ТУҒРУҚҚА ТАЙЁРГАРЛИК УЧУН КИЧИК ҚЎЛЛАНМА

ТУҒРУҚҚА ТАЙЁРГАРЛИК УЧУН КИЧИК ҚЎЛЛАНМА

@ginekologim

Кўпгина бўлғуси оналар сингари, сизда ҳам туғруқ олдидан қўрқув бўлиши мумкин. Ишонинг, бу қўрқувларнинг барчаси асоссиз, озгина далда ва дастак билан барчасини енгишингиз мумкин. Хавотирни енгиш учун сиз туғруққа тайёргарлик дарсларида қатнашишингиз ёки агар хоҳласангиз, доялардан ҳам маслаҳат олишингиз мумкин. Фақат шуми? Туғруққа тайёргарлик кўришга ёрдам берадиган 10 та ажойиб маслаҳатимиз бор, келинг, бошлаймиз!

 

1. Туғруққа тайёргарлик курсларида қатнашинг

  Ҳомиладорлик даврида шифокорингиз билан гаплашиб, саволлар бериш орқали туғруқ асносида нима содир бўлишини билиб олаётган бўлишингиз мумкин. Шунингдек, ҳомиладорлик ва туғруққа тайёргарлик ҳақидаги китоблардан турли хил маълумотларга эга бўлишингиз ҳам мумкин.

Агар ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнига ёрдам берадиган ва сиз билан ҳамдард бўлган ҳомиладор оналар билан ўзаро фикр алмашиш имкониятини берадиган муҳит керак бўлса, бу айнан туғруққа тайёргарлик курсларида қатнашишдир!

Келинг, туғруқга тайёргарлик курслари сизга қандай фойда келтириши ҳақида сўзлашайлик:

Ҳомиладорликни деряли бир хил муддатларда ўтказаётган бошқа оилалар билан бирга бўлиш ва уларнинг тажрибалари билан ўзаро ўртоқлашиш имконияти мавжуд.

Турмуш ўртоғингиз вазиятдан унчалик хабардор бўлмаслиги мумкин, чунки ҳомиладорлик билан боғлиқ нарсалар асосан сиз билан содир бўлади. Туғруққа тайёргарлик курслари эса бўлғуси она ва бўлғуси оталарни ҳам ўз ичига олади. Шундай экан, турмуш ўртоғингиз ҳам бу  жараёнда иштирок этади.

Шифокорингиздан бемалол сўрай олмайдиган саволларни ҳам бериш имкониятига эгасиз.

Туғруққа тайёргарлик курсларида мунозаралар, ўрнак мисоллар ва видеотасвирлар орқали маълумот олишингиз мумкин. Туғруқ аломатлари, боланинг бошини кўриш ва киндигини кесишгача бўлган жараён ҳақида ҳамма нарсани билиб олишингиз мумкин. Қанча кўп билимга эга бўлсангиз, куни келганда ўзингизни шунчалик бехавотир ҳис қиласиз.Табиий туғруққа қандай тайёргарлик кўриш керак? Кесарча кесиш туғруғида нималарни билиш керак? Эпидурал ва спинал (умуртқа орқали) оғриқсизлантириш қачон ва қандай қўлланилади каби кўплаб мавзулар ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўласиз.

Масалан, яна гипнотик, Ламаза ва Брэдли каби табиий туғруқ усуллари ҳақида билиб олишингиз мумкин. Ўрганганларингиз асосида, агар сизда туғруқ қўрқуви пайдо бўлса уни енга оласиз. Бундай маълумотлар ҳатто сиз танлаган туғруқ усули ҳақидаги фикрингизни ўзгартириши ҳам мумкин.

Туғруқ жараёнида қўлланиладиган тиббий аралашув усуллари, масалан, эпизиотомия ҳақида ҳам билиб олишингиз мумкин. Шундай қилиб, бу каби муаммолар сиз учун қўрқинчли бўлмайди.

Оғриқни назоратга олиш, нафас олиш ва бўшашиш каби муқобил ёндашувлар бўйича амалий машғулотлар ўтасиз. Тўлғоқ оғриғини енгишда сизга жуда асқотади.

Буларнинг бари орқали сиз завқли ва стрессиз туғруқ ўтказиш имконига эга бўлишингиз мумкин.

  Бу қизиқ, ўқидингизми: Туғруқ ҳақида билинган ва билинмаган фактлар

 

2. Туғруққа тайёргарлик сумкасини ҳозирланг

  Албатта, туғруққа тайёргарлик кўришнинг асосий шартларидан бири бу туғруқхонага олиб кетиладиган буюмлар сумкаси. Туғруқдан кейин керак бўладиган буюмларни ўз ичига олган сумкангиз бўлганда сиз ва чақалоғингиз туғруқхонада қоладиган вақтингизни бехавотир ўтказа оласиз.


Аввало, туғруққа тайёргарлик сумкаси қачон ҳозирланиши кераклигини аниқлайлик. Мутахассисларнинг таъкидлашича, туғруқ сумкасини тайёрлаш учун энг маъқул вақт ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасидан бошланади. Шунинг учун ҳомиладорликнинг 8-ойидан тайёргарликни бошлашингиз мумкин. Агар эгизак ҳомиладорлик ёки эрта туғруқ эҳтимоли мавжуд бўлса, тайёргарликни янада эртароқ бошлаш фойдали бўлади.

Туғруқ учун сумкани чақалоғингиз ва ўзингиз учун алоҳида тайёрлаган маъқулроқ. Туғруқхонада ўртача 3-5 кун қолишингизни ҳисобга олсак, рўйхатда бўлиши керак бўлган талайгина буюмлар мавжуд. Шунингдек, чақалоқлар учун мўлжалланган тайёр туғруқ тўпламларидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

  Буни ўқиманг бўлсангиз қаранг: Туғруқ кунини ҳисоблаш усуллари

 

3. Туғруққа тайёргарлик машқларини бажаринг

  Ҳомиладорлик даврида оғриқларни енгиш ва қулай туғруқ учун мурожаат қилишингиз мумкин бўлган энг самарали усуллардан бири ҳомиладорлик машқларидир. Бўшашиш, тўғри нафас олиш, тана ҳолатини назорат қилиш ва нафас олиш усуллари каби соҳаларда билим ва тажрибага эга бўлиш туғруқ учун ҳам жуда фойдали бўлади.


Ушбу машқлар ҳомиладорлик даврида учрайдиган оғриқларни енгиллаштиради ва туғруққа сизни руҳан тайёрлайди. Агар сиз табиий туғруқни кўзлаётган бўлсангиз, тос соҳаси мушакларини Кегель машқлари орқали мустаҳкамлашингиз ва ҳатто туғруқдан кейинги тикланиш жараёнини ҳам тезлаштиришингиз мумкин. Бундан ташқари ҳомиладорлик пилатес машқларидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Эсингизда бўлсин, бу даврда сизнинг энг катта ёрдамчингиз - ўзингиздир. Шунинг учун, турли соҳаларда ўз устингизда ишлашни  беэътибор қолдирманг.

 

4. Чақалоқнинг эҳтиёжларини ҳозирдан пухта қилинг

Кичкинтойингизнинг асосий эҳтиёжларини туғруқдан олдин ҳал қилиб қўйишингиз керак. Бу маълум харидларни талаб қиладиган майдароқ иш, хўп унда нимадан бошлаймиз?

Сизга таклифимиз - харидларингизни тоифаларга ажратинг. Болалар хонаси, кийим-кечаклар, буюмлар, парваришлаш маҳсулотлари ва ўйинчоқлар каби турли хил тоифага ажратиш ишни анча осонлаштиради. Ҳар бир тоифа учун алоҳида рўйхатлар тайёрлаш орқали харидларингизни вақтларга тақсимлаб амалга оширишингиз мумкин. Шундай қилиб, сиз туғруқдан олдинги тайёргарлик борасидаги катта юкдан қутуласиз.

 

5. Эмизиш услубларини ўрганинг

Туғруқдан олдин эмизиш усулларини билиб олишингиз фойдадан ҳоли эмас. Гўдакни эмизишни бошлашдан олдин бу ҳақида билимга эга бўлган яхшироқ. Бир томондан, тўғри эмизиш усулини топиш учун чақалоғингиз билан турли ҳолатларда тажриба қилиб кўришингиз керак бўлади. Бироқ, агар сиз асосий эмизиш ҳолатларини, чақалоқни эмизганда нима қилиш мумкин, нима қилиш мумкинмаслигини олдиндан билсангиз осонроқ бўлади.

Албатта эмизганда доим ўзингиз гўдак билан ҳоли бўлишингиз, “бисмиллаҳ” билан ўнг томондан бошлашингиз, имкон бўлса Қуръон тиловати ўқиб ёки эшитиб эмизиш, агар аёлликка ҳос узрингиз бўлмаса таҳоратли бўлиш каби маънавий жиҳатларига ҳам эътиборли бўлиш - болангизни келгусида сиз кутгандан ҳам яхши инсон бўлишига таъсир қилишини асло унутманг.

 

6. Ўзингизга маъқул туғруқхонани ва имкон бўлса шифокорни танлаб қўйинг

Албатта, сиз чақалоғингизни энг яхши шароитларда дунёга келишни хоҳлайсиз. Бунинг учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ва яхши мутахассис ходимлари бўлган, агар хусусий бўлса ҳамёнбоп нархларда хизмат кўрсатадиган туғруқхоналарни танлашингиз керак. Бажаришингиз керак бўлган нарса – бу ҳақида батафсил маълумот тўплаш ва сўраб-суриштиришдир. Агар тиббий суғурта имкони мавжуд бўлса уни ҳам суриштириб кўринг. Шу тариқа, сиз ҳомиладорлик давомида турли текширувлардан бепул ўтишингиз ва натижада туғруқ анча тежамкорроқ бўлиши мумкин.


 

7. Тажрибали оналар билан суҳбатлашинг, уларнинг тажрибалари билан ўртоқлашинг

Туғруққа тайёргарликда ўзингиз учун қилишингиз мумкин бўлган энг катта яхшилик - бу эзгу фикрли, ижобий муносабатли одамлар билан вақт ўтказишдир. Айниқса, муаммосиз ва енгил туғруқ ўтказган оналар билан суҳбатлашиш ва саволларингизга жавоб топиш ташвишларингизни камайтиришга ёрдам беради.

Мисол учун, кўплаб бўлғуси оналарда: "Туғруқ пайтида нима кийиш керак?" каби саволлар бўлиши мумкин. Одатда кесарча кесиш йўли билан туғадиганлар тиббий жарроҳлик халати кийишади, табиий туғруқ эса тунги кўйлакда ҳам амалга оширилиши мумкин. Туғруққа тайёргарлик кўришда бундай майда нарсаларни ҳам ўрганиб қўйиш ва бу масалаларда оналарнинг тажрибалари сиз учун фойдали бўлади.

 

8. Уйда гўдагингиз учун жой ёки хона тайёрланг

Агар чақалоғингиз туғилгандан кейин сизга ёрдам берадиган  оила аъзоларингиздан бирортаси бўлса, туғруқдан олдин хонани тайёрлашингиз сиз учун ҳам, ёрдамчингиз учун ҳам яхши бўлади. Шунда, туғруқдан кейин хонани тартибга солиш билан машғул бўлмайсиз.


Агар сиз бирор энага ёлламоқчи бўлсангиз, эртароқ суриштириб аниқлаштиришнингиз фойдали бўлиши мумкин. Чунки унинг бола парваришлаш  ҳақидаги фикрлари сизники билан қанчалик мос келишини билиш ва сизнинг қарашларингизга мувофиқлигидан ташқари, бир-бирингизга ишонч ҳосил қилишингиз ҳам муҳимдир.

 

9. Эшик қўнғироғининг овозини пасайтириб қўйинг

Энди туғруққа тайёргарликнинг уйдаги энг оддий, аммо бир даража муҳим жиҳатини айтиш вақти келди! Болангиз туғилгандан кейин узоқ муддатгача куннинг кўп қисмини ухлаб ўтказади. Келажакда уйқу соатлари камаяди ва уйғонгандан кейин уни яна ухлатиш учун қўшимча ҳаракат сарфлашингиз керак бўлади. Шунинг учун баланд овозли эшик қўнғироғини пасайтириб қўйишни тавсия қиламиз. Ҳар гал қўнғироқ чалинганда "Болам уйғониб қолмадимикан?" дея ташвишланишни албатта хоҳламайсиз, тўғрими?

 

10. Кўпроқ Қуръон тингланг.

Туғрқдан олдин ва ҳатто туғруқ асносида чиройли Қуръони-Карим тиловатларини эшитишингиз ҳам ўзингиз, ҳамда кичкинтойингиз учун ҳар томонлама фойдали бўлади. Бунинг ҳозир ҳеч қийин томони йўқ, телефон ва интернет ҳамма жойда бор.

Энг сара тиловатларни юклаб олинг ва мунтазам эшитиб юринг. Бу биздан кичик, аммо жуда муҳим тавсия! Ахир сиз болангизни келгусида сиздан даъвогар бўладиган эмас, балки шафоат қиладиган фарзанд бўлиб етишишни истайсиз, шундай эмасми?

 

Ушбу материал гинеколог ва репродуктолог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан www.anneysen.com сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

 

ҲОМИЛАДОРЛИК САҲИФАСИГА ҚАЙТИШ

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

Каналга уланинг: 👉🏻 @ginekologim 👈🏻

 


Report Page