Халқ таълими вазирлигининг жонли ўйинчоқлари: совуқда лаънатланганлар

Халқ таълими вазирлигининг жонли ўйинчоқлари: совуқда лаънатланганлар

Nikita Makarenko
"Навбатчилик учун" стол. Тошкент, 2022 йилнинг ноябрь ойи. Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистондаги ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қиляпти, уларни қоравул вазифасини бажаришга мажбур қиляпти.

Мен Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатига оид публикацияларим сериясини давом эттирмоқдаман. Биринчи серияда "микроучастка" ва ўқитувчиларнинг квартираларни айланиб чиқишидан иборат бўлган мажбурий меҳнат масаласи кўтарилди. Бугунги кунга келиб, бу муаммо муайян даражада ҳал қилинди.

Иккинчи серияда мажбурий навбатчилик ҳақида сўз кетган эди. Ўқитувчиларни Халқ таълими вазирлиги, туман ва шаҳар халқ таълими бошқармаларининг буйруқлари билан қоравул вазифасини бажаришга мажбур қилишяпти. Бу Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодекси талабларини бузиш ҳисобланади, шунингдек, халқаро конвенциялар томонидан тақиқланган мажбурий меҳнат шаклидир. Шунингдек, ўқитувчиларнинг камералар ёрдамида бир-бирини кузатиш каби мажбурий иш ва ўқитувчилар ишини фалаж қилувчи сон-саноқсиз комиссиялар ҳақида сўз борган эди.

Ушбу саволларнинг бирортасига Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Вазир Бахтиёр Саидов ўқитувчиларнинг меҳнат эксплуатацияси билан шуғулланишда давом этмоқда, улар билан худди тирик ўйинчоқларидек ўйнамоқда. Ўқитувчиларнинг кўплаб ҳужжатли далиллари ва гувоҳликлари миллий миқёсдаги марказлаштирилган вертикал мажбурлаш тизими мавжудлигини аниқ кўрсатиб турибди.

Ҳаво кескин совиб кетиши билан вазият янада ёмонлашди. Ўқитувчилар ноль ҳароратда кўчада ёки иситилмайдиган хоналарда "навбатчилик қилишга" мажбур. Болаларга таълим бериш хали ҳам охирги ўринда қолишда давом этмоқда.

Қуйида мен 2022 йил 24 ноябрдан 12 декабргача "Men Qul Emasman / Я не раб" ботига мажбурий меҳнат ва ўқитувчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида юборилган ҳужжатли далилларни эълон қиламан:

Салом, синглим Яшнобод туманидаги 282-мактабда ишлайди. Тўғри, ўзи навбатчилик қилмайди, лекин бунинг учун 50 минг тўлайди. Унинг имконияти бор, лекин бундай имкониятга эга бўлмаганлар ҳам бор. Ҳайронман, ўқитувчиларимиз ўзнинг тўғридан-тўғри вазифасини бажариб, уйига дам олиш учун қайтиб, кейинги иш кунидан олдин яқинлари билан вақт ўтказа оладиган ҳамда директорлар ва туман халқ таълими бошқармаларининг инжиқликларини бажармайдиган кунлар қачон келар экан. 

Хотиним 23-мактабда (собиқ Кунхўжа мактаби) инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. У ҳафтасига 9 соат, яъни оддий тилда "ярим ставка" юкламага эга. Барча мактаблар сингари, мактабимиз маъмурияти ҳам ўқитувчиларни маълум вақт оралиғида (ўртача ҳафтада бир марта) навбатчиликка (мактабга кириш эшиги ёнида) мажбурлашга ҳаракат қилади. Яқинда у оилавий сабабларга кўра навбатчиликдан бош тортди, шундан кейин хотинимни мактаб маъмуриятига чақириб, унинг навбатчиликда йўқлиги сабабларини сўроқ қилишди. Бир ҳафта ўтгач, (тахминан октябрь ўрталарида), хотинимга унинг иши касаба уюшмаси қўмитаси мажлисида кўриб чиқилгандан кейин тегишли интизомий жазо (жарима тўлашдан ишдан бўшатишгача) кўрилиши ҳақида хабар беришди.

Хайрли кун! Мен 64-ўрта мактабда рус тили ва адабиёти фанидан ёш ўқитувчиман. Мен 3 ой олдин ишга жойлашдим ва сиз туфайли микроучастка бўйича ҳисоботларни бажаришдан қутилиб қолдим. Бир неча совуқ ҳафталардан бери мен жун юбка, пахта матодан тикилган оқ рангдаги рубашка ва фақат қора рангдаги пиджак кийиб юрипман, шунинг учун доимо касал бўлиб, бутун танамда яллиғланиш содир бўляпти. Раҳм-шафқат қилишлари ва шим кийиб келишимга рухсат беришлари учун қилган ҳар қандай илтимосимга дарслардан олдин белгиланган формани кийиб олишни тавсия қилишди.

 Шерматовни қайтариб олиб келинг! Теширишлар жонга тегди, ҳар ҳафта кимдир келади. Бухорода дарсликлар ҳам йўқ!

Кўпгина мактабларда узайтирилган кун тартиби расман амалга оширилмоқда. Узайтирилган кун учун барча тўловлар банкка топширилади. Биз, ўқитувчилар, фақат 40 фоизини оламиз, қолган маблағ, бизга тушунтирилганидек, мактабнинг махсус ҳисобига ўтаркан. Мактабнинг махсус ҳисоби нима дегани??? У нима учун мўлжалланган? Ахир, мактабни кўкаламзорлаштиришга ота-оналар ва ўқитувчилардан пул йиғилса, ота-оналар синфни таъмирлаш учун пул йиғиб берса, ўқитувчилар коридорни таъмирлаш учун пул йиғса, ҳатто мактабдаги пардаларни ҳам ўқитувчи ювади ёки уларни ювиш учун фаррошларга пул тўлайди. Эҳтимол, ички ишлар вазирлиги ёки прокуратура ушбу махсус ҳисобни текшириши, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг аноним сўровини ўтказиши, кўкаламзорлаштириш, мактаб ва коридорларни таъмирлаш учун пул берган-бермаганини текшириши керакдир

 Хотиним, тажриба ва юқори тоифага эга бўлса ҳам, ҳеч қандай шароитда бу мамлакатда мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлашни истамайди – мактабдаги навбатчиликлар, агар хоҳламасангиз, сиз ўрнингизга кимдир навбатчилик қилиши учун пул тўлашингиз керак, бундан ташқари, ноаниқ режалар, текширув ва бошқа ҳаракатлар тизими. Уйда ўтирипди, биз учун уйда ўтиргани ишлаганидан кўра арзонроқ тушади!

 Тошкент 260-мактаб. Ўқитувчилар ҳам навбатчиликка мажбур қилишяпти.

Юнусобод тумани ХТБ ўқитувчиларни жадвал асосида келиб, туман методистлари учун видеокузатув камераларида орқали дарсларни таҳлил қилишга мажбур қилиб қўйди. Шунингдек, болаларни 1-синфга қабул қилиш масаласини кўтармоқчиман. Таълим тўғрисидаги қонунда бир синфда 35 нафардан ортиқ бола бўлмаслиги кераклиги деб айтилган. Аммо синфдаги болалар сони 40 нафар. Юқори турувчи ташкилотлар – туман ХТБ, шаҳар ХТБ, ХТВнинг ўзи қонунни бузади. Оддий ота-оналар электрон навбат билан ҳам ўз боласини мактабга жойлаштира олмайди, алоҳида ота-оналарнинг фарзандлари эса сайт ёпилгандан кейин ҳам қабул қилинаверади. Уларни алоҳида хизматлари учун навбатга қўйишади. Директорга босим ўтказиб, уларни қабул қилишга мажбурлашади. Шаҳар ХТБ ва барча хўжайинлар учун яна бир “ёғли жой”.

Салом. Юнусобод туманидаги 51-мактабда ишлайман, бахтимизга бизда навбатчилик йўқ. Аммо синглим Намангандаги 46-мактабда ишлайди, у ҳар ҳафта навбатчилик қилади, ҳатто ёзиш ва шикоят қилишдан қўрқади.

Салом. Мирзо Улуғбек туманидаги 221-мактабда ўқитувчиларни ўз метод кунида мактаб биносига кираверишда навбатчилик қилишга мажбурлашяпти. Муроса сифатида мактаб маъмурияти томонидан ўқитувчилар ҳар ой 30 000 тўлайдиган вахтёр ёллашни таклиф қилди.

Бизни 247-мактабда квартираларни текширишга мажбур қилишяпти. Директорнинг парда ва бошқа нарсалар учун пул йиғишидан чарчадие, директор биздан нималаргадир тинмай пул йиғади.

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ. МАКТАБ ЭШИГИНИ ТАГИДА НАВБАТЧИЛИК 2 ТА СМЕНАГА ЯНА МЕТОД КУНЛАРИГА КУЙИЛАДИ. ЧОРАКЛАР ТУГАГАНИДА УКИТУВЧИЛАРНИ ТАЪТИЛ ПАЙИТИДА ШАНБАЛИКЛАР БАЖАРИШ НОУРИН, ЧУНКИ ХАР БИР ПЕДАГОГ ХУЖЖАТЛАРИДАН ТАШКАРИ УЗИНИ ШАХСИЙ СИНФ ХОНАЛАРИНИ ТОЗАЛАЙДИ. БОГБОН ВА ФАРРОШ БАЖАРАДИГАН ИШЛАРНИ КИЛИШЛИК ДЕГАНИ ЭМАС. ХУЛЛАС ХАММА УЗИНИ ВАЗИФАСИНИ БИЛИБ БАЖАРСИН! ИНОБАТГА ОЛАСИЗ ДЕГАН УМИДДАМАН. РАХМАТ. ЯККАСАРОЙ ТУМАНИ 26 УМУМИЙ УРТА МАКТАБ УКИТУВЧИСИ.

Хайрли кун. Ўқитувчи ишдан кейин ота-онанинг уйига бориши керак, чунки уларнинг боласи 3 кун мактабга келмаган, ота-оналар қўнғироқларга жавоб бермайди, ҳисобот тайрланади, заучга берилади, кейинчи? Кейин ҳеч нарса, бола мактабга келмасликда давом этаверади, ота-оналар билан ҳеч қандай иш олиб борилмайди, директор яна ўқувчиларнинг уйига юборади – буларнинг барчаси кечқурун соат 6 дан кейин Тошкент, 175-мактаб

Онам Нукус шаҳридаги 6-мактаб ўқитувчиси. Ишдан айрилишдан қўрқиб, кўп нарсаларга кўз юмган онамга ва бошқа ўқитувчиларга ачинаман. Навбатчилик. Улар навбатма-навбат бошқа ўқитувчилар билан навбатчилик қилишади, яъни мактабни қўриқлашади. Ҳафтада бир марта. Уларни текширув ва комиссиялар (шаҳар, СЭС ва бошқа идоралар) билан шунчалик қўрқитиб қўйишганки, улар келишидан олдин ҳақиқий тозалаш ишлари ва югур-югур бошланади. (Яқинда ташриф буюрган бўлса-да, икки кундан бери комиссия кутишмоқда). Боз устига мамлакат бўйлаб ўқитувчилар АРЗИМАГАН ОЙИЛИК олади! Умид қиламанки, келажакда таълим тизимида кўп нарса ўзгаради ва ўқитувчилар фақат дарс ўтиш билан банд бўлади.

Салом, Никита! Мен болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Бизда мажбурий меҳнат йўқ, Худога шукур. Мусиқа мактаблари Маданият вазирлигига қарайди. Ва бу бизнинг ойлигимизга жуда ёмон таъсир қилади. Биринчидан, биз умумий таълим мактабларининг ўқитувчилаирга қараганда камроқ ойлик оламиз, иккинчидан, биз ўқитувчи эмас, балки маданият ходимларимиз. Бизда ўқитувчиларга тааллуқли ҳеч қандай имтиёз йўқ. Оддий мисол - mobi.uz га келдим, “ўқитувчи” тарифига уланмоқчи эдим, маълумотларимни киритишди, тизимда “маданият ходими” деган маълумот чиқди. Ҳамма жойда шунақа. Мусиқа мактаби ўқитувчиларини масхара қилишми бу? Бизнинг машаққатли меҳнатимиз қачон қадрланади. Зеро, мусиқа мактаби ўқитувчилари ёш мусиқачиларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича қийин ишни бажаради. Биз ёш болаларга нота ўқишни, ҳисоблашни, қўшиқ айтишни ва уларни мусиқа олами билан бошидан охиригача таништирамиз, лекин ўқитувчи эмасмиз. Илтимос, бу катта муаммони ҳал қилишда ёрдам беринг. Бу билан сиз республикамиз мусиқа мактабларининг барча ўқитувчиларига ёрдам берасиз. Мен мусиқа мактабида 10 йилдан бери ишлайман ва ойлигимиз ниҳоят ошишига умид қиламан.

Мактабимиздаги ўқитувчиларни синфдаги чироқларни ўчиришга мажбурлашяпти. Дарслар зулматда ўтиляпти. Ўқитувчилар ва ота-оналарнинг барча саволларига электр энергиясини тежаш зарур деган буйруқ билан жавоб берилади. Фарзандларимиз саломатлиги ҳисобидан тежамкорлик. Ўғлимнинг кўриш қобилияти паст. Чилонзор тумани 163-мактаб. Тошкент шаҳри

Чимбой тумани, 38-мактаб. Навбатчилик ва уйларни текшириш, кейинги ўқув йили учун 2016 йилда туғилган болаларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномалари нусхасини йиғиш учун квартираларга юборишади.

7-мактаб, Бухоро шаҳри, шаҳар ХТБ директорни ўқитувчиларнинг қандайдир "тадбир" га боришини таъминлашга мажбур қилади, ўқитувчи боришни хоҳламайди, шунингдек ўз ҳисобидан такси, яна ўқувчи учун жавобгарлик, чунки ўз мактабидаги бир нечта ўқувчиларни ҳам ўзи билан обкелишга мажбурлашади. Бу кераксиз "тадбирлар" кимга керак.

ЯНА БИР ТОПШИРИҚ БЕРИЛДИ. ҲАР МАКТАБНИНГ НАВБАТЧИЛИК ДАФТАРИ ШУНИРЛАНГАН ВА ТАСДИҚЛАНГАН ҲОЛАТДА ТЎЛИҚ АМАЛДА ЮРИТИЛИШИ ТЕКШИРИЛАДИ ДЕЙИЛДИ. НАВБАТЧИ ЎЗ ЎРНИДА  

Assalom alekum hurmatli ustozlar, sinf rahbarlar, davomat daftarizi yuritilishini, daftar holatini nazoratga oling va tasdiqlatmaganiz yoki shnurlamaganiz 8:00 ga tayyor holga keltiring, kecha hokimyatda direktor va zamlarga yig'ilish bo'lgan, davomat bo'yicha viloyat IIB, viloyat hokimligi, viloyat Prokuraturasi hamda viloyat Xalq ta'lim boshqarmasi hamkorlikda bugundan aynan davomat bo'yicha ishchi guruh maktablarni aylanadi, iltimos ustozlar, bugun voxliroq kelib sinfizdagi o'quvchilani kelishini nazoratga olib, kelmagan xar bir o'quvchi uchun sababini ota onasi yozgan qog'ozini 8:50 gacha direktorga va manga topshiring.!!!

99-мактаб: Мактабимизнинг барча фан устозлари ва синф раҳбарлари диққатига: Бугун мактабимизга Мирзо Улуғбек тумани Ҳокими Ш.Иргашев ташриф буюрди. Ташриф чоғида мактабдаги ўқув жараёни билан яқиндан танишди. 10-Б синфига кириб ўқувчилар давоматини назорат қилди. Минг афсуски 1-сменанинг охирги соатидаги давомат қониқарсиз аҳволда эди. Ҳоким томонидан маъмуриятга берилган саволдан шу нарса маълум бўлдики, ўқувчиларнинг давомати нафақат синф раҳбарига балки фан устозига ҳам боғлиқлиги таъкидлаб ўтилди. Агар фан устози ўз дарсига ўқувчиларни жалб эта олса ўқувчилар дарсдан кетиб қолишмайди.

Салом, ботингиз учун катта раҳмат, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур, ойлигимиз ҳақида эшитаверишдан чарчадик – ойилигимиз жуда катта ва биз унинг 30%ни ҳам оқламаётган эканмиз. Бировнинг чўнтагига қараш ўзиникига қараганда осонроқ

Яккасарой туманидаги 160-мактабга эътибор беринг. Ҳокимият томонидан олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмоқда, ўқитувчиларни йиғилиб, ота-оналар орасидан ҳомийлар топиб, ҳар бир синфдан 1 мон 200 минг сўм топширишни айтишди. Бундай ҳомийлар бўлмаса-чи? Ота-оналарнинг чўнтагини кавлаб, уларга таъзим қилиб, ўзимизни камситишимиз керакми? Агар биз бу пулни йиғмасак, ўқитувчилардан олишадими?

Мактабимизда газета учун ҳар бир ўқитувчидан 100 минг сўм йиғишади. Наманган, Давлатобод тумани

Хайрли кун. Бугун 50-мактабда Қизил Хоч учун пул йиғдик. Ҳа, миқдори кў эмас - 10 000 сўм. Лекин мен бу пулни мендан (картамдан) олишларига қарши эмасман, деб рўйхатга имзо қўйишим керак. Жонимдан ўтиб кетди, ахир!!! Бўрни ўзимиз сотиб оламиз, интернет учун ўзимиз тўлаймиз, дарслар учун материални ўзимиз чоп этамиз. Баъзи ўқитувчилар (рангни) принтерни кредитга олишади, шундай қилса арзонроқ бўлади, деб ўйлашади. Ўқитувчилар, билишимча, проекторларни ҳам ўзи сотиб олади. Биз дарсларнинг замонавий ўтилишига риоя қилишимиз керак-ку, кўргазма қўлланма ҳақида гапирмай қўяқолай.... Таълимда кўплаб муаммолар мавжуд... Бу таълим тизими учун масъул бўлган одамларнинг адекватлигини шубҳа остига қўяди. Дарсликлар ҳақида гапирмайман. 10-синф учун ўзбек тилида янги дарсликлар чиқди, лекин ЯНГИЛАРИДА ҲАМ ХАТОЛАР БОР!!!! МАТЕМАТИКА ФАНИДАН ХАТОЛАР!!!

Салом. Бу Тошкентдаги мактабда содир бўлди. Ҳар йили (МО раиси менга маълум қилганидек) СЭС учун пул йиғилади. Мактабда 100 дан ортиқ ўқитувчи бор. Ҳар биридан 100 000 сўм талаб қилишган. Мен шокда қолдим. Мен ҳам топширишга мажбур бўлдим, гарчи бунга қатъиян қарши чиққан бўлсам ҳам. Мажбурлашди. Коридорлар, ҳовлини тозалашга мажбурлашади.

Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, 23-мактаб. ЮҚОРИ ЧИРЧИҚ ҲАЁТИ газетаси

260-мактабда мажбурий навбатчилик

Никита салом! Раҳмат сизга, Тошкент шаҳридаги 70-мактабда навбатчилик бекор қилинди.

Никита, хайрли кун. Сиз туфайли прокуратура комиссияси келмади. Раҳмат.

Салом, бугун бизга метод кунимизда туман ХТБга бориб, кузатув тизимига уланган синф хоналаридаги камералар орқали тумандаги бошқа мактабларнинг ишини кузатишимиз кераклигини эълон қилишди. Бошқа ўқитувчиларнинг ишини ва ўқув жараёнини кузатиш. Метод кунимизда биз ўз устимизда ишлашимиз керак, бу ишларни эмас! Миробод тумани, 31-мактаб. Туман ХТБнинг ёзма буйруғи юборилмаган.

Салом! Ёрдамингиз учун раҳмат! Сиз ўқитувчиларни навбатчиликдан озод қилиш билан хурсанд қилдингиз, лекин уларнинг ўрнига қоровул ўтирибди, ўқитувчилар музламаслик учун ҳар ой яна 25 минг тўлайдилар

Салом! Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ХТБ ўз тасарруфидаги мактаблардаги ўқитувчиларни таҳқирлашнинг янги усулини ўйлаб топди. Мактабга келадиган доимий комиссиялардан ташқари, улар реал вақт режимида туман ХТБдан кабинетда махсус ўрнатилган камерага уланиб, айб топиш учун бирор баҳона излай бошлайди. Тирноқ ичидан айб топадилар – ўқувчи ўқитувчини столга суяниб тинглаётгани (гўёки у ухлаб қолган), ўқитувчи дарс пайтида чанқоғини қондиргани ёки уларнинг фикрига кўра ноўрин кийимда келгани. Яқинда улар ўқитувчи дарсдан бўш кунида туман ХТБда камера орқали кузатиб, ўзи каби ўқитувчининг бошқа мактабда реал вақт режимида қандай дарс ўтаётганини ўрганиши керак деган нарсани ўйлаб топишди.

Салом! Онам Бектемир туманидаги 291-мактабда ишлайди. Қоравул ёллаш ўрнига равишда метод кунлари мунтазам навбатчиликка қўйишади. Ўзи мактабда иситиш тизими зўрға ишлайди, биного кириш қисми совуқ. Онам мунтазам касал бўлиб қолади, чунки бир жойда ўтиради ва ҳаракат қилмайди.

Салом, ўқитувчиларни бошқа ўқитувчиларни кузатишга жалб қилиш учун фойдаланиладиган камералар мавзусига тўхталмоқчи эдим. Уларни ўрнатишга пул ўқувчиларнинг ота-онасидан мажбуран йиғилган. Сентябрь ойида ушбу мавзу “Потребитель”да кенг муҳокама қилинди. Шунинг учун ишонч билан айта оламанки, бу ҳолат нафақат бизнинг 301-мактабда, балки Тошкентдаги кўплаб мактабларда бўлган. Маблағ ҳар бир синф учун 1,2 дан 1,8 миллионгача бўлган.

Камералар орқали кузатиш ҳақиқатан ҳам авжида. Ўқитувчилар метод кунларда ва завучлар ҳам ўтиришади. Яшнобод тумани ХТБ. Завучнинг келиб, камераларни кузатаётган ўқитувчиларни назорат қилиши учун бутун бошли график ишлаб чиқилган. Мен 161-мактабда ишлайман, 9-синф раҳбариман. Ўқувчиларимнинг энди биология, география, иқтисод ўқитувчиси ҳам йўқ (бундай ўқитувчилар деярли ҳеч қайси мактабда йўқ, чунки талаб худди Миллий Банк ходимларига қўйиладиган талаблардек). Мактабда чизмачилик, математика ўқитувчилари деярли қолмаган, мусиқа ўқитувчиси йўқ (талаба қиз келганига бир ҳафта бўлди, фақат пайшанба куни дарс беради, кимда ўша куни дарс жадвалида мусиқа дарси бўлса, ўша синфга дарс ўтади). Ҳаёт шундай давом этяпти.

Салом. Бизда ҳам худди шундай вазият. Метод куни туман ХТБга боришга мажбурлашади. Бу Ярашевнинг шахсий топшириғи

Мақолангизда собиқ Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ҳақида билдирилган фикрга қўшиламан. Дарҳақиқат, унинг даврида ўқитувчиларнинг иши анча енгиллашганди, яъни тўғридан-тўғри вазифадан чалғитадиган "фойдасиз қоғоз ишлари" соддалаштирилган эди. Ўқитувчилардан бекор қилинган ҳужжатлар талаб қилинган ҳолларда шикоятларни қабул қиладиган ишонч телефони мавжуд эди. Б.Саидовнинг бу лавозимга тайинланиши билан ҳаммаси аста-секин қайтиб келди. Балки бутун умри давомида эски тузумда ишлаган ўқитувчилар бунга ўрганиб қолгандир, ёш мутахассис сифатида мен учун - бу ёввойилик. Бутун дунё тараққиёт сари интилаётган бир пайтда, Ўзбекистон ўқитувчилари ҳали ҳам тунда ўтириб, синф раҳбарларининг ҳисоботлари, режалари, кундаликларини тўлдиришмоқда. Ўз-ўзини ривожлантириш, янги педагогик технологияларни ўрганиш, ўқувчилар учун қизиқарли дарслар тайёрлаш ўрнига, биз турли хил ҳужжатлар, ҳисоботлар, папкалар тўпламини, синф хонасининг тозалигини текширадиган комиссияларга чексиз тайёргарлик кўрамиз (ҳа, ўқитувчи нафақат тартибни сақлаши, балки синф хонасини тозалаши ҳам керак экан). Бундай муҳитда ўз ишимизни бажариш учун на вақт, на куч ва на илҳом бўлмайди…

Ўқитувчилар ногирон болалар ўқийдиган махсус мактабларда фаррош бўлиб ишлашга мажбур. Бундай ҳолатни оддий мактабларда болалар таълими учун қилинаяпти деб айтиш мумкин, бу ерда эса ҳеч нарса қила олмайдиган болалар – ҳамма ерни тозаловчи, полларни ювувчи ва ҳоказо ўқитувчилар.

Кеча биз жуда яхши бир иш қилдик. Ўқитувчилардан 50 минг йиғдик, гарчи ойликка бир ҳафта қолган бўлса-да, уйда таълим олувчи ногирон болаларга совғалар сотиб олдик. Биз уларни ногиронлар куни билан табрикладик. Улар бошқалар каби соғлом эмаслигини яна бир бор таъкидладик. Ҳисобот учун суратга тушиб, туман ХТБга юбордик. Бундан ташқари, ҳокимият ногирон катталар рўйхатини ҳам берди, уларнинг уйига ҳам бориб, ҳисобот учун суратга тушдик. Ногиронларга ғамхўрлик қилгани учун вазиримизга раҳмат.

Таълим вазири на директорларни, на ўқитувчиларни ҳимоя қилмайди. Шерматов даврида ҳамма нарса бошқача эди, янгиси эса йил давомида Шерматовдан олдинги ҳамма нарсани қайтариб олиб келди, ўқитувчиларни яна қайтадан пахтага юбориш қолди, холос. ХТВ мактабга ҳеч қандай ёрдам бермади, фақат ҳомийлар ва депутатлар ёрдам бнради. Хусусий мактабга ўтиб кетидик ва хотиржам бўлдик, гарчи сўнгги пайтларда ХТВ бу ерга ҳам ўз бурнини тиқяпти.

Мактабимизда доимий навбатчиликлар, таътил пайтида коридорлар девор ва полларини ювамиз, кўчаларни супурамиз. Ўқитувчилар мавжуд бўлмаган фанларни ўқитиш ёки касаллик таътилида бўлган ўқитувчилар ўрнига дарс ўтишга доимий равишда мажбурлашади. Ҳар душанба куни соат 17:30 да бошланиб 18:30 да тушайдиган мажлис бўлади. Тошкент шаҳри Олмазор тумани 233-мактаб

Салом, мен бошланғич синфларга янги келган ўқитувчиман, сентябрда ишга жойлашдим, лекин ўша кундан бошлаб ҳар икки ҳафтада навбатчилик қиламан, биз бу ишни қилмаслигимиз керак деган қонун бордек, лекин қонун ишламайди ... бизнинг севимли "КОМИССИЯЛАРИМИЗ" (шаҳар СЭС, шаҳар ХТБ) ҳар ой ёки икки ойда бир марта текширади, биздан уларни ОВҚАТЛАНТИРИШ учун 30 минг сўм (ҳар бир ўқитувчидан 30 минг) йиғиб олишади, ҳамкасблардан таҳдидлар, мен ҳужжатларни ва электрон журнални яхши тушунмайман, улар томонидан қўллаб-қувватлаш йўқ, "комиссия сигнал берса, синфингга юборамиз, сенга жарима солинади, тайёр бўл ёки чўнтагингга пулни тахла", деб бақиришади, эзилиб кетдим, ойлик кам, пул йиғишларга деярли етади... Нукус 15-мактаб

Юнусобод туманидаги 220-мактабда метод кунидаги навбатчилик давом этмоқда. Туман ХТБдан ҳеч қандай буйруқлар олинмаган, бу мавзу бўйича мунозаралар бостирилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги 35-мактабда ўқитувчиларни ҳар куни навбатчилик қилишга мажбурлашяпти

Assalomu aleykum, savolim shundan iborat: maktabimizda har yili 25-dekabrdan yangi yilning 5-yanvarigacha hamma o'qituvchilar navbatchilikda turamiz, bu navbatchilik qononiymi yoki noqononiymi?

Ҳеч ким мактаблардаги навбатчилик (қоравулчилик) билан боғлиқ муаммони кўриб чиқмоқчи эмас. Бизни, Олмазор туманидаги мактаб директорларини, туман ХТБ раҳбари ўринбосари эрталабгача мактабда навбатчилик қилишга мажбурлаяпти. Эксплуатация бўлимидан қўнғироқ қилиб, кечки овқатни еб, тезда мактабга келишни, соат 20:00 дан 8:00 гача навбатчиликда бўлишимизни айтишди. Навбатчиликда эканимизни исботлаш учун эрталабгача ҳар соатда фотосуратлар юборишимиз керак. Эртага иш куни. Соат эрталаб 7:00 да директор ўқувчиларни мактабда қабул қилиб олиши керак. Бундай вазиятда бевосита вазифаларни бажариш мумкинми?

Самарқанд шаҳридаги 54-мактабда мактаб директори Шарипова ўқитувчиларни соат 18:00 гача мактаб эшиги олдида навбатчилик қилишга мажбурлаяпти.

Онам Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 9-мактабда ишлайди. У директор ва туман ХТБ томонидан ўқитувчилар ва ўқувчиларга нисбатан бўлаётган ёмон муносабат ҳақида кўп гапириб беради. Бугун онам мактабда иситиш тизими ишламаслигини, термометр синфдаги ҳароратни -7 даража кўрсатаётганини айтди. Бугун, туман молия бўлимидан комиссия келганида, мактаб директори онамга синфдаги барча ўқувчилар шапка ва курткасини ечиб қўйиши кераклиги, улардан сўрашса, совуқ эмас, деб жавоб бериши кераклигини айтган. Комиссия -7 ҳароратдаги хонасига кирганда, болалар совуқ эмаслигини айтиши керак! Онамга бошидаги иссиқ рўмолни ечиб қўйишини ҳам айтишган. Онам рад этди, болаларга шапка ва курткасини ечмасликни айтди, бунинг учун директор унга танбеҳ берди. Ва баъзи "жуда итоаткор" ўқитувчилар курткаси чўнтагида термометрни ушлаб, комиссияга синфда +15 ҳарорат эканини кўрсатган.

Нукус шаҳри 12-сонли мактабда ўқитувчиларни эрталабки 8:00 дан 13:00 гача навбвтчиликка қўйибди.  Ҳаво ҳарорати 24-17 градус совуқ бу қанчалик тўғри? "Инсон қадри" қаерда?

Хайрли кеч! Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида шундай совуқда мактаб раҳбарияти ўқитувчиларни ярим кун навбатчиликка мажбур қиляпти. Мактабда иситиш тизими деярли ишламаслиги, ўқитувчилар курткада ўтириши, ҳожатхоналар деразаси синганигани етмагандек, навбатчиликка ҳам мажбурлашади.

Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатини, шу жумладан мактабда дарсдан кейинги навбатчиликни тақиқловчи буйруққа қарамай, бизнинг мактабимизда бу ҳолат давом этмоқда. Наманган вилояти, Давлатобод тумани, 58-давлат мактаби. Бу навбатчилик аёзли кунларда совуқ фойеда ва мактаб дарвозаси ёнидаги будкада бажарилади

Юқорида қайд этилган далиллар Ўзбекистонда таълим соҳасида 2022 йилдаги инқирознинг ҳужжатли ёдгорлиги ҳисобланади. Масъул раҳбарларнинг сукунати фақат уларнинг ночорлиги ва қобилиятсизлигини таъкидлайди.

Никита Макаренко.

Report Page