ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛЯПТИ. 3-ҚИСМ. ТЕРАКТЛАР, ИММИГРАЦИЯ ВА ИСЛОМОФОБИЯ

ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛЯПТИ. 3-ҚИСМ. ТЕРАКТЛАР, ИММИГРАЦИЯ ВА ИСЛОМОФОБИЯ

Дониёр Рўзметов

Францияда тарих ўқитувчисининг ўлимидан сўнг бутун дунё тарафларга бўлиниб кетди. Кимлардир ҳиссиётларга берилиб, кўз-қулоқ ва мияларини ёпиб олиб, неадекват баёнотлар риторикасига кириб кетган бўлсалар, яна кимлардир уларга қарши тараф бўлиб, ўз нуқтаи назарларининг ҳимоясига киришиб кетдилар. Бу орада воқеалар ривожини холисона ёритишга ва илмий томондан тушунтиришга ҳаракат қилган зиёлилар ҳам тарафларнинг тошбўронлари остида қолиб кетган ҳолатлари бўлди.

Мен ҳиссиётлар устун пайтда тарафларга барибир гап уқтириш имконсизлигини билганлигим сабабли, "ким ҳақ, ким ноҳақ" деган мавзулардан ташқарида бўлган айрим масалалар, жумладан Франциядаги навбатдаги терактлар, уларнинг оқибатида юз бераётган иммиграция масаласидаги баҳслар ва Францияда исломофобиянинг ўсиб бориши ростми ёки йўқми деган мавзуларда сўз юртитмоқчиман.

 

ФРАНЦИЯДАГИ "ИСЛОМ НОМИДАН" АМАЛГА ОШИРИЛГАН ТЕРАКТЛАРНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИ

Францияда юз берган терактларнинг тарихига қаралса, яқин йилларгача у ерда "ислом дини номидан" терактлар оширилмаган ёки режалаштирилган кам сонли терактларнинг олди олинганлиги аён бўлади. Францияда юз берган терактлар асосан баск мустақиллик ҳаракатлари, миллатчи нацист кучлар, Корсика миллатчи ва мустақиллик курашчилари ва ҳоказолар томонидан амалга оширилган.

Шу сабабдан, илгари француз жамияти ва ислом дунёси ўртасида қаттиқ тўқнашувлар ва ўзаро нафрат анъаналари шаклланмаган бўлган. Дунёнинг мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи ва исломий давлатларида АҚШ давлати байроқлари ва америка президентларининг суратлари ёқилиш ҳолатлари одатий ҳолга айланган, аммо бундай амаллар Францияга нисбатан юз бериши мунтазам кузатилмаган.

Ислом динининг номидан амалга оширилган энг вахший терактларнинг биринчиси 2012 йилда юз беради ва шундан кейин Францияда юз берган терактларнинг аксарияти асосан "Ислом дини" номидан фойдаланадиган "Ал Қоида", "Ислом давлати" ва бошқа террористик ташкилотларнинг аъзолари томонидан амалга оширилади.

2012 йилдаги терактда Ал Қоида аъзоси бўлган Муҳаммад Мера қурлланган ҳолда еврейлар мактабига кириб, у ерда бир неча ўқувчилар, ўқитувчилар ва ҳарбийларни отиб ўлдиради. Терактдан кейинги уни отиб ўлдирилгунга қадар ўтган бир неча ҳарбийлар ва фуқароларни ўлдиради.

2013-2014 йилларда бир неча бор полициячиларга, ҳарбийларга пичоқ билан ҳужум қилиш ҳолатлари кузатилади.

2015 йил Франция учун "исламист терактлар йили" бўлган десак муболаға бўлмайди. "Шарли Эбдо" Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини чоп этгани ортидан 7-9 январь кунлари навбатдаги терактлар юз беради. 7 январь куни Ал Қоиданинг аъзолари бўлган ака-ука Куашилар "Шарли Эбдо"нинг таҳририятига ҳужум қилиб, бир неча кишини ўлдирадилар. 8 январь куни ака-укалар "Супер кашер" номли еврейлар супермаркетини гаровга олиб, кўплаб еврейларни ўлдирадилар. Уларнинг ўзлари 9 январь куни отиб ўлдирилади.

3 февраль куни Ницца шаҳрида Кулибали исмли террорист ҳарбийларга пичоқ билан ҳужум қилади ва Суриядаги "Ислом давлати"га қўшилиш учун Туркияга учиб кетади. Аммо Франциянинг талабига биноан Туркия уни ушлаб Францияга депортация қилади.

Йил давомида бир неча "якка ташаббусли" терактлардан кейин 21 августда келиб чиқиши Марокашлик бўлган террорист "Ислом давлати" номида Талис тез юрар поездида теракт қилишга уринади. Аммо поездда бўлган АҚШ ҳарбий кучлари аскарлари уни зарарсизлантиришга эришадилар.

13 ноябрь куни Париж ва унинг атрофларида юз берган отишмалар ва гаровга олишларда 130 киши қурбон бўлади ва 400 дан ортиқ киши яраланади. Терактларни "Ислом давлати" ўз зиммасига олади. 18 ноябрь куни террористларни ушлаш пайтида 3 террорист ўлдирилади.

2016 йилда юз берган бир неча терактларнинг энг каттаси Ницца шаҳрида 14 июль - Франция миллий байрами тантаналари пайтида юз беради. "Ислом давлати"дан буйруқ олган террорист тантаналарга йиғилган оломонни юк машинаси билан бостиради ва 86 киши қурбон бўлади. 450 нафардан ортиқ киши жароҳат олади.

Шу йили бошқа бир террорист черковга ҳужум қилиб роҳибни сўяди ва бир неча кишини гаровга олади. Бошқа бир гуруҳ эса Парижнинг рамзларидан бири бўлган Натр Дам де Парини газ балонлари билан портлатишга ҳаракат қилади. Ибодатхона ёнига қўйиб кетилган газ балонлари топилиб, терактнинг олди олинади.

2017-2019 йилда Парижнинг "Елисей даласи" авеньюсида, Лувр музейи ва Нотр Дам де Пари ибодатхонаси ва бошқа шаҳарларда бир неча терактлар юз беради.

2020 йилда ҳам январь ва апрель ойларида бир неча терактлар юз беради. Сентябрь ойида Францияда 2015 йилдаги "Шарли Эбдо" таҳририятига қарши амалга оширилган терактлар юзасидан суд бошланади. Суд бошланишидан олдин "Шарли Эбдо" террористлар бизни қўрқита олмайди ва оғзимизни ёпа олмайди деган мазмунда Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини қайта чоп этади.

 

СЎНГГИ ВОҚЕАЛАР РИВОЖИ

"Шарли Эбдо" карикатураларни чоп этгач, мусулмон давлатларда унга нисбатан норозиликлар билдирила бошлайди. "Ал Қоида", "Ислом давлати" ва бошқа террорист ташкилотлар ўз аъзоларини "Шарли Эбдо"дан қасос олишга чақиради.

Уларга жавобан Франция ОАВларида ва жамиятда "сўз эркинлиги" мавзуси яна ўртага чиқади. Франциянинг тарихи ва ўзига хос бўлган сабабларга кўра деярли муқаддас бўлган қадрият - сўз эркинлиги бошқалар муқаддас деб биладиган қадрият билан яна тўқнашади. Таҳдид ва қўрқитиш тили билан айтилган норозиликлар французларнинг ғурурига тегиб, "сўз эркинлигининг ҳимояси" мавзуси биринчи планга чиқади.

Франция таълим тизимида "сўз эрлинлиги" мавзусида дарслар ташкил қилинади. Шундай дарсларнинг бирида Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини кўрсатган тарих-география фани ўқитувчиси Смауел Пати чечен миллатига мансуб террорист томондан қатл этилади. Бу билан Франциядаги ДУНЁВИЙ ЖАМИЯТИНИНГ бира тўла иккита "муқаддас" қадриятига ҳужум қилинади : бу таълим даргоҳи (умуман таълим соҳаси) ва сўз эркинлиги!

Шундан кейин президент Макрон ўз жамиятининг "қадриятларининг ҳимоячиси" сифатида "Франция ҳеч қачон карикатураларни чоп этишдан воз кечмаслиги"ни айтиб баёнот беради.

Ҳиссиётларга берилаётганларнинг кўпчилигининг мияларида воқеалар ривожи айнан мана шу саҳнадан бошланади. Ваҳоланки, Франциядаги исламистлар муаммоси, сўз эркинлиги ва карикатуралар мавзуси анчадан бери, Макрондан анча олдин ва Макрондан мустақил равишда юз бериб келаётган катта муаммолардан бири ҳисобланади.

Макрон бу ўринда аралашмаслиги ёки гапларини бошқача қилиб айтиши мумкин эди деган гаплар айтилмоқда. Тўғри. Ҳар ким ўзича қайсидир вариантни тўғри деб билиши табиий. Аммо мен ёки бошқалардан ҳеч биримиз Макроннинг ўрнида эмасмиз ва агар унинг ўрнида биз ўзимиз билгандай йўл тутганимизда ҳам бизнинг танловимизга қўшилмайдиганлар кўп бўлган бўлар эди.

Ўқитувчининг ўлдирилишидан кейин "ислом дунёси"да чалкашликлар юзага келди. Макроннинг исламизм ва исламистларга қарши нутқи манфаатдот кучлар томонидан "Исломга ва мусулмонларга қарши" деб оммага тақдим этилди. Ваҳоланки, унинг нутқи юқорида юз берган саноқсиз « исламист » терактлар ва уларнинг жавобгарларига қарши қаратилган эди. Энг ачинарлиси, Ал Қоида, "Ислом давлати" ва уларга ҳаммаслак кучларга қарши чораларни айнан шу террорист мафкурадагилар мусулмонларга "Бу сизларга қарши" деб етказишга эришдилар. Ваҳоланки, ислом дини ва мусулмонларнинг номини булғаб "исломий терактлар" қилаётган ва мусулмонларни ёмон кўрсатаётганлар уларнинг ўзлари бўладилар.

Бу орада Франция-Туркия ўртасидаги геосиёсий манфаатлар ҳам ўртага чиқди. Ливия, Ўрта ер денгизи ва бошқа масалаларда манфаатлари тўқнаш келаётганлиги сабабли, Туркия президенти вазиятдан фойдаланиб, ўзини "дунё мусулмонларининг раҳнамоси" қилиб кўрсатиш ва бу орқали геосиёсий масалаларда Франциянинг позициясини дискредитация қилиш ва заифлаштириш учун "оловга янада кўпроқ ёғ сепди".

Воқеалар ривожи чигаллашиб кетганлиги сабабли уларни таҳлил қилиш энг кучли мутахассислар учун ҳам мураккаб ишга айлангач, ҳиссиётларга берилаётган оломон уларни холис англай олмаслиги табиий ҳолдир. Шу сабабли, ҳар ким ўз қарашларидан келиб чиқиб ўз нафрати ва норозиликларини ўзи тўғри деб билган томон ёки шахсга нисбатан йўналтирмоқда.

 

ЯНГИ ТЕРАКТЛАР

2020 йилнинг 29 октябрь куни Францияда навбатдаги теркатлар юз берди. Ницца шаҳрида бир террорист черковга кириб пичоқ билан уч кишини ўлдирган ва улардан бири - кекса аёлнинг бошини кесган. Шу куни, Лион шаҳрида афғон миллатига мансуб йигит пичоқ билан теракт қилмоқчи бўлганида қўлга олинган. Саудия арабистонининг Жидда шаҳридаги Франция консуллигида саудия фуқароси қўриқчига пичоқ билан ҳужум қилган.

Авинъон шаҳрида теракт қилмоқчи бўлганида ўлдирилган киши ҳақида дастлаб исламист деб айтилган версия инкор этилиб, унинг миллатчи гуруҳларга даҳлдор эканлиги айтилди.

Францияда юз бераётган терактларнинг кетма-кет юз бераётганлигига гувоҳ бўлганлар "Нималар бўлмоқда?" деб ҳақли савол бермоқдалар. Қандай қилиб бу терактлар кетма-кетликда ва бир вақтда турли жойларда юз бермоқда ? Уларнинг олдини олишнинг иложи йўқми ?

Муаммо шундаки, Францияда юз берган воқеалардан сўнг ҳозирда катта терактларни ташкиллаштиришга имкони бўлмаган терроритик ташкилотлар ўзларининг дунёдаги, хусусан Франциядаги тарафдорларига « якка ҳолда » ташаббуслар қилишга чақирганлар. Улардан Ал Қоида ташкилоти айнан "Шарли Эбдо" газетаси ва президент Макронга қарши терактларни амалга оширишга буйруқ берган.

Шу сабабдан, эндиликда терактлар илгариги терактлардан шаклан ва моҳиятан фарқланиши кузатилмоқда. Илгариги терактларда чет эллардаги "раҳнамолар" тайёр сценарийларни бериб, бунинг учун "ижрочилар"га молиявий ва логистик кўмаклар берган бўлсалар, ҳозирги терактларда деярли тайёргарлик йўқ ҳисоби.

Ижтимоий тармоқлар орқали бир муаммо кўпиртирилади, ҳиссиётлар жунбушга келтирилади ва "фатво" берилади. Шу пайтда ёш, ғўр, миясидаги фикрларини тўлиқ шаклланиб улгурмаган радикал фикрларнинг қурбони бўлган бир киши қўлига пичоқни олиб, кўчага чиқиб терактни амалга оширади. Бунинг хавфли томони шундаки, терактни амалга оширган одаминг терактни амалга оширишини бир кун олдин нафақат унинг атрофидагилар, ҳатто террористнинг ўзи ҳам билмаслиги мумкин. Шу сабабдан, бундай терактларнинг олдини олиш қийин ҳисобланади.

Францияда Ал Қоида ва бошқа террористик ташкилотларнинг, ҳам ижтимоий тармоқлардаги "диний авторитетлар"нинг гиж-гижлашлари оқибатида қўлига пичоқ олиб кўчага чиққан ёш йигитларни француз махсус хизматлари билмаганлар ва терактларнинг олдини ололмаганлар.

Ҳозирда Франция ўз ҳудудидаги терроризмга қарши ҳарбий кучларнинг сонини 3000 нафардан 7000 нафарга оширишга қарор қилди. Бу орқали, кўчаларда ёмон ниятли, қўлида пичоқ олиб чиққан ҳар бир "якка ташаббускор"ни тезда йўқ қилиш имконияти оширилади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларнинг назорати кучайтирилиши ҳам навбатдаги чоралардан бири сифатида кўрилмоқда.

 

ИММИГРАЦИЯ МУАММОСИ

Бундан 10 йиллар олдин, ҳатто 2012-2015 йиллардаги вахшиёна терактлардан кейин ҳам Францияда мигрантлар масаласига тегиш деярли имконсиз иш эди. Бу мавзу асосан миллатчи ва эктрем ўнг партияси бўлмиш Ле Пенлар оиласининг "нон топар" мавзуси эди. Фақатгина сайловлар олдидан бошқа партиялар сайловчиларни жалб этиш учун бу мавзуга мурожаат қилар эдилар.

Аммо сўнгги пайтлардаги терактлар ва уларнинг муаллифларининг "профиллари" иммиграция мавзусини катта саҳнага олиб чиқа бошлади.

Дастлабки терактларда жазоирлик, марокашлик, малилик ёки тунислик кишилар теракт амалга оширган бўлсалар ҳам уларнинг айримлари Франция фуқаролари бўлганлар.

Аммо сўнгги терактларнинг барчалари покистонлик, чеченистонлик, афғонистонлик, тунислик мигрантлар томонидан амалга оширилган. Улардан айримлари ўз юртига юборилиши керак бўлса ҳам раҳм қилиб ҳужжат берган ва кечаги Ниццадаги Тунислик Ўрта ер денгизида кема билан чўкиб кетиши мумкин бўлган жойда қутқариб қолинган.

Қарабсизки, французлар буни "Туз еган жойнинг тузлиғига тупуриш" деб очиқ айтишни бошламоқда ва олдин журъат этмаган сиёсий кучлар мигрантларга қарши фикрларни айтмоқдалар. Илгаридан мигрантларнинг ҳимоячиси бўлиб келган сўл партиялар ҳам эндиликда уларнинг ҳимоясига тушиш у ёқда турсин, ўзларини ҳимоя қилиш билан овора бўлиб қолмоқдалар.

Чунки мигрантлар масаласида ҳам икки муҳим масала тўқнаш келмоқда : бу инсон ҳуқуқлари қадрияти ва миллик хавфсизлик масаласи. Бу мавзудаги баҳсларнинг кучайиши миллатчи партияларнинг тегирмонига сув қуймоқда ва бу келажакда Франция учун катта синов бўлиши мумкин.

 

ФРАНЦИЯДА ИСЛОМОФОБИЯ

Францияда Исломофобия борми ? Исломофобия дунёдаги барча давлатларда бор. Қаердадир кўпроқ, қаердадир камроқ. "Фобия" сўзи кўпчилик ўйлаганидай "ёмон кўриш"ни эмас, "қўрқиш"ни билдиради. Исломофобия дегани бу "Исломдан қўрқиш" деганидир.

Шундан келиб чиқиб, Франциядаги исломофобияни у ердаги ислом дини ва ислом динининг номидан амалга оширилаётган амалларга мутаносиб деб аташ мумкин. Яъни ислом дини ва унинг номидан қилинаётган қўрқитувчи амаллар, хусусан терактлар йўқ ёки кам пайтида Францияда исломофобия даражаси кам бўлган. Юқоридаги юз берган саноқсиз терактларнинг оқибатида сўнгги 10 йил ичида ислом дини ва мусулмонлардан қўрқиш мутаносиб равишда ўсган.

Масалан, 2005 йилда французлардан "Францияда дунёвийлик таҳдид остидами?" деб сўралганида 58% одам "ҳа" деб жавоб берган бўлса, ҳозир 78% одам "ҳа" деб жавоб берган. 2016 йилда 56% французлар "Ислом дини француз жамиятига тўғри келади" деб жавоб берган бўлса, ҳозирда 61% француз "ислом дини француз жамиятига тўғри келмайди" деб жавоб берган.

Бундан кўринадики, Франциядаги исломофобиянинг ривожланишига ислом динининг номидан терактларни амалга оширувчилар сабабчидирлар. Шунга мос равишда, айтиш мумкинки, ислом дини ва мусулмонларнинг номидан фойдаланганларнинг асосий жабрдийдалари французларлар эмас, балки Франциядаги мусулмонлар бўладилар.

2012 йилдан бери юз берган барча терактлардан кейин ҳукуматлар ва "республикачи" сиёсатчилар (миллатчилар бундан истисно) халққа бир гапни такрорлайдилар :

- Юз берган воқеаларнинг исломга ва исламистларнинг мусулмонларга даҳли йўқ. Ал Қоида, "Ислом давлати" ва бошқа террористик ташкилотларнинг мақсади Франция жамиятини бўлиб ташлаш, французларга мусулмонларни ёмон кўрдириб, ўртада француз-мусулмон тўқнашувларини келтириб чиқаришдир. Шу сабабдан, ислом динининг номидан фойдаланиб терактларни амалга ошираётганларнинг тузоғига тушмасдан мусулмон ва мусулмон бўлмаган барча французлар биргаликда исламистларга қарши туришлари керак.

Сўнгги терактлардан кейин ҳам Франция муфтияти ва мусулмонлари бир овоздан террористларни қораладилар ва уларнинг ислом дини ва мусулмонларга даҳли йўқлиги айтиб баёнотлар бердилар.

Франциядаги исломофобияни осонроқ ва тезроқ тушуниш учун уни контектга қўйиб ўз танасида ҳис қилиб кўриш жуда фойдали бўлади. Францияда 9% аҳоли мусулмон бўлса, Ўзбекистонда 9% аҳоли христиан динидадир.

Тасаввур қилинг, 2012 йилдан бери Ўзбекистонда христиан дини номидан Францияда ислом дини номидан қилингандай сонда ва вахшийликда терактлар амалга оширилганида ўзбеклар қандай йўл тутган бўлар эдилар ? Агар бир рус ёки украин масжидга кириб христиан дини номидан имомни сўйса, мусулмонлар қараб турган бўлармиди ? Ўзбекистонда христианофобиянинг даражаси қандай бўлган бўларди ?

Жавоб бериш шарт эмас. Ҳар ким ўзи ҳис қилса ва вазиятни тушунса етарли. Айнан мана шундай ҳолатда Франция давлати ва франсуз жамияти воқеаларни анча муваффақият билан бошидан кечирмоқда. Агар французларнинг ўрнида бошқа бирон давлат бўлганида аллақачон фуқаролар уруши ю берган ёки мусулмонларни ўз юртига ҳайдашлар бошланиб кетган бўлар эди.

 

ХУЛОСА

Сўнгги 20-30 йилда Францияда мусулмонларнинг сони кескин ортиб, ислом дини иккинчи энг катта динга айланди. Франция давлатининг бошқа давлатлар, хусусан англо-саксон давлатларидан фарқи шундаки, французлар ва динлар ўртасидаги муносабатлар ўзига хос характерга эга. Католикларга қарши бир неча асрлар давомида кураш олиб борган французлар 1905 йилдаги қонун билан динларни давлатдан ажратишга муваффақ бўладилар. 19 асрнинг охири ва 20 асрнинг бошларидаги Франция ва католиклар ўртасидаги "қадриятлар тўқнашуви" ва ҳозирдаги Франция ва ислом дини ўртасидаги қадриятлар тўқнашувида кўп ўхшашликлар бор.

Франция 1905 йилда католиклар ва бошқа кичик динлар билан муроса топган бўлса, 21 асрнинг бошида қисқа вақт ичида катта динга айланган ислом дини баъзан 1905 йилдан олдинги католикларнинг позицияларини эгаллаган ҳолатлари ҳам бўлмоқда.

Албатта бу таъкид Франциядаги барча мусулмонлар ва бутун ислом динига таалуқли эмас, чунки Франциядаги аксарият мусулмонлар француз жамиятининг дунёвий шаклига мослашиб улгурганлар.

Франциядаги исломофобияга сабаб эса асосан ислом динининг номидан сиёсий амбицияларни илгари сураётганлар ва сўнгги йиллардаги терактларни амалга ошираётганлар сабабчидир. Чунки бир, икки, уч терактдан кейин "Буларнинг ислом динига даҳли йўқ" деб ўтиб кетиш мумкин. Аммо 50-60-100-теракт юз бергандан кейин "Энди мусулмонларнинг орасидан чиққан қайси бири теракт қилар экан?" деб қўрқиш табиийдир.

Дастлабки терактлар келиб чиқиши бошқа миллатдан бўлган Франция фуқаролари томонидан амалга оширилган бўлса, эндиликда терактлар мигрантлар томонидан амалга оширила бошлагани Францияда "иммиграция" мавзусини катта саҳнага олиб чиқди.

Ёшларни радикаллаштириб, уларни терактлар қилишга бошлаганлар бу иши асосан ижтимоий тармоқлар орқали қилаётганлиги сабабли ижтимоий тармоқларнинг назорати ҳам кун тартибига чиқмоқда.

Энг ачинарлиси, мазкур воқеа ва ҳодисаларнинг асосий жабрдийдалар Франция мусулмонлари бўладилар. Чунки уларнинг ростдан ҳам терактларга алоқалари йўқ, шунга қарамасдан мусулмон бўлганликлари учун улардан шубҳаланиш табиий ҳолга айланиб бормоқда.


ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛМОҚДА ? 1-ҚИСМ. ИСЛОМ ВА "ИСЛАМИЗМ" !

ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛМОҚДА ? 2-ҚИСМ. ЎҚИТУВЧИНИНГ ЎЛИМИ, ЭРКИНЛИКЛАР ВА ЯНГИ ХАВФ !

 

"Uch zamon"ни барча ижтимоий тармоқларда кузатиб бориш учун

👇👇👇

Телеграм | Инстаграм | Твиттер

Report Page