11-ҲАФТА

11-ҲАФТА

@ginekologim
11-ҳафталик

10-ҳафта 12 ҳафта

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасининг бошланиши билан кичкинтойингиз 9 ҳафтадан бери саёҳатини давом эттирмоқда дегани. Яъни сиз 1-триместрнинг сўнгги ойида эканингизни англатади.

 

Бачадондаги 11 ҳафталик ҳомиланинг ривожланиши қай босқичда, 11-ҳафтада нималарга дуч келишингиз билан қизиқяпсизми? Келинг, ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида нималар содир бўлишини кўриб чиқайлик.

 

11-ҳафтада ҳомила ривожланиши

Келинг, ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида бола ривожланишнинг қай босқичига келгани ҳақидаги савол билан бошлайлик. Тафсилотларни қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин.

 

11 хафталик ҳомиланинг бўйи − 4,4-6 см
11 ҳафталик ҳомиланинг вазни  − 8 г

"11 ҳафталик ҳомиланинг бўйи неча см?" деган саволга жавоб олдингиз. Энди аъзоларига назар солайлик. Барча аъзолар ўз ўринда бўлганлиги сабабли, ҳомила суратли ўсмоқда. 11- ва 20-ҳафталар орасида вазни 30 мартага, бўйи эса 3 баравар ўсади. Плацентадаги қон томирлари бундай суратдаги ўсишга етиб олиш ва озуқа моддаларини болага ўтказиш учун миқдор жиҳатидан ортади ва катталашади.

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида ҳомиланинг ривожланишида қулоқлар бошнинг юқорисига ва ёнига қараб силжийди. Бош ўсиб бориб тик ва умуртқага суянадиган бўла бошлагач, жағ кўкракдан ажралади. Бўйин ривожланади ва чўзилади.

"11 ҳафталик ҳомила неча ойлик?" деган саволга “сиз энди 3 ойлик ҳомиладорсиз” деб айта оламиз.

 

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида жинсини билиш мумкинми?

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида ҳомиланинг ташқи жинсий аъзолари ўзига хос хусусиятларни намоён қила бошлайди ва тез ривожланади. Аввал тўқима куртаклари кўринишидаги жинсий аъзолар жинсий олат ёки клитор ва қин ташқи лаблари кўринишида пайдо бўла бошлайди. Аммо сабрли бўлинг! Репродуктив аъзолар 11-ҳафтада жинсни аниқлаш учун етарлича ривожланмаган бўлади. Кичкинтойнинг ўғил ёки қиз бўлиб ривожланиши қарийб 3 ҳафта ичида якунланади.

Бироқ сиз ҳали ҳам ушбу саволнинг жавобига қизиқаётган бўлсангиз, келинг, сизга баъзи ишоратларни берайлик. Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида иккинчи триместрга яқинлашганда, сизнинг иштаҳангиз аста-секин очилишни бошлайди. Агар сиз худди ўсмир мактаб ўқувчиси каби музлатгич ёнидан узоқлашолмай қолган  бўлсангиз, эҳтимол қорингиздаги шунга мос равишда ўғил бўлиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўғил кутаётган ҳомиладор оналар, қиз кутаётганларга қараганда кўпроқ вазн олишар экан. Мана сизга кичик ишора!


11-ҳафталик УТТ тасвири


11 ҳафталик ҳомиладорлик ултьратовуш тасвири шунга ўхшаш бўлади. Аммо сизнинг УТТ тасвирингиз айнан шундай бўлмаса, ташвишланманг, ҳомиланинг жойлашувига кўра турли хил тасвирларни кўриш мумкин.

Ушбу савол қизиқтирса жавобини ҳаволага босиб кўришингиз мумкин: Ҳомиладорман, УТТ қилганда чап томонда сувли киста бор дейишди. Кистани зиёни йўқми ҳомиладорликка?

 

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида онадаги ўзгаришлар

Ушбу даврда болада катта ўзгаришлар юз беради, онадаги ўзгаришлар эса аста-секин ривожланади. Ҳеч ким сизнинг ҳомиладорлигингизни осонликча сезолмайди, чунки 12-ҳафтагача ҳомила тос суягига сиғадиган ўлчамда бўлади. Бошқача қилиб айтганда, 11 ҳафталик ҳомиладорлик ташқи кўринишдан ҳали ҳам билинмайди.

Бундай ҳолда, "11 ҳафталик ҳомиланинг ҳаракатларини сезиш мумкинми?" деб сўрашингиз мумкин. Жадал ривожланишга қарамай, 11 ҳафталик ҳомиладор аёл ҳали ҳам боланинг ҳаракатланаётганини сезмайди. Агар сиз 11 ҳафталик ҳомиланинг қоринда ҳаракат қилаётганини сезсангиз, ё қорнингизда газ бўлиши сабабли ёки ҳомиладорлик муддати сиз тахмин қилгандан каттароқ бўлиши сабаблидир.

 

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида қандай аломатлар кузатилади?

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида кўнгил айнишининг сабаби гормон ишлаб чиқарилишининг мунтазам равишда ортиши ҳисобланади. Чунки гормонлар ишлаб чиқарилиши бу ойда ҳам ортишда давом этади. Гормонлар ишлаб чиқарилишининг ортиши кўнгил айниш ва қайт қилишдан ташқари қуйидагилар ҳам кузатилиши мумкин:

Кўкракларда ачишиш;

Бош оғриғи;

Бош айланиши;

Пешоб қилишнинг кўпайиши;

Уйқусизлик;

Худди жонли кинодек тушлар кўриш.

Ҳомиладорлик пайтида кўнгил айнишни енгиллатиш учун қуйидаги мақолани ўқинг: “Токсикоз” хавфлими ёки фойдали?

 

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида қорин ва чов оғриқлари

Қориннинг пастки қисмида тўсатдан санчиқ берган оғриқлар, спазм ва тортишишларни ҳис қилиш давом этиши мумкин. Бачадонни дастакловчи бириктирувчи тўқималар ҳомилага мос равишда ўсиши учун чўзилиб таранглашади. Ушбу оғриқнинг сабаби бачадонни қорин олд деворига боғлайдиган думалоқ шаклдаги бириктирувчи тўқимадир.

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида кузатиладиган қорин ва чов оғриғи шикоятларининг сабаби ҳам шу. Аммо оғриқлар борган сари кучайса ва тезлашса албатта шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак.

 

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида бош оғриғи

Бош оғриғи ҳам ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасидаги шикоятлардан. Қоннинг кўпайиши ҳомиладорлик даврида давом этади, аммо бу ойнинг охирида секинлашади. Бу ўзгаришни тўлдириш учун юрагингиз кўпроқ ва тезроқ ишлай бошлайди. Қон айланиш тизимидаги бундай ўзгаришлар бош айланиши ва бош оғриғи каби ёқимсиз аломатлар кўринишида акс этади.

 

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида ўтказилган таҳлиллар

1-триместр скрининги - ҳомиладорликнинг илк даврида ҳомилангиз соғлиғи ҳақида маълумот берадиган текширувдир. Одатда ҳомиладорликнинг 11-ва 14-ҳафталари орасида амалга оширилади.

Қон таҳлили

Ҳомиладорликка хос бўлган 2 та модда миқдорини ўлчайди. Ҳомиладорлик билан боғлиқ плазма оқсиллари A (PAPP-A) ва одам хорионик гонадотропин гормони, яъни бета-ХГЧ - (BETA-HCG) қийматларини аниқлайди.

Тафсилотли УТТ (ультратовуш текшируви)

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида УТТ ўтказишдан мақсад ҳомиланинг ривожланишини тўлиқ кузатишдир. Агар мабодо мавжуд бўлса, бир қатор аномалияларни ҳам аниқлаш мумкин. Ушбу текширув энса соҳаси қалинлигини аниқлаш учун амалга оширилади. Бошқача қилиб айтганда, у ҳомила энса соҳасининг тўқимасидаги ўтказувчанлик юзасини ўлчайди. Ҳомиладаги энса соҳаси қалинлиги бу ультратовуш текширувида ҳомиланинг бўйин орқа қисмида тўқ бўлиб кўринадиган қисмни ифодалаш учун ишлатиладиган атама.

Кўпгина тадқиқотлар Даун синдроми ва Трисомия 18 каби хромосома аномалиялари билан энса соҳаси қалинлигининг ошиши ўртасида яқин боғлиқлик мавжудлигини исботлади. Бундан ташқари, ҳомиланинг баъзи юрак, буйрак ва ўпка касалликларида ҳам энса соҳаси қалинлиги ортиши аниқланган.


Иккиламчи таҳлил

Мазкур таҳлил Даун синдроми (21-Трисомия) ва Трисомия 18 скринингидир. У кенг тарқалган хромосома аномалиялари қаторида Трисомия 21 (Даун синдроми) ва Трисомия 18  мавжудлигини аниқлаш учун ишлатилади.

Даун синдроми (21- трисомия) - бу ақлий заифлик ва бошқа тиббий муаммоларни келтириб чиқарадиган ирсий касалликдир. Аксарият ҳолларда одатда ҳомилада 21 хромосоманинг иккита нусхаси бўлади. Ушбу синдром ҳолатида бўлса уч нусхада кузатлади.

Трисомия 18 - бу уч нусха  18 хромосома мавжудлиги сабабли вужудга келган аномалия. Трисомия 18 кўпинча кучли деформацияга ва ақлий заифликка олиб келади.

Иккиламчи скрининг таҳлили қачон амалга оширилади?

Иккиламчи таҳлил ҳомиланинг боши ва думғазаси орасидаги узунлик 45 дан 84 мм гача бўлган даврда амалга оширилиши мумкин. Бу асосан 11-14-ҳафталар оралиғига тўғри келади. Энг муҳими, УТТ ўтказилган куни қон топширилиб унинг таркибидаги эркин бета-ХГЧ ва PAPP-A протеин миқдори биргаликда солишитириб текширилади.

Ушбу қон таҳлилининг иккала параметри ва энса соҳаси қалинлиги она ёшини ҳам эътиборга олган ҳолда компьютер дастури ёрдамида ҳисоблаб чиқилади ва натижа аниқланади. Ушбу натижа салбий (хавфи кам) ёки ижобий (хавфи юқори) деб баҳоланади. Аммо иккиламчи таҳлил ҳеч қачон ҳомила 100% соғлом ёки касал деб хулоса беролмайди. Агар натижаси хавфи юқори бўлиб чиқса, аниқ ташхис қўйиш учун қўшимча ташхис текширувлари талаб қилинади.

Бизда фойдали мақола бор: Ҳомиладорлар овқатланишида 7 та муҳим қоида

 Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойи (1-триместр) кейинги уч ойга (2-триместер) қараганда анча ташвишлироқ эканини қабул қиламиз. Танангизда ҳомиладорликка кўникиш даври давом этмоқда ва сиз бу муддатнинг деярли охирига яқинлашиб қолдингиз. Шунинг учун жисмоний ҳаракатлардан тортиб то овқатланишгача ўзингиз ҳақингизда ғамхўрлик қилишни тавсия этамиз ва кейинги босқичга ўтишда сизга қулайлик таъминлайдиган нарсаларга эътибор беришингизни сўраймиз.

 Ушбу материал Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ


Report Page