликда қон кетиши меъёрий ҳолатми?

  Ҳомиладорлик даврида қон кетишларининг аксариятида меъёрий ҳолатдан четлашиш кузатилади. Ҳомиладорлик муддатига қараб, қон кетиши кўплаб сабабларга кўра юзага келиши мумкин, масалан, ҳомила тушиш хавфи, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, елбўғоз (пузырный занос), плацентанинг олд томонда бўлиши каби.

Шу билан бирга, ҳомиладорлик даврида қин ва бачадон бўйнида хавфли ёки хавфсиз ўсмалар ҳам қон кетишининг сабаби бўлиши мумкин. Илк бошданоқ "Ҳомиладорлик даврида ҳар қон кетиши ҳомила тушишга олиб келадими?" деган хавотирли саволга жавоб берайлик. Гарчи бу сизни ташвишга соладиган муаммонинг ишорати бўлиб кўринса -да, ҳар бир қон кетишининг сабаби ҳомила тушиши билан боғлиқ эмас.

Шунинг учун мақоладаги маълумотларни ўқиб ортиқча хавотирланманг, энг аввало руҳан тушкунликка тушмаслик бу масалада кўп муаммони бартараф қилади. Нима бўлган тақдирда ҳам охирги хулосани фақат сизни кўрикдан ўтказган шифокор бериши мумкин. Шунинг учун ўзингиз хулоса қилишга шошилманг!

  Ҳомиладорлик даврида қон кетиши қайси ойларда нимани англатади?

МАъулмуки, ҳомиладорлик учта триместрдан (уч ойлик палладан) иборат. Ҳомиладорликда қон кетишининг сабаблари бу муддатларда турлича бўлиши мумкин.

  Ҳомиладорликнинг 1 -триместрида қон кетиши

Ҳомиладорликнинг  илк ойларида қон кетиши сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:

бачадондан ташқари ҳомиладорлик;

− ҳомила тушиш хавфи;

− имплантацион қон кетиш, яъни эмбрион бачадонга бирикишида юз берадиган қон кетиши;

− бачадон катталашганда ҳомила сариқ пуфакчасининг жойидан силжиши.

“Ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасида қон кетиши меъёий ҳолми?” деган саволга жавоб берайлик. Aгар кўп миқдорда ва очиқ рангли қон бўлса, муаммо бўлиши мумкин. Aммо бу суртма тарзида бўлса, имплантацион қон кетиш деб айтиш мумкин.

  Яна бир мақола бор: Ҳомиладорликнинг илк даврида ажралмалар

  Ҳомиладорликнинг 2 -триместрида қон кетиши

Кўпинча “Ҳомиладорликнинг 14-ҳафтасида қон кетишига нима сабаб бўлади?” деган саволга дуч келамиз. 14-15-16-17-18-ҳафталар, яъни иккинчи триместрда қон кетишининг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:

− яна кеч ҳомила тушиши;

− елбўғоз (пузырный занос);

− бачадон бўйни касалликлари.

Шунинг учун, ҳомиладорликнинг 2-триместрида қон кетиши бироз хавфлироқ бўлиши мумкин. Aгар сиз бундай муаммога дуч келсангиз, албатта шифокор билан маслаҳатлашинг. Текширувлардан мунтазам ўтишни беэътибор қолдирманг.

  Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида қон кетиши

Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида (охирги уч ойда) қон кетиши плацента билан, яъни боланинг йўлдоши билан боғлиқ муаммоларда содир бўлади. Плацентанинг олд томонга силжиб қолиши оғриқсиз қон кетиш билан намоён бўлса, оғриқли қон кетишида  палцентанинг эрта кўчиши кузатилади. Ҳомиладорликнинг 8-ойидаги қон кетишининг сабаблари орасида ушбу муаммоларни кўрсатиш мумкин.

Шунга қарамай, муддатидан олдин эрта туғруқ бошланганда ҳам шу каби аломатлар кузатилади. Aлбатта, бундан ташқари бачадон бўйни полиплари, миома ёки хавфли ўсмалар ҳомиладорликнинг исталган ҳафтасида қон кетишига олиб келиши мумкин.

Айрича, ҳомиладорлик даврида қон кетишини баъзида бавосир (гемаррой) билан боғлиқ тўғри ичакдан қон кетиши ёки сийдик йўлларидан қон кетиши билан чалкаштириб юбориш ҳам мумкин. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳомиладорлик даврида қон келгани кузатилса, мазкур эҳтимолларни ҳам кўриб чиқинг.

 Мавзуга яқин мақола бор: Эрта туғруқ борасидаги саволларга жавоблар

  Ҳомиладорлик даврида доғ шаклида қон келишига нима сабаб бўлади? Қон кетишидан нимаси билан фарқ қилади?

Ҳомиладорлик даврида жигарранг доғли қон келиши тез-тез учрайди. Ҳомиладорликнинг илк ойларида бундай доғ шаклидаги қон келиши меъёрий ҳолат саналади. Хавотирлироғи − бу оч қизил тусдаги қондир. Биринчи триместрда қиндан қон кетиши аслида одатий ҳол эмас. Бироқ, ҳомиладорлик даврида ҳар 100 та аёлнинг тақрибан 20 тасида бу ҳолат кузатилади.

Баъзилар адашиб ҳайз қони деб айтадиган нарса, аслида ҳайз қони эмас, балки имплантацион қон кетиши ёки ҳомила тушиш хавфи сабабли содир бўладиган ҳолат.

Илк қон кетиши кўпинча ич кийимингизда қизил нуқтали суртма тарзида кузатилиши мумкин. Кўпинча бундан кейин жигарранг ажралма келади.

Бачадондан чиққан қон қинда бир муддат туриб қолса, қиндаги микроблар томонидан ўзгаришга дуч келади ва жигарранг тусга киради. Шундай экан, бу жигарранг доғ тарзидаги ажралма, асосан, эски бир муддат ичкарида қолган қондир. Бу одатда кузатиладиган ҳолат. Жигарранг ажралма -  кам қон кетаётганини кўрсатади.

  Ҳомиладорлик даврида қон кетишини миқдори ва рангига қараб қандай ажратиш мумкин?

Аслида бўлажак онанинг бундай ўйлаши тўғри эмас. Чунки ҳомиладорлик даврида ҳатто бир томчи қон кетиши ҳам жуда аҳамиятли ва дарҳол шифокор билан маслаҳатлашишни талаб қиладиган ҳолат. Сабаби баъзи ҳолларда қон кетиши кўпроқ ичкарида бўлиб, қиндан ташқарига камроқ келиши ва натижада ичкарида йиғилиб қолиши ҳам мумкин.

Ҳомила учун қанчалик хатар борлиги, ҳар доим ҳам ташқарига чиққан қон миқдорига мос келмаслиги мумкин. Бошқача қилиб айтганда, озгина қон кетганда ҳам ҳомила жиддий хавф остида қолиши мумкин ёки онанинг ҳаётига хавф соладиган вазият, масалан, бачадондан ташқари ҳомиладорлик юзага келган бўлиши мумкин.

Миқдори сингари, рангини ҳам фарқ қилмасдан дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш энг маъқул йўл. Яна такрорлаймизки, қандай рангда ва қанча қон кетишидан қатъи назар, фақат сизни кўриб текширган шифокорингиз унинг хатари ва аҳамиятини фарқлаб бериши мумкин. Бироқ, шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, ҳомиладорлик даврида пушти рангда қон кетиши, янада хавотирли ҳолат саналади.

  Ҳомиладорлик даврида ациклик  қон кетиши нимани англатади? Нега бундай бўлади?

Ҳомиладорлик даврида қон кетиши ациклик қон кетиши (метроррагия) сифатида баҳоланмайди. Ациклик қон кетиш -  бу ҳайз билан боғлиқ бўлмаган, ҳайз циклидан ташқарида содир бўлган қон кетишдир. Бундай қон овуляцион қон кетиши каби хатарсиз ёки бачадон бўйни, бачадон ичи ўсмалари каби сабаблар билан келадиган қон бўлиши мумкин.

Ациклик қон кетиши полип, миома, бачадон шиллиқ қаватининг назоратсиз гормонлар таъсирида қалинлашиши, кучли яллиғланиш ёки қон ивишига таъсир кўрсатадиган ҳолатларда ва овуляция бузилишларида рўй бериши мумкин. Булар кунимизда анормал бачадон ёки вагинал қон кетиши деб юритилади.

  Ҳомиладорлик даврида қон кетиши ҳақида бошқа саволлар

  Ҳомила тушишида қон кетиши қанақа бўлади? Унинг аломатлари қандай?

Одатда, ҳомила тушиш хавфида ва даволаниш имконияти мавжуд бўлган ҳолатда оғриқсиз қон кетиши кузатилади.

Тўхтатиш имконсиз бўлган ҳомила тушишларида оғриқли қон кетиши, тўлиқ бўлмаган ҳомила тушишида оғриқли ва қон тўқима парчалари ҳолида чиқади. Тўлиқ ҳомила тушишида ҳам кўпинча шунга ўхшаш белгилар кузатилади.

12-ҳафтадан 20-ҳафтагача бўлган муддатдаги ҳомила тушиши кеч ҳомила тушиши дейилади. Бунинг сабабларидан бири бачадон бўйни етишмовчилигидир. Яъни бачадон бўйнининг тўлиқ ёпилмаганлиги натижасида амниотик суюқлик билан оғриқсиз енгил қон кетиши кузатилиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида жинсий алоқадан кейин қон кетиш меъёрий ҳолми?

Ҳомиладорлик даврида жинсий алоқадан кейин қон кетиш меъёрий ҳолат эмас. Илк эҳтимол - бу бачадон бўйнидаги қон кетишига олиб келадиган патология, яъни полип, миома, эрозия ёки ҳатто бачадон бўйни ўсмаси сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга ҳомила тушиши ёки эрта туғруқ ҳам сабаблар орасида бўлиши мумкин. Шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

Ҳомиладорлик даврида ҳомила пуфакчаси атрофида қон кетишига нима сабаб бўлади?

Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида ҳомила пуфакчаси атрофида қон кетиши, асосан, ҳомила тушиш хавфи юзага келганда кузатилади.

Қиндан аввалига қизил рангли қон кетади, кейинчалик ҳомила пуфакчаси ўсиши билан бу тўпланган қон тўқ қизил ёки жигарранг тусда узоқ вақт давомида ташқарига оқади.

Ҳомиладорликнинг охирги ойларда кузатиладиган плацента ва бачадон девори ўртасида қон кетиши плацентанинг эрта кўчиши билан боғлиқ ва бу она учун ҳам, бола учун ҳам хатарли ҳолатдир.

  Ҳомиладорлик даврида бачадон ичи қонашининг сабаблари нимада?

Ҳомиладорликнинг дастлабки даврларида ҳомила тушиш хавфи ва сўнгги ойларда палцентанинг кўчиши каби юқорида айтилган сабаблар бачадон ичи қонашининг ҳам сабаблари қаторига киради.

Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

Report Page