Қочоқ, Мигрант ва Турист. Трилогия. 1-қисм. Қочоқ.

Қочоқ, Мигрант ва Турист. Трилогия. 1-қисм. Қочоқ.

Дониёр Рўзметов

Биз баъзан туристларга ҳавас қиламиз. "Туристларга мазза" деймиз. "Мигрантлар" ҳақида гап кетса иккига бўлинамиз. Бирларимиз "Ажаб бўлибди, айб ўзларида, ўз юртида шукур қилиб юрмайдими?" десак, бошқаларимиз "Улар мажбурликдан кетган, уларга ҳам осон эмас" деймиз. "Қочоқлар"га келганда эса табиий равишда кўпчилгимизнинг раҳмимиз келади. Лекин бу учала тоифадаги инсонлар кимлар деб сўралса, буни нафақат тушунтириб бера олмаймиз, балки ўзимиз ҳам яхши тушунмаймиз.

Маълумот учун, 2017 йилдан бери ҳар йили дунёда 1.5 миллиарддан ортиқ турист саёҳат қилган, 2000 йилдан бери таҳминан 200 миллионга яқин мигрантлар ўз юртларини ташлаб бошқа юртларга кетган ва 2008 йилдан бери таҳминан 185 миллион киши қочоқликнинг аччиқ кунларини тотиб кўрган. Ҳайратланарли даражада катта сонлар, тўғрими ?

Мен мазкур мулоҳазаларим доирасида имконим ва билим савиям даражасида бу учала тоифадаги инсонларнинг кимлар эканликларини соддалаштириб тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Мазкур 1-қисм «қочоқлар»га бағишланади...


... Француз режиссёри Матьё Касовитз 1 дақиқа 38 сониялик видео тақдим этди. Видеода бахтли европалик оила тасвирланган (европаликларга таъсир қилиши учун атайлаб европалик оила тасвирланган). Ўрта ёшлардаги ота ва она, уларнинг 2-3 ёшлардаги қизи ва 6-7 ёшлар атрофидаги ўғли. Улар ҳазил-ҳузуллар билан дастурхон атрофига ўтираётганларида электр розеткасида қисқа туташув юз бериб, унинг ёнида турган ўйинчоқ айиқчага тегиб, ёнғин юз беради. Қўшни хонада чиққан ёнғин катталашиб, оила ёнгинни кўрган пайтларида уйнинг анча қисми ёнғин ичида қолиб бўлган бўлади. Шунга қарамасдан оила ўзларига тобора яқинлашиб келаётган ёнғиндан жон борича қочиб ташқарига чиқадиган эшикка томон югурадилар. Улар шошганча эшикни очсалар, эшикнинг ташқариси нимагадир қалин бетон девор билан ёпилиб қолган бўлади. Улар жон-жаҳдлари билан деворни уриб, одамларни ёрдамга чақирадилар. Лекин ҳеч ким уларга ёрдамга келмайди, бетон деворни олиб ташлаб, уларни ташқарига чиқармайди. Ва ниҳоят уларнинг устига олов бостириб келиб, ўлимдан қутулишнинг иложи қолмайди. Улар ўз ўлимларини бўйинларига оладиларда бир-бирларини қучганча ...(ёниб кетадилар). Табиийки, қавс ичида ёзганим видеода тасвирланмаган. Лекин видеодан бу нарса тушуниб олинади.

Қочоқларнинг вазиятлари мана шу бўлади. Инсонлар бахтли яшаб юрадилар ва бир куни кутилмаганда уларнинг бошларига қайғулар тушади ва ҳаётларига ўлим шарпаси раҳна солади. Бу худди видеодаги каби олов хавфи бўлиши мумкин, ёки урушлар, сув тошиши, вулқон отилиши, бўрон ва тўфонлар ва ҳоказолардан келадиган хавф бўлиши мумкин. Шундай пайтда бу инсонлар ўз уйларини (давлатларини) ташлаб чиқишга ва қўшни давлатларга боришга мажбур бўладилар. Ана шу пайтда давлатларнинг ораларидаги чегалар видеодаги бетон деворга ўхшаб инсонларнинг йўлларини тўсади. Шу лаҳзада Суриядан Туркияга, Европага ва бошқа давлатларга қочаётган сурияликларни кўз олдингизга келтирсангиз, гап нимадалигини тушуниб оласиз. Бир томондан уларни радикал жангарилар ўлдирмокдалар, бошқа томондан эса уларнинг устларидан бомбалар ташланмокда. Улар эса ўлмаслик учун бошқа давлатларга қочаман десалар, уларни қабул қилишни хоҳламайдилар. Жуда тушунарли бўлиши учун 2010 йилдаги Қирғизистондаги ўзбекларни ҳам эслашингиз мумкин. Шундай пайтларда, қайсидир давлатлар "бетон девор"ни очсалар, яна қайсиларидир Венгрияга ўхшаб, бетон деворнинг устига янги бетонлар қуриб оладилар.

Яъни инсонга "қочоқ" мақоми берилиши учун юқоридаги санаб ўтилган таъқиблар мавжуд бўлиши керак. Лекин, ҳозирга келиб, яна бир ҳолат юзага келганки, унинг ўзига ҳослиги расмийларни ва олимларни ўйлантирмоқда.

Олимлар "Иқлим қочоқлари" деган, яна кимлардир эса "Иқлим мигрантлари" ва бошқа ибораларни ишлатмоқдалар. Асосийси, дунёда иқлим ўзгаришлари сабабли келгуси йилларда ўз яшаб турган ҳудуларини ташлаб кетишлари мумкин. Ҳозирда ҳар йили тахминан 20 миллион киши экологик сабабларга кўра турар жойларини ўзгартираётган бўлсалар, бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 200 миллион кишидан ортиб кетиши мумкин дейилмоқда.

Қадимда иқлим ўзгаришлари, экологик ўзгаришлар табиий равишда юз бериб келган ва ўша пайтларда ҳам бу инсонларнинг ўз юртларини ташлаб кетишларига, баъзан бутун бошли давлатларнинг ва ҳатто цивилизацияларнинг (Шумерлар цивилизацияси) йўқолиб кетишига сабаб бўлганлиги кузатилган. Давлатларга ўзимиздан қадим Хоразм давлатинининг Африғийлар сулоласи даврини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Амударё ўз ўзанини ўзгартириб, сув бормай қолиши натижасида Африғий Хоразмшоҳларнинг давлати ҳудудларидаги (ҳозирда Туркманистон ва Қорақалпоғистон республикалари ҳудудларида) 100 лаб қалъалар ташландиқ ҳолга келиб қолган.

Ҳозирга келиб, саноат инқилобидан ҳозирга қадар завод ва фабрикаларнинг, транспорт воситаларининг (автомобил, самолёт ва ҳоказо) ва бошқаларнинг атмосферага чиқараётган карбон газларининг оқибатида дунёда нотабиий равишда иқлим ўзгаришлари юз бермокда. Энг ёмони ҳали атмосферага "иссиқлик газлари"ни чиқариш учун айтишга арзигулик қадамлар ташланмади ва шу сабабли келажакда иқлим ўзгаришлари кутилмаган ноқулайликларни содир этишда давом этаверишини таҳмин қилиш мумкин.

Масалан, бир тарафдан Гренландиядаги музларнинг эриши дунёда океанларнинг сатҳлари кўтарилишига, натижада инсонлар яшаётган ҳудудлар - ороллар, вилоятлар ва баъзан давлатлар (Бангладеш) сув остида қолиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин. Бошқа томондан эса Помир тоғларидаги муз қатламларининг меёридан ортиқ тезликда эриши натижасида тоғларда муз йўқолиши Ўрта Осиёда қурғочликка сабаб бўлиши мумкин.

Океанларда сув сатҳининг кўтарилиши дунёнинг камбағал ҳудудларида, жумладан жанубий Осиё ва Африка давлари ҳудудларида юз бериши инсонларнинг мажбурий равишда ўз ҳудудларини ташлаб кетишларига сабаб бўлиши мумкин.

Тўғри, сув сатҳи кўтарилиши натижасида ўз ҳудудларини ташлаб кетадиган инсонлар юқоридаги "қочоқлар" деган таърифга тўғри келмайдилар. Лекин табиат таъқиб қилаётган инсонларнинг ҳам қочишдан бошқа иложлари бўлмаслиги мумкин. Масалан таҳминан Тожикистонникидай катталикдаги (143 998 км²) Бангладешда ҳозирда сал кам 165 миллион аҳоли яшайди. Айтишларича, 2050, 2100 йилларга бориб, Бангладеш давлатининг ҳудудлари қисман (ва ҳатто бутунлай) сув остида қолиши мумкин экан. Бундай таҳдид дунёдаги минглаб оролларда ҳам бор. Энди тасаввур қилинг, инсонлар яшаётган ҳудудлар сув остида қолса ва мавжуд бўлмай қолса, у ерда истиқомад қиладиган инсонлар нима қилишлари керак ? "Тақдиримиз шунақа экан" деб сувга чўкиб кетишлари керакми ёки жон сақлаш учун бошқа ҳудудларга боришлари керакми ? Албатта жон сақлашлари керак.

Шундай пайтда, бугун Бангладеш давлатининг фуқаролари бўлган инсонлар Ҳиндистон, Хитой ёки борингки Ўзбекистоннинг ҳудудларигача қочиб келсалар уларнинг мақомлари қандай бўлиши керак ? Уларнинг давлатлари мавжуд эмас ва борадиган жойлари йўқ. Улар ҳинд, хитойлик, ўзбек ёки рус эмаслар ва бошқа давлатларнинг фуқаролари эмаслар. Давлатларнинг ўз муаммолари, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий режалари бор ва бангладешликлар бу режаларга киритлган эмаслар. Лекин нажот излаб келганларнинг ўлиб кетишларига қараб туриб ҳам бўлмайди.

Худди мана шундай ҳолат Африка қитъасининг бир нечта жойларида ҳам кузатилиши мумкин. Ўзи шундоғам ирқчиликдан, камбағалликдан, саводсизликдан, урушлардан азият чекадиган африкалик инсонлар энди ўз ҳудудларидан ҳам жудо бўлишлари мумкин. Улар Европага борсалар қабул қилинмайдилар, Африканинг бошқа давлатларига борсалар қулга айлантириладилар, Осиё эса узоқда.

Хуллас, "Иқлим қочқинлари" муаммоси бугун "утопия"га ўхшаб кўринсада, келгуси 50-100-200 йилларда глобал муаммога айланиши мукин. Дунёнинг бой давлатлари, жумладан Хитой, АКШ ва Европа давлатлари ўзларининг келажакларини мўлжаллаб геостратегик лойиҳаларни амалга оширмоқдалар. Айримлар яширинча 100 йиллардан кейин юз берадиган янги геосиёсий урушларга тайёргарлик кўрмокда. Айримлар бошқаларнинг ҳудудларига кўз тиккан ва қўлга киритишни режалаштирган ҳолатлар ҳам кузатилмокда.

Бу жараёнлар шунчалик кўринмас, шунга қарамасдан шунчалик шафқатсизки, "ақли бор давлатлар" фақат бугунчалик кун кўришнинг ғами билан ўралашиб қолмасдан келажак ҳақида ҳам ўйлашни бошлаганлар. Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатларида сув остида қолиш хавфи йўқ бўлишига қарамасдан, уларда бошқа экологик муаммолар мавжуд бўлиши мумкин. Лекин геосиёсий томондан, келажакда 5 та давлат бутун Европанинг ҳудудига тенг ҳудудларни эгаллаб олганлиги айрим давларнинг ҳасадларини келтириб чиқариб, уларнинг "иштаҳалари"ни очиб юбориши мумкин. Чунки Марказий Осиё давлатлари жўғрофий жиҳатдан сув босиш хавфи энг кам бўлган давлатлар қаторига кирадилар.

Мана шундан келиб чиқиб, мен ҳозирда минтақамизда юз бераётган "Дўстона муносабатлар"ни қўллаб-қувватлайман. Бизлар, Марказий Осиёнинг давлатлари ҳар биримиз фақат ўзимизни ўйламасдан, биргаликда умумий келажагимизни кўришни ва юз бериши мумкин бўлган воқеа ва ҳодисаларга тайёр бўлишимиз керак деб ўйлайман.

Хулоса ўрнида, "қочоқлар" мавзусига қайтадиган бўлсам, дунёда ҳеч қачон "қочоқлар" бўлмаслигини тилаган ҳолда, мобадо "қочоқлар" муаммоси билан юзма-юз келадиган бўлсак, барчамиз инсон номига муносиб бўлган ҳолда йўл тутишимиз ва "бетон девор" ортида хаёти хавф остида қолган инсонларнинг ўлиб кетишларига йўл қўймаслигимиз керак деб ўйлайман.


Трилогиянинг 1-қисми, "Қочоқ" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Qochoq-06-23

Трилогиянинг 2-қисми, "Мигрант" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Migrant-06-25

Трилогиянинг 3-қисми, "Турист" мақоласининг ҳаволаси : https://telegra.ph/Turist-06-26-3


"Уч замон" Телеграм каналига аъзо бўлиш ва бошқаларга тарқатиш учун ҳавола

👉 https://t.me/uchzamon

Report Page