Қочоқ, Мигрант ва Турист. Трилогия. 3-қисм. Турист.
Дониёр Рўзметов"Ўзингни одамингданда қадрли инсон", "Ўзи учун завқланиб яшашга интиладиган одам", "Меҳмон", "Ўзбекистонга камида 1500$ ташаб кетадиган меҳмон", "Гўшт", "Cигир", "Доллар", "Чет эллик саёқ", "Ётволиб яланадиганлар", "Ўзини халқидан устун турадиган шахс", "Разведчик", "Ичимлик сувини маҳаллий аҳолига нисбатан уч маротаба кўп сарфлайдиган, маҳаллий бозорда озиқ-овқат нархи кўтарилишига сабаб бўладиган, туристик зоналарда ер майдони нархини оширадиган (гостиница, кафе ва бошқалар), маҳаллий урф-одатларга таъсир ўтказувчи, эпидемиологик касалликлар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин бўлган, экологияга энг кўп зарар келтирувчи шахс"...
Ижтимоий тармоқларда "Сизнингча "турист" ким ?" деб савол қўйгандим. Ушбу таърифларни мен берган саволларга берилган жавоблар орасидан танлаб олдим. Улар инсонларнинг "турист" ҳақидаги тасаввурларини тушунишга имкон беради.
Бу савол-жавоб орқали мен ҳеч нарсани кашф қилмаяпман. Чунки бу савол-жавоблар мендан олдин дунё олимларидан томонидан кўп бора ўтказилиб, натижалари таҳлил қилиниб, илмий мақолалар ва китоблар ёзилган. Мен ушбу мақолани ёзиш олдидан ҳолислик учун олимлар аллақачон кўрсатиб берган "тажриба"ни яна би бор такрорладим холос.
Бутун дунёда туризм жозибадор соҳага айланиб, "турист"лар деган "қатлам" яратилган бўлса ҳам инсонлар аслида "турист" кимлигини билмасликлари ва уларга ўз қарашларидан келиб чиқиб турли хил таърифларни беришлари кўп кузатилади. Бу худди 6 та кўрнинг филнинг турли жойларини ушлаб кўриб, унга берган таъриф бериши ҳақидаги ривоятга ўхшайди. Ривоятга кўра, филнинг қулоғини ушлаган кўр уни елпиғич, хартумини ушлаган кўр уни илон, думини ушлаган кўр уни арқон, оёғини ушлаган кўр уни дарахт, қорнини ушлаган кўр уни девор ва тишини ушлаган кўр уни найза деб ўйлайди.
Мен инсонларни кўр дейишдан йироқман. Инсон ўзи билмаган ва ўрганмаган нарсаси ҳақида ўз тасаввуридан келиб чиқиб фикр билдириши бор гап. "Турист"нинг маълум бир тугул таърифи йўқлиги ҳам бунга сабабчи бўлади. Қуйида бунга яна қайтамиз.
Юқоридаги турист ҳақидаги изоҳлардан худди "Эшакнинг меҳнати ҳалол, ўзи харом" дегандай хулоса чиқади. Туристнинг пули керак, шунинг учун уни имкон қадар кўпроқ жалб қилиш ва сигирдай соғиш керак, аммо унинг ўзи ўз фақат ўзининг ҳузурини ўйлайдиган, жосуслик ҳам қиладиган, борган жойидаги нархларни ошириб, шароитларни ёмонлаштириб, яратилган нарсаларни бузиб, йўққа чиқариб кетадиган "бой ва ўзига бино қўйган" салбий персонаждир. "Турист" бизнинг қавмимиз, миллатимиз ва туримиздан эмасдай гўё. Ижтимоий томондан, туристга нисбатан муносабатларимизда "биз-улар", "камбағал-бой", "хизмат қилувчи-дангаса", "бунёдкор-бузғунчи" ва "яхши-ёмон" дуализмлари мавжуд.
Мен юқорида туристларни "меҳмон"дай қабул қиладиган ўзбекларга савол бердим. Дунёда туризми ривожланиб кетиб, туристларнинг сони маҳаллий аҳолининг жонига тегиб кетган давлат ва шаҳарлардаги туристларга бериладиган таърифларни тасаввур қилаверинг. Ҳатто туристга берилган ижобий таърифларда ҳам кўпинча стереотиплардан фойдаланамиз.
Энди "турист" аслида кимлигига қайтамиз.
Этимологик жиҳатдан "турист" - бу "тур" (француз тилида "айлана" дегани) қилувчи, яъни бир жойга бориб айланиб келувчи шахсдир.
Туристнинг расмий таърифи борасида халқаро ташкилотлар якуний қарор ва келишувга келган эмаслар. Баъзан умумий қилиб, "Турист бу ўзининг одатий яшаш жойидан 24 соатдан ортиқ муддатга кетган инсондир" деб таъриф берадилар. Бу таърифга кўра, 1 суткадан ортиқ муддатга саёҳатга кетган, иш юзасидан командировкага кетган, қариндошлариникига тўйга кетган ва бошқа инсонларнинг барчалари "туристлар" ҳисобланадилар.
БМТнинг статистика комиссияси, Евростат ташкилоти ва Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилоти биргаликда "туризм" бўйича қуйидаги таърифни қўллашга келишиб олганлар :
"Туризм ўз ичига бир йилдан ошмаган муддат ичида ўзининг одатий яшаш жойидан ташқарида дам олиш учун, бизнес ёки борган ҳудудида пул топмайдиган бошқа сабабларга кўра саёҳатга ёки яшашга борган инсонларнинг фаолиятларини олади" (Шахсий эркин таржимам)
Халқаро туризм ташкилоти эса "Туризм ижтимоий, маданий ва иқтисодий феномендир" деб аниқлаштиради.
Бир қарашда, бу таърифлар "турист"нинг кимлигини тушунтириб бермайдигандай туюлади. Шу сабабдан ҳам дунёда "турист ким ?" деган саволга аниқ жавоб бера олмайдилар ёки юқорида кўрганимиздай, ўз қарашларидан келиб чиқиб стереотипларни бойитаверадилар.
Аслида бу таътифлар чуқур таҳлил қилинадиган бўлса, кўп нарсалар ойдинлашади. Мен уларга тўхталишдан олдин юқоридаги мавжуд таърифларни умумлаштириб, туристнинг хусусиятларини қисқача хулоса қилиб бериб ўтаман. Хуллас, турист :
- 24 соат ортиқ ва 1 йилдан кам вақт давомида ўз одатий турар жойидан бошқа жойда бўлган инсон
- ўз одатий турар жойидан бошқа жойга саёҳат, истиқомат, бизнес ёки бошқа сабабларга кўра борган инсон
- ўз одатий турар жойидан бошқа жойда бўлиб турган вақтида пул ишлаб топмаган инсондир!
Кўриб турганимиздек, бу ерда бой-камбағал, чет эллик-ватандош, ўзга сайёралик-Ер сайёрасидан деганга ўхшаган ажратувчи ва аниқлаштирувчи ортиқча таъриф йўқ.
ТУРИСТ АВВАЛАМБОР - ИНСОНДИР ! Тамом. Дунёдан ҳозирда ҳар йили 1,5 миллиард турист ўз одатий турар жойидан бошқа жойга боради. Булар МЕН, СИЗ, У, АНОВИ, ҚОЛГАНЛАР, хуллас, БАРЧАМИЗ бўламиз.
Олдинги мақолаларда айтганимиздай, қочоқ турар жойидаги муқаррар хавфдан қочиб жон сақлаш учун ва сиёсий сабабларга кўра бошқа давлат ҳудудига бориб қолган "чет эллик"дир. Мигрант эса иқтисодий, ижтимоий ва бошқа сабабларга кўра бошқа давлат ҳудудига ишлаш (пул топиш) ва истиқомат қилиш учун борган "чет эллик"дир. Шулардан қолганларнинг деярли барчаси туристлар десам муболаға бўлмайди. Қочоқ ва мигрантдан фарқли равишда турист ўз давлати ҳудудида, ҳатто қўшни шаҳар ёки қишлоқда ҳам турист бўлиши мумкин.
Бойми, камбағалми, ўзига бино қўйганми, камтарми, бошқами, барчамиз бир кунмас бир кун турист бўламиз. Шундай экан, бизлар бир қоп доллар, соғиладиган сигир, гўшт ёки бор йўғи меҳмон эмас, оддийгина инсонлар бўламиз.
Туризмни фақат иқтисодий соҳа, туристни фақат пул олиб келувчи деб ўйлаш бу туризмни умуман тушунмаслик белгиси ҳисонланади. Тўғри, туризмда иқтисодий муносабатлар юзага келади ва катта пул айланади. Аммо Халқаро туризм ташкилоти аниқлаштирганидай, туризм бу аввало ижтимоий, маданий ва ундан кейингина иқтисодий соҳа ҳисобланади. Бундан ташқари, география, тарих, архитектура, антропология, этнография, психология, экология, спорт соҳалари ва инсон ва унинг фаолиятига боғлиқ фан ва соҳалар борки, уларнинг барчаси турист ва туризмга даҳлдордир.
Туризмни фақат иқтисодий соҳа деб қарайдиганлар туризмни ташкил қилишда туристнинг инсон эканлигини ҳисобга олмайдилар ва уларнинг психологиясидан келиб чиқмайдилар. Натижада туризмдан қисқа муддатларда келадиган иқтисодий даромадлар узоқ муддатларда катта бош оғриққа айланади. Шунинг учун, туризмни йўлга қўйишда аввало туристнинг социологик ва маданий хусусиятларини яхши ўрганиб чиқиш керак бўлади.
Хўш, ўз турар жойидан чиққан турист инсоннинг ўз турар жойида қолган инсондан фарқи нимада ?
Инсоннинг "ЎЗ" турар жойи ўзиникидир. У ўз ҳудудидан чиқиб, ўзиники бўлмаган ҳудудга боргач, у ерда "ЎЗГА"га айланади. Инсон ўз ҳудудининг қонун-қоидаларини билади, чунки уларни ўзи яратади ва уларга амал қилади. Шунинг учун у ўз уйида ўзини ҳар томонлама хотиржам ва хавфсиз ҳис қилади. Агар у қонун-қоидаларини, урф-одатларини, баъзан тилини билмайдиган ҳудудга борадиган бўлса, у ерда 7 юлдузлик меҳмонхонада бир гуруҳ аскарлар ҳимоясида бўлса ҳам у ерда ўзини бегонадай, ҳимоясиз ҳис қилади. Бунинг нима эканлигини меҳмонда, ҳатто ўз ака, опа, укасининг уйида бўлса ҳам танасида бемалол бўла олмай, тезроқ уйига қайтишни кутган инсонлар яхши биладилар.
Туризм фуқаролик, виза, ҳудуддда бўлиш тартиб ва қоидалари мавжуд бўлганлиги учун халқаро ва маҳаллий туризм деб ажратилади. Агар давлатлар, чегаралар, виза ва бошқа муаммолар бўлмаганида халқаро ва маҳаллий туристнинг ўртасидаги фарқ фақат улар босиб ўтган масофанинг узунроқ ёки қисқароқлигида бўлган бўларди. Чунки иккаласиям турист.
Чет эллик турист барчага бой, қудратли, ўзига бино қўйган, ҳеч кимни менсимайдиган, фақат ҳузур ҳаловатини ўйлайдиган, текинтамоқ бўлиб кўринса ҳам аслида у "қабул қилувчи" томоннинг энг ожиз одамидан ҳам ожиз бўлиши мумкин. Чет эллик туристнинг қўрқувлари ўзи билмаган давлатга бориш ҳақида ҳаёлларни ўйлаганиданоқ бошланади. Қанақа давлат экан, уруш йўқмикан, одамлари яхшимикан, саёҳат қилиш хавфсизмикан, тилни гапира олмай адашиб қолмасмиканман ва ҳоказо саволлар уни чулғаб олади. Ниҳоят фалон пулга саёҳатни сотиб олгач, саёҳат бекор бўлиб кетмасмикан, тур агентнинг айтганлари ростмикан, алдаб жўнатиб юбормаяптимикан, пулга ухлатмадимикан деган саволлар уни психологик томондан янада заифлаштиради. Саёҳатга боргач эса туристни у борган ҳудуддаги энг паст савиядаги ва ижтимоий паст даражадаги одам ҳам хафа қилиши ёки унга ёмонлик қилиши мумкин. Чунки турист руҳан ожиз, "мезбон" эса ўз уйида хоҳлаган ишини қилади. Туристларни тўнаш, алдаб пулини олиш, арзон нарсани қимматга сотиш ва бошқа ишларни қилиш мумкин ва турист буни яхши билади.
Барча бой деб ўйлаган турист бир неча йиллик маошини йиғиб, пулини пулга етказиб, саёҳатга борган меҳнаткаш, камтар оддий инсон бўлиши мумкин.

Юқорида айтганимдай, турист мен, сиз ёки орамиздаги ҳар биримиз бўлиши мумкин. Шунинг учун туристга таъриф берганда биз "ўзга сайёралик"дай қилиб кўрадиган чет элликларга қараб эмас, ўзимизга қараб баҳо беришимиз керак. Чунки ўзимиз ҳам ўзга ҳудудга, ўзга давлатга борганда қўрқамиз, хавотир қиламиз, бизни "ухлатиб" юбормасликларини хоҳлаймиз ва бизга "ўзга сайёраликлар"дай эмас, оддий ИНСОНдай қарашларини хоҳлаймиз. Қачонки инсонлар "турист"ни афсоналаштирмасдан оддий одам эканлигини, тўғрироғи, турист бу уларнинг ўзлари эканлигини билсалар ва ҳис қилсалар, туристлар ҳақидаги тўғри ва нотўғри стереотипларга жой бўлмайди.
Трилогиянинг 1-қисми, "Қочоқ" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Qochoq-06-23
Трилогиянинг 2-қисми, "Мигрант" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Migrant-06-25
Трилогиянинг 3-қисми, "Турист" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Turist-06-26-3
"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола 👉 https://t.me/uchzamon