ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛМОҚДА ? 1-ҚИСМ. ИСЛОМ ВА "ИСЛАМИЗМ" !

ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛМОҚДА ? 1-ҚИСМ. ИСЛОМ ВА "ИСЛАМИЗМ" !

Дониёр Рўзметов

Мен кўпчиликнинг талаб ва илтимосларини ҳисобга олган ҳолда Франциядаги воқеалар, ислом дини ва мусулмонлар билан боғлиқ гап-сўзлар, ўқитувчининг ўлдирилиши ва ҳоказо ҳолатлар юзасидан имкон қадар холис таҳлил қилишга қарор қилдим.

Айтиб қўйишим керак, мазкур мавзуда тўғри ва нотўғри, оқ ва қора, яхши ва ёмон каби таснифлардан анча мураккаб. Шу сабабдан, уни контекстларга ажратиб, соддалаштириб ифодалашга ҳаракат қиламан.


ФРАНЦИЯДА ДУНЁВИЙЛИК ВА ИСЛОМ

1905 йилдаги "Черковлар ва давлат ўртасидаги ажралиш" тўғрисидаги қонунга кўра Францияда дин ва сиёсат ажратилган. Қонуннинг номида "Черков" сўзи борлигига сабаб минг йиллар давомида Европада давлат христиан черковининг исканжасида ва ёки таъсирида бўлиб келган. 1789 йилдаги Француз инқилоби ва 1905 йилгача ўтган муддатда ҳам давлат диннинг таъсиридан буткул қутула олмаган. 1905 йилда давлатни черковдан ажратиб олиш осон кечмаган. Ва ниҳоят қонун қабул қилинганда у туфайли эришилган "Тинчлик сулҳи" замонавий дунёвий давлатчиликнинг тамал тошини қўйган ва бу модел дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам қўлланилади. Бу моделга кўра давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади, улар бир-бирининг ишларига аралашмайдилар ва барчага виждон эркинлиги таъминланади.

Бу аралашмаслик шартларига кўра, дин (БАРЧА ДИНЛАР) сиёсат билан шуғулланмайди ва давлат буни назорат қилади. Агар қайси дин бу шартни бузса, унга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилади. Агар дин фақат эътиқод ишлари билан шуғулланса, давлат ҳам унинг ишларига аралашмайди ва унга эътиқод қилувчиларга шароит ва эркинликлар яратиб беради.

Ҳозирга келиб, Франция Европадаги энг кўп мусулмон аҳолига эга бўлган давлат ҳисобланади. Таҳминий ҳисоб-китобларга кўра, Францияда ўртача 6 миллионга яқин мусулмонлар истиқомат қилади. Бу Франция аҳолисининг 9% га яқинини ташкил қилади. (Таҳминан, 4 миллион ўзини мусулмон деб билувчилар ва яна 4 миллион мусулмон оилада туғилганлар. Ўртачаси 6 миллион). Маълумот учун, Германияда таҳминан 5 миллион, Англияда 4 миллион, Италияда 3 миллион мусулмонлар яшайди.

Францияда Ислом дини 2-энг катта дин ҳисобланади. Давлатда 2500 та масжидлар ва 1800 нафар имомлар расман фаолият юритади. Франция мусулмонлари асосан суннийлар бўлиб, мусулмон аҳолининг аксарияти шимолий африкадан келган (Жазоир, Тунис ва Марокаш) "Моликия" мазҳабидаги ва Туркиядан келган "Ҳанафий" мазҳабидаги мусулмонлар ҳисобланадилар.

Табиийки, Франция давлатининг ислом дини ва мусулмонларга муносабати 1905 йил қонунига асосланади. Шу қонунга биноан давлат мусулмонларга бошқа дин вакиллари билан бир хил мажбурият ва эркинликлар беради.


ЭММАНУЭЛ МАКРОН МУСУЛМОНЛАРГА ТИНЧЛИК БЕРМАСЛИККА ВАЪДА БЕРДИМИ ?

Яқинда бир нашр "Францияда очиқчасига таҳдид бошланди : Макрон мусулмонларга тинчлик бермасликка сўз берди" номли мақола чоп этди. Уни реклама қилмаслик учун нашрнинг номини айтмайман. Нашр провакация қилишни кўзлаганми, ўқувчиларнинг эътиборига тушмоқчи бўлганми, билмайман. У нимани кўзлаган бўлишидан қатъий назар, бундай мақолалар ёзиш масъулиятсизлик ҳисобланади. Чунки мақолада ёзилган гаплар ғирт ёлғон бўлиб, уларга юртимиздаги минглаб мутаасиб инсонлар ишониб, турли хил гапларни ёздилар.

Минимум ақли, фаросати ва билими бор инсон 9% аҳолиси мусулмон бўлган давлат президенти ўзи хоҳлаганда ҳам бундай демаслигини тушунади.

Эммануэл Макрон сал аввалроқ "Сепаратизм" мавзусида нутқ сўзлаб, унда асосан "Исламизм"га қарши чораларни тақдим этган эди. Ўшанда ҳам на нутқни тингламаган, на унда айтилган гапларнинг мағзини чақмаган инсонлар "Францияда исломофобия", "Макроннинг мусулмонларга қарши ҳаракатлари" ҳақида бонг урган эдилар. Аслида, гап нима ҳақда ўзи ? Макрон Исломга ёки мусулмонларга қарши гапирган бўлса, нега сепаратизм, исламизм сўзлари билан гапиряпти ва бу нутқдан Франция мусулмонлари Ўзбекистондаги айримларчалик жазавага тушмаяптилар ?

Аввало, президент ишлатаётган "исламизм" ва "ислом", "исламист" ва "мусулмон" сўзларининг фарқини тушуниб олиш керак. "-ИЗМ" қўшимчаси одатда мафкураларга, асосан сиёсий мафкураларга нисбатан ишлатилади. "Исламизм" деганда президент айнан СИЁСИЙ ИСЛОМ, яъни ислом динини сиёсийлаштириш ҳаракатидаги инсонлар ҳақида гапирди.

Президент юмшоқ қилиб "сиёсий ислом" ёки "исламизм" деганда барчамиз биладиган ва айтадиган фанатиклар, жиҳодчилар, диний зомбилар ва ҳоказоларни назарда тутмоқда ва уларга ислом динининг ва мусулмонларнинг даҳли йўқ. Тўғрироғи ислом дини ва мусулмонларнинг уларга даҳли шундаки, улар ислом динини ўзларига баҳона қилиб олганлар ва зийрак бўлмаган мусулмонлар уларни ўзлари билан бир хил эмасликларини билмай қолиши мумкин. Ҳақиқий мусулмонларнинг ўзлари буни билмагач, мусулмон бўлмаганлар буни умуман билмасликлари, оқибатда мусулмонларнинг барчаси шундай экан деб ўйлашлари турган гап. Шу сабабдан, исламизм ва сиёсий исломнинг биринчи ва энг катта қурбонлари мусулмонлар ҳисобланадилар.

Юқорида айтганимдай, 1905 йилдаги қонунга кўра, дин сиёсат ва билан шуғулланмайди ва давлатнинг ишларига аралашмайди. Францияда асосан "моликия ва "ҳанафий" мазҳабидаги тинчликсевар мусулмонлар истиқомат қиладилар ва улар мусулмон сифатида дунёдаги "исломий" ёки бошқа бирон мусулмон давлатдаги мусулмондан кўпроқ ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлсалар борки, асло кам эмас. Шу сабабдан, уларда ислом динини сиёсийлаштириш, давлатни эгаллаш каби мақсад ва режалари йўқ.

Гап сўнгги йилларда Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Туркия каби давлатларнинг молиявий ва тўғридан-тўғри амалий таъсири оқибатида Францияда пайдо бўлган ваҳобий, салафий оқимлар ва уларнинг сиёсий амбициялари ҳақида эди. Уларнинг таъсири шунчаликка борганки, Франциянинг деярли барча вилоят ёки туманида уларнинг таъсирига тушган инсонлар пайдо бўлган. Ҳатто айрим квартал ва шаҳарларда уларнинг қонунлари амал қилишга, ҳокимлар улар билан ҳисоблашишигача борган.


Бунга қандай етиб келинган ?

1. 1905 йилдаги қонун доирасида мусулмонларга шароитлар ва эркинликлар яратиш мақсадида Франция Жазоир, Тунис, Марокаш, Туркия давлатлари билан диний масалаларда шартномалар тузиб, уларга енгилликлар яратиб берган. Масалан, Францияда имомлар етарли бўлмаганлиги учун мусулмонларнинг диний байрамларида Франциядаги масжидларда жамоат намозларини ўқиб беришлари учун мазкур давлатлардан имомлар жалб этилган. Бу имомлар йил давомида турли хил тадбир ва маросимлар ҳамда дан ва араб тилини ўргатиш учун жалб қилинган.

Аммо узоқ йиллар давомида Франция давлати ҳаражатлари ҳисобига келиб кетиб юрган имомларнинг айримлари одамларни радикаллаштирувчи, Франция давлатини ёмон кўрсатувчи нутқлар сўзлаб келганлар.

2. Сиёсий, дипломатик, молиявий ва бошқа манфаатлари сабабли Франция Саудия Арабистони, Қатар, БАА каби давлатларга Франциядаги мусулмонлар билан яқин алоқалар ўрнатиш учун шароитлар яратиб берган. Уларнинг масжидлар, диний муассасалар, диний китобларни чоп этиш, инсонларга динни ўқитиш ҳаражатларини ўз зиммаларига олаётганлари Францияга ҳам ёқиб кетган дейиш мумкин.

Аммо бу давлатлар молиялаштирган қурилишлар, мактаблар ва бошқа лойиҳалар асосан ваҳобизм, салафизм ва бошқа радикал оқимларнинг мафкураларининг тарғиботига хизмат қилган натижада Франция мусулмонлари орасидан радикаллар етишиб чиқа бошлаган. Етишиб чиққан радикаллар Франция масжидлари имомларини ва умуман Франциядаги тинч исломни тан олмасдан ўзлари имомлар тайинлаб, ўзлари шаърий қонунлар жорий қила бошлаганлар.

Маълумот учун, Суриядаги жангарилар орасида қанча ўзбеклар бўлса, французларнинг сони ҳам ўшанча бўлган. Ваҳоланки, Ўзбекистонда аҳолининг 90%га яқини, Францияда 9%га яқини мусулмонлар ҳисобланади.

3. Францияда « Уюшмалар ташкил қилиш тўғрисида » 1901 йилдаги қонун бор. Унга кўра, пул топишни ва ёмон мақсадларни кўзламаган барча инсонлар уюшмалар очишлари, фаолият юритишлари, бу уюшмаларга Франциядан ва чет эллардан ёрдам пуллари олишлари мумкин. Ҳатто Франция давлатининг ўзи ҳам уларга субсидиялар беради.

Юқорида айтилган диний-сиёсий ҳаракатлар шундай "беғараз" уюшмалар орқали ташкил қилиниб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланилган. Шундай бўлганки, Франциядаги мусулмонларни авраб, уларга уюшма очтириб олишгач, бироз вақтдан сўнг уюшмага радикал мусулмонларни киритб, уларнинг ёрдамида франциялик мусулмон уюшмадан ҳайдаб юбориб, ўрнини чет эллик салафий йўлбошчилар эгаллаб олганлар.

4. "Францияни мусулмонлаштириш" доирасида радикаллашган эркаклар "Кўпхотинлилик" мавзуларини тарғиб қилиб, радикаллаштирилган қизлар ва аёллардан бир нечаларини шаърий никоҳларига олиб, бола туғдиришга ҳаракатлар бошланган.

Туғилган болалар болалигидан диний руҳда тарбиялаш учун кварталларда яширин мактаблар, мадрасалар, Қуръон ўқитиш хоналари ташкил қилинган. Болаларни, қизларни давлат мактабларига юбормаслик учун айрим мусулмон шифокорлар билан ҳамкорлик қилиниб, уларни касал деб справкалар олиниб, болалар яширин мактабларда ўқитилиши йўлга қўйилган.

Шундай вазият юзага келганки, Франциянинг ичида "Франция бўлмаган" ва давлатнинг қонунлари амал қилмайдиган ҳудудлар юзага келган. Дин 1905 йилдаги қонунга бўл сунмасдан сиёсат билан шуғулланган ва давлатнинг ҳудудлари ва ваколатларини эгаллашга киришган.

Шулардан келиб чиқиб, Франция президенти ўз нутқида ислом дини эмас "Сепаратизм" ҳақида гапирган исламизм ва исламистларга қарши курашишини айтган.

Қарши кураш доирасида,

- келажакда Франциянинг ўзида имомлар тайёрланади ва 2024 йилдан бошлаб чет эллардан имомлар чақиртирилиши тўхтатилади

- яширин мактаблар топилса, уларнинг фаолиятига чек қўйилади

- болаларини мактабга бермай уйда олиб қолиб, диний таълим бераётганларга нисбатан чоралар кўрилади

- 1901 йил қонунига биноан диний мақсадларда очилган уюшмалар, уларнинг фаолиятлари ва молия манбааларининг назорати кучайтирилади.

- соҳта имомлар, тарғиботчилар ва бошқаларнинг фаолиятига чек қўйилади

- ва ҳоказо.

Менимча, бу чоралар биринчи навбатда мусулмонларни, қолаверда Франция давлатини мақсади бузуқлардан ҳимоя қилишга қаратилган.


Бу ишларнинг орқасида Макроннинг сиёсий мақсадлари йўқми ?

Менимча, бор. У бу ишларни фақат Францияни ўйлагани ва сиёсий ислом кучайгани учунгина қилмаётганлиги аниқ.

Чунки мазкур мақоладаги гаплар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Улар бир неча ўН йиллар давомида юзага келган. Агар Макрон уларга қарши курашмоқчи бўлса, бу ишни 2017 йилда президент бўлган ва пайтида ва сал кейинроқ бошлаши ҳам мумкин эди.

2022 йилда Францияда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Сиёсий ислом, иммиграция ва бошқа мавзулар французларга ёқадиган мавзулар бўлиб, сайловга яқин бу мавзуларнинг кўтарилиши олдинги президентлар даврида ҳам кузатилган.

Макрон бу мавзуни ўз манфаати учун кўтарган бўлса ҳам мақолада тасвирланган воқеаларнинг борлиги ҳақиқат. Шунинг учун, президент гапирган гапларини амалга оширадими ёки оширмайдими, бу муаммога жиддий эътибор қаратилиши ва имкон қадар тезроқ ҳал қилиниши керак. Бундан Франция давлати, ислом дини ва мусулмонлар ғалаба қозонадилар.


ХУЛОСА

Умуман олганда, Францияда ислом дини ва мусулмонларга алоҳида муносабат, эътибор, марҳамат ёки фобия бор деб ўйламайман. Тўғри, христианлар кўпчиликни ташкил қилувчи жамиятда мамлакатнинг 2-динига айланган исломга нисбатан инсонларда қизиқиш ва ҳадиклар борлиги рост. Бу кимлардадир фобия шаклида, бошқаларда эътиборнинг ортиши шаклида юз бериши табиий.

Аммо давлат миқёсида ислом дини Франциядаги мавжуд динларнинг бири холос, ва у 1905 йилдаги қонун асосида давлатдан ажратилган. Агар ислом дини сиёсат билан шуғулланмаса ва давлатнинг ишларига аралашмаса, унга шароит ва эркинликлар яратилади. Агар аксинча бўлса ва мақолада кўрсатиб берилгандай ҳолатлар юз берса, давлат уни тартибга солишга мажбур бўлади.


ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛМОҚДА ? 2-ҚИСМ. ЎҚИТУВЧИНИНГ ЎЛИМИ, ЭРКИНЛИКЛАР ВА ЯНГИ ХАВФ !

ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛЯПТИ. 3-ҚИСМ. ТЕРАКТЛАР, ИММИГРАЦИЯ ВА ИСЛОМОФОБИЯ


"Uch zamon"ни барча ижтимоий тармоқларда кузатиб бориш учун

👇👇👇

Телеграм | Инстаграм |Твиттер

Report Page