13-ҲАФТА
@ginekologim13 ҳафталик ҳомиладорликка ҳам етиб келдик! Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида сизни қизиқтирган кўплаб янги нарсалар бор. Сиз энди илк 3 ойликни тугатган ҳомиладорсиз.
Келинг, ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида нималар бўлишини билиб олайлик!
Эсингизда бўлсин, ҳомиладорлик тахминан 13 ҳафталик паллаларга бўлинган 3 та триместрдан иборат. Ушбу ҳафта билан сиз ҳомиладорликнинг энг қийин биринчи палласини, яъни биринчи триместрни тарк этасиз. Бундан кейин кўплаб масалада ҳомиладорлик сиз учун анча қулайроқ кечади!
13 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қандай бўлади?
Сиз ҳозир ҳомиладорликнинг 4-ойига қадам босдингиз. Кичкинтойингиз ўртача шафтоли ўлчамига етиб қолди. «13 ҳафталик ҳомиланинг бўйи, вазни қанча?» деган саволга жавоб топиш учун қуйидаги жадвалга мурожаат қилишингиз мумкин.
13 ҳафталик ҳомила бўйи - 6,5-7,8 см
13 ҳафталик ҳомиланинг вазни - 13-20 г
Ҳомиланинг ўсиши бу ҳафтадан бошлаб то 24-ҳафтагача тезлашади. Қизиқарли ўзгариш - бу танасининг қолган қисмига нисбатан ҳомиланинг бош соҳасидаги ўсишнинг секинлашишидир! Келинг, 13 ҳафталик ҳомила онанинг қорнида қандай бўлишини кўриб чиқайлик.
Ҳозиргача киндик ичида ривожланаётган ичаклар ҳомиланинг ошқозонида доимий жой олиш учун ҳаракатлана бошлаган.
Бу ҳафта унинг товуш пайлари ривожланмоқда.
Энди унинг юзи инсонга ўхшаб қолган. Бошнинг ён томонида шакллана бошлаган кўзлар энди бир-бирига яқинлашмоқда. Қулоқлар, ҳам бошнинг ён томонида ўз ўрнига кела бошлаган.
“13-ҳафтада жинсини билиш мумкинми?” деган савол сизни қизиқтираётганини биламиз. 13 ҳафталик ҳомиланинг жинсини қисман аниқлаш мумкин. Бу вақтга келиб ташқи жинсий аъзолар ажратиб бўладиган даражада ривожланган бўлса-да, ҳомила бачадонда маълум ўзига хос ҳолатда жойлашган бўлсагина аниқроқ билиш имкони бўлади.
Хўш, “13 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатларини сезиш мумкинми?” деб сўрасангиз, озгина кичик ҳаракатларни ҳис этишингиз эҳтимоли бор, аммо аслида ҳали ҳам бироз кутишингизга тўғри келади.
Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида ультратовуш тасвири қуйидагича кўриниши мумкин. Агар сизники айнан шундай бўлмаса, ташвишланманг, ҳомилангизнинг ҳолати фарқли бўлиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида онада қандай ўзгаришлар рўй беради?
Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида бачадон бироз катталашади. 12-ва 13-ҳафталарда бачадон тос бўшлиғини тўлдиради ва қорин олдинга ўсишни бошлайди. Бошқача қилиб айтганда, 13-ҳафтада қорин юмшоқ, силлиқ тўпга ўхшайди.
Шу пайтгача сиз бироз вазн олган бўлишингиз керак. Агар эрталабки кўнгил айнишлар ҳанузгача давом этаётган ва овқат ейишда қийналаётган бўлсангиз, умуман жуда оз вазн олган бўлишингиз ҳам мумкин.
Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида белингиз ўлчами энди ўзгариб, кийимларингиз торая бошлайди. Кенг ва қулай кийим кийишга эҳтиёж сезасиз.
Бундан ташқари, ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасидаги аломатлар сифатида:
тери ёрилишлари;
қорин шишиши;
қорин дам бўлиши;
кўкракдаги ўзгаришлар каби ҳолатлар кузатилаётган бўлиши мумкин.
Бу мақола билан танишдингизми: Ҳомиладорликда камқонлик (анемия)
Ҳомиладорликда терининг таранглашиши ва ёриилиши
Ҳомиладорлик даврида ёриқлар тез-тез ва турли жойларда пайдо бўлади. Кўпроқ қоринда, кўкрак, биқинда ва бодирларда учрайди. Бунга йўл қўймаслик учун барқарор равишда вазн олиш мантиқий усулдир. Чунки вазннинг тўсатдан ва ортиқча ошиши ёриқлар янада сезиларли бўлишига олиб келади.
Агар сиз ҳомиладорлик даврида ушбу ёриқларни даволаш учун гидрокортизон каби стероид кремлардан фойдалансангиз, бу кремлар қорин бўшлиғидан ўтиб ҳомилагача етиб келиши мумкин. Ушбу турдаги кремларни қўллашдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Ҳомиладорлик даврида таранглашиш ва ёрилиш аломатларининг олдини олиш учун сиз эртароқ ҳаракат қилишингиз керак. Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасидан бошлаб, қуйидаги тавсияларга амал қилиб, ёрилиш муаммосининг олдини олишингиз мумкин.
Кўп миқдорда сув ичинг.
Антиоксидантларга бой бўлган мувозанатланган озиқ-овқатларни истеъмол қилинг.
Етарли миқдордаги протеин ва оз миқдордаги ёғ истеъмоли билан терининг эластиклигини сақланг.
Қуёшдан узоқроқ туринг.
Жисмоний машқлар бажаринг.
Вазнни оҳиста ва барқарор равишда оширишга эътибор беринг.
Шифокор тавсияси билан терининг эластиклик сифатини яхшилайдиган кремлардан фойдаланинг.
Агар тиш оғриса бу сизга тегишли: Ҳомиладорликда тиш даволатиш
Ҳомиладорликда қорин шишиши ва дам бўлиши
Сиз ўзингизни шишган, гўё портлашга тайёр газ билан тўлгандек ҳис қиляпсиз, тўғрими? Чунки ичак фаолиятининг бузилиши ҳомиладорлик даврида сиз мунтазам дуч келадиган шикоятлардандир. Ҳомиладорлик пайтида ич қотиши ва дам бўлиши муаммолари қорин шишишдаги энг кенг тарқалган сабаблардандир!
Ҳомиладорлик пайтида танада айланадиган прогестерон даражаси йўғон ичакдаги текис мушакларнинг бўшашишига ва ичакларнинг дангаса бўлиб қолишига олиб келади. Еган овқатларингиз ҳазм қилиш тизимида узоқ вақт қолишига олиб келади. Бу шиш ва дам бўлишни келтириб чиқарадиган ич қотишининг сабабидир. Ушбу муаммоларнинг барчаси бир-бири билан ўзаро боғлиқ.
Мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун бир неча кичик маслаҳатлар:
Ичак фаолиятининг тартиблилигига эътибор беринг.
Камроқ овқатланинг, тўйгунча еманг, овқатланишни 6 хил вақтга тақсимланг.
Секин овқатланинг, шошилганда ҳаво ичингизга кетиб қолади .
Хотиржам бўлинг, зўриқиш ва стресс ҳам қорнингизни газга тўлдириши мумкин.
Қоринни дам қиладиган овқатлардан сақланинг: қовурмалар, пиёз, карам, ловия, газли ичимликлар кабилардан .
Лимонли илиқ сув ичинг.
Тўғри нафас олинг!
Ҳомиладорликда кўкракдаги ўзгаришлар
Ҳомиладорлик даврида кўкрак жуда кўп ўзгаришларга учрайди. Ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталаридаги умумий аломатлардан бири кўкракдаги ўта сезувчанлик ва оғриқдир. 8-ҳафтадан кейин кўкрак янада катталашиши мумкин. Кўкрак ичидаги безлар ва каналлар ўсиб катталашиб бўртиқлар юзага келиши мумкин. Кўкрак ўзгариши билан тери остидаги томирлар ҳам кўринадиган даражага келишини кузатишингиз мумкин.
Ҳомиладорликдан олдин кўкрак тўқималарининг ўртача оғирлиги 200 граммни ташкил қилади. Ҳомиладорлик даврида кўкракнинг вазни ва ҳажми ошади. Ҳомиладорликнинг охирига келиб, ҳар бир кўкрак 400-800 грамм оғирликда бўлади. Эмизиш даврида эса ҳар бир кўкракнинг оғирлиги 800 грамм ёки ундан ҳам юқори бўлади.
Биринчи триместрда вазн ортиши: 13 ҳафталик ҳомиладор аёл қанча вазн олиши керак?
Биринчи триместрда ҳомила ҳали анча кичик. Шундай қилиб, иккита кишини боқиш деган тушунчага эҳтиёж йўқ. Шифокор билан маслаҳатлашиб биринчи триместрда 2 килограмм вазн олиш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин, аммо кўпчилик аёллар бу триместрда кўнгил айниш каби ҳолатлар туфайли вазн олмайдилар.
Айримлар кўпроқ вазн олишади, чунки кўнгил айниш учун фойдали бўлган озиқ-овқатлар крахмалли ва юқори калорияли бўлади.
Бошида озгина қийналганлар учун кейинги 6 ойни ўтказиш оғир кечмайди. Чунки биринчи уч ойлик палладан кейин овқатлар яна ёқимли ва хушбўй сезила бошлайди. Бошидан вазн олганлар учун 2- ва 3-триместрларда овқатланишда назорат билан кетиш уларнинг умумий вазн ортишини меъёрда тутишларига имкон беради.
Ҳомиладорлик даврида қанча вазн олишингиз кераклиги ҳомиладорликдан олдинги тана вазни кўрсаткичига (ТВК ёки BMI – body mass indeks) ёки вазнингизга боғлиқ.
Хўш, тана вазни индекси қандай ҳисобланади? Ўз вазнингизни килограммдаги миқдорини бўйингизнинг метрдаги миқдорининг квадратига бўлиш орқали ТВК ни ҳисоблаб чиқаришингиз мумкин. Масалан, вазн 55 килограмм ва 1,60 метр бўй. Сиз 55/1.60х1.60 математик амални ҳисоблашингиз керак. Ана шу чиққан миқдор нечалигига қараб шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда ўзингизга мос бўлган даражани белгилашингиз мумкин.
Ўртача вазн: ТВК=18.5-26 бўлса: 11-16 кг
Ортиқча вазн: ТВК=26-29 бўлса : 7-11 кг
Озғин: ТВК=18,5 дан кам: 13-18 кг
Ҳомиладорликнинг 13-ҳафтасида қандай овқатланиш керак?
Келинг, энг кўп сўраладиган саволингизга жавоб беришдан бошлайлик: 13 ҳафталик ҳомиладор аёлни қандай овқатлантириш керак? Мутлақо кофеинсиз!
Кофеинни камайтиринг ёки уни кунлик овқатланиш рўйхатидан бутунлай чиқариб ташланг. Аксарият мутахассислар кунига икки кичик финжонда қаҳва истеъмол қилиш мумкин деган фикрда муштараклар. Бу миқдор кунига тахминан 100-150 мг кофеинга тўғри келади. Агар сиз шу билан қаноатлансангиз яхши, агар бутунлай воз кечсангиз бу сиз учун янада фойдалироқ дегани.
Юқори миқдордаги кофеинни ҳомиланинг туғилишдаги вазни оз ва боши одатдагидан кичикроқ бўлиши билан боғлайдилар. Кофеин плацентадан ўтиб, ҳомилага етиб боради. Бу эса сизнинг ва ҳомилангизнинг калций меъёрига таъсир қилиши мумкин. Кофе истеъмоли янги туғилган чақалоқда нафас олиш муаммолари эҳтимолини оширади. Бундан ташқари, у она сути билан аралашиб эмизикли болада уйқусизлик ва безовталикни келтириб чиқаради.
Кичикларда катталарга қараганда кофеин секинроқ бирикади ва сўрилади.
Кофеин сиз ўйлагандек фақат қаҳвада бўлмайди. Бошқача қилиб айтганда, сиз ҳомиладорлик даврида қаҳва истеъмолини камайтириш орқали кофеин миқдорини бутунлай тўхтата олмайсиз.
Қуйидаги рўйхатда турли маҳсулотлардаги кофеин миқдори кўрсатилган:
Кофе, 150 граммида - 60 мг дан 140 мг ёки ундан кўп
Чой, 150 граммида - 30 мг дан 65 мг гача
Шоколад, 30 граммида - 25 мг
Алкоголсиз ичимликлар, 360 граммида – 35 мг дан 55 мг гача
Оғриқни қолдирадиган таблеткалар, стандарт дозада - 40 мг
Аллергия ва гриппга қарши дорилар, стандарт дозада - 25 мг кофеин бўлади.
Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорликда нималар таъқиқланади?
13 ҳафталик ҳомиладорлик даврида сиз билан кўп ташвишли кўринган мавзулар, мисол учун, ёриқлар, қорин шиши ва дам бўлиши, кўкрак оғриғи кабилар ҳақида суҳбатлашдик. Аслида ҳар бир ташвишли кўриган нарса ҳар доим ҳам ёмон бўлавермайди. Яна бир бор эслатиб ўтамизки, дастлабки давр нисбатан қийин ўтиши табиий ҳолат, чунки танангиз янги муҳим вазифани адо этишга мослашяпти. Шунинг учун ҳар ҳолатни хуш қабул қилишни ўрганинг!
Ўзингизга фойдали машғулотлар топинг. Пилатес машқлари ҳам сизга жисмонан ва рухан тетиклик бағишлаши мумкин. Ундан ташқари тоза ҳавода, айниқса имкон қадар табиат қўйнида ва яшилликда (агар мавсуми тўғри келса албатта) ёқимли қуш овозларини тинглаб сайр қилиш ҳам ҳар томонлама фойдалидир.
Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.
ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ
Каналга уланинг:👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ