СУРИШ КЕРАК(МИ?) !
Менга энг кўп бериладиган саволлардан бири "Чет элга қандай қилиб кетса бўлади?". Ижтимоий тармоқларда гоҳ-гоҳида #суришкерак деган хештег қўлланилиб туради. Бу хештегнинг мазмуни ҳам шу : Кетиш !
Менинг ўз тажрибаларимдан келиб чиққан ҳолда, "суриш" фикрига нисбатан ўз қарашларимни баён этаман ва хулосани ҳар кимнинг ўзига қолдираман.

СУРИШДАН ОЛДИНГИ САВОЛЛАР ?
Умуман олганда, "суриш" яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Бир сўз билан айтганда, бу инсон ҳаётидаги қабул қилиш керак бўлган энг оғир қарорлардан биридир!
Шу сабабдан, "суриш"дан олдин кўп нарсаларни тарозига қўйиш, бир неча жавоб топиш қийин бўлган саволларга жавоб топиш ва ундан кейингина қарорга келиш керак бўлади.
Чунки эсингизда бўлсин : СУРИШДАН ОЛДИН ҲАЁТДА НИМАЛАРГА ЭРИШГАН ВА НИМАЛАРГА ЭГА БЎЛИШИНГИЗДАН ҚАТЪИЙ НАЗАР БАРЧАСИНИ "НОЛ"ДАН БОШЛАШИНГИЗГА ТЎҒРИ КЕЛАДИ ва сиз албатта кўзлаган мақсадингизга эришишингизга ҳеч қандай кафолат йўқ !
Шундан келиб чиқиб, биринчи савол : Нега сурмоқчисиз ? Ҳозирги ҳаётингизда қолишингизга нима халақит беряпти ва "суриш"дан нималарни умид қилмоқдасиз ?
Ўзга давлатда "чет эллик" бўлиш мақомлари ҳақида мен "Қочоқ, Мигрант ва Турист" трилогия мақоламда ёзганман. Унга кўра, сиз хорижга турист, мигрант ёки қочоқ бўлиб “суришингиз” мумкин.
Турист бўлиб суришда "Суриш ва қайтиш" бор. Ишлаш ва кун кўриш йўқ. Қочоқ бўлиб суриш учун яшаётган жойингизда ҳаётингиз хавф остида бўлиши ва у ерда қолишингизнинг умуман имкони бўлмаслиги керак. Шу сабабдан, бу "суриш"ни "Борса келмас" деб аташ мумкин. Борган жойингизда "Қочоқлик мақомининг аччиқ кунларини йиллар давомида чекишингизга тўғри келади.
Учинчиси, мигрант бўлиб суриш. Бундай суришда, сиз талаба бўлиб, ишлаш учун ва бошқа сабабларга кўра борган давлатингизда "ЧЕТ ЭЛЛИК" мақомида истиқомат қилиш учун кетасиз ва борган давлатингиз чет эликкларга берган ҳуқуқ ва имкониятлардангина фойдаланасиз.
Қайсидир давлатларда чет элликларга яратилган шароитлар яхши эмасми ?
Тўғри, дунёдаги кўплаб давлатларда, хусусан ривожланган ва инсон ҳуқуқлари имкон қадар таъминланган давлатларда шароитлар анча яхши. Лекин "Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарози" деган мақол бежиз эмас.
Дунёдаги барча давлатларда приоритет аввало ўз фуқароларига берилади. Бу худди яхши бир оилага ўгай бола бўлиб боргандай гап. Шароитлар яхши, ўгай ота-оналарингиз меҳрибон, айрим томи кетганларини ҳисобга олмасангиз ўгай ака-ука, опа-сингилларингиз ҳам ажойиб инсонлар, аммо мақомингиз "чет эллик" бўлгани учун сизга барча эшиклар ва имкониятлар очиқ эмас.
Баъзан эса яхши сизга яхши имкониятларга ҳуқуқ берилган, аммо сизнинг она юртингизнинг қонунчилиги сизга улардан фойдаланишни таъқиқлайди.
СУРИШ ВА СУРИБ БЎЛГАЧ
Дейлик, ҳар ким ўзига аён бўлган сабабларга кўра суриш қарорига келди. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Инсоният табиатан кўчманчи ҳисобланади ва ўтроқ ҳаёт, чегаралар ва маъмурий тўсиқлар цивилизация ва маданиятларнинг меваси ҳисобланади.
Лекин "суриш"га қарор қилиш билан иш тугамайди, аксинча барчаси ўшанда бошланади. Чунки суриш осон иш эмас ва борадиган жойингизда сизни биров кутиб тургани йўқ. Кўпинча "суриш"ни орзу қиладиганлар « фалон давлатда фалон танишим бор, шу ёрдам беради » деб ўйлашади.
Агар ўша таниши ёрдам бера олса жуда яхши. Аммо одатда, чет элдаги таниш ва ҳатто оила аъзолари ҳам ёрдам бермаслиги ёки бера олмаслиги мумкин. Ҳинд киноларида АҚШга бориб олиб танишига телефон қилганида таниши ёрдам бермаган ҳолатида худди унинг таниши номард инсондай қилиб кўрсатишади. Аммо чет элдаги "чет эллик" мақомида яшаётган танишнинг шароитлари, имкониятлари ҳақида ўйлаб кўрилмайди.
Шундай бўлгач, танишларингиз ёки оила аъзоларингиз бўлса ва ёрдам бера олса жуда яхши, аммо аксинча бўлса, улар сизга бера оладиган ЭНГ КАТТА ЁРДАМ БУ МАСЛАҲАТЛАРДИР! Одатда Ўзбекистонда маслаҳатга ҳеч қандай қиймат берилмайди, аммо ривожланган давлатларда танишларингиз бепул бериши мумкин бўлган оддий ҳаётий маслаҳатлар учун сиз бегоналарга минг долларлаб пул тўлашингизга тўғри келиши мумкин.
Ундан кейин "суриш"нинг муваффақиятли, жуда бўлмаса осонроқ кечишининг ЭНГ АСОСИЙ ШАРТЛАРИДАН БИРИ - СИЗНИНГ ТИЛ БИЛИМИНГИЗДИР! Ўзбек тилини эмас, сиз борадиган давлатингизнинг тилини билишингиз керак бўлади. Ҳатто Россияга бориб яхши ишлаб кетмоқчи бўлсангиз рус тилини яхши билишингиз керак. Европанинг инглиз тилли бўлмаган давлатларига бормоқчи бўлсангиз ўзбек, рус, инглиз тиллари сизга плюс бўлиши мумкин, аммо ўрнашиб кетишингизга ёрдам бермайди. Яшаб, ишлаб кетиш учун сиз барибир ўша давлатнинг тилини ўрганишингиз керак бўлади. Акс ҳолда, жуда омадингиз келса, қора ишларнинг ҳам қораларида ишлаб юришингизга тўғри келади. Инглиз тили Англия, АҚШ ва инглиз тилли давлатларда ёрдам беради.
Қийинчиликларни енгиб ўтиб, "суриб" бўлгач, сизга керак бўладиган ЭНГ АСОСИЙ ФАЗИЛАТ КАМТАРЛИК ВА ПАСТФЕЪЛЛИКДИР! Чунки сиз Ўзбекистонда нима ишларни қойиллатган ва ўзингиз ким бўлган бўлишингиздан қатъий назар чет давлатда йўлингизни топиб кетгунча энг қора ишларни қилишингизга ва савияси сиздан 100 баробар паст бўлган одамлар била ҳамкасб, ҳамсуҳбат бўлишингизга тўғри келиши мумкин. Агар ҳар сафар қора ишни қилганингизда, кам маош олганингизда ва 9 метр квадрат уйда яшашингизга тўғри келганида сиқилаверадиган бўлсангиз тез орада депрессияга тушиб касал бўлиб қоласиз.
Ўқишга борасизми ёки ишгами, оғир меҳнат қилишингизга тўғри келади. Мен Ўзбекистонда оғир ишни деярли кўрган эмасман. Ҳар ҳолда Ғарбда кўрган "оғир меҳнат" билан солиштирганда Ўзбекистондаги ишлар мазза. Энг асосийси, таниш-билишчилик, пора деган нарсалар йўқ. Эл қатори ишлайсиз, эплай олмасангиз кетасиз.
"Цивилизациялар тўқнашуви" деган ибора бор. Бунда сиз бирон давлатга бориб истиқомат қилганингизда сизнинг шуурингиз, онг ости ҳиссиётларингиз у ердаги ҳаёт тарзи, қонун-қоидалари, тили, урф-одатлари ва бошқаларни қабул қила олмай руҳан қийналасиз. Сизда яшаш учун дискомфорт юзага келади. Бу кимлардадир тез, кимлардадир узоқ вақтда ўтиб кетиши мумкин. Агар ўзбеклар кам бўлган давлатга борсангиз бу жараён ёлғизликда ўтиши мумкин. Шахсан менда биринчи йили оғир ўтиб, иккинчи йили мослашиш йили бўлган.
Ўзбек инсоннинг ҳаётидаги энг муҳим ҳодиса бу никоҳ тўйи, оила қуриш ва бола-чақа қилиш ҳисобланади. Сурган пайтингизда сиз ҳаётингизда режлаштирилмаган бошқа бир ҳодисани амалга оширасиз ва "ўзбекча катта ҳодиса"ни кейинга суриб қўясиз.
Лекин Ўзбекистондаги оилангиз ва жамият сизни шундай қўйиб қўймайди. Ва бошингиздан кечираётган қийинчиликларнинг устига турмушни ҳам йўлга қўйишни режалаштиришингиз керак бўлади. Агар сиз қиз бола бўлсангиз ўзбек жамиятидагиларнинг "Чет элда яшаб келган, у яхши қиз эмас" деган тамғаларига дуч келиш шансингиз юқори бўлади. Агар эркак киши бўлсангиз ҳам ёшингизнинг ўтиб боришига қараб сизнинг саломатлигингиз ҳақидаги миш-мишларга дучор бўлиш эҳтимолингиз катта бўлади.
Агар "сурган" пайтда аллақачон турмуш қурган бўлсангиз аҳволингиз осон кечмайди. Бир кетишда оилангизни ҳам олиб кета олсангиз яхши. Агар сиз кетиб турмуш ўртоғингиз (кўпинча аёллар) Ўзбекистонда қолиб кетса, миянгиз ва юрагингизнинг ярми Ўзбекистонда қолиб кетади. Агар болаларингиз ҳам бўлса, ундан-да оғир. Энг ёмони, сиз бориб олгач оилангизни чақиртириб олишингиз осон бўлмайди, чунки давлатларнинг кўпчилиги сизнинг у ерда бутунлай қолиб кетмаслигингиз учун оилангизни олиб келишингизга халақит беришади. Мен йиллар давомида аёлини олиб кела олмай алоҳида яшаганликлари учун ажрашиб кетган оилаларни кўрганман.
Ва ниҳоят энг асосий аргумент : ВАТАН СОҒИНЧИ ! Ўзбекистонда туриб гапирганда бу баландпарвоз сўздай туюлади, аммо чет элда истиқомат қилаётган инсон Навоийнинг "Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш" деган сатрларини чиндан ҳис қилади.
СУРИШ ФАҚАТ ҚИЙИНЧИЛИК ВА МАШАҚҚАТЛАРДАНГИНА ИБОРАТМИ ?
Йўқ. "Суриш"дан мақсад яхшироқ ҳаёт тарзига эришиш бўлгач, кўпчилик қийинчилик ва машаққатларга қарамасдан албатта фаровон кунларга етиб боради.
Чунки "суриш"нинг яна бир "ўзбекона" шарти - кетгач ортга йўл йўқ ва муваффақиятга эришишга мажбурсиз. Ҳеч нарсага эриша олмай ортга қайтсангиз "Кетиб нимага эришдинг ?" деб гап қилишади. Шу сабабдан, нима қилиб бўлса ҳам, бу қанча вақт ва энергияни олса ҳам муваффақиятнинг ортидан қувиб юраверасиз ва ниҳоят унга эришасиз.
Дарвоқе, юқоридаги машаққатлар кўпроқ ўз кучи, билим ва ҳаракатлари билан сурмоқчи бўлганларга тааллуқлидир. Ота-онаси бой бўлганлар катта пуллар эвазига машаққатларнинг айрим қисмларига дуч келмасликлари мумкин. Масалан уларда турар-жой, кун кўриш билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги мумкин. Бир йилда бир неча бор Ўзбекистонга бориб келиб юришлари мумкин. Уларга ота-оналари ўша давлатда бизнес очиб беришлари ҳам мумкин. Аммо агар бойларнинг болалари ишлаб кун кўрмоқчи бўлсалар улар ҳам барча қатори билимларга эга бўлишлари ва меҳнат қилишларига тўғри келади.
Ундан кейин айрим инсонлар мигрантлик, яъни чет эллик мақомидан безор бўлиб, борган давлатларининг фуқаролигини олиб олишлари ҳам мумкин. Унда афсуски, Ўзбекистоннинг қонунчилигига биноан бир нарсадан кечиб, бир нарсага эришишга тўғри келади. Яъни Ўзбекистонда икки фуқаролик бўлмагач, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатнинг фуқаролигини олишга мажбур бўладилар. Шунда уларга ўша давлатнинг фуқаролари каби тўлиқ ҳуқуқ ва имкониятлар очилади.
ХУЛОСА
Суриш кимлар учундир орзу, яна кимлар учун салбий нарса. Аслида суриш инсоннинг фундаментал ҳуқуқи ва шахсий танловидир. Танлов бўлганда ҳам оғир ҳаётий танлов.
Бу танловни қилганлар узоқ сафар ва саргузаштлар учун йўлга чиққан сайёҳдай инсонлар бўладилар. Йўлларида уларни оғир машаққатлар ва/ёки қизил поёндозлар кутиб турган бўлиши мумкин.
Шунинг учун "суриш"дан олдин яхшилаб ўйлаш, тарозининг барча томонларини тортиб кўриш ва ундан кейин қарор қабул қилиш керак бўлади. Бошқалар эса "Сурган инсон" ҳақида яхши-ёмон фикрда бўлмасликлари керак. Кимдир қўшни туман ёки вилоятга бориб ишлайди, кимдир тақдир тақозоси билан бошқа давлатга "суради". Иккаласининг фарқи масофанинг узун-қисқалигидадир. Ҳар ким ўз қарори учун жавобини ўзи беради, муваффақиятга эришса, роҳатини ҳам ўзи кўради.
"Сурмоқчи" бўлганларга омад тилаш ва уларнинг қарори ўзига ва юртимизга хайрли бўлишини тилаш керак холос.
"Уч замон"га ҳали аъзо бўлмаганлар учун ҳавола👉https://t.me/uchzamon